Украинадаги ўзбек аскар: Бу уруш ҳам, ғалаба ҳам ҳаммамизники - Россия, Украина, Ўзбекистон. Янгиликлар

Сурат манбаси, Taqdim
Ўзбекистонлик Жаҳонгир Бозорбоев Украина қуролли кучлари сафига қўшилди. Кўп йиллар Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган 40 ёшли эркак нима учун Украина томонида жангга киришга қарор қилди?
Алоқадор мавзулар:
- Диққат, Украина: Ўзбекистонликлар кимга ишонади ва Путинга қарши руслар қаерга қочмоқда? (видео)
- Янгиликлар. Россия: ҳукумат мигрантларнинг урушга юбориш тарафдорилигига “ишора” қилаяптими? Видео - Ўзбекистон
- Уруш ва мигрантлар. Бомбада ўлган ўзбекнинг отаси: Ўғлимнинг бир томони ўйилиб кетганди - видео
- Россия: Урушдан қочган ўзбекистонлик мигрант: "Менга йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилишди"
Би-би-си: Украина қуролли кучларига қандай қўшилдингиз, таклиф бўлдими ё тиббий соҳада ўқиганингиз учун ихтиёрий равишда ёрдам истагидами?
Жаҳонгир Бозорбоев: Мен ўтган йили уруш бошланганида Украина ҳимояси учун қуролли кучлар сафига қўшилмоқчи эдим. Аммо мени олишмади. Сабаби, 2021 йилгача Ўзбекистон фуқаролигидан кечгим йўқ эди. 2021 йилги сайловдан кейин Украина фуқаролигини олишга аҳд қилдим. Ҳужжатларни топширгандим, ҳали олишга улгурмасимдан уруш бошланиб кетди. Фуқаролигим йўқлиги учун мени урушга олишмади. Шундан кейин у ёққа югурдим, бу ёққа югурдим. Барибир, олишмади. Украинада бўлаётган воқеаларни кўриб, ҳеч бир ёрдам қила олмаётганим сабабли ўзимни ўзим эзиб юргандим. Кейин яқинда яна бир таваккал қилиб кўрайчи, деб вилоят ҳарбий комиссарлигига бордим. Кечки пайт қўнғироқ қиламиз, дейишди. Уйга келдим. Кечки пайт қўнғироқ бўлди, яна рад жавобини беришди. Кайфиятим тушиб ўтиргандим, бир танишим туман ҳарбий комиссарлигига боришимни маслаҳат берди. Эртаси куни бориб қарасам, бир танишим ўтирибди экан. Унга ялиниб-ёлвориб мени олишларига кўндирдим. Шартномага имзо чекдим, ҳозирда Украина қуролли кучлари сафидаман.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си: Ҳозир сизнинг мавқеингиз қанақа?
Жаҳонгир Бозорбоев: Ўзбекистонда ҳарбий ҳизматни ўтаган вақтимда пулемётчи эдим. Бу ерга пулемётчи бўлиб келдим. Аммо бизнинг батальонимизда пулемётчилар етарли экан. Шундан сўнг оддий аскар бўлдим. Яқинда тиббий ёрдамлар учун таклиф қилишди, мен рози бўлмадим. Чунки, ўқиганимга анча йиллар бўлган, кейинбу соҳада ишлаганим йўқ. Амалиёт бўлмаганидан кейин масъулиятини ҳис қилиб рози бўлмадим. Яқинда дронлар бўйича ишлашга таклиф қилишди. Мени бу соҳада бироз тажрибам бор. Ҳозир қисқа муддатли таътилга кетаяпман, таътилдан қайтгач, буни ҳал қиламан.
Би-би-си: Дронларни бошқарасиз, шундайми?
Жаҳонгир Бозорбоев: Ҳа, аввал маълум бир вақт ўрганишга юборишади. Мен дронларни бошқаришни биламан, ўрганганман, аммо барибир ўқув машғулотларидан ўтишим шарт. Бу ерда таркиб раҳбарияти жуда масъулиятли. Келган аскарларнинг ҳеч бири бир соҳани яхши ўрганмасдан қўйилмайди. Масалан, бу ерга келаётган грузияликларни олайлик. Улар аввал Абхазиядаги урушда қатнашган бўлса ҳам, кўнгилли бўлиб келиши билан урушга жўнатмайди. Улар ўқув машғулотларида қатнашадилар, кейингина жангга киришлари мумкин. Сен ҳарбий хизматда бўлгансан, отишни биласан, боравер, деган нарса йўқ бу ерда. Аввал яхши ўқитиб ўргатилади, сўнг синовлардан ўтказилиб, шундан кейин урушга жўнатадилар.
Би-би-си: Яна ўзбеклар борми? Жангда ва қурилиш ишларида, тинч аҳоли орасида?
Жаҳонгир Бозорбоев: Украина тарафида ўзбеклар деярли йўқ. Менинг батальонимда бир ўзбек бор, аммо Ўзбекистонда туғилган холос. Украиналик ўзбек.
Россия тарафида эса, мен ҳали ўзим учратганим йўқ. Айтишлари бўйича жудаям кўп экан. Батальонимизга жангдан келиб бироз дам олиб кетадиганлар билан гаплашдим, ўзбеклар бор, кўп, дейишаяпти. Фақатгина "Вагнер"да эмас, кўнгилли равишда қўшилган Марказий осиёликлар ҳам кўп экан.
Би-би-си: Сиз ҳали жангга кирмадингиз?
Жаҳонгир Бозорбоев: Биз тайёргарликда эдик. Бугун штабга бориб келдим, насиб қилса, ой охирида кираман.
Би-би-си: Уйдагиларингиз, онангиз ва яқинларингиз буни биладими?
Жаҳонгир Бозорбоев: Онам жуда ҳавотир олгандилар. Аввалига айтганим йўқ эди, кейин поғонама поғона тушунтириб бордим, охири рози қилдим. Ҳозир ҳам ҳар куни телефонда видеоқўнғироқ орқали гаплашиб турамиз. Шундай бўлса ҳам она, барибир хавотир олади. Урушда юрганлар ҳам менга ўхшаган одамлар. Уларнинг ҳам менинг онамга ўхшаган оналари бор, менинг болаларимга ўхшаган болалари бор. Ўзимга ўзим шундай саволни бераман: ўз ҳиссамни қўшмасам, ғалабадан кейин қандай қилиб ғалабани нишонлашим мумкин, дейман. Эркакман, ёшман, соғман, қўлимдан ҳамма нарса келади. Уйда яшириниб ўтириб, эртага ғалаба кунини қандай нишонлашим мумкин?! Шу гапларни онам, яқинларимга айтиб, рози қилиб келдим.

Би-би-си: Россиядаги ўзбекистонликларнинг катта қисми Россияни қўллаб қувватлашмоқда. Айниқса, кўплаб меҳнат муҳожирлари Россия тарафида. Сиз узоқ йиллар Россияда муҳожирликда бўлганлигингизни айтдингиз. Уларга айтмоқчи бўлган бирон гапингиз борми?
Жаҳонгир Бозорбоев: Улар кўпчилиги Россия бизни боқаяпти, дейдилар. Бу қулликка ўрганиб қолган одамлардек, деса ҳам бўлади. Уларга озгина ўқинглар, ўрганинглар, тушунинглар, дер эдим. Украиналик нацистлар русларни қийнаяпти, деган ташвиқот гапларга ишонаётганлар, нега ўзингиз кўрмай туриб биров айтган гапга ишонаяпсизлар? Украинага келолмасангиз, бу ерда бўлган ўзбеклардан украин халқи қанақа деб сўранглар. Мен 2017 йилдан буён шу ерда яшаяпман. Урушгача Германияга кетиб яшаб ишлаш ниятим бор эди. Аммо уруш бошланганидан кейин фикрим ўзгарди. Ўша пайтда бизга Европага визасиз кириш мумкин эди. Шу одамларга шу саволни бергим келади: агар украин халқи нацист- миллатчи бўлганида, мени ё рус халқини қийнаганида ёки руслар айтадигандек, "чурка" дея ёмон гаплар билан камситганида, уруш бошланганида оиламни олиб секингина Европага кетиб қолмасмидим?!
Украина ва унинг халқи яхши бўлгани учун, бу мамлакатда демократия бор бўлгани учун, коррупциясиз давлат бўлгани учун Украинани севиб, ўзимнинг иккинчи ватаним деб қабул қилдим. Ватандошларини ўз ватандошларим деб ҳис қилдим. Шу сабабли Украина озодлиги, фақат Украина эмас, собиқ иттифоқ давлатларининг озодлиги учун курашаяпман, оз бўлса-да ёрдамим тегаяпти.
Би-би-си: Умуман, Украинага қандай бориб қолган эдингиз?
Жаҳонгир Бозорбоев: Бу ерга ўзим келдим, оила сабаб. Турмуш ўртоғим украиналик, бир ўғлимиз бор. 2012 йилда танишганмиз. 2017 йилда турмуш қурдик. Ҳозир ўғлимиз 5 ёшда.
Би-би-си: Урушгача нима иш билан шуғуллангансиз?
Жаҳонгир Бозорбоев: Ҳаётимда шундай вазиятлар бўлдики, қаерда пул бўлса, ҳамма жойда ишладим десам ҳам бўлаверади. Уйларнинг таъмирини қилдим, такси ҳайдовчиси бўлиб ишладим. Ҳаётимда қийинчилик бўлгани учун нима иш бўлса, бажардим.
Би-би-си: Ҳозирда оилангиз Украинадами ёки бошқа, хавфсиз мамлакатларда?
Жаҳонгир Бозорбоев: Ўтган йили уруш бошланганида мен уларни Европага жўнатгандим. Кейин бир йил ўзим яшадим.
Би-би-си: Сиз ҳали Ўзбекистон фуқаросисиз. Ўзбекистон эса бошқа мамлакатлар ҳарбий ҳаракатларида қатнашганлар учун жиноий жавобгарликка тортилишни билдирган. Бу томонини ҳисобга олдингизми?
Жаҳонгир Бозорбоев:Ҳа, кўп ўйлаганман. Урушга қатнашмаган тақдиримда ҳам, Украина фуқаролигига хужжат топширмасдан олдин ҳам Ўзбекистонга бормасдим. Негаки, референдумгача нималар бўлди, сайловолди жараёнлар, яна бошланаяпти. Ўзбекистонда озгина ҳақиқатни гапирсангиз, ёки "йўқолиб" қоласиз, ёки қамаласиз. Ўзингиз қилмаган айбларни бўйнингизга қўйишлари ҳеч гапмас. Шунинг учун ўзи Ўзбекистонга қайтиш ниятим йўқ эди.
Би-би-си: Борасизми, ё умуман бормоқчи эмасмисиз?
Жаҳонгир Бозорбоев: Бораман, насиб қилади ҳали. Ғалабадан кейин бораман. Украинанинг ғалабаси собиқ иттифоқ давлатлари учун ҳам манфаатли. Негаки, Украина ғалабасидан кейин Россия тизими ўзгаради ва бизда ҳам ўзгариш бўлади. Бу уруш ҳам, ғалаба ҳам ҳаммамизники. Украина ғалабасидан кейин бутун дунёда ўзгариш бўлади. Бу кунларга, ғалабага оз қолди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















