Арманистон Россиядан умидини уздими - Бу сафар Россия чегарачиларини чиқариб юбормоқчи Янгиликлар

Сурат манбаси, KAREN MINASYAN/AFP
Арманистон Россиядан Еревандаги халқаро аэропортдан Россия чегарачиларини чақириб олишни сўради. Россия ҳарбийлари у ерда назорат-ўтиш нуқталарида ишлайди.
Федерал хавфсизлик хизматига қарашли Россия ҳарбий чегара хизмати "Звартноц" аэропортида 1992 йилда имзоланган Россия чегара кучларининг мақоми тўғрисидаги шартнома асосида хизмат қилиб келади.
Ушбу шартнома кўра, Россия чегара кучларининг 4 бўлинмаси Арманистоннинг Туркия ва Эрон билан чегарасидаги Гюмри, Армавир, Арташат ва Мегри аҳоли масканларида назоратни амалга оширади.
Федерал хавфсизлик хизматининг айрим чегара бошқарма қисми Ереван аэропорти назорат-ўтиш нуқтасида ишлаб келаётганди.
Битим имзоланган вақтда Арманистоннинг ўз чегара хизмати йўқ эди.
- Янгиликлар, Украина уруши: Россия нима учун Арманистондан хафа?
- Янгиликлар: Озарбайжон ғалабаси ‘Ўзбекистон ғалабаси’ ёки Россия энди туркий давлатлар билан ҳисоблашишга мажбур бўладими?
- Озарбайжон қорабоғлик арманлар келажагига оид музокаралардан чиқди, озарбайжонлар арманлар тортиб олган уйларига қайтмоқда
Арманистон хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян аэропортдаги назоратни тўлиқ мамлакат Миллий Хавфсизлик хизмати амалга ошириши кераклигини таъкидлади.
Нимага бу эҳтиёж пайдо бўлди, деган саволга Григорян Арманистон мустақиллик йилларида аэропортни тўлиқ назорат қилишнинг барча имкониятларига эга бўлди, деб жавоб берди, дейди Armenpress.

"Арманистон ушбу масалада аниқ мавқега эга. Ушбу аниқ позиция бўйича Россия Федерацияси расмий мактуб орқали хабардор қилинди", деган Григорян.
Сешанба куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков бу каби қарорлардан Россия ҳукумати хабардор қилинмаганини айтди.
""Звартноц"даги чегарачиларга келсак, бу борада, бизнинг тушунишимизча, қандайдир қарор йўқ. Расмий йўллар орқали ҳам ҳеч ким бизга бу қарорни етказмади", дея Песковдан иқтибос келтиради ТАСС агентлиги.
Айрим арман сиёсатчиларининг таъкидлашича, Россия сўнгги Қорабоғ урушида ўз иттифоқчисини ҳимоя қила олмагач, Арманистонда Россия тинчликпарвар кучлари мавжуд бўлиши исталмай қолинди.
Жумладан, бу ҳақда феврал ойининг охирида Арманистон парламенти спикери Ален Симонян шундай деди:
"Улар мамлакатимиз чегарасини ҳимоя қилишига ишонмайман. Сиз ишонасизми? Улар ҳимоя қилмагани бир неча маротаба тасдиқланди. Улар чегара заиф бўлиши учун қўлидан келганини қилишди. Улар Қорабоғга келишди, нима қилишди? Арман халқини кузатиб қўйишди, шундай ҳимоя қиладими? Бир кун келиб бизни ҳам "Звартноц"дан кузатиб қўйишадими?", деган Симонян.
Таҳлил: Арманистонга ёрдам керак, аммо уни Россиядан олмайди
Григор Атанесян, Би-би-си мухбири:
Хавфсизлик кенгаши котибининг сўзларига кўра, Ереван россиялик чегарачилардан воз кечиш қарорини дипломатик йўл билан асослайди. Мустақиллик йилларида мамлакат ўзининг халқаро аэропортидаги чегара постини мустақил назорат қилиш учун зарур салоҳиятга эришган.
Дарҳақиқат, Арманистон ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ёрдамга муҳтож, аммо у аэропортда керак эмас. Балки Озарбайжон билан ўз чегараларини ҳимоя қилишда ёрдам керак. У ерда бир ой олдин яна бир тўқнашув тўрт арман аскарининг ҳаётига зомин бўлди.

Сурат манбаси, Reuters
2023-йил сентябрида Тоғли Қорабоғдаги можаро куч билан ҳал этилгани ва Ереван "тинчлик дастури"ни расман эълон қилганига қарамай, тинчликка эришилгани йўқ. Музокаралар яна боши берк кўчага кириб қолди.
Арманистон Россиядан ёрдам олиш умидини узиб қўйди. Хавфсизлик Кенгаши котиби яқинда Россияга қарши шикоятларнинг узун рўйхатини ошкора эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Москва Ереванга пули аллақачон тўлаб қўйилган 260 миллион долларлик қурол-яроқни етказиб бермаяпти ва Арманистон армиясини ислоҳ қилиш бўйича эришилган келишув мажбуриятларини бажармаяпти.
Аммо асосий шикоят - Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги тўқнашувларда Европа Иттифоқи ва АҚШ Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилаётган бир паллада Россиянинг бетараф қолаётганига бўлаёганга ўхшайди.
Энди Арманистон янги ҳамкорлар изламоқда ва Арманистонга нафақат ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ва зирҳли машиналар етказишни айтган, балки унинг аскарлари ва зобитларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказишга ҳам рози бўлган Францияга кўз тикмоқда.
Арманистон қоғозда ҳамон Россиянинг иттифоқчиси бўлиб қолаётганини ҳисобга олсак, НАТО давлатлари учун бу жуда жиддий қадам.
Ғарбга юз буриш Москванинг ғазабини келтираётгани кўриниб турибди.
Шанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон ҳукуматини уларнинг буюртмаси билан "арман халқи онгига очиқ ёлғон киритаёт"ганликда айблади. Ёлғон деганда у Россия билан иттифоқ хато бўлган деган фикрни назарда тутган.
Лавров Ереванни, шунингдек, "ноиттифоқий ҳаракат"да ва ношукурликда айблаган.
Шунинг учун Россия чегарачилари хизматидан воз кечиш жавобсиз қолмаслигини тахмин қилиш мумкин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















