Янгиликлар: Пригожин Беларусда. Янги хавф пайдо бўлдими? Video Rossiya Putin Dunyo Yangiliklar

Евгений Пригожин

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "Вагнер" етакчиси ҳалича ўзининг кейинги режаларини очиқламаган...
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Жиддий қўрқувлар юзага чиқди. Янги тафсилотлар.

Сўйишга ташланган қуллардек ё Путин урушидаги ўзбек, қирғиз ва тожиклар:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Евгений Пригожин Беларусда

Қисқа исёнидан уч кун ўтиб, Пригожиннинг қаердалиги маълум бўлди.

"Вагнер" асосчиси ва етакчисининг ўз мамлакатида эканини президент Лукашенко тасдиқлади.

Пригожин Кремль талабини бажарди.

Шанба кунги исёни фонида Беларусь президенти воситачилигида эришилган битимнинг асосий шарти амалга ошди.

"Ҳа, ҳақиқатан ҳам у Беларусда", деб айтди Лукашенко кеча, 27 июнь куни. Бу ҳақда БЕЛТА хабар берди.

Хабарларга кўра, Евгений Пригожин тушган хусусий учоқ кеча, сешанба куни пойтахт Минскка келиб қўнган.

Аммо Беларусь раҳбари вагнерчилар учун қандайдир лагерлар қурилаётганига оид хабарларни рад этди.

"Биз ҳозир ҳеч қандай лагерлар барпо этмаяпмиз. Лекин исташса, жойлаштирамиз. Аммо улар ҳозирча Луганскдаги ўз лагерларида", - деб айтди Лукашенко.

Аммо, Беларусь президентининг қисман очиқлашича, уларга ташландиқ ҳарбий бўлинмалардан бирини таклиф қилишган.

"Ўша ерда чодирларини тикишлари мумкинлиги"ни айтишган.

"Нима иш билан шуғулланишлари борасида бир тўхтамга келгунларича, уларга қўлларидан келганча ёрдам бериш"ни ваъда қилишган.

Александр Лукашенко

Сурат манбаси, BELARUS PRESIDENCY HANDOUT

Сурат тагсўзи, Шанба куни исён фонида Беларусь президенти Путин ва Пригожин ўртасида воситачилик қилган

Кеча, сешанба куни Лукашенко Беларусь Мудофаа вазири билан учрашуви чоғида вагнерчилардан қўрқмасликка чақирган.

"Агар, қўмондонлари мамлакатга келишча, ўзларига кўмак беришлари"ни таъкидлаган.

"... Тажриба. Қулоқ солинг, улар олдинги сафда - ҳужумкор бўлинма. Бизга ҳозир нима муҳим экани ҳақида айтиб беришади. Қай бир қурол яхши экани, тактикалар, қуролланиш, қандай ҳужум қилиш, ҳимояланиш...Бу қимматли. Биз вагнерчилардан худди шу нарсаларни олишимиз керак", - деб айтган Беларусь раҳбари.

"Улардан қўрқишнинг ҳожати йўқ. Бизнинг қулоғимиз динг-ку", - дея қўшимча қилган у.

Кеча, сешанба куни "Вагнер" етакчисига қарши очилган жиноий иш ҳам бекор қилинган.

Унинг хусусий ҳарбий ширкати Украина урушида олд сафларда жанг қилиб келган.

Жиддий хавотирлар

НАТО Бош котиби

Сурат манбаси, .

Воқеаларнинг сўнгги ривожи аллақачон Беларусга қўшни ва яқин жойлашган НАТОга аъзо қатор давлатларнинг жиддий хавотир ва қўрқувларига сабаб бўлиб улгурган.

Польша, Латвия ва Литва огоҳлантириш билан чиқишган.

Ҳар уч давлат ҳам "Вагнер"нинг Беларусга келиши қўшни сифатида улар учун муаммолар туғдириши мумкинлигини айтишган.

Польша эса, бу ўзлари учун жуда ёмон ишора экани, бу масалани НАТО да кўтаришлари, бунга муносабат иттифоқ даражасида бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

НАТО Бош котиби эса, иттифоқ "Москва ёки Минск"дан келажак ҳар қандай таҳдиддан ўзини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини баён қилган.

Йенс Столтенбергнинг маълум қилишича, келаси ҳафта Литвада бўлиб ўтажак йиғинлари чоғида ўз ҳимояларини янада мустаҳкамлаш масаласида ҳам келишиб олишади.

"Биз Москва ва Минскка НАТО ҳар бир аъзоси ва ҳар бир қарич ерини ҳимоя қилажагини англатиб қўйдик", - деб айтган у.

Россия яқинда Беларусга ўзининг тактик ядровий қуролларини ҳам кўчирган.

Путин Россия ҳудудига таҳдид солинча, уларнинг ишга солинишини айтган.

Россия ва Беларусь раҳбариятининг маълум қилишича, исён уриниши ва пойтахт Москвага юришлари ортидан, истаган вагнерчиларга Беларусга ўтиш имконияти берилган.

Россия Мудофаа вазирлиги шартлари асосида ўз хизматини давом эттиришни истамаётган вагнерчиларнинг тақдирлари ҳақида эса, қарама-қарши хабарлар олинмоқда.

Путин душанба куни "исёнчи"ларнинг бемалол кетишлари мумкинлигини тасдиқлаган, аммо уларнинг Беларусда қандай мақомда бўлишларини очиқламаган.

Евгений Пригожин эса, ўзининг сўнгги аудиомурожаатида "Лукашенко ёрдам қўлини чўзиб, "Вагнер"нинг қонун доирасида ўз фаолиятини давом эттириши йўлларини топишни таклиф қилганлиги"ни айтган.

Аммо Украина разведкасига кўра, вагнерчиларнинг Беларусь ҳудудида экани нишоналари ҳалича кўзга ташланмайди.

Александр Лукашенко эса, кеча, сешанба куни Беларусь Қуролли кучлари шай аҳволга келтирилганини ҳам тан олган.

Украина уруши: Пригожин Россиянинг юзини очиб қўйдими?

Ростов Дон цирки биноси дарвозасига тиқилиб қолган танк

Сурат манбаси, EPA

"Вагнер" хусусий ҳарбий ширкати раҳбари Евгений Пригожиннинг қуролли исёни ва бунга нисбатан Россия раҳбариятининг кўрсатган реакцияси дунёда кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

Пригожин нималарнидир режалаштираётгани ҳақида АҚШ жосуслик хизматлари ҳали 21 июнь куни хабардор бўлганлари хабар қилинди.

Америкалик ҳарбийлар, бу қуролли бош кўтариш Россия армияси томонидан шафқатсиз бостирилади, деб кутишганини айтдилар.

Аммо Ростов-Дон шаҳридан бошлаб то пойтахт Москвага 330 километр масофа қолган жойгача борган вагнерчиларнинг колоннасини ҳеч ким тўхтатмади, оддий одамлар уларга қарсак чалиб турдилар, бирга сельфи суратга тушишди.

Полиция ҳам, армия ҳам "Вагнер" гуруҳи ҳарбий техникасини индамай ўтказиб юборди.

Пригожин исёнига гўёки Россия Мудофаа вазирлиги ўзларини ҳужумга тутгани, оқибатда вагнерчи жангчилар ҳалок бўлгани сабаб бўлди.

У "Адолат марши" уюштиришга, Москвага етиб боришга, Мудофаа вазири Шойгу ва армия Бош штаби бошлиғи Герасимовни жазолашга ваъда берди.

"Вагнер"чилар Россия армияси самолёт ва вертолётларини уриб туширганларини даъво қилдилар, камида 13 учувчи ҳалок бўлгани тахмин қилинди.

Бироқ ушбу даъволар исбот-далиллари кўрингани йўқ.

Пойтахт Москва ва атрофида аксилтеррор операцияси тартиби эълон қилинди.

24 июнь эрталаб Россия Президенти Путиннинг видео мурожаати эълон қилинди, у қуролли ғалаённи хоинлик, ватан ва халқ орқасига урилган пичоқ деб атади.

Пригожин ва қуролли ғалаёнда иштирок этганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Кечга бориб Россия раҳбарияти билан Пригожин ўртасида келишувга эришилди.

Кечқурун эса Пригожин ўз жангариларига дала жамлоқларига қайтишга буйруқ берганини эълон қилди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса журналистларга, Пригожинга қарши жиноят иши тўхтатилади, ўзи эса Беларусга кетади, деб хабар қилди.

Кўп мухбирлар ва таҳлилчилар савол бермоқдалар: Сен эрталаб бировни хоинликда айбласанг ва кечга бориб унинг гуноҳидан кечсанг, нима деган одам бўлдинг?

Россиядаги "Независимая газета" бош муҳаррири Константин Ремчуков, ушбу шароитда Путин кучсиз кўриниши ҳақида ёзди.

"Сиз эрталаб оммага баёнот бериб одамларни жиноятчилар деб эълон, кун охирида эса матбуот котибингизнинг сизга қаршилик билдириб, "йўқ, бу одамлар жиноят кодексини бузгани йўқ" деб эълон қилишига қўйиб беролмайсиз", деб ёзди Ремчуков.

Ижтимоий тармоқда Россиянинг собиқ иқтисодий тараққиёт вазири Андрей Нечаев ҳам шунга ўхшаш фикрларни ёзди:

"Қонуннинг ҳеч ҳам кучи қолмади. Сиёсий мақсадга мувофиқлик туфайли ҳатто ҳалокатли жиноятлар ҳам жазога тортилмайдиган бўлиб қолди", деб ёзди Нечаев.

Ҳатто Россия давлат телеканалларида ҳам Путин бўшлик қилгани ҳақидаги гапларнинг эфирга узатилишига изн берилди.

Би-би-си билан суҳбатда россиялик сиёсатшунос Екатерина Шульман, нормал давлат ва барқарор сиёсий режимда бундай нарсалар бўлмайди, деб айтди.

Шульман хоним айтишича, Россия учун 2022 йил 24 февралидан, Украинага бостириб кирганидан кейин янги замон бошланди, ана ўшандан бошлаб Россияда бундай ҳодисалар ҳатто ҳар ҳафтада содир бўлишига ҳайрон бўлмаслик керак.

"Аввал давлат сифатида барбод бўлган мамлакатлар деб аталарди, ҳозир бундай давлатчиликка мўрт давлат деб таъриф берилади", деди ҳозир Россиядан чиқиб кетган политолог Екатерина Шульман.

Яна бир сиёсатшунос Татьяна Становая фикрича, бу ҳодиса Россия ва Путиннинг имиджига кучли зарба бўлди.

"Мен бундан олдин эълон қилган мавқемда қоламан: Путин ва давлатга қудратли зарба урилди (ва бунинг таъсири режимда салмоқли сезилади). Лекин мен имидж масаласи Путин учун иккиламчи бўлиб келганига ҳам эътибор қаратмоқчиман. Агар оптика масаласини четга суриб қўйиб объектив қарайдиган бўлсак, Путин Вагнер ва Пригожин масаласини, бирини тарқатиб юбориш, иккинчисини бадарға қилиш билан ҳал этди. Агар Подмосковьеда жангларга қўйиб берилганида, аҳвол жуда ёмон бўлган бўларди", деди Становая хоним.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Пригожин ғалаёнини Президент Путин бошқарувидаги "реал ёриқлар" деб таърифлади.

Америкадаги ABC телеканалига гапирган жаноб Блинкен, ушбу ҳодиса Россиянинг Украина тажовузига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида гапириш учун эрта эканини айтди.

"Агар сиз буни 16 ой олдинги ҳодисаларга боғласангиз, ўшанда Путин Украинада Киев остонасида турар, шаҳарни кунлар ичида босиб оламан, мамлакатни харитадан ўчириб ташлайман, деб ўйлаётган эди. Бугун эса у Москвани, Россия пойтахтини ўзи барпо этган ёлланма жангчилардан мудофаа қилишга мажбур бўлмоқда", деди Америка давлат котиби.

Россия ҳарбий машинасида ёриқлар пайдо бўлди, деди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель.

"Сиёсий тизим ўзининг мўртлигини кўрсатди, ҳарбий қудратда ёриқ юз берди. Россиядек ядровий давлат мана шундай сиёсий беқарорлик босқичига қадам қўйиши мумкинлигини кўриш хавотирлидир. Путиннинг ўзи "Вагнер" кўринишида барпо этган монстр яратувчисининг ўзини тишлади", деди жаноб Боррель.

Айни шу вазиятда британиялик хавфсизлик бўйича эксперт Эдвард Лукас дунё "жуда хавфли ва олдиндан башорат қилиб бўлмас Россияга" тайёр туриши керак, деган огоҳлантириш билан чиқди.

"Биз Путиндан кейинги Россия ҳақида жуда кам ўйлаганмиз ва жуда кам тайёргарлик кўрганмиз", деди Европа сиёсати таҳлили марказидан Эдвард Лукас Би-би-сига берган интервьюсида.

"Россия Хитойнинг қучоғига тушади, деган савол бизни ташвишлантираяптими? Дезинтеграция рўй берадими? Кейинги раҳбар тўлақонли фашист бўладими? Бу бетартиблик, бошбошдоқлик даври узоқ давом этадими? Ўзларининг бирор мақсадига эришиш учун улар ядровий қуролдан восита сифатида фойдаланадиларми? Бу саволлар билан биз ҳозирнинг ўзида шуғулланишимиз керак. Лекин аксар Ғарб пойтахтларида бундай ишни кўраётганим йўқ", деди хавфсизлик бўйича эксперт.

"Эҳтимолки, ўн йилча, балки ундан ҳам кўп вақт бизнинг жуда хавфли ва олдиндан башорат қилиб бўлмас Россия билан иш кўришимизга тўғри келар. Ўшанда ҳозир Путин ҳокимият тепасида бўлганидаги юзаки аниқлик ҳам бўлмайди", деди Эдвард Лукас.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.