Янгиликлар: Қандай қилиб "Вагнер" бу қадар қудратли гуруҳга айланди? - Видео Video Rossiya Putin Dunyo Yangiliklar

Россиянинг Украинага босқинидан олдин Пригожин ўзининг "Вагнер" гуруҳига алоқаси борлигини рад этган, шундай деб ёзган журналистларни Лондон судига берган эди.
Сурия, Ливия, Марказий Африка республикаси ва бошқа давлатларда пул эвазига ёлланма жангчилик қилаётган "Вагнер" хусусий ҳарбий гуруҳи аъзоларига ва гуруҳ раҳбари, "Путиннинг ошпази" деб танилган Евгений Пригожинга энди нима бўлади, деган саволларни бермоқдалар журналистлар.
25, 26 июнь кунлари Пригожин Москва томон ўз ҳарбийларининг юриши ҳақида эълон қилди, бу ҳодисалар бутун дунёда диққат билан кузатилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сўнг Пригожин, "биз ҳокимиятни ағдармоқчи эмасдик, ўз норозилигимизни изҳор этмоқчи эдик", деб баёнот тарқатди.
Қандай қилиб махфий хусусий ҳарбий гуруҳ Путинга таҳдид соладиган даражадаги кучли ташкилотга айланди?
Алоқадор мавзулар:
Вагнер ташкил этилганидан 10 йил ўтиб, ижарага қурол олувчи кичик гуруҳдан дунёнинг камида тўрт мамлакатида фаол ёлланма жангчилар тармоғига айланди.
Бир вақтлардаги Россиянинг энг махфий ташкилотидан Украинадаги қудратли қуролли кучга айланди.
Шу даражада қудратлики, унинг раҳбари, бир вақтлар Путиннинг ошпази деб танилган Евгений Пригожин деган одам бугунга келиб ҳатто Путиннинг ўзи учун ҳам таҳдидга айланди.
Хўш, қандай қилиб "Вагнер" йиллар давомида бу қадар қудратли гуруҳга айланди?
Гуруҳ илк бор 2014 йил баҳорида Шарқий Украинада хусусий ҳарбий ширкатлар, кўнгиллилар бригадалари ва россияпараст бўлгинчилар сафида пайдо бўлган эди.
Ўшанда "Вагнер" гуруҳи аъзоларининг ёлланма жангарилар экани, улар Украинадаги энг шафқатсиз қуроллилар экани ошкор бўлган, бу ҳақда жаҳон оммавий ахборот воситаларида мақолалар, видеолар эълон қилинган эди.
Бироқ 2015 йили Суриядаги ўзини "Исломий Давлат" деб эълон қилган гуруҳга қарши ҳарбий амалиётларда "Вагнер"нинг номи машҳур бўлиб кетди.
Бу гуруҳ Башар Ассад режимининг энергетика иншоотларини қўриқлаш билан шуғулланди.
Бу нарса нафақат Башар Ассад режими ва Кремль учун, балки ёлланма жангчилар учун ҳам мўмай даромад келтирди.
"Вақт ўтган сайин улар шаффоф бўлмаган келишувлар асосида қўриқлаган жойларининг эгасига айландилар, қазиб олинган материалларнинг баъзан 25 фоизгача даромадини қўлга киритдилар, бу материаллар Суриядан олиб чиқиб кетилди", дейди АҚШдаги Янги Америка: Future Frontlines тадқиқот ташкилоти директори Кандас Рондо.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳам "Вагнер" гуруҳи ва ҳам Россия Суриядаги бу тажрибани ўта муваффақиятли деб топдилар ва ёлланма жангчилик фаолиятини дунёнинг бошқа жойларида ҳам синаб кўришга қарор қилдилар.
Сўнг Ливиядаги жангларда "Вагнер" гуруҳи жангарилари қатнашаётгани хабарлари тарқалди.
"Вагнер" гуруҳ фаолияти Африка мамлакатлари бўйлаб тарқалди.
Россиялик қуроллилар Судан, Мозамбик, Мадагаскар, Мали, Марказий Африка республикасида кўриндилар.
Энг даромадлиси Марказий Африка республикаси(МАР) бўлди.
Россиялик таниқли журналист Ўрхун Жамол ўзининг икки ҳамкасби билан 2018 йил МАРга боради ва у ерда "Вагнер" фаолияти ва олтин конлари ўртасидаги боғлиқликни ўрганишга қарор қилган эдилар.
Уч россиялик журналист 2018 йил 30 июлида отиб ўлдирилган.
Россиядаги мустақил нашрлар Ўрхун Жамол ва ҳамкасблари ўлимида "Вагнер" гуруҳи алоқадор, деган хабар тарқатганлар, бироқ гуруҳ фаолиятининг махфийлиги боис бу хабарни тасдиқлатиш имконсиз.
МАРдаги фаолияти эвазига "Вагнер" гуруҳи ихтиёрига Марказий Африка республикаси табиий бойликлари конлари бериб қўйилди.
Бу савдо эса "Вагнер" ва Россияга 2014 йилги Қрим аннексияси боис жорий этилган Ғарб санкцияларни четлаб ўтиш имконини берди.
"Марказий Африка республикасининг узоқ йиллик қаттиққўл президенти Туадера ўз режимини ҳимоя қилишда "Вагнер" гуруҳига қаттиқ таянди. Бу гуруҳ ёрдамида мамлакатнинг олтин конлари бор қимматли ҳудудларидан исломий исёнчи кучлар сиқиб чиқарилди", дейди Future Frontlines дан Рондо хоним.
Лекин орадан кўп вақт ўтмай яна Россия давлати "Вагнер" гуруҳини безовта қилди: Украинада иккинчи марта уруш бошланди ва гуруҳга эҳтиёж туғилди, деб ёзади Би-би-си мухбири Навал Магафий.
2022 йил баҳорида Телеграм каналларида "Вагнер" гуруҳининг Украина урушига одам ёллаётгани эълонлари тарқалди.
Сўнг Евгений Пригожин Россия қамоқхоналари бўйлаб маҳкумларни урушга ёллади, олти ойлик жанглардаги иштирокидан кейин тутқунларга озодлик ваъда қилинди.
Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган кўплаб россиялик ва бошқа мамлакатлар фуқаролари, хусусан, Ўзбекистон фуқаролари бўлган маҳкумлар ҳам "Вагнер" сафига қўшилдилар.
Энг қақшатқич жангларга "вагнер"чилар ташландилар.
"Вагнер" гуруҳи Украина шарқидаги Бахмут шаҳрини босиб олишда қаттиқ урушди.
Украина шарқидаги Донецк вилояти таркибида бўлган Бахмутни Россия қўшинлари 2022 йил августидан қўлга киритиш жанглар бошладилар.
Украина қуролли кучлари Бахмутга жуда кўп собиқ тутқунлар ташлангани, жанг майдонлари ҳалок бўлган Россия аскарлари жасадларига тўлиб кетганини хабар қилдилар.
Лекин шунча катта йўқотишларга қарамасдан, жанглар давом этди, Украина эса чекиниши осон бўлган Бахмут шаҳридан чиқмасликка қарор қилди, шу йўл билан Россия армиясининг силласини қуритишни мақсад қилди.
Ниҳоят, 2023 йил майида Пргиожин Бахмутни қўлга киритганлари ҳақида хабар қилди.
Бироқ кейинроқ "Вагнер" билан Россия Мудофаа вазирлиги ўртасида таранглик кучайди.
Пригожин Мудофаа вазирлигини ўзларига атайин қурол-яроғ бермаётганликда айблади.
"Украинада Пригожин ўз манфаатларини кўзлаяпти. Ва "Вагнер" гуруҳининг ҳарбий қарорлари, асосан, Пригожинга омма кўзи ўнгида ижобий таассурот уйғотиш мақсадида қабул қилинади", деди АҚШ Миллий Хавфсизлик кенгаши сўзчиси Жон Кирби.
Бахмут шаҳри Россия қўшинлари назоратига ўтганидан кейин Пригожин "Вагнер" гуруҳи жабҳа чизиғидан ортга тисарилишини хабар қилди.
2023 йил июнидан Украина қуролли кучлари ўзларининг контр ҳужумларини бошлагани хабарлари тарқалди.
Июннинг охирги кунларида эса Пригожин "Вагнер" гуруҳининг дала жамлоғига Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумлар қилгани, оқибатда ўзининг жангчилари ҳалок бўлганини даъво қилди, ҳарбийларга қарши исён кўтарди.
Россия Мудофаа вазирлигининг Ростов-Дон шаҳридаги Жанубий Округ биносини босиб олгани хабарлари тарқалди.
Лекин бу исён Беларус Президенти Александр Лукашенко иштирокида тўхтатилди, бу нарсани эса дунёда ва Россиянинг ўзида ҳам Президент Путин учун таҳқирлов, уни бўш раҳбар қилиб кўрсатган ҳодиса сифатида талқин этилди.
Лекин бу исён Россия қудратини кўрсатадиган ва дунё бўйлаб иттифоқчиларини дастаклайдиган "Вагнер" билан алоқани узишга етарли ҳодиса бўлдими ёки йўқ, аниқ эмас, дейди Би-би-си мухбири.
"Вагнер" жангарилари Беларусда бўлар эканлар, уларнинг Беларусдан Украина шимолига яна ҳужум бошламаслиги эҳтимолини ҳеч ким истисно этолмайди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
















