Бугун Путин Россияси билан ‘мушук-сичқон’ ўйнаш бефойдами? Rossiya Ukraina Yangiliklar

Vladimir Putin

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Шу ҳафтада эълон қилинган узун ва шов-шувли интервьюсида Президент Путин хурсандчилик билан Россияни Европадаги энг тез ривожланаётган иқтисодиёт деб атади.
    • Author, Файсал Ислом
    • Role, Иқтисодий масалалар бўйича муҳаррир

Нима гап?

Алоқадор мавзулар:

2022 йил марти эди. Россия рубли қулади, Газпром ва Сбербанк акциялари қиймати Лондонда 97 фоизга тушиб кетди. Москвадаги банкоматлар олдида навбатлар пайдо бўлди. Олигархларнинг яхталари, футбол жамоалари, кошоналари, ҳатто кредит карталари мусодара қилина бошлади.

Россия катта рецессияга учради.

Бу Ғарбнинг Украинага бостириб кириши ортидан Россияни молиявий жиҳатдан ушлаб туришга қаратилган чоралар натижаси эди.

Бу чоралар орқали Россия давлатининг расмий валюта активларини мусодара қилиш, хусусан, Марказий банкнинг 300 миллиард доллар миқдоридаги захираларини музлатиш кўзда тутилган эди.

Ғарб ҳукуматлари "иқтисодий уруш" каби ибораларни ишлатишдан тийилган бўлса ҳам, Кремль билан молиявий кураш бор эди. Бу ядро қуролига эга давлатлар ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашувдан кўра яхшироқ йўл эди.

Орадан икки йил ўтди ва бу иқтисодий манзарада сезиларли ўзгаришлар юз берди.

Шу ҳафтада эълон қилинган узун ва шов-шувли интервьюсида Президент Путин хурсандчилик билан Россияни Европадаги энг тез ривожланаётган иқтисодиёт деб атади.

Ўтган ҳафта Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Россия иқтисодиёти барқарорлигини таъкидлаб, бу йилги ўсиш прогнозини 1,1 фоиздан 2,6 фоизга оширди.

ХВФга кўра, Россия иқтисодиёти ўтган йили бутун G-7га қараганда тезроқ ўсди ва 2024 йилда ҳам шундай давом этади.

Бу шунчаки рақамлар эмас. Ўтган йили Украинада турғун бўлиб қолган урушни Россиянинг урушга мослаштирилаётган иқтисоди дастаклаб келди.

Ғарб етакчилари таъкидлашича, бу модель ўрта муддатли истиқболда мутлақо барқарор эмас. Аммо савол бу қанча давом этиши мумкинлигида?

Россия ўз иқтисодиётини уруш иқтисодиётига айлантирди. Россия давлати постсовет даврида рекорд миқдорда маблағ сарфлади.

Иқтибос

Бюджетнинг 40% гача бўлган қисми мудофаа ва хавфсизликка ажратилгани совет давридаги даражага қайтди. Украинадаги уруш учун танклар, ракета тизимлари ва мудофаа ускуналарини ишлаб чиқаришни молиялаштириш ижтимоий ҳимоялар учун маблағ қисқаришига олиб келди.

Қолаверса, Ғарбнинг Россия нефть ва газига нисбатан қўйган чекловларига қарамай, углеводороддан олинадиган даромадлар давлат ғазнасига тушишда давом этмоқда.

Танкерлар ҳозир Ҳиндистон ва Хитойга йўл олмоқда, тўловларнинг аксарияти АҚШ долларида эмас, балки Хитой юанида амалга оширилади.

Россиянинг нефть қазиб олиш ҳажми кунига 9,5 миллион баррелни ташкил этади, бу урушдан олдинги даражадан деярли паст. Мамлакат юзлаб танкерлардан иборат "соя флот"ни йўлга қўйиш орқали санкцияларни четлаб ўтди.

Ўтган ҳафта молия вазирлиги январь ойида углеводород солиғи босқиндан сал олдин, 2022 йил январидаги даражадан ошиб кетганини хабар қилди.

Россия нефти, гази ва олмосига чет эл валюталари кириб келиши ҳам рублга босимни юмшатишга ёрдам берди.

Ғарб етакчилари бу узоқ давом этмаслигига ишонади, аммо унинг таъсирини ҳам тан олишади.

Яқинда дунё етакчиларидан бири шахсий суҳбатда шундай деди: "2024 йил Путин учун биз ўйлагандан ҳам ижобийроқ йил бўлади. У ўз саноатини биз ўйлагандан ҳам самаралироқ қайта ташкил этишга эришди".

Россия қалтис вазиятдами?

Аммо иқтисодий ўсишнинг бу шакли Москвани нефть даромадларига, Хитойга ва беҳуда ҳарбий харажатларга янада боғлаб қўйди.

Келгуси йилда нефть ва газга бўлган талаб юқорилади ва Форс кўрфазидаги рақобатчи ишлаб чиқарувчилар кучайиши билан Россия таҳдид остида қолади.

Jang jabhasi

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россиянинг урушга сарфлаган харажатлари ЯИМни кўтарди, аммо уловлар вайрон бўларкан, ўсиш барқарор эмас...

Украина шарқида портлатилган танклар ва снарядлар ишлаб чиқариш сабабли ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) статистик ўсиши ҳам у қадар унумли эмас.

Айни пайтда, Россиядан истеъдодлилар чиқиб кетмоқда.

Ғарб стратегияси Россия иқтисодини қамал қилиш эмас, балки замонавий технологиялардан узиш, харажатларини ошириш, даромадларини чеклаш ва можаро узоқ муддатда барқарор бўлмаслиги учун мушук-сичқон ўйинига киришиш эди.

"Биз Россия пулини танклар эмас, балки танкерлар сотиб олиш учун ишлатишини афзал кўрамиз", деди америкалик амалдорлардан бири. Нефть бозорида сиёсат мақсади, масалан, Ҳиндистоннинг Россия нефтини сотиб олишини тўхтатиш эмас, балки бу савдодан Кремлнинг урушга сарфлайдиган фойдасини чеклашдир.

Аммо бу барқарорлик ва турғунлик ҳеч бўлмаганда жорий йил охиригача давом этиши мумкин. АҚШ президентининг эҳтимолий ўзгариши ва Ғарбнинг Украина учун ёрдами қисқариши Кремлнинг кутиш стратегиясини мустаҳкамлайди.

Шунинг учун эътибор яна Россиянинг юзлаб миллиард музлатилган молиявий активларига қаратилмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский ўтган ой менга: "Агар дунёда 300 миллиард доллар бўлса, нега ундан фойдаланмаслик керак?" деган эди. Унинг айтишича, бу музлатилган маблағларнинг барчаси Украинани тиклаш учун сарфланиши керак.

Iqtibos

Британия молия вазири Жереми Хант ва ташқи ишлар вазири Девид Кэмерон буни қўллаб-қувватламоқда.

Лорд Кэмерон менга шундай деди: "Биз бу активларни музлатиб қўйдик. Савол шундаки, ундан фойдаланамизми ёки йўқ?"

Унинг айтишича, "бу пулнинг бир қисмини Украинага ноқонуний бостириб киргани учун [Россия] репарациялари бўйича дастлабки тўлов сифатида ишлатиш мумкин" ва у "Украинага ёрдам бериш ва Ғарб солиқ тўловчиларининг пулларини тежаш учун" керак.

G-7 ўз марказий банкларидан техник ва ҳуқуқий таҳлил ўтказишни сўради. Марказий банкирлар хавотирда эканлигига ишонилади. Бир юқори мартабали молиячи менга "долларни қуролга айлантириш" хавфи борлигини айтди. Анъанага кўра, марказий банклар ушбу турдаги ҳаракатлардан иммунитетга эга.

Ишлаб чиқилаётган режага кўра, активлар ёки уларни инвестиция қилишдан олинган фойда Украина учун ўнлаб миллиард долларни тўплаш учун ишлатилади.

Аммо бу мувозанатловчи чорадир. Агар Россия активлари шу тарзда мусодара қилинса, у бошқа мамлакатларда, дейлик, Форс кўрфази, Марказий Осиё ёки Африка давлатларида Ғарб банкларидаги захиралари хавфсизлиги ҳақида хавотирлар пайдо қилмайдими?

Бу муносабатлар глобал молиянинг марказий артерияларидан биридир, яъни бутун дунё бўйлаб энергия учун ишлатиладиган юзлаб миллиард долларлар қайта фойдаланилади. Путин Хитой ҳозир Ғарб учун бўлмаса ҳам, ривожланаётган иқтисодиётлар учун муқобил манба бўлиб бораётганини билдириб қўймоқчи эди.

Шунингдек, россияликлар ҳар қандай мусодарага қарши судга мурожаат қилишларини ва ўз навбатида Ғарб компанияларининг Россия банкларида музлатиб қўйилган шунга ўхшаш активларини мусодара қилишларини ҳам очиқ айтишган.

Шундай қилиб, Россия иқтисодиёти борасидаги яширин кураш бу можаро ва жаҳон иқтисодиёти қаерга кетаётганини тушуниш учун жуда муҳимдир.

Россиянинг уруш иқтисодиётини узоқ муддатда сақлаб бўлмайди, лекин у мамлакатга фурсат беради. Россия кутилмаган чидамлилик кўрсатганидан сўнг Ғарб кескин курашга киришди.

Ушбу молиявий ўзгариш Россия ва Украинадан ташқарида ҳам оқибатларга олиб келади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002