Украина армияси: Россия босқинчиликда қурувчиликка келган Ўзбекистон фуқароларини ёллаган -янгиликлар

Украина Қуролли кучлари хабар қилишича, Донецк вилоятининг қамал остидаги Хорливка (Горловка) шаҳрида жойлашган Россия қўшинлари орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги аниқланган.
Украина армиясига кўра, бу фуқаролар Мариуполга қурувчилик ишларида ишлаш учун келган бўлганлар.
Мавзуга алоқадор:
"Келганларида, уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва босқинчи қўшинлар жойлашган омборхонага кўнгиллилар сифатида сафарбар қилинганлар", дейилади армия тарқатган баёнотда.

Баёнотда Ўзбекистон фуқароларининг сони, шахси ва бугунги аҳволи ҳақида бошқа маълумот берилмаган.
Россия томонидан бу баёнотга ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирилгани йўқ.
Бу Украинага бостириб кирган Россия қўшинлари сафида ўзбекистонликлар ҳам борлиги ҳақидаги биринчи хабар эмас.
Ўтган йил октябрида россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Валентина Чупик Мариуполга тушиб қолган ўзбекистонликлар ҳақида Би-би-сига гапириб берганди.
"5 октябрда Мариуполга олиб кетилган мигрантлар қўнғироқ қилишди. Улар фақат саводсизлиги туфайли Мариупол Украина ҳудуди эканлигини билишмаган. Уларнинг ҳаммаси (мингдан ортиқ ишчилар бор) бир қурилиш майдонида ишлаган, ойлик берилмаган. Ишчиларга Москва мэриясига алоқадор деган киши томонидан яхши иш ва шароитлар, 100 минг рубл маош тўланиши ваъда қилинган. Шу тариқа мигрантлар Мариуполда мина тозалаш ишларига жалб этилган", - деб айтган юрист.

Сурат манбаси, Reuters
2022 йил мартида Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини Россия ҳарбий амалиётларида қатнашиш қонунга зид экани ҳақида огоҳлантирган.
Адлия вазирлиги ўз Телеграм каналида тарқатган баёнотида "Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатлар ҳарбий кучлари, хавфсизлик кучлари, полицияси, ҳарбий адлия ва бошқа шунга ўхшаган органларда хизмат қилиши беш йилгача қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин", дея огоҳлантирган.
Аммо, босқинчилик бошланганидан бери бот-бот чиққан хабарларда Россияга ишлаш учун борган ўзбекистонлик муҳожирлар ўз хоҳишига қарши урушга юборилаётгани айтилган.
"Патентни янгилаш ёки шунчаки мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш учун Сахаровдаги миграция марказига борганларга жуда катта ҳужжатлар тўпламига имзо чекишга берилади. Хужжатлар орасида ихтиёрий ҳарбий хизмат учун шартномаларни ҳам тиркаб қўйилган. Мигрантлар рус тилини билмагани ёки тепасида ходимларнинг «бўл, тез» каби босими остида ўқимай имзолаб қўйишганини айтишмоқда. Бу «Жилищник» коммунал хизматлар ташкилотида содир бўлмоқда", - деб айтган Чупик хоним.
"Тонг жаҳони" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раҳбари Валентина Чупик ва "Русь сидящая" гуруҳининг раҳбари Ольга Романова Россияда нафақат ишлаш учун келган, балки турмаларда жазо ўтаётган ўзбекистонликлар ҳам урушга ёлланаётгани борасида маълумотлар тўплаганлар.
Бошқа ҳолларда эса ўзбекистонлик мигрантларга босқинчилик амалиётларидаги иштироки учун ойлик тўловлари ва Россия фуқаролиги таклиф қилинган.
Россия Президенти Владимир Путин 2022 йил ноябрида Россия қуролли кучлари сафида хорижий давлатлар фуқаролари ҳам хизмат қилишига рухсат берувчи фармонга имзо чекди.
1999 йилда қабул қилинган қонунга ўзгартириш киритган бу фармон билан Россия армияси чет эл фуқаролари шартнома асосида хизмат қилишига йўл очилган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














