Россия иқтисоди ўсмоқда, аммо қачонгача?

Путин

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Стив Розенберг
    • Role, Би-би-сининг Россия муҳаррири

Россиянинг 2022 йил февралида Украинага бостириб кириши нафақат халқаро норозиликни келтириб чиқарди, балки Кремлнинг уруш олиб бориш қобилиятини заифлаштириш учун санкциялар тўлқинини келтириб чиқарди.

Россиянинг хориждаги активлари музлатиб қўйилди, иқтисодиёти жаҳон молия тизимидан узилди, энергия экспорти зарбага учради.

Ғарб расмийлари ва шарҳловчилари санкцияларни «жароҳатловчи», «заифлаштирувчи» ва "мисли кўрилмаган" деб таърифлаганини эслайман. Албатта, Россия иқтисодиёти бундай босимга дош бера оладигандек эмасди.

Алоқадор мавзулар:

Иқтисодий таназзулга юз тутган Кремль чекинишга ва қўшинларини олиб чиқишга мажбур бўлади. Шундай эмасми?

Йигирма етти ой ўтди, аммо уруш давом этмоқда. Россия иқтисодиёти мажруҳ бўлиш у ён турсин, балки ўсиб бормоқда. Халқаро Валюта Жамғармаси прогнозларига кўра, жорий йилда Россия иқтисоди 3,2 фоизга ўсади. Бу ҳали ҳам дунёдаги ҳар қандай ривожланган иқтисодиётдан кўпроқ.

«Заифлаштирувчи» санкциялар дўконларда товарлар танқислигига олиб келмади. Россия супермаркетларининг пештахталари тўлиб турибди. Тўғри, нархлар ошиши муаммо. Илгари сотилган ҳамма нарсани ҳам ҳозир топиб бўлавермайди - бир қатор Ғарб компаниялари Украина босқинига қарши норозилик сифатида Россия бозорини тарк этди.

Аммо уларнинг кўп маҳсулотлари ҳали ҳам Россияга турли йўллар орқали етиб боради. Астойдил қидирсангиз, Россия дўконларида Америка коласини топишингиз мумкин.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Европа ва Америкадан бош директорлар энди Россиянинг йиллик иқтисодий кўргазмасига келмаслиги мумкин, аммо бу йилги Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ташкилотчиларига кўра, 130 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудлардан делегатлар қатнашди.

Россия иқтисодиёти Ғарб санкциялари остида қулаш ўрнига, Шарқ ва Глобал Жанубда янги бозорларни ўрганмоқда.

Буларнинг барчаси Россия расмийларига Россияни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан яккалаб қўйишга уринишлар муваффақиятсизликка учрагани билан мақтанишига имкон беради.

"Афтидан, Россия иқтисодиёти жуда ноқулай ташқи шароитларга мослаша олди", дейди PF Capital катта иқтисодчиси Евгений Надоршин. "Шубҳасиз, санкциялар иқтисодиётдаги механизмларга зарар берди. Аммо кўп нарса тикланди. Мослашув кузатиляпти."

Бир амаллаш

Россияда

Сурат манбаси, Getty Images

Бу санкциялар иш бермаганини англатадими?

Петерсон Халқаро Иқтисодиёт Институти катта илмий ходими Элина Рибакова: "Катта муаммо санкциялар қандай наф беришини тушуниш эди", дейди Элина Рибакова.

"Тугмани боссангиз, Россия йўқ бўлиб кетади дегани эмас. Санкциялар мамлакатни янги йўл топмагунча, етказиб бериш ёки нефт сотишнинг муқобил йўлларини топгунча вақтинча мувозанатдан чиқаришдир. Россия вақтинча бўлса ҳам бир амаллаяпти".

Москва нефть экспортини Европадан Хитой ва Ҳиндистонга йўналтирди. 2022 йил декабрь ойида G7 ва ЕИ етакчилари Россиянинг нефть экспортидан оладиган даромадларини чеклаш ва нефт нархини баррелига 60 доллардан паст ушлаб туришга қаратилган режани эълон қилди. Аммо Ғарб экспертлари Россия бу муаммодан жуда осон ўтиб кетганини тан олишади.

Россия жаҳон энергетика бозоридаги энг йирик ўйинчилардан бири эканини тан олган ҳолда, энергия нархи кўтарилишига йўл қўймаслик учун Россия нефти оқимини тўсишга ҳаракат қилдилар. Аммо Москва ҳали ҳам пул ишламоқда.

"Биз қайсидир маънода Россия нефтига қарши санкцияларни тўғри жорий эта олмадик", дея хулоса қилади Элина Рибакова. "Ушбу нарх чегараси бизнинг ширин кулчамизни олиб, уни ейишга уриниш бўлди. Мақсад Россия нефтининг бозорга киришига имкон бериш ва Россия даромадларини камайтиришдир. Бу икки мақсад зиддиятли бўлса, афсуски, биринчиси амалга ошади. Бу Россияга катта фойда олиш ва урушни давом эттириш имконини беради".

Россия Хитойга энг йирик нефть етказиб берувчига айланди. Бироқ Пекиннинг Москва учун аҳамияти энергия экспортидан анча юқори. Хитой Россия иқтисодиёти учун ҳаёт йўли бўлди. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми рекорд даражадаги 240 миллиард долларга етди.

Санкт-Петербург ёки Москва бўйлаб сайр қилинг, Хитой санкция остидаги Россия учун қанчалик муҳим бўлиб қолганини тушуниш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас. Бу ердаги электроника дўконлари Хитой планшетлари, гаджетлари ва мобил телефонлари билан тўла. Хитой автомобиль дилерлари ҳозир маҳаллий автомобиль бозорида ҳукмрон.

Бу Россия автомобилсозлик саноати ишсиз ўтирибди дегани эмас. Яқинда Нижний Новгороддаги бизнес кўргазмасида Россия Бош вазири Михаил Мишустин классик рус Волга брендининг мутлақо янги версиясини намойиш этди. Фақат битта нарса бор эди - янги Волга Хитойнинг Changan автомобили асосида яратилган.

"Бу руль қаерда ясалган? Хитойдами?», деб сўрайди Бош вазир, афтидан, машинада рус қисмлари йўқлигидан ғазабланиб.

"Биз [рул] россияники бўлишини истаймиз", деди у.

Россияда

Сурат манбаси, Getty Images

Бироқ, Россиянинг иқтисодий ўсиши автомобиль саноатига боғлиқ эмас.

Ҳарбий харажатлар бунда роль ўйнайди.

Россия Кремль ҳанузгача Украинада уруш бошлаганидан бери қурол заводлари кечаю-кундуз ишламоқда, мудофаа сектори ҳам кенгайган.

Бу ҳарбий-саноат комплексида иш ҳақи ошишига олиб келди.

Аммо агар армияга кўп пул сарфласангиз, қолган ҳамма нарсага камроқ сарфлашингиз керак бўлади.

"Узоқ муддатда иқтисодни вайрон қиласиз, - дейди Крис Уифер, Евроосиё консалтинг фирмаси Macro-Advisory асосчиси. - Пул келажакдаги ривожланишга йўналтирилмайди."

Унинг айтишича, 2020 йилда Миллий лойиҳа дастури ҳақида кўп муҳокамалар бўлган эди. Шу дастур асосида Россия инфратузилмаси, транспорт ва коммуникацияларни яхшилашга 400 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган эди. Бунинг ўрнига, "бу пулларнинг деярли барчаси ҳарбий-саноат комплексини молиялаштириш ва иқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлашга кетди".

Икки йилдан ортиқ давом этган жанглардан сўнг Россия иқтисодиёти уруш ва санкциялар босимига мослашди. Аммо АҚШ Москвага ёрдам берадиган хорижий банкларга қарши иккиламчи санкцияларни жорий этди, бу билан Россия учун бутунлай янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

"Россияга маҳсулотлар оқими секинлашди, - дейди Крис Уифер. - Эҳтиёт қисмларни топиш қийинроқ. Ҳар куни Хитой, Туркия ва Амирликларда банкларнинг Россия транзакцияларини амалга оширишдан бош тортиши ҳақида хабарлар бор, хоҳ Россиядан товарлар сотиб олиш учун пул бўлсин, хоҳ нефть ёки бошқа импорт учун тўлов сифатида Россияга қайтиб келадиган пул бўлсин. Агар бу муаммо ҳал этилмаса, Россия кузгача молиявий инқирозга юз тутади".

Шунинг учун Россия санкцияларни четлаб ўтди, деган хулосага келиш нотўғри. Уларга қарши курашиш, уларни четлаб ўтиш ва таҳдидни камайтириш йўллари ҳозирча топилган.

Аммо Россия иқтисодиётига санкциялар босими ҳали ҳам йўқолмаган.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002