Мени кутганмидингиз? Трамп яна АҚШ президентлигига қайтишига ишора қиляптими? Amerika Dunyo Yangiliklar

Агар Конгресснинг бир палатаси ҳам Демократлар назоратидан чиқса, Байденнинг қонун чиқариш қобилияти кескин камаяди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Агар Конгресснинг бир палатаси ҳам Демократлар назоратидан чиқса, Байденнинг қонун чиқариш қобилияти кескин камаяди.

Президент Жо Байден ва собиқ президент Доналд Трамп Конгрессга сайловлардан олдинги охирги ташвиқот кунида бир-бирига қарама-қарши тадбирларни ўтказдилар.

АҚШда бу мид-терм, яъни ўрта-муддат сайловлари дейилади.

Жаноб Байден Ню-Йоркда, Трамп жаноблари эса Флоридада сайловчиларга мурожаат қилишди.

Охирги вақтда Трамп аъзоси бўлган Республикачилар партиясининг қўли устун келаётган кўринади. Улар Конгресснинг икки палатаси - Сенат ва Вакиллар палатасини Демократлар партияси назоратидан тортиб олишмоқчи.

Сўровларга кўра, Республикачилар ҳозирда Вакиллар палатасини қўлга олишлари эҳтимоли катта кўринади, аммо Сенатда томонлар тенг кўриняпти.

Конгресснинг бир палатаси ҳам Республикачилар қўлига ўтса, Президент Байденнинг қонун қабул қилиш қобилияти кескин тушиб кетади.

Трамп яна президентликка номзодини қўйишига ишора қилди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Трамп яна президентликка номзодини қўйишига ишора қилди.

Душанба куни сайловолди кампания охирги кунига кирар экан, Демократлар ҳатто одатда кўп овозлар йиғадиган ҳудудларда ҳам мағлубиятга юз тутишяпти.

Ню-Йоркда Демократ номзод губернатор Кати Хочулни қўллаб-қувватлаб нуқт сўзлаган Байден сайловчиларга уларнинг овози келгуси 20 йил қандай бўлишини ҳал қилишини айтди. "Сиз Американинг буткул фарқли версияларини танлайсиз", деди у.

Айни дамда Маямидаги тадбирда бир соатдан ортиқ сўзлаган жаноб Трамп Демократларни "коммунизм" сари етаклашда айблади.

"Демократлар Американи коммунист Куба ё социалист Венесуэлага айлантиришмоқчи", деди у.

Шунингдек, Трамп 2024 йилги президентлик сайловида яна ўз номзодини қўйишига шаъма қилишда давом этиб, Огайода ўтадиган тадбирни "кутинг" деб айтди.

40 миллионда ошиқ сайловчилар аллақачон вақтли овоз беришган, бу 2018 йилги мид-терм сайловдагидан анча юқори кўрсаткич.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek