Янгиликлар: Путин қасос олдими? Россия Украинага янги ракета зарбалари берди Dunyo, Urush

Киев

Сурат манбаси, Reuters

Россия Украина бўйлаб ёпирилган ракеталар зарбаси берди. Киев, Харков, Одесса ва Лвов каби кўплаб шаҳарларда портлашлар содир бўлди. Россия Мудофаа вазирлиги зарбаларни яқинда Россиянинг Брянск вилоятига қилинган қуролли ҳужум учун қасос эканлигини айтди.

Украина расмийларининг айтишича, Лвов вилоятида 5 киши ва Днепропетровскда бир кишининг ҳалок бўлган.

Ҳужумлар натижасида Запорожье атом электр станцияси токсиз қолган.

Россия Мудофаа вазирлиги хабарида айтилишича ,"ёпирилган қасос зарбаси" 2 март куни гўёки Киев томонидан ташкиллаштирилган "Брянск вилоятига уюштирилган террор ҳаракати" учун жавобан амалга оширилган.

2 март куни қуролли гуруҳ Россиянинг Украина билан чегарадош Брянск вилоятига юриш амалга оширди.

Бир қишлоқда 2 эркак отиб ташланган. Кремл уни террор ҳужуми деган ва Украина ҳукуматини айблаган. Киев ҳужумларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтмоқда. Ҳужумларни ўзини "Россия кўнгиллилар гуруҳи" деб атаётган шахслар ўз зиммасига олган.

Киев

Сурат манбаси, Reuters

Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Брянск вилоятига ҳужумга жавобан ҳаво, денгиз ва ердаги ракеталар, шу жумладан "Кинжал" товушдан тез учувчи ракеталар мажмуаси билан Украина ҳарбий структурасининг муҳим элементлари, ҳарбий саноат мажмуалари ва уларни электр билан таъминловчи объектлар йўқ қилинган.

Россия ҳарбийлари доим бу каби атамаларни қўллаб келган, бироқ "ўч олиш" калимасини илк маротаба Қрим кўпригида содир бўлган портлашлардан сўнг ишлатганди.

Украина ҳукумати ракеталар зарбаси янги тўлқини нишонлари мамлакатда инфратузилма бинолари бўлган.

"Оғир тун. Бутун мамлакат бўйлаб ёпирилган ракета ҳужумлари. Киев, Кировоград, Днепропетровск, Одеса, Харков, Запорожье, Львов, Ивано-Франков, Житомир. Муҳим инфратузилма ва аҳоли уйларига зарба берилди. Яқинларига ҳамдардлигимни билдираман", деган Украина Президенти Володимир Зеленский.

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг айтишича, Россия бу сафар турли нуқталардан 81 та ракета учирган.

Украина ҳаво кучлари қўмондонлиги вакили Юрий Игнат Россия шу пайтгача бу қадар кўп товушдан тез учувчи "Кинжал" ракеталари учирганини эслолмаслигини айтди.

Украина расмийлари мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учирилган дронларнинг ярмини ва 48 та қанотли ракеталарнинг 34 тасини уриб туширганини айтмоқда.

Ўз навбатида Россия ҳар доимгидек барча нишонлар йўқ қилинганини айтмоқда.

Бу каби ҳужумлар январ, феврал ойларида ҳам амалга оширилганди. Украина ҳукумати ўшанда 50 дан ортиқ ракета учирилганини айтганди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002