Уруш ва мигрантлар: «Илтимос, Мирзиёев, бизни қутқаринг» - Ўзбекистон, Россия - янгиликлар

камок

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия қамоқхоналарида 7 мингга яқин ўзбекистонликлар борлиги тахминланмоқда.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Россия қамоқхоналарида қолаётган ўзбекистонликлар президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўрашмоқда. Улар урушга мажбуран юборилишларидан хавотирда.

Қамоқхоналардаги мигрантларни феврал ойига қадар урушга «Вагнер» хусусий ҳарбий ташкилоти тарғиб қилган бўлса, эндиликда Мудофаа вазирлиги вакиллари эканлиги тахминланаётган кишилар кела бошлаган.

- Улар бизни ҳар биримизни алоҳида-алоҳида текширишди. Соғлигимиз, олдин қандай касалликлар билан оғриганимиз, ҳозирги ҳолатимиз, ҳаммасини кўрикдан ўтказишди. Бу худди ҳарбий хизматга боришдан олдинги тиббий текширувга ўхшайди, дейди Би-би-си ўзбек хизмати билан суҳбатлашган Акбар. (Маҳкум муҳожирнинг ҳавфсизлиги учун унинг исмини ўзгартирдик).

Акбар Ростов вилоятида жазо муддатини ўтаётгани ва у ерда 30 дан ортиқ ўзбекистонлик маҳбус мигрантлар билан ҳамфикрликда Би-би-си ўзбек хизматига мурожаат қилганини билдирди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

«Россия ютади деб ўйладик»

Акбар: Бизнинг лагердан (жазони ўташ муассасаси, Би-би-си таҳр.) урушга икки партия инсонлар кетди. Кимлардир ўлгандир, кимлардир тирикдир, бизнинг хабаримиз йўқ. Ҳали шу пайтгача мажбурлаб олиб кетишни мен кўрмадим. Ўз хоҳишлари билан кетишганди.

Би-би-си:Кетганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор эдими?

Акбар: Битта ўзбекистонлик бор эди, ундан ҳалигача дарак йўқ. 4-5 тача Тожикистон фуқароси кетган. Лекин бу ерда ҳеч кимни мажбур қилишгани йўқ. Ўзбекистон фуқаросими, Тожикистонми, фарқи йўқ, ким хоҳласа борсин, дейишди. Ўзлари рози бўлишганидан кейин олиб кетишди.

Би-би-си: Нега рози бўлишди?

Акбар: Бу ерда уларнинг ҳеч кими йўқ, ота-она, оиласи Ўзбекистон ё Тожикистонда. Учрашиш, кўришиш деган нарсалар йўқ. Яна бир сабаби биз жазо муддатини тўлиқ ўтаймиз. Биз учун амнистия йўқ. УДО (муддатидан олдин шартли озод қилиниш)га чиқишнинг ўзи биз учун жуда қийин нарса. Бу ердан чиқиш учун ё охиригача ўтириш керак, ё ўлиш керак.

Би-би-си: Озодлик умиди?

Акбар: Ҳаммада шундай тушунча бўлдики, Россия катта ва кучли давлат. Ўзим ҳам ўйланиб қолдим, кетсаммикин деб. Барибир, Россия ғалаба қозонади, деб ўйладик. Россия катта, Украина бир кичик давлат бўлса…

Би-би-си: У ерда қандай тарғибот бўлаяпти?

Акбар: Яқингача Пригожин келиб, айтиб тушунтираётганди. Чет эл фуқароси бўлсангиз, биз ҳаммасини қиламиз: олти ойдан кейин озод қиламиз, паспорт берамиз. Оила аъзоларингиз Ўзбекистонда бўлса, сизлар у ерга борганда қамаладиган бўлсангизлар, оила аъзоларингиз бу ерга келишадиган бўлса, уларга ҳам сиз орқали фуқаролик қилиб берилади, дейишди. Хуллас, Россияда яшашга имкон қилиб берилади экан. Шуни айтиб тушунтиргач, хоҳлаганлар кетди. Қолганлар қолди, ўтиришибди.

Бу ойдан эса бошқа кишилар кела бошлади. Улар бизни ҳар биримизни алоҳида-алоҳида текширишди. Соғлигимиз, олдин қандай касалликлар билан оғриганимиз, ҳозирги ҳолатимиз, ҳаммасини кўрикдан ўтказишди. Бу худди ҳарбий хизматга боришдан олдинги тиббий текширувга ўхшайди.

Би-би-си: Сиз энди мажбурлашлари мумкин, деган хавотирни айтдингиз?

Акбар: Инсонларнинг гапи, интернетдаги гап-сўзларга қараганда, шундай бўлиши мумкин. Кўп кетган одамлар ўлиб кетишаяпти. Аскарлар етишмаса, олиб кетишлари мумкин.

камок

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу ердан чиқиш учун ё охиригача ўтириш керак, ё ўлиш керак, дейди Россиядаги ўзбекистонлик маҳбус

Россия қамоқхоналарида қанча Ўзбекистон фуқаролари бор?

Ботиржон Шермуҳаммад

Бу борадаги маълумотни очиқ манбалардан топиш имконсиз бўлди. Ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммадга кўра, бу борада аниқ рақамлар Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида бўлиши мумкин.

Ботиржон Шермуҳаммад: Россия қамоқхоналарида қанча Ўзбекистон фуқаролари борлигини афсуски, билмаймиз. Чунки бу борада охирги расмий маълумотлар 2017 йилда чиққан. У ерда 6 ярим мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Россия қамоқхоналарида сақланаётгани ҳақида хабар бор эди. Ундан кейин давлатлар кесимида эълон қилинмади. Тушунишим бўйича, элчихонанинг ўзида ҳам аниқ бир маълумот йўқ. Балки энди олишгандир, чунки сентябрдан бери бўлаётган воқеалар, сафарбарликдан кейин қамоқхоналардагиларни.

Украинадаги урушга жалб этилаётгани ҳақидаги хабарлардан кейин элчихона уларнинг аҳволига қизиққан эди. Бу борада бизга алоқага чиқишганди. Лекин элчихона ёки бошқа ташкилотлар томонидан Россия қамоқхоналарида қанча ўзбекистонлик борлиги эълон қилингани йўқ, - дейди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Миграция масалалари бўйича ҳуқуқшунослар Россия қамоқхоналарида қолаётган кўплаб муҳожирлар жазо муддатини ўз юртларида ўташда ёрдам сўраб ва «Вагнер»га ёлланишга босимидан шикоят қилиб ҳуқуқшуносларга мурожаат қилишаётганини билдиришмоқда.

Ботиржон Шермуҳаммад: Афсуски, кўплаб ватандошларимиз, охирги пайтларда асосан, ёшларимиз наркокурьерлик билан қамалиб кетишмоқда. Уларнинг бир қанчалари узоқ йилга қамалишгач, «Вагнер» хусусий харбий компанияга ёзилиб, Украина урушида Россия томонидан қатнашишга рози бўлганлари ҳам бор. Хаттоки, улар орасида урушда ҳалок бўлганлари ҳам бор.

Би-би-си: Россия ва Ўзбекистон орасида маҳкумларнинг жазо муддатларини ўз мамлакатларида ўташ борасида келишув борми?

Ботиржон Шермуҳаммад: 2016 йилда шундай шартнома тайёрланган, аммо имзоланган эмас. Россия президенти Владимир Путиннинг икки давлат ўртасидаги озодликдан маҳрум қилишга маҳкум қилинган фуқароларни бериб юбориш тўғрисида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги шартномани имзолаш бўйича фармони ҳам чиққан. Аммо шартноманинг кейинги тақдири маълум эмас, томонларнинг имзо чеккани ҳақида маълумот йўқ. Нима сабабдан тўхтаб қолгани ҳақида кўп бора ижтимоий тармоқларда, ОАВда бу ҳақда айтганмиз. Лекин Ўзбекистон томонидан ҳали бирон бир изоҳ берилгани йўқ.

Расмийлар жим, саволлар жавобсиз

Ўзбекистон Россия қамоқхоналарида қолаётган минглаб маҳбус муҳожирларнинг урушга жалб этилмаслиги учун қандай амалий ҳаракат қилмоқда?

Би-би-си ўзбек хизмати шу мазмундаги бир неча саволларимизни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновга бердик. Расмий шахс саволларимизни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига берсак, мақсадга мувофиқ бўлишини ёзди.

«Ўз ўрнида 2022 йил 21 сентябрь куни Бош прокуратуранинг расмий сахифаларида Ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш чиқарилган», деди Бош прокуратура матбуот котиби.

Ташқи ишлар вазирлигига ёзган хатларимизга жавоб берилмади.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам хатларимиз ва саволларимизни эътиборсиз қолдирмоқда.

Огоҳлантириш етарли эмас

Ўзбекистон ўз фуқароларини бошқа давлатларда уруш ҳаракатларида иштирок этмасликка чақириб, акс ҳолда ватанга қайтгач, жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирмоқда. Ва ҳозирча, шу билан чекланишмоқда.

Ўзбекистон бундай вазиятда Россиядаги фуқароларининг хавфсизлиги учун огоҳлантиришдан бошқа яна нималар қилиши керак?

- Ўзбекистон хукумати, элчихоналар вакиллари аввало, Россия турмаларида қанча Ўзбекистонлик сақланаяпти, улар нима сабаб ва асосларда жиноий жавобгарликка тортилган, бу борадаги ишларни кўриб чиқиши, ўрганиши лозим. Кимларнингдир жазо муддатини қисқартириш имкони бўлса, ҳуқуқий ёрдам бериш имкони бўлса, ёрдам кўрсатиш ҳақида ўйлаш керак.

Қамоқдаги ўзбекистонликларга бўлаётган босимлар ҳақида ҳам ўрганиш керак. Турмадаги инсонларда имконият кам бўлади, у ерда сақланаётган маҳбусларга ҳукумат томонидан босим қилиш имконияти кўп. Урушга боришни тарғиб қилмоқчи бўлса, босим қилиниши эҳтимоли катта. Буларни ўрганиш, муҳожир маҳбусларга ёрдам бериш керак.

Ўзбекистон ҳукумати Россия ҳукуматига, қамоқхона раҳбариятига ватандошларимизнинг урушга боришларига қаршимиз, деб қатъий позициясини эълон қилишлари керак.

Россия билан тайёрланган шартномани кўриб чиқиб, иложи борича тезроқ имзоланса яхши бўларди. Минглаб ватандошларимиз Россияда қамалиб қолишмоқда ва уларнинг Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўташлари мақсадга мувофиқ бўларди, -дейди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Маҳкум мигрантлар учунқандай чора бор?

Зарнигор Омонуллаева

Ўзбекистон Россия қамоқхоналаридаги ўзбекистонликлар тақдирига эътиборсиз экан, маҳкум муҳожирлар чорасиз қолмоқдами?

Россиядаги ҳукуқшунос Зарнигор Омонуллаева қамоқхонадаги мигрантларга таслим бўлмасликни, бошқа хужжатлар асосида жазо муддатини ўз юртида ўташга ҳаракат қилишларини маслаҳат бермоқда.

«Россия Федерацияси чет эл фуқаросининг ўз юртига жазо ўташ учун юбориш масаласини маҳбуснинг ўзи, ёки адвокати, ёки ватанининг сўрови асосида ўрганади. Шундай сўров Россия Адлия вазирлигига келиб тушгач, сўровда келтирилган жиноий иш бўйича ФСИН материаллари ва суд қарорлари ўрганилади. Ўрганилган материаллардан келиб чиқиб, Россия суди қарорининг хориж мамлакатда ижро этилиши бўйича халқаро келишувлар ва ўзаролик принципи асосида имконли ёки имконли эмаслиги масаласи баҳоналанади», - дейди россиялик юрист.

Би-би-си ўзбек хизмати суҳбатлашган Россияда адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи Абди Бекназаров Ўзбекистонга қўшни мамлакатлар фуқаролари учун жазо муддатини ўз ватанида ўташ учун ўтказилиш муаммо эмаслигини билдирди.

- Ўзимда кўпроқ тожикистонлик маҳкум мигрантларни жазони ўз ватанларида ўташ учун ўтказилишлари билан боғлиқ тажриба катта. Аввало, маҳкумнинг мурожаати ва ҳукуматлараро келишувга мувофиқ иш юритамиз, - дейди адвокат Абди Бекназаров.

Шунингдек, Қирғизистон ҳукумати ҳам сўнгги ойлардаги вазиятдан келиб чиқиб, ўз фуқароларини жазо муддатларини ватанларида ўташ учун амалий ҳаракатларни кучайтирди.

камоқ

Сурат манбаси, TAQDIM

Сурат тагсўзи, Ростов вилоятидаги қамоқхоналарнинг бирида 30 нафардан ортиқ ўзбекистонликлар борлиги айтилмоқда

«Қамалай деб келмагандик»

Россия қамоқхоналаридаги ўзбекистонликларнинг бор умидлари - Ўзбекистон президентидан.

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилмоқчимиз. Россия давлатида қамалиб қолган инсонлар бор. Биз бу ерга ишлаймиз деб келган инсонлармиз, бу ерга қамалай деб келмаган эдик.

Бошимизга шундай оғир кун тушиб қолди, энди Ўзбекистонга кета олмаяпмиз. Бизга ёрдам беришингизни сўраймиз. Бу ерда бир мен эмас, Ўзбекистон фуқаролари жуда кўп. 30 дан ошиқ ўзбекистонликлар бор. Биз ёзиб-ёзиб чарчадик. Тошкентдан - Бош прокуратурадан рад жавоби келаркан, ўзимга ҳам келди.

Ўзбекистонга кета олмаяпмиз, болаларимиз, хотин, ота-оналаримиз Ўзбекистонда. Илтимос, бизга ёрдам беришсин. Майли, биз жиноят қилган бўлсак, жазоимизни ўтаймиз. Фақат ўз юртимизда, қариндошларимизга яқин бўлсак. Ҳаражатларини ўзимиз тўлашга тайёрмиз. Давлат харажат қилиши ҳам шартмас.

Akbar

Илтимос, Ўзбекистонда «ўтирайлик», ота-онамизга яқин бўлайлик. Биз ҳам инсонмиз-ку! Болаларимизни кўргимиз келади. Бу ерларга хотин-болаларимиз кела олмаса. Масалан, ўзим болаларимни, ота-онамни кўрмаганимга 4 йил бўлди. Ўзбекистон томонидан ҳеч бир ёрдам йўқ", - дейди Акбар.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002