Россиянинг Украинадаги ҳужуми режа бўйича кетаяптими?

Украина Харков вилоятига қўшимча куч ташлади

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Катерина Хинкулова ва Олеҳ Черниш
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

Россиянинг Украина шимоли-шарқига тўсатдан ҳужум бошлагани ва Киев яқинда янада кўпроқ ҳудудларини бой бериши мумкин деган башоратлардан бир неча ҳафта ўтиб жабҳа чизиғида кам ўзгариш кузатилди. Бироқ урушда аслида кимнинг қўли баланд келаяпти?

Май ўртасида Россия Украинага шимоли-шарқдан ҳужум қилди, Харков вилоятига тўсатдан ҳужум оқибатида тўлақонли босқиннинг бошида босиб олиниб сўнг Украина кучлари томонидан қайта қўлга киритилган ҳудудлар Россия яна назоратига ўтди. Айрим таҳлилчилар вазиятни "бутун дунё мудраб турган" вақтдаги ҳужум деб баҳоладилар.

Бунинг ортидан Россия-Украина чегарасидан 5 километр узоқликдаги Вовчанск шаҳри атрофида қақшатқич бўлди. Бундан кейин нималар юз бериши ҳақидаги башоратлар Украина учун тунд эди: Россия янада илгарилаши ва ҳатто Украинанинг 1,4 миллионлик иккинчи йирик шаҳри Харковни қўлга киритиши мумкинлиги айтилди.

Алоқадор мавзулар:

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Бу пайтда Украина қурол-яроғ "очлигига дуч келган", Ғарб ҳарбий кўмакларининг етиб келиши кўпроқ вақтга чўзилган, қарор қабул қилиш жараёни эса ойларга узайган эди.

Россия ўзининг ўтмишдаги хатоларидан сабоқ чиқарганга ўхшар, урушнинг кейинги босқичи Россиянинг ёзги муваффақиятли ҳужумга ўтиши бўлиб кўринар эди. Буюк Британиядаги Қироллик Бирлашган хизматлари институти ҳарбий таҳлилчиси Жек Вотлинг айтишича, Россиянинг ушбу ҳужумидан кўзлаган мақсади фақат Украина шимоли-шарқини эмас, балки бутун Донбасс бўйлаб кенгайишга эришиш бўлган. Донбасснинг айрим ҳудудлари 2014 йилдан буён Россия ҳарбий назорати остида қолмоқда.

Россиянинг сўнгги ҳарбий амалиёти муваффақиятга эришдими?

Қақшатқич жанглар бораётган Украина ҳудуди

Сурат манбаси, Getty Images

Мана қарийб икки ойдирки, Россия қўшинлари уруш жабҳасининг айрим чизиқларида тўхтовсиз ҳужумга ўтишаяпти, бироқ стратегик муҳим саналган Вовчанск ва Часив Яр шаҳарчаларини тўла босиб олишнинг уддасидан чиқолганлари йўқ. Охирги бир ярим ой ичида икки шаҳарда ҳам қақшатқич жанглар кузатилди. Вовчанск ва Часив Ярнинг қўлга киритилиши Россияга катта устунлик бериши ва Украинанинг ҳарбий таъминот йўлларини кесиб қўйиши ҳамда янада кенгроқ территорияни босиб олишга йўл очиши мумкин.

Россия бу ҳужумларда илгари силжишга эришмагани сабабларидан бири, афтидан, етарли заҳира тўплашнинг уддасидан чиқолмагани, ҳужум учун тўғри вақтда тўғри жойга кучларини жамлолмаганликдадир. Бошқа бир сабаби эса Ғарбнинг янги ҳарбий кўмаклари Украинага етиб келгани ва мудофаага асқотганидадир.

Украина Стратегик тадқиқотлар Миллий Институти тадқиқотчиси Микола Биелесков айтишича, АҚШ Конгресси апрель ойида Украинага 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини қўллаб-қувватлаганидан кейин Россия ҳужумни тезлаштиришга қарор қилган.

"Имконият деразалари ёпила бошлади. Янги кўмак пакети Россиянинг қуруқликдаги устунлигини камайтирди. Шунинг учун ҳам Украина қурол-яроғ тақчиллигига дуч келиб қолган бўлса ҳам фарқ камайди", дейди Микола Биелесков.

Май ойи охирида Харков вилоятидаги Россия ҳужуми секинлашди. Россиялик ҳарбий блогер Александр Коц, Украина Вовчанск томонга ўзининг катта резервини сафарбар этди ва "биз(Россия қўшинлари) яқин орада кенг миқёсда олдинга силжий олмаймиз. Биз ўз мавқеъларимизни мустаҳкамлашимиз ва қарши ҳужумга тайёргарлик кўришимиз лозим", деб ёзди.

Аммо Россия ҳужуми сустлашган ва қайта гуруҳланган Украина кучлари ўз мавқеъларини ушлаб туришнинг уддасидан чиққан бўлсалар ҳам бу Россия мағлубиятга учраётганини англатмайди. Воқеаларнинг ривожига урушдаги икки омил таъсир кўрсатди.

1-омил: Режалайдиган ёки бошқариладиган бомбалар

Вовчанск

Бошқариладиган бомбалар Россиянинг Украина урушидаги энг самарали қуроли. Украина расмийларига кўра, охирги ҳафталарда Россия авиацияси бундай бомбаларнинг 100 тасини бир кунда ташлайдиган бўлди.

ФАБ деб номланадиган бомбаларнинг кўпчилиги Совет замонида ишлаб чиқарилган. Ҳозир Россия бу бомбаларга қанот ва GPS навигациялари ўрнатаётганини хабар қилмоқда. Россия самолётлари бу бомбаларни Россия ҳаво ҳудудида парвоз қилиб турган вақти улоқтирадилар.

Ракетага солиштирганда кичик ва ўзидан кам иссиқлик чиқарадиган бу бомбаларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан уриб тушириб бўлмайди. Яқинда Украина Президенти Володимир Зеленский АҚШ газетасига интервьюси пайти ушбу муаммони кўтарди.

Украина уруши харитаси

Сурат манбаси, .

Россия авиациясининг бошқариладиган бомба ташлаши олдини олиш учун уни Россия ҳаво ҳудудида нишонга олиб уриш керак, Украина Ғарбдан "бизга берган қуролларингиз билан Россия ҳудудидаги ҳарбий самолётларни нишонга олишга рухсат беринг" деб сўраб келади. Таҳлилчи Микола Биелесков фикрича, "бошқариладиган бомбаларни олдиндин яроқсизга айлантиришнинг ягона йўли" Россия ҳарбий аэродромларига ҳужум қилишдир.

2-омил: Россияга қарши ҳужумлар

Уруш жабҳасида Украина муваффақиятсизлиги ҳамда Россиянинг Украина энергетика инфраструктураларига давом этаётган ҳужумлари АҚШнинг Украинага берилган қуролларни Россия ҳудудига қарши қўлланилишига қаршилиги борасидаги фикрини ўзгартиришга мажбур қилди.

Бошида Киев АҚШ қуролларини Харков вилоятига яқин Россия ҳудудига қарши қўллашига рухсат олди. Июнь ойида эса АҚШ Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жейк Салливан айтдики, Украина билан Америка қуролларини "қўшимча Украина территорияларини босиб олишга ҳаракат қиладиган Украина чегарасига яқин ҳар қаердаги Россия қўшинларига қўллаш" борасида келишувга эришилди.

Украина Харков вилоятига қўшимча куч ташлади

Сурат манбаси, ROMAN PILIPEY/AFP

Ушбу рухсатни бериш осони бўлгани йўқ, чунки ҳам АҚШ ва ҳам Ғарб Москва билан тўғридан-тўғри кескинликка бориш олдини олишга интилмоқда. Кремлга кўра, АҚШ таъминлаган қуролларни Россиядаги нишонларга қарши қўллашга Украинага рухсат бериш Вашингтоннинг "можарога чуқур аралашганини" намойиш этади.

Уруш қанча давом этиши мумкин?

Россиянинг ҳужуми ҳозирча салмоқли ҳудудни қўлга киритиш имкониятини бермаган бўлса-да, вазият ҳамон мувозанатда "осилиб турипти".

Россия қўшинлари сони Украина армиясиникидан анча кўп. Бир Украина генерали айтишича, Россия қўшинлари илгарилаган жойларда бир Украина аскарига 10 Россия аскари тўғри келган. Айни пайтда Россия катта талофат беришда давом этмоқда. Би-би-си Рус хизмати олиб бораётган тадқиқотлар охирги ҳафталардаги ҳарбий йўқотишларни тасдиқлади, бу нарса Россиянинг сўнгги ҳужумидаги талофатларни ўзида акс эттириши мумкин.

Кўп нарсалар 2022 йилдаги февралдаги тўлақонли босқин бошланганидаги режалар бўйича юз бермади. Бироқ Москванинг Ғарбнинг Украинага қўллаб-қувватловини енгиб ўтиш қатъияти ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ кўринади.

Нишонга олаётган Украина ҳарбийлари

Сурат манбаси, Getty Images

Россиянинг собиқ президенти ва собиқ бош вазири Дмитрий Медведев АҚШ Конгресси Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллаганидан кейин шундай деб ёзди: "61 миллиардлик қонли долларларга қарамасдан биз албатта ғалаба қиламиз. Куч ва ҳақиқат биз тарафда".

Украина уруши яна қанча давом этиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Британиядаги етакчи газета Телеграф муҳаррири ва "Украина: Сўнгги янгиликлар" подкасти бошловчиси Францис Дирнлей шундай деди: "Ғарб фаол эмас, суст бўлди ва Вашингтон - Зеленскийнинг энг ҳаётий иттифоқчиси - томчилаб берган қуролларини Киев тирик қолишига етадиган қилиб берди, мутлақ ғалаба қилишига етадиган қилиб эмас. Европанинг Иккинчи Жаҳон Урушидан кейинги энг қонли уруши талвасаси зарур бўлганича ёки башорат қилинганича эмас, ундан-да янада узоқроққа чўзиладиган бўлди".

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002