Янгиликлар. Россия: Путин Украинани тўхтатмоқчими? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Уруш Россияга кўчдими?
Алоқадор мавзулар:
- Россия ва Украина уруши: Одесса маркази ва портларига ҳужум, Москвага яна учиб келган дронлар
- Украина армияси: Россия босқинчиликда қурувчиликка келган Ўзбекистон фуқароларини ёллаган
- Украина - Россия: Қарши ҳужумда тез натижага эришиш имконсизми? 21-асрнинг энг муваффақиятли саркардаси нима дейди?
- Янгиликлар. Украина: Россия ҳар қандай эҳтимолга тайёрми?

Сурат манбаси, .
Сўнгги дам олиш кунлари бир-биридан жиддий иддаолар янгради.
Ҳам Путин, ҳам Зеленский четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди.
Икковлоннинг кетма-кет янграган сўзлари халқаро миқёсда сарлавҳаларга чиқди.
Россия президентининг даъво қилишича, мамлакати Украина билан тинчлик музокаралари ғоясига қарши эмас.
Путинга кўра, Хитой ва Африканинг ташаббуслари ўзаро муросага асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Аммо, Путинга кўра, Украина Қуролли кучлари ҳужумга ўтаётган бир пайтда оташкесин, деган нарса имконсиз.
Россия президентининг Африка лидерлари билан учрашуви ортидан Санкт-Петербургда янграган бу сўзларига расмий Киевнинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Аммо бундан олдин ҳар икки рақиб томон ҳам тинчлик музокаралари учун ўзларининг шартларини илгари суришган.
Украина ҳудудининг бир қаричини ҳам Россияга бериб қўймаслигини айтган.
Россия қўшинларининг бирор бир шартларсиз зудлик билан Украинадан чиқиб кетишини талаб қилган.
Кремль эса, расмий Киев мамлакатидаги "янги ҳудудий воқеъликни қабул қилиши шарт", демоқда.

Сурат манбаси, EPA
Россия ўтган йил февралида Украинага бостириб кирган, ҳозир мамлакатнинг жануби ва шарқидаги қатор ҳудудларни ишғол қилиб турибди.
Қрим ярим ороли ортидан, Россия орада Украинанинг яна тўртта вилоятини ҳам зиддиятли референдум орқали ўзига қўшиб ҳам олган.
Россия президентининг сўнгги баёноти Украинанинг пойтахт Москвага қаратилган навбатдаги дрон ҳужумидан саноқли соатлар ўтиб янграган.
Украина президенти эса, бу ҳужум уруш Россияга қайтаётгани далолат экани билан огоҳлантирган.
Володимир Зеленский Россияга қаратилган ҳужумлар икки давлат ўртасидаги урушнинг "муқаррар, табиий ва мутлақо адолатли жараёни" эканини айтган.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, якшанба куни Украинанинг учта дронини уриб туширишган.
Дронлар пойтахт Москвадаги иккита офисга зиён етказишга муваффақ бўлган.
Россияни енгиш осон бўлмайдими?
Жонатан Бил
Би-би-сининг Мудофаа масалалари бўйича мухбири

Сурат манбаси, MOOSE CAMPBELL/BBC
Украина жанубида жуда секин суръатда бораётган қарши ҳужум учун масъул генералнинг айтишича, Россия мудофааси ҳарбий техника, жумладан, Ғарб танклари ва зирҳли транспортлари ҳаракатини қийинлаштирмоқда.
Генерал Олександр Тарнавский айтишича, унинг кучлари кўп қатламли мина майдонлари ва мустаҳкамланган мудофаа линияларини ёриб ўтишга қийналмоқда.
"Мана нима учун, аксар вазифаларни пиёда аскарлар бажармоқда."
Унинг айтишича, Россия ҳарбийлари Украина кучларининг "тезкор илдамлаши" олдини олиш учун "профессионал маҳорат" кўрсатмоқда.
"Душманнинг имкониятини паст баҳоламайман", деган у.
АҚШ томонидан тасдиқланмаган хабарларга кўра, қарши ҳужумнинг асосий илгарилаши бошланган. Урушни ўрганиш институти айтишича, Украина кучлари "Россиянинг аввалдан тайёрланган мудофаа позициялари"ни бузиб ўтганга ўхшаяпти.
Аммо Ғарб етказиб берган танклар ва зирҳли техника урушда мувозанатни Украина фойдасига ўзгартирганини кўрсатувчи далиллар жуда оз.
Бир нечта "Leopard" танклари ва АҚШнинг "Bradley" жанговар транспортлари биринчи кунлардаёқ Орихив шаҳри яқинида зарарланган ёки йўқ қилинган.
Россия позицияларини ёриб ўтиш учун Украинанинг Ғарб томонидан жиддий тайёргарликдан ўтказилган ва қуроллантирилган 47-бригадаси тез орада миналар ёрдамида тўхтатилди ва кейин артиллериядан ўққа тутилди.
Россия Украина қарши ҳужуми аллақачон муваффақиятсизликка учраганини айтиб, воқеа акс этган бир нечта видеоларни тарқатди. Аслида, бу ҳал қилувчи зарбадан кўра эрта муваффақиятсизлик эди.

Сурат манбаси, RUSSIAN MINISTRY OF DEFENCE
Биз ўша бригаданинг фронт ортидаги ўрмонга яширинган очиқ таъмирхонасига бордик, у ерда ҳозирда ўндан ортиқ зирҳли техника, асосан, Америка "Bradley"лари таъмирланмоқда.
Улар бу ерга бир жойи чизилмасдан келтирилган, энди эса уларни жанг асари қоплаган. Бузилган гусеницалар ва қийшайган ғилдираклар уларнинг баъзилари рус миналарига йўлиққани белгисидир.
Муҳандислардан бири Сергей шундай дейди: "Биз уларни қанчалик тез тузатсак, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш учун тезроқ олдинги сафга қайтаришимиз мумкин".
Аммо у, шунингдек, уларнинг баъзиларини таъмирлаб бўлмаслигини, қисмларга ажратиш ёки таъмирлаш учун "ҳамкорларимизга қайтариш" кераклигини айтади.
Ғарб зирҳлари Украина кучларини яхши ҳимоя билан таъминлаган бўлса ҳам, у Украинанинг олдинга силжишидаги энг катта тўсиқлардан бири бўлган рус миналаридан ўта олмаяпти.
Жанубий фронт бўйлаб юриб, биз шунингдек, Британиянинг шикастланган ва йўқ қилинган Mastiff зирҳли машиналарини кўрдик.

Сурат манбаси, MOOSE CAMPBELL/BBC
47-бригада ҳозирда миналардан тозалаш учун ўзининг эски совет танкларидан фойдаланмоқда. Лекин улар миналардан тозалаш учун махсус ускуналар билан жиҳозланган бўлса ҳам, ерга яширинган портловчи моддалардан қочиб қутула олмайди.
Фронтга яқинроқда, танк қўмондони Максим бизга вайрон қилинган Т-64 танкини кўрсатди. Унга миналарни атай портлатиш учун олд томонига иккита ролик ўрнатилган. Кеча у қўшинлар учун йўл очишга уринаётганда роликлардан бирини йўқотди.
"Одатда бизнинг роликларимиз тўртта портлашга бардош бера олади", дейди у. Аммо унинг қўшимча қилишича, руслар миналардан тозалаш ускуналарини йўқ қилиш учун миналарни қават-қават қилиб жойлаштиришган.
"Бу жуда қийин, чунки миналар жуда кўп", дейди Максим ва Россиянинг мудофаа чизиғи олдида кўпинча тўрт қатордан ортиқ миналанган майдонлар мавжудлигини қўшимча қилади.
Док ва унинг Украина кўнгиллилар армиясидан бўлган разведкачи дрон гуруҳи учун жангни кузатиш жуда оғриқли эди.
Док (бу унинг шартли чақирув номи) ўтган йили Херсонга муваффақиятли ҳужумда иштирок этди. Аммо у бу сафар анча қийин бўлаётганини айтади. Унинг айтишича, бутун уруш давомида биринчи марта аскарлар артиллериядан кўра миналардан кўпроқ яраланмоқда: "Олдинга борар эканмиз, ҳамма жойда миналанган майдонлар".

Сурат манбаси, MOOSE CAMPBELL/BBC
Док менга яқинда дронларидан бирида Украина қўшинлари Россия хандақлари томон юрганида олинган видеони кўрсатди.
Аскарлар кириши биланоқ кучли портлаш содир бўлади. Хандақ бўш эди, лекин миналанган. Докнинг айтишича, Россия кучлари ҳозир масофадан бошқариладиган миналардан фойдаланмоқда. "Аскарларимиз хандаққа киргач, тугмани босади ва у портлаб, дўстларимизни ўлдиради". Унинг айтишича, у сўнгги икки ҳафта давомида қўлланган тактикани кўрган ва уни "янги қурол" деб атайди.
Украинанинг жанубдаги ҳужумида ҳарбий мантиқ бор. Бу рус қўшинларини иккига ажратиб ташлаш ва босиб олинган Мелитопол ва Мариупол шаҳарларига ва Қримгача бўлган йўлгача кириб бориш учун муҳим. Аммо бу йўналишга эътибор қаратиш Украина ҳозир Россия мудофаа чизиғи энг кучли бўлган жойга ҳужум қилаётганини англатади.
Генерал Тарнавскийнинг айтишича, унинг қўшинлари "оғир ва машаққатли ишни" бажармоқда. "Ҳар қандай мудофаани бузиш мумкин, аммо бу вақт, сабр ва маҳорат талаб қилади".
Унинг таъкидлашича, Украина ўз душманини секин-аста толиқтирмоқда. Россия одамларнинг ўлиб кетишига аҳамият бермайди ва уларнинг ҳарбий раҳбариятидаги сўнгги ўзгаришлар "ҳамма нарса жойида эмаслигини англатади", дея қўшимча қилади у. Унинг таъкидлашича, Украина ўзининг асосий зарба бериш кучини ҳали амалда қўлламади.
"Аста-секинми, йўқми, ҳужум давом этмоқда ва албатта ўз мақсадига эришади", дейди у.
Мен генерал Тарнавскийдан сўрайман, бу муваффақиятми ёки муваффақиятсизлигини қандай билишимиз мумкин?
У табассум билан: "Агар ҳужум муваффақиятли бўлмаганида, мен ҳозир сиз билан гаплашмаётган бўлардим" дейди.
27 июль хроникаси
Россия ва Украина уруши: Украина қарши ҳужуми асосий йўналиши аниқ бўлдими?

Сурат манбаси, Getty Images
Бир неча манбалар ёзишича, Украинанинг Россия қўшинларига қарши ҳужуми асосий йўналиши аниқ бўлган.
Бу Запорожия вилоятидаги Орихив шаҳри атрофи.
Россия охирги ойлар мобайнида улкан мина майдонларини қуришга улгурди, бу эса Украина қўшинларининг илдамлашига тўсқинлик қилмоқда.
Бироқ бир неча йўналишда Украина қуролли кучлари Россиянинг илк мудофаа чизиғини ёриб зтишга муваффақ бўлганлар, ундан кейинги мудофаа чизиғида Россия аскарларининг сони кам деб кўрилади.
Бу йўналишдаги ҳужум Украина ҳарбийларига Токмак шаҳрига, ундан нари Азов денгизи соҳилига яқин Мелитополга чиқишга йўл очади.
Украина қарши ҳужум учун захирадаги кучлар тайёрлаган, Запорожия йўналишига механизациялашган қўшинлар ташланаётганининг гувоҳи бўлганлари ҳақида хабар беришди америкалик журналистлар.
Украина контр ҳужуми 2023 йил январидан буён кутилади.
Аммо Президент Зеленский Ғарб ваъда қилган қурол яроғ ва ҳарбий техникани қўлга киритмасдан туриб қарши ҳужумга ўтиш катта сондаги инсоний талофатларга олиб келиши мумкинлигини айтган, шунинг учун ҳам қарши ҳужум бошланмай турганини билдирганди.
Июн ойи бошидан Украина контр ҳужуми бошланди.
Бунда Украина салмоқли йўқотишлар, Ғарб берган зирҳли техника ишдан чиқишига деч келмоқда.
Контр ҳужумнинг дастлабки ҳафталарида пиёда аскарлар ҳужумни бошлаганлари, бироқ талофатлар туфайли Украина ўз тактикасини ўзгартиргани ҳақида ёзди Британияда нашр этиладиган Financial Times газетаси.
Энди Украина аввал ёппасига артиллерия ҳужумлари билан ҳудудни "тозалаб" кейин пиёда аскарлар ҳужумга ўтадиган бўлганлар.
Бунда Ғарб берган снарядларнинг тезда тугаб қолиш эҳтимоли ҳам юзага келган.
Лекин Украина кучлари мустаҳкам ғалабаларни қўлга киритаяпти, деб ёзди газета.
Шойгу Шимолий Кореяда

Сурат манбаси, Reuters
Пхенянга борган Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуга Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўз ракеталари ва дронларини намойиш этди.
Россиядаги Russia Today агентлиги хабар қилишича, Ким Чен Ин ва Шойгу ҳарбий кўргазмага ташриф буюришди, у ерда қитъалараро баллистик ракеталар, дронлар, танклар ва зирҳли машиналарни кўришган.
Россия ва Шимолий Корея матбуоти кўргазмадаги "Хвасон" баллистик ракетаси Шимолий Кореянинг энг янги қуроли ҳисобланиши, у қаттиқ ёқилғида учиши хабар қилинди.
Ҳали март ойида АҚШ истиғборати Россия қурол олиш учун Шимолий Кореяга ўз ҳайъатини юбормоқчи экани ҳақида хабар тарқатган эди.
Россия мудофаа вазирининг ушбу ташрифи АҚШ, Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги таранглик ортган, Пхенян Украинага қарши урушда Москвага қурол-яроғ билан ёрдам бераётгани ҳақидаги шубҳалар тарқалган вақтда бўлиб ўтди.
2022 йил кузида Шимолий Корея Россияга артиллерия снарядлари ва яқин масофага мўлжалланган ракеталар бергани ҳақидаги хабарлар тарқалган.
Икки томон ҳам ушбу хабарларни рад этади.
Эвазига халқаро санкциялар туфайли озиқ-овқат тақчиллиги шароитида яшаётган Шимолий Корея Россия озиқ-овқат таклиф этиши эҳтимоллари илгари сурилмоқда.
АҚШ Давлат котиби Путин ва Африка раҳбарлари учрашуви ҳақида нима деди?
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Африка раҳбарлари Путиндан нега Украина дони йўлини ёпгани ҳақида сўрайдилар деб умид қиламан, деди.
"Улар ушбу вазиятда ким айбдор эканини аниқ биладилар. Мен африкалик шерикларимиздан Россия буни аниқ эшитади, деб кутаман", деди АҚШ Давлат котиби.
Россия 17 июлдан ғалла битимидан чиқиб кетди.
Ўтган йили Россия, Украина, БМТ ва Туркия иштирокидаги битимда Украина донини Қора денгиз орқали жаҳон бозорига хавфсиз олиб чиқиш кўзда тутилган эди.
Украина жаҳон бозоридаги доннинг ўндан бирини етказиб берган мамлакат, Россия босқини Украина ғалласини четга олиб чиқишни қийинлаштирди, қимматчилик бошланди.
Россия битимдан чиққан куни Чикаго биржасидаги буғдой фючерси 20 фоиз қимматлади.
"Гап фақат шартномадан чиқишда эмас. Чиққанидан кейин улар нима қилдилар? Одесса портларини бир неча марта бомбаладилар. Қора денгизга мина ўрнатдилар. Улар кемачилик йўлига аниқ таҳдид қилишди. Бу аниқ сигнал беради", деди Энтони Блинкен.
27 июл куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Россия ва Африка давлатлари раҳбарлари саммити режаланган.
Бу саммитга 49 Африка мамлакатидан ҳайъат иштироки кутилмоқда.
Булардан фақат 17 давлат раҳбари боришга кўнган.
2019 йилдаги шундай саммитда 45 мамлакат раҳбари қатнашган эди.
Молдова 45 Россия дипломатини бадарға қилмоқчи

Сурат манбаси, Reuters
Молдова ҳукумати эълон қилишича, "нодўстона амаллари" учун Россиянинг пойтахт Кишинёвдаги 45 дипломати ва бошқа элчилик ходимларини чиқариб юборади.
Ўшанда Россиянинг Молдовадаги элчилиги жами ходимларининг сони 25 тага тушади, бу Молдованинг Москвадаги элчихонасидаги рақамга яқин сон.
Россия Украинага бостириб кирганидан буён Молдова ҳукумати Москвани жосуслик ва мухолиф гуруҳларни дастаклаётганликда айблаб келади.
Россия Молдова ҳукуматининг ушбу қарорини қоралади, бу ҳаракат "жавобсиз қолмайди" дея пўписа қилди.
Яқинда Россиянинг Инсайдер сайти ва Молдовадаги Jurnal TV ўзларининг журналистик суриштирувини эълон қилдилар, унда Кишинёвдаги Россия элчилиги ва унинг ёнидаги элчилик фойдаланадиган бино томига антенналар ўрнатилгани, бу антенналар Москвадаги Бош разведка бошқармасига улангани аниқланган.
Молдова Ташқи ишлар вазирлиги ушбу мақолага муносабат билдирди, россиялик дипломатларни 15 августгача чиқиб кетишини талаб қилди.
"Кўп йиллар мобайнида биз Россиянинг душманона ҳаракатлари ва сиёсатига дуч келдик. Уларнинг кўпи элчилик орқали қилинган", деди Молдова Ташқи ишлар вазири Нику Попеску.
Аҳолиси 2,6 миллионни ташкил этадиган Молдова Европанинг энг камбағал мамлакатларидан бири ва Украина урушидан қаттиқ зарар кўрмоқда.
Россия Молдовага нафақат табиий газни узиб қўйган, балки Россиянинг Украина энергетика тармоқларига ракета ҳужумлари Молдовани ҳам электрсиз қолишига сабаб бўлди.
Россия босқини кўп сондаги Украина қочқинларининг ҳам Молдовадан бошпана топишларига мажбурлади, бу мамлакат иқтисодига оғирлик туширди.
Молдова ҳудуди бўлган Приднестровье Молдовадан мустақиллигини эълон қилган, бу ҳудудни Россия қўллаб қувватлаб келади.
Приднестровье конфликти ҳам ҳали 1990 йиллардан буён музлатилган можарога айланган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















