Янгиликлар. Украина: Россия ҳар қандай эҳтимолга тайёрми? Rossiya Ukraina Yangiliklar

- Author, Даниэле Палумбо ва Эрван Риво
- Role, BBC Verify
Cунъий йўлдош тасвирлари Россиянинг мудофаа истеҳкомларини фош қилди.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Украина: Энди Путин ва Россиянинг жавоби ёмон бўладими?
- Янгиликлар: Россия ва Хитой Ўзбекистон, Марказий Осиё устидан тўқнашадими?
- Янгиликлар, Украина уруши: Қарши ҳужум бошландими?
- Янгиликлар: Қизил Майдондаги парадда ўтганлар Россия армияси шахсий таркиби эмасди
- Янгиликлар: Марказий Осиё раҳбарлари Россия босими остидами?
Россия қандай ҳимояланмоқчи?
Пляж мудофаа истеҳкомлар билан тўла. Катта йўл бўйлаб танкка қарши хандақлар қазилган. BBC Verify сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиб, Украинанинг йирик қарши ҳужумига тайёргарлик кўриш учун Россия томонидан қурилган айрим кенг қамровли мудофаа истеҳкомларини аниқлади.
Ойларча давом этган тайинли ўзгаришсиз жанглардан сўнг кутилаётган қарши ҳужум Украинанинг Ғарбдан олган қуроллар билан жанг майдонида катта ютуқларга эриша олишини курсатиши учун катта синов бўлади.
Би-би-си юзлаб сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиб, жанубий Украинада октябрь ойидан бери қазилган хандақлар ва қурилган истеҳкомларнинг муҳим жиҳатларини аниқлади.
Қуйидаги тўртта ҳудуд Россия қарши ҳужумдан нимани кутаётганию Украина кучлари қандай мудофаага дуч келиши ҳақида билги беради.
1. Қримнинг ғарбий қирғоғи
2014 йили Россия томонидан босиб олинган Қрим илгари ўзининг пляжлари билан машҳур эди.
Ҳозир эса қуёш соябонлари ва йиғма ётоқлар ўрнида Россия қўшинлари ўрнатган 25 километрлик мудофаа тузилмалари жойлашган.
Қуйидаги тасвирда қоя ва тепаликлар каби табиий мудофааси бўлмаган ғарбий қирғоқдаги очиқ қумли соҳил кўринади.

Аввало бу ерда соҳил бўйлаб "аждар тишлари" - танклар ва бошқа ҳарбий техника йўлини тўсиш учун пирамидасимон бетон блоклар қўйиб чиқилган.
Уларнинг ортида бостириб келаётган танклардан пана қилиш учун ҳандақлар қазилган. Ҳандақлар бўйлаб қурилган бир қанча бункерларни ҳам кўриш мумкин.
Ёғочлар уюмлари, экскаваторлар ва тахлаб қўйилган аждар тишлари бу ерда ишлар тасвирга олинган март ойида ҳам давом этганини кўрсатади.
Айрим ҳарбий экспертлар айтишича, булар шунчаки эҳтиёт шарт қўйилган мудофаалардир, Украинада катта ҳарбий денгиз флоти бўлмагани учун Россия бу ерда катта ҳужум бўлишини кутмайди.
Разведка таҳлилчиси Лайла Гест шундай дейди: "Бу истеҳкомлар Украинанинг қуруқлик қолиб, денгиздан қаттиқ ҳужум операцияси олдини олиш учун жойлаштирилган бўлиши мумкин".
Очиқ маълумотлар таҳлилчиси Брэди Африк ишларига асосланиб, қуйидаги харитадаги қора нуқталар кўрсатганидек, соҳил истеҳкомлари кўплаб хандақлар тармоғининг атиги бир қисми, холос.

BBC Verify ижтимоий медиадан олинган видеолар ёрдамида алоҳида хандақларни белгилаб, муҳим истеҳкомлар жойлашувини аниқлай олди.
Аниқ бир локация кашф қилинса, сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида бутунбошлик хандақлар тармоғини аниқлаш мумкин.
2. Токмак
Кичик Токмак шаҳри мамлакат жануби-шарқидаги муҳим йўналишда жойлашган бўлиб, бу ерда Украина кучлари Қримни Россия назоратидаги бошқа ҳудудлардан узиб қўйиши мумкин.
Шаҳарни ҳарбий қўрғонга айлантириш мақсадида Украина тинч аҳолиси кўчирилгани ҳақида хабарлар бор эди. Бу ер аскарларга таъминот ва чекиниш учун базага кириш имконини беради.

Юқоридаги сунъий йўлдош тасвирида Украина ҳужум қилиши мумкин бўлган Токмак шимолида икки қатор хандаклар тармоғи қазилгани кўрсатилган.
Бу хандақлар ортидаги шаҳар теварагида уч қатламли мудофаа бўлган яна бир қўрғон халқаси бор, бу сунъий йўлдош тасвирида аниқ кўринади.

Сунъий йўлдош тасвирининг юқори қисмида танкка қарши хандақни кўриш мумкин. Улар одатда камида 2,5 м чуқурликда қазилган бўлиб, чегарани кесиб ўтишга уринаётган ҳар қандай душман танкларини тўхтатиб қолиш учун мўлжалланган.
Хандақ ортида ҳам бир неча қатор аждар тишлари ва бошқа хандақлар тармоғи бор.

Аммо Украина кучлари янги тузоқларга ҳам дуч келиши мумкин.
Токмакнинг уч мудофаа чизиғи орасига миналар жойланган бўлиши мумкин, дейди Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ходими Марк Канчиан.
"Мина далалари ҳар қандай мудофаа учун стандарт қисмдир ва руслар уруш давомида улардан кенг фойдаланишган.
"Бу ерда улар кўпроқ ва яхшироқ яширинган бўлиб, Украинанинг қарши ҳужумларини секинлаштиради, артиллерия ва пиёдаларга зарба беришга имкон беради."
BBC Verify, шунингдек, Токмак яқинидаги яна учта шаҳар ҳам худди шундай мустаҳкамланганлигини аниқлади.
3. E105 автомагистрали
Токмак ғарбидаги E105 автомагистралнинг 35 км қисми бўйлаб танкка қарши зовур ва хандақлар линияси ўтган.

E105 автомагистрали стратегик аҳамиятга эга бўлиб, жанубдаги Россия назоратидаги Мелитополни шимолдаги Украина назоратидаги Харьков шаҳри билан боғлайди. Худди шу йўл бўйлаб Запорожье ҳам бор, у Украина қарши ҳужумининг нишонига айланиши мумкин.
E105 ни назорат қилувчи томон ўз қўшинларини ҳудуд бўйлаб осон ҳаракатлантира олади.
Агар Украина кучлари бу йўлдан фойдаланишга ҳаракат қилса, Россия ўз мудофаа истеҳкомлари ортидан туриб, катта эҳтимол билан уни бомбалайди. Россия позицияси, шунингдек, ўқ узилиши мумкин бўлган Т401 йўли яқинида жойлашган.
"Руслар Украинанинг янги қурилган зирҳли қисмларидан хавотирда. Агар бу қисмлар асосий магистралга етиб олса, улар жуда тез ҳаракат қилиши мумкин", дейди Канчиан.
"Россия мудофааси уларни йўллардан сиқиб чиқариб, уларнинг ҳаракатини секинлаштиришни кўзлаяпти."
4. Мариуполь шимоли, Ривнополь
Мариуполь порти шарқда Россия босиб олган ҳудудлар ва жанубда Қрим ўртасида стратегик позицияни эгаллайди. Бу шаҳар қамалда қолганида, украин мудофаачиларининг босқинчиларга қарши бир неча ой давомидаги матонати рамзига ҳам айланган.
Россия Украина бу шаҳарни қайтариб олишга уринишини кутяпти. BBC Verify шаҳар атрофидаги ҳудудни ўрганишга қарор қилди ва кўплаб доира шаклидаги хандақ линияларини топди.
Мариуполдан 55 км шимолда жойлашган кичик Ривнополь қишлоғи яқинидаги ҳар бир доира хандақнинг ўртасида артиллерияни ҳимоя қилиш ёки тўпларни мустаҳкам ўрнатиш учун тупроқ тепалиги бор.

Айни пайтда бу хандақлар аскарларга артиллерияни ҳар қандай йўналишда нишонга олишлари учун жойлаштириш ва ҳаракатлантиришни қулайлаштиради.
Бу шуни кўрсатадики, Россия тепалик ва дарёлар каби табиий ҳимояси бўлмаган очиқ майдонларни кенгроқ хандақ тармоғи билан ҳимоя қилишга тайёрланмоқда.
Аммо баъзи таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Украина қўшинлари сунъий йўлдошдан олинган шунга ўхшаш тасвирлар ва дронлардан фойдаланиб, бу мудофааларнинг кўпини аниқлаши ва четлаб ўтиш мумкин.
Sibylline Ltd стратегик консалтинг фирмаси вакили Александр Лорд шундай дейди: "Шунинг учун руслар, эҳтимол, Украина кучларини Россия артиллерияси нишонида бўлган ва қаттиқ миналанган маълум йўналишлар бўйлаб йўналтиришга ҳаракат қилади."
Сунъий йўлдош тасвирлари очиқ мудофаани кўрсатади, аммо буларнинг барчаси Россия режасининг бир қисми бўлиши ҳам мумкин.
Мақолани тайёрлашда Том Спенсер ҳам кўмаклашган.

ttps://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













