Пригожин ғалаёнини Ўзбекистон қандай кузатди? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC O'zbek
24 июнь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан телефон мулоқоти бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқатди.
"Президент суҳбатдошларини вазият тўғрисида хабардор қилди", — деган Дмитрий Песков.
Қозоғистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда, "Қасим-Жомарт Тоқаев, юз бераётган воқеалар — Россиянинг ички иши", деб қайд этгани хабар қилинди.
Алоқадор мавзулар:
"Президент Владимир Путин давлатимиз раҳбарига Россиядаги вазият тўғрисида маълумот берди. Икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди", дея хабар тарқатди Ўзбекистон президенти матубот хизмати.
Пригожин ғалаёни муносабати билан Қозоғистон Президенти Тоқаев мамлакат хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказган.
Бу мажлисда Қозоғистон бош вазири, бош прокурори, Миллий Хавфсизлик қўмитаси раиси, мудофаа, ички ва ташқи ишлар вазирларининг ҳисоботлари тингланган.
"Россияда юз берган ҳодисалар унинг ички иши эканига қарамасдан, дунёдаги энг узун чегарага эга дўст мамлакатдаги вазиятни қозоғистонликлар хавотир билан қабул қилдилар", деб хабар қилинди.

Сурат манбаси, .
Президент Тоқаев шу муносабат билан Қозоғистон ҳукуматининг ҳаракатлар оператив режасини маъқуллади.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги, Россия Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўрамади, деган хабарни тарқатди.
Ўзбекистонликлар Интернет ижтимоий тармоқларида Россиядаги вазиятни фаол кузатиб бордилар.
Би-би-си муштарийлари ҳам ўнлаб шарҳлар қолдирдилар.
Кўпчиликни Россиядаги вазият нотинчлашиб кетиши ҳавотирга солди.
"Оллоҳим тинчлик бўлсин. Мусофир жигарларим учун бу ишларга Ўзинг хайрли ечим бергин. Улар болам, чақам, оилам деб юришибди. Урушнинг оти ўчсин" деб ёзди Youtube фойдаланувчиси @saodatshoymardonova7118.
"Путин режими ОАВларни ва сўз эркинлигини йўқ қилгани учун режим етакчиларини алдаш осон. Шунинг учун ҳам режимнинг Пригожинга нисбатан заифлиги ҳам - ахборот етакчиларга бормаслигида. Худди Совет Империяси қулаётганида Чернобил ҳақида ахборотни Москвадагилар ғарб ОАВларидан олишганидек, чунки ўзларини хавфсизлик хизматларига биринчидан ишониш қийин, иккинчидан ёлғон учун яратилган механизм фавқулодда рост гапни гапиришни бошламайди", деб ёзди Iqtisodchi kundaligi блоги.
"Россияда бўлаётган воқеалар - давлатни қандай бошқармаслик кераклиги ҳақида қимматли қўлланма саҳифаларидир", деб ёзди блогер Muhrim.
"Сўз ва матбуот эркинлигининг бўғилиши, фикрлар хилма-хиллигига тоқатсизлик, сайловларнинг қимматбаҳо ва кулгили томошага айлантирилиши, чекланмаган ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиб қолиши, ҳокимиятлар бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриши принципларининг фалаж қилиниши - бари якунда мамлакатнинг шарманда ва пароканда бўлишига олиб борувчи омиллардир.
Хулоса қилиш керак.
Ва журъатли бўлиш керак. Чинакам эркинликка, ҳар қандай танқидга, ҳокимиятни бўлишга (аниқроғи, ҳар бир ҳокимият бўғинини ўзининг қонуний эгаларига тўлиқ ишониб топширишга), нақадар оғир бўлмасин - ёзилган қонунларга риоя этишга тоқатли бўлиш учун ҳам журъат керак.
Мамлакат эркин ва фаровон, озод ва обод бўлиши учун ҳам керак шу журъат, шу тоқат. Путин Россиясидек бўлмаслик керак. Қолган давлатлар шундай бўлмаслиги учун Путин қўлидан келган ҳаммасини қилди".
"Бу ўрнак авторитар, бир кишига боғланиб қолган тузумлар қай даражада заифлигини, элитада ҳеч ким бир-бирига ишонмаслигини, садоқат изҳор қилиб юрганлар осонлик билан бошқа томонга ўтиб кетишини, кенг омма эса мажбурдангина чидаб юришини яхши кўрсатиб берди", деб ёзди Телеграмдаги Асанов формати блоги.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
















