Украина уруши, Вагнер жангчиси: Путинга қарши қандай исён қилдик?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Анастасия Лотарева
- Role, Би-би-си Рус хизмати
Россия президенти Владимир Путинга қарши давлат тўнтаришига уринишда иштирок этган ёлланма жангчининг айтишича, у ва унинг шериклари нималар бўлаётганини билишмаган.
Атиги 24 соат ичида Вагнер гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин исён кўтариб, жанубдаги Ростов шаҳрига, сўнгра Москвага томон юриш қилди.
Вагнер жангчилари камдан-кам ҳолларда ОАВ билан гаплашади, лекин Би-би-си Рус хизмати исён марказида бўлган кичик қўмондон билан гаплашди.
Алоқадор мавзулар:
Глеб (исми ўзгартирилган) аввалроқ Украина шарқидаги Бахмут шаҳри учун урушда қатнашган. Исён бошланганда у ўз бўлинмаси билан Россия босиб олган Луганск вилоятидаги казармада эди.

Сурат манбаси, Getty Images
23 июнь куни эрта тонгда уларга Украинани тарк этаётган «Вагнер» жангчилари карвонига қўшилиш ҳақида буйруқ келди. Буйруқ Пригожин ва Вагнер қўмондонлик кенгаши буйруғини бажарган Вагнер қўмондони томонидан берилган. Глеб хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг исмини айтмади.
"Ҳамма жўнаши керак, - дейишди унга. - Биз саф тортиб, олдинга юрамиз."
Глебнинг айтишича, карвон қаерга кетаётганини ҳеч кимга айтишмаган, бироқ улар фронтдан узоқлашаётганини англаб, нима бўлаётганини тушунолмай ажабланган.
Унинг айтишича, «Вагнер» жангчилари Россия чегарасини кесиб ўтиб, Ростов вилоятига ўтганларида мутлақо қаршиликка учрамаган.
"Мен ҳеч қандай чегарачини кўрмадим, - деб эслайди у. - Лекин йўл полицияси учради.»

Сурат манбаси, Wagner handout
Telegram'да Вагнерга алоқадор каналлар кейинчалик Вагнер жангчилари етиб келганида Бугаевка назорат-ўтказиш пункти чегарачилари қуролларини ташлаганини даъво қилишди.
Ушбу каналлар воқеа жойидан олинган суратни эълон қилган, унда камуфляж кийимдаги 200 нафарча қуролсиз эркаклар тасвирланган.
Ростов-Донга яқинлашганда, жангчиларга шаҳардаги барча ҳуқуқ-тартибот идоралари биноларини ўраб олиш ва ҳарбий аэродромни эгаллаш буюрилган. Глеб бўлинмасига Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ҳудудий идораларини қўлга олиш буйруғи берилган.
Улар биноларга етиб борганларида, у қулфланган ва бўш эди. Улар бинони текшириш учун дрон ҳам учиришган.
Ниҳоят, ярим соатдан кейин эшик очилиб, икки киши чиқди.
"Улар: "Йигитлар, келинглар, келишайлик» дейишди, - дейди Глеб. - Мен уларга: "Қанақа келишув? Бу бизнинг шаҳримиз», дедим».
"Шундай қилиб, биз бир-биримизни ёлғиз қолдиришга келишиб олдик. Вақти-вақти билан улар чекиш учун ташқарига чиқишарди».
Ростов журналистлари шаҳар ва унинг атрофидаги кўплаб ҳукумат биноларида ҳам худди шундай ҳолат кузатилгани ҳақида хабар берган. Вагнер жангчилари аввал уларни дронлар билан айланиб текширади, сўнг уларни ўраб олади. Ҳеч ким ташқарига чиқарилмайди, лекин озиқ-овқат ташувчи курьерларга рухсат берилган.
Ҳеч қандай тушунтиришсиз
Бу вақтда Вагнер раҳбари Пригожин Россия армиясининг Жанубий ҳарбий округи штабида бўлиб, у ерда Россия Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-лейтенант Юнусбек Евкуров ва Бош штаб бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Владимир Алексеев билан учрашган.
Пригожин Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов ва мудофаа вазири Сергей Шойгуни топширишни талаб қилди.

Сурат манбаси, Wagner Handout
Пригожин ана шу учрашувда бўлган пайтда, Вагнер жангчиларининг яна бир карвони ҳаракатланарди.
Глеб карвонни Вагнер асосчиси, махсус кучлар собиқ зобити, омма олдида камдан-кам кўринадиган Дмитрий Уткин бошқаргани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Унинг айтишича, бу карвон Воронеж орқали катта йўл бўйлаб Москва томон кетаётган эди.
Хўш, Глеб режани билармиди - Пригожин нимани кўзлаган эди ёки нима қилмоқчи эди?
У қасам ичиб, нима бўлаётганини билмасдим, дейди. - Биз ҳам худди сиз каби Telegram'дан нималар бўлаётганини билиб олдик.
Кун давомида Ростовда содир бўлаётган воқеалар суратлари бутун дунёга тарқалди. Одамлар маҳаллий аҳоли ва ҳатто маҳаллий журналистлар ўз шаҳарларини эгаллаб турган одатда доим сукут сақлайдиган Вагнер жангчилари билан жилмайиб, суҳбатлашаётганини кўриб ҳайрон бўлишди.
"Булар собиқ маҳбуслар эди, - дейди Глеб, ўтган йили Вагнерга чақирилган маҳкумларни назарда тутиб. - Ҳеч ким уларга буни қилма демаган, ҳеч ким уларга қайғурмайди".
Украинадаги урушдан анча олдин гуруҳга ёлланган Глеб каби тажрибали жангчилар учун қоидалар анча аниқ.
Унинг Би-би-сига айтишича, баҳорда гуруҳ раҳбарияти уларга ОАВга гапирган ҳар қандай одам ўлдирилишини айтган. Бир неча собиқ Вагнер жангчилари бизга худди айни шу нарсани тасдиқлашди.
24 июнь куни кечқурун унинг бошлиқларидан бири Глеб билан боғланиб, ҳеч қандай изоҳ бермай, у ва унинг бўлинмаси Луганскдаги базага қайтиши кераклигини айтган.

Сурат манбаси, .
Казармага қайтиб, улар Telegram'даги янгиликларни кузатишди.
Улар Пригожинга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, кейин эса иш тўхтатилгани ва у Беларусга кўчиб ўтиши ҳақида хабардор бўлишди.
Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков «Вагнер» жангчилари исёнда қатнашган бўлса ҳам, "ҳарбий хизматлари" туфайли жиноий жавобгарликка тортилмаслигини айтгани ҳақида ўқишган.
Глеб ва унинг отряди учун уларнинг келажаги ҳозир ноаниқ. Уларга Луганскдаги казармаларида қолиб, кейинги кўрсатмаларни кутиш айтилган.
Унинг мезбонлари, Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар деб аталувчи Луганск Халқ Республикаси расмийлари бу гуруҳнинг келажак режалари, уларга нима бўлиши ҳақида кўпроқ билишни истайди.
Нега Вагнерни тарк этмаяпсиз, деган саволга Глеб оддийгина жавоб беради: "Шартномам ҳали тугамаган".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













