Янгиликлар: Нима ‘Украинани йўқ қилиши мумкин’? Video Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, HALYNA SPITSYNA
- Author, Орла Герен
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ўлим тўсатдан мусаффо осмондан келарди, бу ҳозир Украинада тез-тез содир бўлмоқда...
Алоқадор мавзулар:
Нима гап?
Август ойида Россия ракетаси тушиб, черков олдидаги болалар майдончасидаги ўриндиқда ўтирган икки қизни ўлдирди.
Уларнинг исмлари Кристина Спицина ва Светлана Семейкина эди. Улар 2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин ҳалок бўлган 10 000 дан ортиқ тинч аҳоли орасидадир.
БМТ ўлдирилган эркаклар, аёллар ва болаларнинг ҳақиқий сони "сезиларли даражада кўп" деб ҳисоблайди.

Россиянинг Украинадаги уруши доимийга айланган. Даҳшат одатий ҳол. Кўплаб ўлимлар ҳақида аниқ маълумот берилмаган, аммо биз ҳалок бўлганлардан фақат иккитасининг ҳаёти ва сўнгги дақиқалари ҳақида сўзлаб беришни истадик.
Шамол дарахт шохлари орасида увлайди, Галина Спицина қизи Кристинанинг руҳини ҳис қилади. "Шамол эсади, сиз эса болангиз руҳини ҳис қиласиз, у сизни қучгандек бўлади", дейди у.
Кейин у эгилиб, сариқ хризантемаларни Кристинанинг қабри устидаги гулдонга қўяди.
Унинг умидли, ёш қўшиқчи қизи ўзининг энг яқин дўсти Светлана билан август ойида ҳалок бўлди. Улар қабристонда ёнма-ён дафн этилди.
Иккита қабр ёрқин рангга бўялган, гулчамбарлар қўйилган, тепасида кўк ва сариқ Украина байроқлари турибди.
Кристина ва Светлана уруш вақтида учрашишди, уларни мусиқага ва Украинага бўлган муҳаббатлари боғларди. Улар "Ўхшаш қизлар" номли гуруҳ туздилар. Улар тўйларда қўшиқ куйлаб, ўзларининг Telegram каналларида кўча концертларини жонли эфирга узатиб, аскарлар ва фуқаролар учун пул тўпларди.
9 август куни улар ўзларининг туғилган шаҳарлари Запорожьедаги гавжум кўчада супермаркет олдида қўшиқ куйлашди - 18 ёшли Светлана гитара чалди, 21 ёшли Кристина вокалда.
Уларнинг ижроси телефонга ёзиб олинган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Кадрларда узун сарғиш сочли Кристина шортикда, Светлана эса жинси шимда, қўлида гитара билан кўринган.
"Бизнинг охирги қўшиғимиз барча херсонликлар ва уларнинг ҳимоячилари учун бўлади", дейди Кристина. У Украинанинг машҳур "Winning The War" қўшиғини танлайди. Унинг овози кечки ҳавода баланд кўтарилади.
Ҳақиқат нурларида мовий осмон остида
Елкам узра порлаган қуёш билан
Урушда қозонажак ғалабамиз ҳақида
Келажак учун китоб ёзамиз.
Бу қўшиқ уларнинг реквиемига айланди. Йигирма дақиқадан сўнг иккала қиз дам олиб ўтирган ўйин майдончасида ўлдирилди. Бу жой асосий кўчадан 300 метр нарида эди.
Галинани оғриқли саволлар қийнамоқда - қизлар ўйин майдончасига бормаганда нима бўларди?
Энди қандай яшайман?
"Эртага нимани режалашни ҳам билмайсиз, - дейди у кўзлари ёшланиб. - Баъзида табассум қилишингиз мумкин, лекин кейин у энди табассум қила олмаслигини эслайсиз. Гаплашасизу, ўлгандексиз."

Ёшига нисбатан ёшроқ кўринадиган 43 ёшли савдо менежери ўзини йўқотиб қўйгани учун узр сўрайди.
Қизлар ўлимига сабаб бўлган ракета ҳужуми шаҳар бўйлаб янгради. Светлананинг отаси Юрий Семенейкин унинг овозини уйида эшитиб, тўғри машинага югурди.
"Мен улар ана шу атрофда эканини билардим. Полиция мени ўтказиб юборди ва мен кўрадиганимни кўрдим. Светлана қаршимда ётарди", дейди у қўллари билан ерга ишора қилиб, сўзлари титраб чиқарди.
У каштан дарахти соясида ўтирарди, унинг ёнида хотини Анна ва уларнинг 12 ёшли қизи Саша. Уларнинг боғлари мусибатхонага ўхшарди.
"Қандай қилиб 21-асрда тайинли сабабсиз бундай ишни қилиш мумкин?" дейди темир йўл ишчиси 41 ёшли Юрий.

Сурат манбаси, YULIIA BIELASHKOVA
Руслар ҳеч қачон кечирилмайди, дейди у. "Буни келажак авлодлар унутмайди. Бизнинг невараларимиз бу ерда бўлган ишларни ёдда сақлайди", дейди у. Юрий секин, сокин овозда гапиради, гўё қайғу юкини кўтариб туриш унинг бутун кучини олади.
Унинг айтишича, Светлана болалигидан мусиқага қизиққан ва ўзи қўшиқ ёзган. У К-попни яхши кўрарди ва чет тилларини ўрганаётганди. Оиланинг камтарона уйидаги унинг ётоқхонаси деворида Nirvana ва AC/DC плакатлари ёпиштирилган. Унинг гитараси ҳамон каравотда ётибди, гўё бир кун у қайтиб келиши мумкиндек. Энди уни чалиш навбати Сашада.

Сурат манбаси, GOKTAY KORALTAN/BBC
"У чалишни ўргатганди, - дейди Саша. - Аввалига қийин бўлди, менга ёқмади. Ҳозир чалишни давом эттирмоқчиман. У ҳамма бахтли бўлишини хоҳларди. У ўз мусиқаси билан қўлидан келганча ёрдам беришни истарди".
Саша ракеталар ва ҳаво ҳужумлари ҳақида гапиради - ҳозир украиналик болалик ҳаётидаги асосий ҳодисалар. Опасининг ўлдирилиши унинг хавф-хатар туйғусини кутилмаган тарзда ўзгартирди.
"Мен хавф-хатарга камроқ эътибор бера бошладим, - дейди у. - Мен ўз дунёмда яшаяпман. Ўзимни хавфсизроқ ҳис қиляпман, чунки Света [Светлана] доим мен билан эканлигини ҳис қиламан."

Сурат манбаси, GOKTAY KORALTAN/BBC
Унинг қабридаги хочга Светлананинг ҳошияли сурати, ёнидаги қабрда эса Кристинанинг сурати ёпиштирилган. Фотосуратларда улар бир-бирига қараб турибди, иккаласи ҳам абадий ёш.

Украина жанг майдонида ҳам, ундан ташқарида ҳам ўзининг энг ёрқин ва энг яхши одамларини йўқотмоқда. Ҳалок бўлганлар орасида актёрлар ва томошабинлар, балет раққосалари ва спорт юлдузлари, шунингдек, Кристина ва Светлана каби келажак овозлар бор.
Уруш бошланганда, Галина қизларни кетишга ундади. Улар рад этишди. Унинг айтишича, улар одамлар кайфиятини кўтариш учун қўшиқ айтишни давом эттирмоқчи бўлган. Галина нафақат уни йўқотганидан, балки юрти ҳар куни ниманидир йўқотаётганидан ҳам қайғуради.
"Истеъдодли, умидли ёшлар ўлиб кетмоқда. Фарзандларсиз мамлакатни қандай келажак кутмоқда. Бу шунчаки бизга таъсир қилмайди, - дейди у. - Бу Украинани йўқ қилиши мумкин."

Галинанинг айтишича, Кристина беш ёшида концерт беришни бошлаганида "у юлдуз каби саҳнага чиқди. У саҳнадан қўрқмасди. Қўшиқ айтиш унинг учун жуда муҳим эди".
У қизи ўз ўлими билан эмас, балки овози билан машҳур бўлишини тасаввур қиларди.
Бунинг ўрнига, у ва Светлана - ва бошқалар бевақт бу оламдан кетмоқда.
Эшит, она.
Урушга кетмоқдаман.
Йиғлама
Тирик қайтарман.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













