Путин Украина урушига тўлиқ дастак олди, босқин Россия ва Шимолий Кореяни қанчалик яқинлаштирди?

Сурат манбаси, Reuters
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Россиянинг Украинадаги "махсус амалиёти"ни қўллаб-қуввватлашини айтди. Украина уруши икки давлатни қанчалик яқинлаштирди?
Владимир Путин 24 йил деганда илк бор 2 кунлик расмий ташриф билан Шимолий Кореяда бўлиб турибди.
Шимолий Корея раҳбари икки давлат ҳамкорлиги янги равнақ даврига кираётганини айтган. У Шимолий Корея "Россиянинг Украинадаги махсус амалиётини тўлиқ қўллаб-қувватлашини" таъкидлаган. Ким, шунингдек, мамлакати "Россия билан стратегик ҳамкорликни кучайтириши"ни билдирган.
Ким ва Путин ҳамкорлик бўйича янги битим имзолади
Россиянинг РИА агентлигининг хабар беришича, икки давлат раҳбарлари "Кенг қамровли стратегик шериклик" тўғрисида битим имзолади.
Битим ҳақида бир кун олдин Путиннинг давлат маслаҳатчиси Юрий Ушаков ҳам учини чиқарган ва ОАВ хавфсизлик масалаларини ўз ичига олувчи келишув имзоланиши мумкинлигини айтганди.

Украина уруши Путиннинг Шимолий Кореяга муносабатини ўзгартирди
Шимолий Корея дунёдан ихоталанган, яккалиб қўйилган давлат сифатида кўрилади. Аммо ўнлаб йиллар давомида унинг Росия ва Хитой билан осуда бўлмасада, чуқур алоқалари бўлди.
Шимолий корея бўйича таҳлилчи Жин Лининг Би-би-сига айтишича, Шимолий Кореянинг Россия билан муносабатлари Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан сўнг йиллар давомида ёмонлашди.
Унга кўра, сўнгги ўн йилларда Пхенян савдо борасида 90 фоиз "тўлиқ Хитойга қарам бўлиб қолди".
Аммо Россиянинг Украинага босқини Путиннинг Шимолий Кореяга нисбатан муносабатини ўзгартирди.
Financial Times нашрининг Сеулдаги мухбири Кристиан Дэвиснинг айтишича, "Шимолий Корея кўп ишларни яхши эплолмаяпти. Лекин улар қурол-яроқ ясай олишади. Улар уни катта миқёсда ишлаб чиқиши мумкин ва урушга жуда жиддий ёндашади".
Лининг айтишича, Хитой Ким ва Путин ўртасидаги воқеалар ривожини диққат билан кузатади.
"Шимолий Корея бир қўшнисини бошқасига қарши гиж-гижламоқчи. Улар иккинчисининг ғашини келтириб, бошқа бир раҳбарга ёқишга ҳаракат қилишади".
Россия шу вақтгача Шимолий Корея учун устувор бўлмаган
Лаура Бикер
Би-би-си
Ким Чен Ин 2019 йили бир қатор дипломатик учрашувлар ўтказиш учун Шимолий Кореяни тарк қилишга қарор қилганда, Владимир Путин билан атига бир марта учрашди.
Ўшанда унинг кенг табассумлари, қучоқлашлари ва қўл сиқишлари Жанубий Корея президенти Мун Чэе Инга аталганди. Улар уч марта учрашишди. У АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Доналд Трамп билан уч марта учрашишдан олдин "севги мактублари" ёзишганди. Хуллас, бир вақтлар у "аҳмоқ" деб атаган шахс "муҳим" одамга айланганди. У, шунингдек, Хитой президенти Си Жинпин билан ҳам 3 марта кўришганди.
Афтидан Россия Пекинни соясида қолдириб, юлдузли онларини бошдан кечирмоқда.
Москва ва Пхенян янги мудофаа битимини имзолаши мумкин. Аммо кучли санкциялар остида Пхенян қурол-яроқларни қанчалик тез ва узоқ муддат етказиб бериши мумкин?
Шунингдек, таҳлилчиларга кўра, Россия ва Шимолий Корея турли операцион тизимлардан фойдаланади. Пхенянинг қурол тизими сифатсиз ва эскирган. Ким Чен Ин эса ўзига қанчадир захира қолдириши керак бўлади, чунки унинг таъминлаши керак бўладиган ўз фронти бор. Шунинг учун "қалин дўстлик" ҳақидаги гапларга ҳали эрта.
МРБ собиқ таҳлилчиси: Учрашув "дунёнинг қолган қисми учун ёмон янгилик"
АҚШ Россияни Украина урушида Шимолий Кореяга ҳарбий техника учун мурожаат қилишда айблади.
Марказий разведка бошқармасининг собиқ таҳлилчисига кўра, Путиннинг Пхенянга ташрифи "яккаланиб қўйилган" икки давлат, халқаро ҳамжамият томонидан изоляция қилинганига қарамай, қандай қилиб муносабатларини мустаҳкамлаётганини кўрсатади.
"Путиннинг иқтисоди дунёда 198 ўринда турган давлатга урушда ёрдам сўраб боришини ачинарли деб биламан. Бу қолган дунё учун ёмон хабар", дейди Сю Ми Терри Би-би-сига.
У ушбу ҳамкорлик Шимолий Корея ўз қуролларини синовдан ўтказиб олишга имкон беришидан хавотир билдирди.
Бироқ ҳозир Вилсон маркази таҳлилчиси Террининг айтишича, ҳамкорлик Россиянинг қўшнисига босқини тугагунча давом этиши мумккин. Унга кўра, ҳозирча бу "келишилган никоҳ"дан ортиғи эмас.
18 июн: Хитой Путин ва Россия сабаб ҳали жавоб берадими, Россия президенти Ўзбекистондан кейин Шимолий Кореяга боряпти ва Кремль АҚШни қўрқитдими?

Сурат манбаси, Reuters
Янгиликлар дунёнинг эътиборига тушди...
Алоқадор мавзулар:
- Россия энди тўғридан-тўғри пўписа қилдими ёки Ўзбекистон, Марказий Осиё лидерлари нимани билишади?
- Янгиликлар: Ўзбекистон ва Марказий Осиё бугун Россия таҳдиди қаршисида нима қила олади?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун "ўлишга тайёр" эканини ҳам айтди
Путин яна диққат-эътиборда

Сурат манбаси, Getty Images
Россия президенти 24 йил деганда яна Шимолий Кореяга сафар қилмоқда.
Бу Путиннинг бешинчи бор президентлик ваколати ижросига киришиши ортидан амалга ошираётган тўртинчи хорижий сафари бўлади.
Россия президентининг инаугурацияси шу йилнинг 7 май куни бўлиб ўтган.
Орада кечган бир ойдан ошиқроқ вақт ичида Путин Хитой, Беларусь ва Ўзбекистонда бўлиб қайтган.
Унинг устма-уст хорижий сафарлари Россия Украинага очган уруш манзарасида амалга ошаётгани билан ҳам хос аҳамият касб этган.
Путин ҳам Шимолий Кореяга ташрифи олдидан Москванинг Украинадаги урушини "қатъий қўллаб-қувватлагани учун" Пхеньянни олқишлаган.
Россия президентининг бугун, сешанба куни Шимолий Кореяга етиб бориши кутилаётир.
Кремль буни "дўстона давлат ташрифи", деб атамоқда.
Россия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, томонлар ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолашади, у хавфсизлик соҳасини ҳам ўз ичига олади.
Бундан ташқари, президентлар матбуот учун қўшма баёнот ҳам беришади.
Сиёсатшунос ва Путин иттифоқчиси Сергей Марковнинг айтишича, Россия Шимолий Кореядан қурол-яроғ, қурувчилар ва ҳатто Украинада урушиш учун кўнгиллилар илинжида бўлиши мумкин.
Унга кўра, бунинг эвазига, Пхеньян Россия маҳсулотлари, шунингдек, АҚШни ура олиши мумкин бўлган олис масофага мўлжалланган ракеталар дастури илова ўзининг ҳарбий мақсадлари учун технологик кўмакка кўз тикаётган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.
Икки давлат раҳбарлари сўнгги бор ўтган йили Россиянинг Узоқ Шарқидаги "Восточний" космодрoмида учрашишган.
Украина уруши билан кечаётган сўнгги икки йилдан ортиқроқ вақт ичида анъанавий иттифоқчиси бўлган Шимолий Корея Россияни қуроллантиришда ҳам айбланган, аммо расмий Пхеньян айни мазмундаги айбловларни рад этган.
Сўнгги ташрифи арафасида Шимолий Корея давлат матбуотида чоп этилган мактубида эса, Путин Пхеньян билан "Ғарб назорати остида бўлмаган савдо ва хавфсизлик тизимларини барпо этишга ваъда берган".
Америка Қўшма Штатлари бу "икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг чуқурлашиб бораётгани"дан хавотирда эканини айтган.
Хитой ҳали жавоб берадими?

Сурат манбаси, Getty Images
НАТО Бош котиби Хитойга қарши гапирди.
Етакчи Ғарб давлатларини ҳам ўз ичига олувчи НАТО дунёдаги энг йирик ҳарбий альянс бўлади.
Йенс Столтенбергнинг баён қилишича, Хитой Путинни қўллаб-қувватлагани учун жавоб бериши керак.
НАТО Бош котиби Вашингтонда Би-би-сига интервью берди.
Унинг айтишича, Хитой Россиянинг Украинадаги урушини дастаклашдан тўхтамаса, бунинг оқибатларига юз тутиши лозим.
Йенс Столтенбергнинг сўзлари Россиянинг Украинага қарши уруши тинишининг бирор бир аломатлари кўринмаётган бир пайтда янгради.
НАТО Бош котибига кўра, Пекин "икки тарафлама иш тутиш" - ҳам Россиянинг уруш ҳаракатларини қўллаш, ҳам Европадаги иттифоқчилари билан яхши алоқада қолишга ҳаракат қилаяпти.
"Аммо бунақаси узоқ иш бермайди".

НАТО аъзолари бунга қарши нима қила олиши мумкин, деган саволга эса, Йенс Столтенберг эҳтимолий санкциялар масаласи "доимий муҳокама"да эканини айтиб, жавоб берган.
Унинг сўзларига кўра, Хитой "Россия билан ракеталар ва Украинага қарши қўллайдиган қуролларни яратишида муҳим бўлган микроэлектроника каби кўплаб технологиялари билан бўлишмоқда".
Пекин Россияни қўллаб-қувватлагани учун аллақачон айрим санкциялар остида.
АҚШ ўтган ой Хитой ва Гонгконгда жойлашган йигирмага яқин ширкатга жазо чоралари киритишини эълон қилган.
Расмий Пекин эса, Россияга ўточар қурол-яроғ сотмаётганлиги, "қонун ва тартиб-қоидаларга мувофиқ, икки томонлама мақсадли маҳсулотлар экспортини эҳтиёткорлик билан амалга ошираётгани"ни айтиб, Москва билан олди-бердисини ҳимоя қилиб келади.
Ғарб Хитой Украина урушини бас қилиши учун Россияга босим ўтказишини истайди.
Хитой дунёнинг Украина урушига барҳам бериш учун ўзининг тинчлик режаси билан чиққан саноқли давлатларидан ҳам биридир.
Аммо шу дам олиш кунларида худди шу урушга бағишлаб Украина ташаббуси билан Швейцарияда бўлиб ўтган ва Россия таклиф қилинмаган Тинчлик саммитига бормаган.
Хитой Америка Қўшма Штатлари билан бирга дунёнинг иккита энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси саналади.
Жаҳоннинг ядровий қуролга эга саноқли давлатларидан бири, Россиянинг анъанавий иттифоқчиси.
Путин бешинчи бор президентлик ваколати ижросига киришиши ортидан ўзининг илк хорижий сафарини амалга оширган давлат.
НАТО Бош котибининг ўзларига қарши сўнгги гапларига расмий Пекиннинг муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.
Россия АҚШни қўрқитдими?

Сурат манбаси, Reuters
Америка Қўшма Штатларидан бор-йўғи 145 километр узоқликда лангар ташлаган Россиянинг ҳарбий кемалари ортга қайтди.
Хабарларга кўра, улар Кубада режаланган беш кунлик ҳарбий машғулотларда иштирок этишган.
АҚШ томони буни "таҳдид" сифатида кўрмаганликларини баён қилган, аммо Россиянинг ҳарбий кемаларини назардан қочирмаганликларини ҳам эътироф этган.
Россия ҳарбий кемалари етиб келган пайтда эса, ўзининг Гуантанамо ҳарбий денгиз базасига USS Helena русумидаги тезкор ҳужум қилишга қодир сувости атом кемасини жойлаштирган.
Рус ҳарбий кемалари Гавана бандаргоҳини тарк этаркан, маҳаллий аҳоли уларни қўлларида Россиянинг давлат байроқлари билан кузатиб қолган.
Куба Ташқи ишлар вазирлиги бу кемаларнинг ҳеч бирида атом қуроли бўлмагани, уларнинг келиши минтақага ҳеч бир таҳдид туғдирмаганлигини айтган.
Аммо, Россия Мудофаа вазирлигига кўра, "Адмирал Горшков" фрегати ва "Қозон" сувости кемаси "Циркон" гипертовушли ракеталар илова замонавий қурол-яроғларнинг ташувчилари бўлишади.
Улар ҳарбий машғулотларни Атлантика уммонида ўтказишган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Украина уруши юзасидан танглик кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган, шу боис, у Москванинг навбатдаги пўписаси, деган талқинларга ҳам сабаб бўлган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













