Россия: Урушдан қочган ўзбекистонлик мигрант: "Менга йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилишди". Уруш ва мигрантлар, Ўзбекистон, янгиликлар

мигрант
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари Украина урушига ёлланишга мажбурланаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда Москвада пайвандчи бўлиб ишловчи ўзбек мигрант бошидан ўтганларини Би-би-сига гапириб берди. (Муҳожирнинг исми ўзгартирилган)

Баҳодир: Ишхонада ишлаётгандим. Якшанба куни эди. Участка нозири келди. Сўроққа олди. "Нима сабабдан сўроқ қилаяпсизлар?", деб сўрадим. "Қидирув бўлими ходими келган, жиноят содир бўлган. Юр, автобусга борайлик, маълумотларингни текшириб кўрамиз", деди. Мен миграция бўлими вакиллари билан бирга келган деб ўйладим. Юр, деб қўймади, аммо ёмон муомала қилгани йўқ. Автобусга бордим. Автобус ёнида подполковник турган экан. "Нима бўлаяпти?" дедим. Бизни полиция маҳкамасига олиб бориб текширишларини айтишди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Горячая линия", хавфсизлик хизматига қўнғироқ қилдим. "Ҳарбий комиссарликка бўлса керак, олиб боришади. Текшириб, сени қўйиб юборишади", (чет эл фуқароси бўлганлиги учун - таҳр) деди.

Аммо булар "военкомат"дан эмас, мени полиция бўлимига олиб кетишаяпти, дедим. Боравер, ўша ердан қўнғироқ қил, дейишди. Майли, дедим, автобусга ўтирдим.

Алоқадор мавзулар:

Би-би-си: Қанақа автобус, полиция автобусими?

Баҳодир: Ҳа, полиция автобуси. Бизни маҳкамага олиб борамиз деб алдаб, автобусга миндиришди. Лекин оддий автобус эди. Полиция ёзуви ё белгилари йўқ эди. Патруллар келди, адашмасам, у ерда 5-6 та полиция ходимлари бор эди. Бошқа жойлардан ҳам одамларни олиб келиб, автобусга ўтказишди.

Полиция маҳкамасига борамиз, деб ўйлагандим. Қарасам, бошқа томонга кетаяпмиз. 20-25 дақиқалар юриб, ВДНХ (Москвадаги кўплаб кўргазмалар заллари жойлашган майдон)га бордик. У ерда бир павильонни ҳарбий комиссариати қилишган экан.

migrant

"Полиция бўлинмаси шуми?", десам, "йўқ, бу ерга кириб-чиқиб, кейин борамиз", дейишди. "Биз нега бу ерга келдик?", дедим. Ёнимдаги арман киши кулди: "Билмайсанми, ҳаммани шу ерга олиб келиб текшираяпти".

Бизни алдаб олиб келишаяпти бу ерга, дедим. Бизни олиб киришди. Шу ерда улар билан (полиция ходимлари - таҳр.) бироз тортишиб кетдим.

- Виждонларинг йўқми, шунча одамни алдаб олиб келиб жўнатаяпсизлар. Одамлар ўлаяпти, ўлдираяпсизлар, - дедим.

Бақир-чақир бўлиб кетди. Икки нафар полициячи ёнимга келиб менга "йўқ қилиб юбориш" билан таҳдид қилишга тушди.

Мен юристларга телефон қилишга тушдим. Афсус, шу ҳодисани видеога олмабман. Аммо автобус рақамларини суратга олдим.

Би-би-си: У ерда қанча вақт қолдингиз, нималар бўлди?

Баҳодир: Бир соатдан ошиқ вақт ушлаб туришди. Ўзим ҳақимдаги маълумотларни сўрашди. Олдин текширамиз, кейин қўйиб юборамиз дейишди. Мен айтмай турдим.

У ерда қурилишдаги ҳамма болаларни олиб келиб, мажбурлаб олиб кетишаяпти.

Баҳодир

Би-би-си: Яъни, чет эл фуқароларини?

Баҳодир: Фарқсиз, қаернинг фуқароси эканлигига қарашгани йўқ. Кейин у ерга прокуратуранинг 2 та вакили келди. Ёнига бордим ва уларга бўлган воқеани айтиб, мурожаат қилдим.

"Эртага келиб ариза ёз", дейишди. Бу воқеалар якшанба куни бўлаётганди. Мен эртаси кунигача менга чақирув қоғози беришлари мумкинлигини айтдим.

Ҳеч нарса дейишмади. Полиция ходимлари бизга босим қилаяпти.

Би-би-си: Урушга мажбурий ёллашга уринишаяпти, демоқчимисиз?

Баҳодир: Ҳа, мақсадлари - мажбурий "повестка" бериб, жўнатиб юбориш эди. Бу орада беришди ҳам. Прокуратурадаги киши чиқиб,полициячиларга мени маҳкамага олиб бориб, маълумотларимни қайтадан текширишни буюрди.

Уч кишилашиб, мени мажбурлаб олиб кетишди. Бордим, автобуснинг ичида улар билан бироз тортишдим. "Бегуноҳ мигрантлар азоб чекиб ўлиб кетади", дедим.

Ўша куни Белгородда тожикистонлик 2 та бола отишма қилганди. Кечирасизлару, шу яқингача биз сизнинг тилингиз билан айтганда, "чурка" эдик. Энди керак бўлиб қолдикми?, дедим. Чунки мен миллатчиликка кўп тўқнаш келганман.

Мени полиция бўлинмасига олиб келишди ва бир соатдан ошиқ ушлаб ўтиришди. "Маълумотларинг чиқмаяпти, сен Россияга қандай кириб келгансан, рақамларинг бору расминг йўқ, деган баҳоналар билан. ушлаб ўтиришди. Охири "каттаси"нинг ёнига кирдим, майор бор экан. Менга "повестка" беришганди, эртага у ерга бормасам, нима бўлади?, дедим. "Бўлмаса бор, кетавер", деди. Кетдим, аммо эртаси куни "военкомат"га бормадим. Белоруссияга чиқиб кетдим.

Би-би-си: "Военкомат"дан яна келишади, дебми?

Баҳодир: Ҳа, яшаш жойимга "военкомат"дан. одамлар келмасликлари учун, Белоруссияга кетдим.

Мен бу урушга қаршиман, чунки бегуноҳ одамларнинг устига булар зулм, зўрлик қилишаяпти.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўрта осиёликларга мурожаат қилмоқчиман:

Ақлларингни йиғинглар, борманглар. Бу уруш - бизнинг уруш эмас. Россия ютган тақдирида ҳам, булар учун "чурка"лигингизча қоласиз. Булар умуман ўзгармайди. Иложи бўлса, фуқаролигидан воз кечинглар.

Би-би-си: Яна Россияга қайтибсиз, бошқа чақиришмадими?

Баҳодир: Йўқ, чақиришгани йўқ. Ҳозирча жим. Менинг ишларим борлиги учун қайтиб келдим. Аммо уларни ҳал қилиб, чиқиб кетишга тайёр турибман.

Би-би-си: Ҳарбий комиссарликка олиб борилганлар орасида яна ўзбекистонликлар бормиди?

Баҳодир: Бор-бор, кўп ўзбекистонлик болалар бор эди. Мен кўндириб қолдирдим. У ердан қочиб чиқиб кетишди. Исм-фамилия, маълумотларини менга айтишмадию, аммо кетишди. Уларга муаммо бўлмасин, адашиб йўлга кетаётганлар бор эди. Мен қўлимдан келганича, ҳаракат қилиб қайтардим. Ётиғи билан тушунтирдим, у болалар тушунди. Чиқиб кетишди.

Би-би-си: Кўпмиди?

Баҳодир: Кўп, анчасини биламан.

Би-би-си: Мажбурий ёллаш ҳалиям давом этаяптими?

Баҳодир: Ҳозирча жиму аммо энди ишга деб олиб кетаяпти. Катта ойлик ваъда қилинаяпти. Мариопол, Донбасс томонларга тиклаш ишларига деб болаларни алдаб олиб кетишаяпти. Худо билади, ишга деб олиб кетиб, қўлига қурол бериб урушга ташлаши ҳам мумкин-да. Буларга ҳеч ким кафолот бера олмайди.

Би-би-си: Эълонлар очиқ берилаяпти, дейилаяпти?

Баҳодир: Очиқ эмасу, таклиф берилаяпти. Интернетда, "Авито" сайтида иш учун. эълонлар берилаяпти, 120 минг рубл ойлик ёзилган. Тожиситонлик болалар бориб ишлаганди, 120 минг ўрнига 60 мингдан беришган.

Би-би-си: Бу аниқми, таниганларингиз борми?

Баҳодир:Аниқ. Менинг пайвандчи танишимга таклиф тушганди. Борма, деб қайтардим. У ерга боргач, нима бўлишини билмайсан, дом-дараксиз йўқолиб кетасан, дедим.

Би-би-си: Бориб ишлаб, яна қайтиб келганларни биласизми?

Баҳодир:Йўқ, қайтиб келганларни мен кўрмадим. Борганларни биламан, аммо қайтиб келганларни кўрганим йўқ.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002