Ҳолдан тойган Украина уруш учун аскар тополмаяпти

Черкаси шаҳри кўчасида эркакни тўхтатиб ҳарбий хизматга яроқлилиги ҳақида сўраётган икки зобит
Сурат тагсўзи, Ҳарбий хизматга чақирув учун масъул зобитлар одам топишгада қийналиб қолдилар
    • Author, Сара Рейнсфорд
    • Role, Би-би-сининг Шарқий Европа бўйича мухбири, Черкаси

Павло Жилин ва унинг гуруҳи Черкасси кўчаларига патруллик қилгани чиққанида эркаклар уларга дуч келишдан қўрқиб қочади.

Павло Украина армияси учун аскар тўпловчи офицердир.

Аммо Россия босқинига 2 йил тўлар экан, фронтга кўнгилли тарзда кетадиганлар оқими аллақачон тўхтаган.

Алоқадор мавзулар:

Урушга боришни истайдиганларнинг кўпи аллақачон ўлган, мажруҳ ёки ёрдам келишини кутиб фронтда жанг қилмоқда.

Черкасси марказида ҳам бошқа жойларда бўлгани каби кўнгилли топиш қийин, аввал-бошдаги иштиёқ ва шижоат сусайган.

Украина чарчаган.

Павлонинг ҳикояси

"Буни тушунмаяпман. Одамлар бемалол юрибди, гўё уруш узоқда. Аммо бу кенг кўламли босқин, одамлар эса унга аҳамият ҳам бермаяпти", дейди Павло.

Унинг бефарқликдан ҳафсаласи пир бўлган.

"Ҳамма биринчи кундагидек бирлашиши керак. Ўшанда ҳамма биродарлардек бирлашган эди".

Бунинг ўрнига, Черкассидаги хавфсизлик хизмати одамларни шаҳарга армияга чақирув гуруҳлари келиши ҳақида огоҳлантираётган ва уларга қочса бўладиган жойлар ҳақида маълумот бераётган маҳаллий ижтимоий медиа каналларини мунтазам равишда ёпиб келади.

24 ёшида Павло ўз мамлакати учун кўп нарсаларни қурбон қилди.

У аскар бўлишни орзу қилиб улғайган, эсласа кўзлари ёнади - 2022 йил февралида рус қўшинлари чегарани кесиб ўтганида армияда хизмат қилаётган эди.

У Киев яқинида, кейин шарқий Донбассдаги Соледарда жанг қилган, у ерда жанглар шафқатсиз кечган. Ўша биринчи ёзда у Бахмутга кўчирилди.

"Биз кучли отишма остида қолдик. Ёнимга снаряд тушди. Мен бутун тирсагимни йўқотдим. Ҳеч нарса қолмади", дейди у, ўзини оғир яралаган ҳужумни тасвирлаб.

У бутанинг тагига бир амаллаб судралиб ўтиб, ибодат қила бошлади.

Бахмут учун жангларда Павло бир қўлидан айрилди
Сурат тагсўзи, Бахмут учун жангларда Павло бир қўлидан айрилди

Аскарнинг тан олишича, касалхонага олиб кетганликлари нафақат тирик қолгани, балки ниҳоят фронтдан кетгани учун ҳам катта енгиллик бўлган. "У ерда қийин эди. Буни ҳатто сўз билан ифодалай олмайман".

У пастга қараб, жим қолди.

Павелнинг жароҳатлари оғир эди. Унинг ўнг қўли елкасидан пастда ампутация қилинган, у ҳали ҳам йўқолган аъзосида оғриқ сезади, оёғида снаряд парчаси бор. Унинг асосий протези қисман ҳаракатланишга имкон беради.

Аммо у хизматни давом эттириш илинжида, армияга чақирувчи офицер бўлди.

Қизиқ, шунча кўргиликлардан сўнг у бошқа эркакларнинг ҳарбий хизматдан қочишини тушунадими?

"Бир куни болалари уруш пайтида нима қилганларини сўрайди, "яширингандим" деб жавоб берса, болалари олдида ҳурмати қоладими", дейди қатъий Павло.

Шунга қарамай, Украина ўз мудофааси учун тўлаётган нарх жуда катта.

Мен Павлодан жангларда дўстларингизни йўқотганмисиз деб сўраганимда, у бутун жамоасидан "деярли ҳеч ким қолмаганини" тан олди.

"Менга ўхшаганлардан фақат [ярадорлар] қолди. Қолганлари ўлган."

Серҳийнинг ҳикояси

Шарқий фронт чизиғидан олисда, вайроналар орасида тикланиш белгиларини кўриш мумкин.

Уруш бошида Киев яқинидаги Ирпен рус қўшинлари томонидан босиб олинган эди. Атрофда снарядлар вайрон қилган бинолар бор, лекин қурилиш ишлари шовқини эшитилиб туради.

Ҳамма нарсасини йўқотганлар учун ҳозирда ҳар бирида иккита хона ва душ бўлган вақтинчалик уйчалардан иборат кичик "шаҳарлари" бор. Аҳолининг ярмига яқини Ирпендан. Бошқалар фронт яқинидан кўчириб келинган.

Лилия Савюк ва унинг турмуш ўртоғи Россия қўшинлари ишғол қилган мамлакат шарқидаги Каховкадан кўчиб ўтишган.

Уруш бошида уларнинг ўғли Серҳий қўлга олиниб, ертўлага қамалганди. Лилиянинг айтишича, у Украина учун шиорлар айтгани сабабли қийноққа солинган.

Серҳий қамоқдан чиққач, Украина учун жанг қилишга имзо чекди.

Ўрмонда ҳарбий кийим ва қурол билан расмга тушган Серҳий
Сурат тагсўзи, Серҳий Украина учун жангларда оғир яраланган

Лилия менга телефонида даҳшатли жароҳатлар тасвирларини кўрсатди.

Ўғлининг бир оёғидаги мушаклари йиртилган, оёғи синган.

Сергей ўтган йил кузида жанглар шиддатли кечган Авдиивкада яраланган эди. Украина расмийлари ўшанда душман сон ва қурол жиҳатдан устун бўлганини тан олишади.

Бир манба Россия фойдасига 8:1 нисбатда бўлган дейди.

Лилия ва унинг эри Каховкани Сергей билан тарк эта олмади, чунки уларнинг кекса ота-оналари кетишни истамади. Шундай қилиб, улар ўғиллари аскар эканлигини руслар билиб қолишидан қўрқиб, ишғол остида қолишди.

Улар Сергей яраланганида, касалхонага унинг ёнига кетишди, лекин Лилия қариндошларини ташлаб кетганидан уятдан йиғлайди.

Шифохонада ҳушсиз ётган оғир ярадор Серҳий фотоси
Сурат тагсўзи, Серҳийнинг онаси шифокорлар "мўъжиза қилдилар" дейди

"Биз қўнғироқ қилиб, «Жимликми?" деб сўраймиз, - дейди у отишмалар бўлмаяптими деган маънода. - У ерда ҳамма озод этилишини кутмоқда. Аммо унда жимлик бўлмайди. Фақат сукунат."

"Одамлар ойларча йиғлади, ҳеч нарса яхшиланмади."

Аммо Лилияни йиғлатадиган яна бир қўрқув бор.

У менга ногиронлар аравачасида ўтирган ўғли акс этган видеоларни кўрсатади. Иккиси куларди, атроф қор билан қопланган.

Аммо Сергей тузалиши билан онасига фронтга қайтмоқчилигини, у ерда аскар етарли эмаслигини, унга дўстлари кераклигини айтди.

Шунинг учун Лилия уруш тезроқ тугашини тилаб дуо қилади.

Зобит Павлодан иқтибос

Сурат манбаси, .

"Менимча, у аллақачон ўз бурчини бажарган, - дейди у кўзлари ёшга тўлиб. - Она сифатида буни айтиш ғалатидир, лекин у касалхонада ётганида мен тинч ухлайман. У фронтда бўлса ухлай олмайман."

"Шундай экан, ўғлим ҳозир касалхонада эканидан хурсандман, фронтда эмаслигидан хурсандман".

Владиславнинг ҳикояси

Черкассининг чеккасида яқинда пайдо бўлган қабристон бор. Улар уруш бошлангандан бери жангларда ҳалок бўлганлар учун мўлжалланган.

Украина уруш қурбонларини қаҳрамонлар сифатида эъзозлайди, аммо уларнинг оилалари қайғуда.

Ҳар бир қабр давлат байроқлари, гулчамбарлар ва гуллар билан безатилган. Ҳарбий кийимдаги аскарлар тасвирлари мармар қабр тошларига чизилган.

Инна ўғлининг суратини ҳали қабрга қўйгани йўқ. Унинг дафн маросимида ишлатган сурати ҳали ҳам уйда.

Инна Черкасси шаҳридаги қабристонда ўғлининг қабри олдида
Сурат тагсўзи, Иннанинг ўғли Владислав мина портлаши оқибатида ҳалок бўлган

Владислав Биканов ўтган йил июнида Бахмут яқинида мина портлаши натижасида ҳалок бўлган эди. Ўшанда у 23 ёшга тўлган ва аллақачон қўмондон ўринбосари эди.

"Мен ўғлим тўғри йўлда вафот этганига ишонаман", дейди Инна, қизи унинг ёнида унсиз йиғлаб ўтирарди.

"Мен ўқитувчиман ва болаларга доим айтаман: биз ҳақмиз, биз ўз ватанимизни ва фарзандларимизни ҳимоя қиляпмиз. Ўғлим бизни ҳимоя қилаётган эди. У ўз иши тўғрилигига ишонар эди. Мен ишонаман", дейди Инна дарсни бошлашдан олдин.

У анчадан бери қабристонга бормаган эди, аскарларнинг қабрлари қатори ҳозир кўпайиб қолган.

"Ўғлим қўрқмаган деб ўйлайсизми? У кетганида мен ҳам қўрқардим. Ҳамма ўлишдан қўрқади", деб жавоб беради у жанг қилишдан қочадиганлар ҳақида сўраганимда.

"Аммо, эҳтимол, Россия қулига айланиш ёмонроқдир? Ҳозир ўлимни кўрмоқдамиз. Бу жуда қийин. Жуда оғир. Аммо ортга қайтиш йўқ. Биз таслим бўла олмаймиз".

Мақолани тайёрлашда Анастасия Левченко ва Пол Пладиер ёрдамлашганлар

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002