Украина 2024 йилда мағлубиятга учрайдими? Бунинг қандай белгилари кўринмоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Франк Гарднер
- Role, Би-би-си хавфсизлик масалалари бўйича мухбири
Буюк Британия Бирлашган кучлари собиқ қўмондони 2024 йилда Россия Украинани мағлубиятга учратиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Генерал сер Ричард Барронс Би-би-сига Украинанинг бу йилги урушда мағлуб бўлиши "жиддий хавфи" борлигини айтади.
Бунинг сабаби, унинг айтишича, "Украина ғалаба қозонишига бўлган ишончнинг сўнишидир".
"Бу босқичга келганда, нега одамлар ҳимоя қилиб бўлмас нарсани ҳимоя қилиш учун курашиши ва ўлиши керак?"
Аммо Украина ҳали бу босқичда эмас.
Аммо ўқ-дори, қўшинлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятида нуқсон ва етишмовчиликлар кўп. Ўтган йили қарши ҳужум русларни сиқиб чиқара олмади ва Москва ҳозир ёзги ҳужумга тайёрланмоқда.
Хўш, бу қандай юз беради ва стратегик мақсадлар қандай бўлиши мумкин?
Алоқадор мавзулар:
"Россиянинг яқинлашиб келаётган ҳужуми формати жуда аниқ", дейди генерал Барронс.
"Биз Россиянинг янги қуролларни ишга солиб, артиллерия, ўқ-дори ва одам сонида бешга бир устунликда жанг қилаётганини кўряпмиз."
Улар орасида қанотлар ўрнатилган, GPS орқали йўналтирилувчи, 1500 килограмм портловчи модда бўлган совет даврида FAB бомбаси ҳам бор.

"Бу ёзда, - дейди генерал Барронс, - биз Украина позицияларини ёриб ўтиш учун Россиянинг йирик ҳужуми бўлишини кутяпмиз."
"Агар шундай бўлса, Россия қўшинлари Украина ҳарбий кучларининг заиф нуқталарини ёриб ўтиши мумкин."
Лекин қаерда?
Ўтган йили руслар Украина қаерга ҳужум қилиши мумкинлигини аниқ билди - Запорожедан жанубга Азов денгизи томон. Улар шунга кўра тайёргарлик кўришди ва Украина юришини муваффақиятли тўхтатишди.
Россия ўз қўшинларини йиғиб, ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда, Киев эса ҳужум қаердан бўлишини тахмин қилиши керак бўлади.
"Украиналиклар дуч келадиган муаммолардан бири, руслар ўз кучларини қаерга ташлашни ўзлари ҳал қилишлари мумкин - дейди Уайтхолл Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти (Руси) таҳлил марказининг қуруқликдаги уруш бўйича катта илмий ходими доктор Жек Уотлинг.
"Фронт чизиғи жуда узун ва украиналиклар катта ҳудудда мудофаани таъминлашлари керак."
Аммо улар буни қила олмайди.
"Украина армияси позицияни қўлдан беради, - дейди доктор Уотлинг. - Гап шундаки, бу қайси аҳоли пунктларига таъсир қилади?"
Россия Бош штаби асосий йўналиш сифатида қайси йўналишни танлашни ҳали ҳал қилмаган бўлиши мумкин. Аммо биз эҳтимолий учта йўналишни ажратишимиз мумкин.
Харков

Сурат манбаси, Getty Images
"Харков, шубҳасиз, заиф нуқта", дейди доктор Уотлинг.
Украинанинг иккинчи шаҳри Харков Москва учун жозибали нишон ҳисобланади.
Ҳозирда у Россиядан ҳар куни ракета ҳужумларига дучор бўлмоқда. Украина дронлар ва ракеталарга қарши туриш учун етарли даражада ҳаво мудофаа тизимини ўрната олмади.
"Менимча, бу йилги ҳужумнинг биринчи мақсади Донбассдан чиқиш бўлади, - деб қўшимча қилади генерал Барронс. - Уларнинг назари Россия чегарасидан 29 километр узоқликда жойлашган бош мукофот Харковга қаратилади."
Агар Харков қуласа, Украина қаршиликни давом эттира оладими? Ҳа, дейишади таҳлилчилар, лекин бу руҳий ҳолатга, ҳам иқтисодиётга ҳалокатли зарба бўлади.
Донбасс
Украина шарқидаги Донбасс деб аталган ҳудудда 2014 йилдан бери уруш давом этмоқда, Москва томонидан қўллаб-қувватланган айирмачилар ўзларини "халқ республикалари" деб эълон қилган.
2022 йилда Россия Донбасснинг икки вилояти - Донецк ва Луганцкни ноқонуний равишда аннексия қилди. Ўтган 18 ой ичида қуруқликдаги жангларнинг аксарияти айнан шу ерда бўлди.
Украина аввал Бахмут шаҳрини, кейин эса Авдиивкани сақлаб туриш учун, катта инсоний ва ҳарбий ресурслар сарфлади.
Шу икки жойда у энг яхши жанговар қисмларини йўқотди.
Киев қаршилик кўрсатиши натижасида руслар жуда катта қурбонлик берганини айтмоқда.
Бу тўғри, чунки шу жойлардаги жанг майдонлари "гўшт майдалагич" деб аталгани бежиз эмас.
Аммо Москвада ҳали ҳам жангга кириши мумкин бўлган кўп қўшин бор, лекин Украинада йўқ.
АҚШнинг Европадаги кучлари қўмондони, генерал Кристофер Каволи, агар АҚШ Украинага сезиларли даражада кўпроқ қурол ва ўқ-дори етказмаса, жанг майдонида уларнинг сони бирга ўн нисбатда камайиб кетишидан огоҳлантирди.
Сон муҳим аҳамиятга эга. Россия армиясининг тактикаси, бошқаруви ва жиҳозлари Украинаникидан пастроқ бўлиши мумкин, аммо у, айниқса артиллерияда шунчалик устунликка эгаки, Украина кучларини ғарбга томон суришда давом этиши мумкин.
Запорожье

Сурат манбаси, Getty Images
Бу ҳам Москва учун жозибали мукофот.
Украина жанубидаги 700 000 дан ортиқ аҳолига эга шаҳар фронтга хавфли даражада яқин жойлашган.
Россия ноқонуний равишда аннексия қилган худди шу номдаги вилоят маркази бўлганига қарамай, шаҳар ҳалигача украиналиклар қўлида эканини ҳисобга олсак, бу Россия учун тикандек гап.
Аммо ўтган йили Россия Запорожье жанубида қурган кучли мудофаа сабабли ҳозир у ердан Россия ҳужумини мураккаблаштиради.
Учта мудофаа қатламидан иборат Суровикин чизиғи дунёдаги энг катта ва энг зич жойлашган мина майдони билан ўралган. Россия унинг бир қисмини демонтаж қилиши мумкин, аммо бу тайёргарликни украинлар осон пайқаб қолади.
Россиянинг бу йилги стратегик мақсади ҳатто ҳудудий бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу шунчаки Украинани руҳан синдириш ва Ғарбни бу урушда ғалаба қозона олмасликларига ишонтириш бўлиши мумкин.
Доктор Жек Уотлингнинг фикрича, Россиянинг мақсади "умидсизлик туйғусини уйғотишга уринишдир".
"Ушбу [Россия] ҳужум ҳар икки томон учун қандай бўлишидан қатъи назар, урушга якун ясамайди", дейди у.
Генерал Барронс, шунингдек, Украинадаги оғир вазиятга қарамай, Россия ҳал қилувчи ҳужум билан ўз устунлигини мустаҳкамлашига шубҳа билан қарайди.
"Менимча, энг эҳтимолий натижа - Россия муваффақият қозонади, лекин бу ҳал қилувчи бўлмайди.
"Унинг Днепр дарёсига ўтиш учун етарлича катта кучи йўқ … лекин уруш Россия фойдасига айланади."
Бир нарса аниқ: Россия президенти Владимир Путин Украинага ҳужум қилишдан қайтиш ниятида эмас.
У ғалаба қозониш учун ҳамма нарсани тикишга тайёр. У Ғарб Украинани етарлича таъминлай олмаслигига умид қилмоқда.
НАТОнинг барча саммитлари, барча конференциялари ва ҳаяжонли нутқларига қарамай, унинг умиди тўғри чиқиши мумкин.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














