Россия - Украина: Уруш қачон ва қандай тугайди? Бешта муҳим жавоб

Сурат манбаси, Empics
- Author, Катерина Хинкулова ва Виктория Приседская
- Role, Би-би-си Жаҳон Хизмати
Украинадаги уруш бошланганидан икки йил ўтди, унинг тез орада тугашига ишонишга асос йўқ. На Украина, на Россия, на икки томоннинг асосий иттифоқчилари тинч йўл билан ҳал қилиш учун ҳеч қандай асос кўрмаяпти.
Киев халқаро миқёсда тан олинган чегаралари тикланиши ва Россия қўшинларини буткул чиқариб юборишни истайди, Москванинг позицияси эса ўзгаришсиз қолган: Украина ҳақиқий давлат эмас ва Россия кучлари ўз мақсадларига эришмагунча давом этади.
Биз ҳозир нима бўлаётганини ва бу можаро келажакда қаерга олиб бориши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Алоқадор мавзулар:
- Авдиивка: Мингга яқин украиналик ҳарбий асирга тушдими - Киев жавоб берди
- Россия икки йилда Украинада қанча аскар йўқотди - йўқотишлар сони кескин
- Ўзбекистон ва Марказий Осиё бугун ўзини Россия таҳдидидан ҳимоя қила оладими?
- Россия-Украина: Сўйишга ташланган қуллардек ё Путин урушидаги ўзбек, қирғиз ва тожиклар
Ким ғалаба қозонади?
Шиддатли жанглар қиш бўйи давом этиб, ҳар икки томон катта йўқотишларга учради.
Фронт 1000 км га чўзилган ва 2022 йил кузидан бери унинг ҳолати деярли ўзгармаган.

Сурат манбаси, EPA
Икки йил олдин кенг кўламли босқиндан бир неча ой ўтгач, Украина Россия қўшинларини шимолдан ва пойтахт Киев атрофидан сиқиб чиқарди. Ўша йил охирида у шарқ ва жанубдаги катта ҳудудларни қайтариб олди.
Аммо ҳозирда рус қўшинлари мустаҳкам ўрнашган ва украиналиклар ўқ-дорилари камайиб бораётганини айтишмоқда.
Кўпчилик ҳарбий турғунлик давом этишини тахмин қилмоқда, жумладан, яқинда ишдан бўшатилган Украина армияси бош қўмондони Валерий Залужний ва бир қанча россиялик Кремлпараст ҳарбий блогерлар ҳам.
Февраль ойи ўрталарида Украина қўшинлари узоқ вақтдан бери сақлаб турган Авдиивкадан чиқиб кетди.
Рус қўшинлари буни катта ғалаба демоқда, чунки Авдиивка стратегик муҳим ерда жойлашган ва чуқурроқ босқинга йўл очиб беради.
Киев қўшинларни олиб чиқишдан мақсад аскарлар ҳаётини сақлаб қолиш эканини таъкидлаб, қўшинлар сони ва қурол камлигини яширмаяпти.
Бу Россиянинг ўтган май ойида Бахмутни қўлга олганидан бери эришган энг катта муваффақияти бўлди. Аммо Авдиивка Украинанинг 2014 йилдан бери Россия томонидан босиб олинган Донецк шаҳридан атиги 20 километр шимоли-ғарбда жойлашган.
Бу ютуқ Россиянинг 2022 йил февраль ойида пойтахт Киевни "уч кун ичида" эгаллаш ҳақидаги дастлабки амбицияларидан анча паст.
Ҳозирда Украинанинг қарийб 18 фоизи, шу жумладан, 2014 йил мартида аннексия қилинган Қрим ярим ороли, шунингдек, шарқдаги Донецк ва Луганск вилоятларининг катта қисми Россия ишғоли остида қолмоқда.
Украинани қўллаш камаймоқдами?
Кил Жаҳон Иқтисодиёти Институти маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида иттифоқчилар Украинага жуда катта миқдорда ҳарбий, молиявий ва гуманитар ёрдам жўнатган - 2024 йил январигача Европа Иттифоқи институтларидан деярли 92 миллиард доллар ва АҚШдан 73 миллиард доллар.

Сурат манбаси, Reuters
Ғарб томонидан етказиб берилган танклар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва узоқ масофали артиллерия Украинага сезиларли даражада ёрдам берди.
Бироқ сўнгги ойларда иттифоқчилар Украинани қанча вақт давомида реал қўллаб-қувватлаши мумкинлиги ҳақида мунозаралар кўпайди, шу аснода ёрдам оқими ҳам камайди.
АҚШда 60 миллиард долларлик янги ёрдам пакети ички сиёсий келишмовчиликлар туфайли Конгрессда тўхтаб қолди.
Доналд Трамп ноябрь ойидаги президентлик сайловларида Оқ Уйга қайта сайланса, АҚШнинг қўллаб-қувватлови кескин камайишидан хавотирлар бор.
Европа Иттифоқида 54 миллиард долларлик ёрдам пакети февраль ойида узоқ давом этган муҳокамалар ва музокаралардан сўнг маъқулланган эди, айниқса, Венгрия билан, хусусан, Путинга хайрихоҳ бўлган Бош вазир Виктор Орбан билан тортишувлардан сўнг.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Киевга 2024 йил март ойи охиригача етказиб бериш ниятида бўлган ярим миллионга яқин артиллерия снарядларини етказиб бермоқчи.
Россия тарафдорлари орасида Украинага босқин учун ҳудуди ва ҳаво кенгликларини очиб қўйган Беларус ҳам бор.
Эрон Россияга "Шаҳед" дронларини етказиб бермоқда, дейди АҚШ ва Европа Иттифоқи, гарчи Эрон урушдан олдин Россияга оз сонли дронларни етказиб бериш билан чекланганини тан олса ҳам.
Дронлар Украинадаги нишонларга зарба беришда самарадорлигини кўрсатди, ҳар икки томон ҳаво мудофаасини четлаб ўта оладиган дронларни изламоқда.
Санкциялар Ғарб давлатлари кутганидек натижа бермади ва Россия ҳамон нефтини сотишга, ҳарбий саноати учун бутловчи қисмлар етказиб беришга улгурмоқда.
Хитой ҳар икки томонни қурол билан таъминламаётганига ишонилади. Ҳиндистон, одатда, урушга нисбатан эҳтиёткорлик билан дипломатик йўл тутди, на Россия босқинини қоралади, на Москвани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Аммо ҳар иккиси Россия нефтини сотиб олишда давом этмоқда.
Россия ҳам, Украина ҳам ривожланаётган мамлакатларни жалб қилишни истайди, Африка ва Лотин Америкасига кўплаб дипломатик ташрифлар бўлди.
Россия мақсадлари ўзгарганми?
Россия Президенти Владимир Путин ҳамон бутун Украинани хоҳлайди, деган фикр кенг тарқалган.Яқинда америкалик ток-шоу бошловчиси Такер Карлсонга берган интервьюсида Россия президенти яна бир бор тарих ва можарога нисбатан ўз фикрларини айтди.

Сурат манбаси, Reuters
У узоқ вақтдан бери ҳеч қандай тайинли далил келтирмасдан, Украинадаги тинч аҳоли, айниқса шарқий Донбасс минтақаси, Россия ҳимоясига муҳтожлигини таъкидлаб келади.
Урушдан олдин Путин узун мақола ёзган ва унда у Украинанинг суверен давлат сифатида мавжудлигини инкор этиб, руслар ва украинлар аслида "бир халқ" эканлигини таъкидлаган эди.
2023 йил декабрь ойида у Россиядаги "махсус ҳарбий операцияси" мақсадлари ўзгаришсиз қолганини айтди.
У, шунингдек, "демилитаризация қилинган" ва "нейтрал" Украинани хоҳлашини ва НАТОнинг шарққа кенгайишига қарши туришини айтди.
Украина мустақил давлат сифатида ҳеч қачон ҳарбий иттифоққа аъзо бўлмаган. Унинг сиёсий мақсадлари Европа Иттифоқига қўшилишдан иборат эди ва НАТО билан яқинроқ иттифоқ тузиш бўйича музокаралар олиб борди. Ҳозир эса улар уруш бошидан кўра яқинроқ кўринмоқда.
Бу мақсадлар Украинани мустаҳкамлаш ва уни Совет Иттифоқини у ёки бу шаклда тиклаш бўйича ҳар қандай геосиёсий лойиҳалардан ҳимоя қилишга қаратилган эди.
Уруш қандай тугаши мукмин?
Иккала томон ҳам таслим бўлмоқчи эмас ва Путин ҳокимиятда қолаётганини ҳисобга олсак, таҳлилчилар урушнинг узоқ давом этишини башорат қилмоқда.
Глобал хавфсизлик таҳлил маркази Globsec турли натижалар эҳтимолини баҳолаш учун ўнлаб экспертларни жалб қилган.
Энг эҳтимоли баланд сценарийга кўра, уруш 2025 йилдан кейин ҳам давом этади, ҳар икки томон оғир талофатларга учрайди ва Украинанинг ташқи қурол-яроғ таъминотига қарамлиги сақланиб қолади.
Иккинчиси, эҳтимол, дунёнинг бошқа қисмларида, масалан, Яқин Шарқ, Хитой-Тайван ва Болқонда можаролар кучаяди, Россия кескинликни кучайтиришга интилади.
Икки бошқа эҳтимолий сценарийлар, ҳар иккиси бир хил даражада деб ҳисобланса ҳам, Украина ҳарбий соҳада қандайдир ютуқларга эришади, лекин урушни тугатиш бўйича келишувга эришилмайди ёки Украина иттифоқчиларининг қўллаб-қувватлови заифлашади ва улар уни музокаралар йўли билан масалани ҳал қилишга мажбурлашади.
Бироқ, АҚШ президентлик сайловларининг потенциал таъсири ва бошқа урушлар, айниқса, Исроил ва Ҳамас ўртасидаги можаро Украина ва Россия тарафдорларининг садоқатига қандай таъсир қилиши номаълум қолмоқда.
Можаро янада кучаядими?
Февраль ойи ўрталарида Украина Президенти Володимир Зеленский Украинани "сунъий қурол тақчиллиги"да ушлаб туриш Россияга ёрдам бериши ҳақида огоҳлантирди.
Унинг Мюнхендаги халқаро хавфсизлик анжуманида айтишича, агар Ғарб дунёси Путинга қарши турмаса, бунинг оқибати келаси бир неча йил бошқа кўплаб давлатлар учун "ҳалокатли" бўлади.
Британиядаги Қироллик Бирлашган хизматлар институти таҳлил маркази Россия ўз иқтисодиёти ва мудофаа саноатини кенг кўламли ҳарбий ишлаб чиқаришга муваффақиятли ўтказганини ва узоқ давом этадиган урушга тайёрланаётганини таъкидлади.
Унда айтилишича, Европа бунга дош бермаяпти, бу хавотирни Польша ташқи ишлар вазири ҳам билдирди.
Европа давлатлари, жумладан, Германия ташқи ишлар вазири ва Эстония разведка идоралари ҳам Россия келаси ўн йил ичида НАТО давлатига ҳужум қилиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














