Россия Украина урушида муҳим бурилиш ясадими?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Жеймс Уотерҳаус
- Role, Би-би-сининг Украинадаги мухбири
"Аскарлар ҳаётини сақлаб қолиш ва қуршовни давом эттириш учун қўшинларимизни Авдиивкадан олиб чиқдик."
Шу ойда Украина қуролли кучларининг янги раҳбари этиб тайинланганида, генерал Олександр Сирский "аскарларни қурбон қилишдан кўра чекинишни афзал кўришини" айтди ва ниҳоят Авдиивкада шундай қилди ҳам.
Руслар катта йўқотишларга учраган бўлса-да, тўрт ойлик тинимсиз ҳужумлар натижасида Украина қўшинлари сон жиҳатдан душмандан барибир кам, қурол етишмайди.
Алоқадор мавзулар:
Бу Украинанинг ўтган йилги муваффақиятсиз қарши ҳужумидан кейин Москванинг энг йирик ғалабаси бўлди.
Авдиивка 2014 йилда қисқа муддат Россия томонидан босиб олинган ва кейин Украина қайтиб олган эди.
Хўш, Авдиивканинг қўлдан кетиши бу уруш учун нимани англатади?
Ҳажм ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ
Ҳозир душманни ҳолдан тойдириш уруши кетаётгани сабабли, Украина ва Россия ўртасидаги ўлчамдаги фарқ тобора аниқ бўлиб бормоқда. Россиянинг 144 миллион аҳолиси Украинадан тўрт баравар кўп.
Бу ҳолатда минглаб аскарларини йўқотганига қарамай, Москва деярли дарҳол улар сонини тикламоқда.
Украина кучлари ҳам бир хил миқёсда бўлмаса-да, йўқотишларга учради.
Фронтдаги бошқа Украина аҳоли пунктларида бўлгани каби, Россия деярли буткул вайрон бўлган шаҳарни эгаллади.
У ерда жойлашган Украинанинг 3-ҳужум бригадаси ҳар томондан пиёда аскарлар ҳужумига учрагани ҳақида хабар берди.
Россия ўзининг энг яхши тайёргарликдан ўтган жангчиларини ҳудудга жамлаган ва Украина позицияларига кунига 60 тагача бомба ташлаган.
Украинанинг Бахмут шаҳри охирги марта руслар томонидан босиб олинганида, генерал Сирский уни узоқ вақт ушлаб тургани учун танқид қилинган эди. У беҳуда берилган қурбонлар эвазига рамзий ғалаба қозонишга интилганликда айбланган.
Тажриба буни ўзгартирганга ўхшайди.

Сурат манбаси, Reuters
Ўрта муддатли истиқбол
Россиянинг бу ҳужуми бир кечада содир бўлмади. Ўтган йил октябридан бери Москва Авдиивкага ҳужумлар тўлқинини бошлади.
Украиналиклар ўзларининг баланд позициялари ва саноат шаҳридаги мустаҳкамланган мудофааси туфайли уларни аниқ нишонли зарбалар билан ушлаб туришди. Бу ҳужумлар Донбасс манзарасини руслар жасадлари ва йўқ қилинган зирҳли транспорт воситалари билан тўлдирди.
Россия қўшинлари Москванинг босқини бошланганидан бери 10 йил ичида мустаҳкамланган мудофаа тизимини ёриб ўтган кўринади.
Киевнинг ҳафсаласи пир бўлди, Украина бошқа ердаги рус истеҳкомларини бузиб ўта олмади. Бу истеҳкомлар бир неча ой ичида қурилган эди.
"Россия стратегик мақсадларга эриша олмайди, фақат тактик мақсадларга эришади", дейди Украинанинг 3-ҳужум бригадаси қўмондони ўринбосари майор Родион Кудряшов.
Унинг айтишича, душман қўшини етти баробар кўп бўлган. У менга телефон орқали: "Икки армия жанг қилаётганга ўхшарди", деди.
Унинг ишонишича, руслар Покровск ва Константиновка каби шаҳарлар томон олдинга силжимайди, аммо бу ҳам кафолатланмаган.
Улар учун бу ғалаба Россия 2014 йилдан бери босиб олган шарқдаги Донецк шаҳрига босимни юмшатади.
Узоқ муддатли истиқбол
Украина, айниқса, 2022 йил ёзида ҳам худди шундай вазиятга дуч келган.
Катта, яхши жиҳозланган рус бўлинмалари Лисичанск ва Северодонецк каби шаҳарларни ўраб олди. Украиналиклар уларни тўхтата олмади.
Бироқ, Ғарб қуролларининг кейинги оқими ўша йил охирида, Украина қўшинлари Херсон ва Харков вилоятларидаги ҳудудларни озод қилганда, вазият ўзгаришига олиб келди.
Аммо энди бу бошқа уруш.
Глобал сиёсат ҳам жанг майдонига катта таъсир қилади.
Ғарб ёрдами етишмаслиги Украинанинг Авдиивкадан чекинишини тезлаштирди.
АҚШ Украинага қурол етказиб беришда етакчилик қилмоқда. Украинага 95 миллиард долларлик ёрдам пакети ҳали Вашингтон томонидан маъқулланаётган бир пайтда, бошқа иттифоқчилар бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилмоқда.
Бу дегани, украиналиклар ўқ-дориларни тақсимлашлари ва руҳий тушкунликка берилмасликлари керак. Авдиивка эса Киев кўриб чиқаётган ягона чекиниш бўлмаслиги мумкин.
Россия Президенти Владимир Путин ҳали ҳам бутун Украинани хоҳлайди.
Бу ҳолат ё ғарбнинг бирдамлигини тиклайди ёки Украина Авдиивка ва бошқа жойларда кўрсатган мудофаага қарамай, бу урушда ғалаба қозона олишига шубҳани кучайтиради.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














