"Россияга озодлик легиони" Россияга бостириб кирди

Сурат манбаси, Telegram/Freedom of Russia Legion
Украинада жойлашган россиялик қўпорувчи-разведка гуруҳлари иддао қилишича, Россия ҳудудига бостириб кирганлар ва Россия армияси билан жанг қилмоқда.
Ўзларини "Россияга озодлик легиони" ва "Сибирь батальони" деб атаган қуролли гуруҳлар ўз жангчилари Россиянинг Украинага чегерадош Белгород ва Курск вилоятларида жанг қилаётганлари тасвирлари акс этган видеоларни эълон қилдилар.
"Озод этувчи кучлар икки қишлоқни озод қилгани" ҳақида даъволар тарқатилди.
Алоқадор мавзулар:
Россия Мудофаа вазирлиги ва Федерал Хавфсизлик хизмати чегарани бузиб ўтиш ҳаракатлари қайтарилгани ҳақида хабар тарқатдилар.
Украина ҳарбийлари 12 мартдаги тонгдаги чегара оша рейдларга алоқадорлигини рад этди.
Украина ҳарбий разведкаси сўзчиси Андрий Юсов сўзларига кўра, ушбу қўпорувчи-разведка гуруҳлари Россия ватандошларининг "мустақил ташкилоти" ва улар ўз "уйида ҳаракат қилишаяпти".

Сурат манбаси, .
Айни шу куни Россия билан Украина катта дрон ҳужумлари билан айирбошладилар: Россия Украинадан 25 дрон ҳужуми бўлгани ва дронлар уриб туширилганини хабар қилди.
Бироқ ижтимоий тармоқларда бир неча ёқилғи омборларида келиб чиққан ёнғинлар видеолари тарқалди.
Иваново минтақасида эса Ил-76 ҳарбий учоғи парвоз қилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учради.
Унда саккиз экипаж аъзолари билан яна етти нафар йўловчи борлиги айтилди.
Бу ҳақда Россиянинг ҳукуматга қарашги янгиликлар агентликлари хабар тарқатди.
Мудофаа вазирлигига кўра, учоқнинг моторида ёнғин келиб чиққан, аммо вазирлик жабрланганлар ёки омон қолганлар ҳақида маълумот бермади.
Видеода учоқ фазода ўт кетган ҳолда айлангани ва кейин ерга қулаб, кўкка қора тутун ўрлагани кўринади.
Сешанба куни эса "Россияга озодлик" легиони Россия - Украина чегарасидан яна бир видео чиқарди.
"Барча ватандошларимиз каби бизнинг легион Россияни Путин диктаторлигидан озод этишни орзу қилади. Аммо биз нафақат орзу билан яшаймиз, биз бу орзуни ҳаёт ҳақиқатига айлантириш учун ҳаракат қиламиз. Биз заминимизни қаричма-қарич бу тузумдан озод этамиз", дейди қуролланган легион аскари видеода.
Айри пайтда Сибир батальони эса " Россия Федерацияси ҳудудида қақшатқич жанг" кечаётганини айтган. Бу видеода афтидан батальон жангчилари Россия ҳукумат кучлари билан урушаётгани кўринади.

Сурат манбаси, FRL screenshor
Улар Россияда 15-17 март кунлари кечадиган президентлик сайловини ҳам қоралашган.
Сайловда Путиннинг ғалабаси кутилади.
"Овоз бериш ва овоз бериш участкалари ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Сиз ўз ҳаётингизни фақат қўлда қурол билан ўзгартиришингиз мумкин", дейилади Сибир батальони видеосида.
Украинадан қарор топган яна бир Россия гуруҳи - "Россия кўнгиллилар гуруҳи" ҳам Россия ҳукумат кучлари билан жангга киришганига доир видеони тарқатган.
"Кремлдаги режимнинг армияси ҳали жанг қилмасдан қуролларини топширишмоқда", дейилади унда.
Бу видеолар мустақил манба томонидан тасдиқланмаган.
Курск шаҳри ҳокими Игор Кутсак 13-15 май кунлари мактаблардаги дарсларни бекор қилган, болаларга дарслар онлайн ўтказилиши айтилди.
Россия Мудофаа вазирлиги ва ФСБ Россия ҳудудига "Киев режими чегарани бузиб кирмоқчи бўлди" деб хабар тарқатди.
"Танклар ва зирҳли техника билан ҳужум бошлаган душман жангчилари Россия ҳудудига Белгород вилоятининг Одноробовка, Нехотеевка, Сподарюшино қишлоқлари йўналишидан бостириб кирмоқчи бўлдилар. Тўртинчи нишон Теткино бўлди, бироқ бу ҳужумлар қайтарилди", деди Россия расмийлари.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















