Россия икки йилда Украинада қанча аскар йўқотди - йўқотишлар сони кескин ортган Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Очиқ манбаларга таяниб, Би-би-си "Медиазона" нашри ҳамда кўнгиллилар билан биргаликда Украинада ҳалок бўлган 45123 ҳарбийнинг исмларини аниқлади.
Уларнинг камида 6614 нафари 2023 йил октябр ва 2024 йил феврал оралиғида ўлган. Бу вақтда Россия бўлинмалари Авдеевкага ҳамда Донецк вилоятидаги унга қўшни туманларга ҳужум қилганди.
Некрологларни таҳлил қилганда Авдеевкага ҳужум қилганда асосий оғирлик армияга "фуқароликдан энди келган": Россия қамоқхоналаридаги маҳкумлар, кўнгиллилар ва сафарбар қилинганларга тушган.
Биз томонимиздан аниқланган Россия тарафининг йўқотишлари 2023 йилда 27906 кишини ташкил қилган. Бу Урушнинг биринчи йили билан солиштирганда 57 фоиз кўп (16044 одам).
Булар Би-би-си очиқ манбалардан тасдиқлай олган йўқотишлардир. Бизнинг ҳисоб китобларга кўра, Россиянинг ҳақиқий йўқотишлари 2 баробар кўп бўлиши мумкин.
Ушбу тўхтамга Россиянинг 70 аҳоли масканидаги қабристонлардаги ҳолатни мунтазам кузатиш орқали келдик.

Нималар маълум?
2023 йилнинг октябридан бошлаб Россия томонининг тасдиқланган ҳафталик йўқотишлари кескин орта бошлади.
Август ва сентябр ойларида ҳар ҳафта ўртача 360 ҳарбийнинг ўлими тасдиқланди. 9 октябрдан бошлаб ҳафталик йўқотишлар 550-600 га кўтарилди.
Ушбу сакраш Авдеевкага янги ҳужумлар бошлангани ҳақидаги хабарлар чиқа бошлаган вақтга тўғри келади. Ушбу шаҳарда жанглар 2022 йил февралдан буён тўхтамаётган эди.
2023 йил октябр ва 2024 йил феврал оралиғида 6614 россиялик ҳарбий ўлими тасдиқланди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бошқа томондан, айрим некрологларда ҳарбийларнинг қаерда ўлгани кўрсатилмаганлиги сабаб уларнинг ҳаммаси Авдеевкага ҳужум пайтида ўлган деб таъкидлаб бўлмайди.
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Россия армиясининг Авдеевка - Новопавловка йўналишида октябр-декабр ойларидаги ўлиш ва яраланишдан йўқотишлар сони 13 минг атрофида.
Биз томонидан аниқланган рақамларга кўра, Россия армиясининг 2023 йил октбярдаги йўқотишлари ўтган йил фақатгина қиш ва баҳорда Угледар ва Бахмутдаги йўқотишлардан паст. Ўшанда йўқотишлар сурати 2022 йил ўртача кўрсатгичларидан 2 баробар кўп.
Авдеевкада кучли ҳимоя чизиқлари 2014 йилдаёқ, кўшни Донецк Россия ҳарбийлари кўмагида россияпараст айирмачилар томонидан босиб олингач, ўрнатилганди.
Россия армияси ушбу ҳимоя чизиғини осон ёриб ўтиш мумкинмаслигини тушуниб етди. Натижада уни олиш шаҳарни ҳаводан бомбалаб йўқ қилиш ва пиёдалар ёрдамида олишга айланди.
Катта йўқотишларга қарамасдан Москва Авдеевка йўналишида ўз натижасига эришди ва Украина Қуролли кучларининг 2014 йилдан бери ўзгармаётган энг сўнгги ҳимоя чизиғини қўлга киритди.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek














