Янгиликлар: Озарбайжон ғалабаси ‘Ўзбекистон ғалабаси’ ёки Россия энди туркий давлатлар билан ҳисоблашишга мажбур бўладими? Тоғли Қорабоғ O‘zbekiston Urush Dunyo Yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон сўнгги йилларда Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни ошкора қўллашга ўтган Туркия билан дунёнинг энг йирик туркий тилли иккита давлатидан биттаси бўлади

Гаплар қизиқ...

Алоқадор мавзулар:

Тоғли Қорабоғдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи кечаётган ҳафтада ўзбекистонликларнинг эътиборини ўзига энг кўп тортган воқеалардан бирига айланди.

Бу гал ҳам ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида муҳокама марказига чиқди, турли талқин ва таҳлилларга ҳам сабаб бўлмай қолмади.

Худди шу манзарада расмий Тошкент ҳам Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини яна бир бор олқишлаб чиқди.

Ўзбекистон сўнгги йилларда Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни ошкора қўллашга ўтган Туркия билан дунёнинг энг йирик туркий тилли иккита давлатидан биттаси бўлади.

Озарбайжон шу йилнинг 19 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда янги ҳарбий амалиётга қўл урган, аммо бу гал бир куннинг ўзида минтақа устидан суверенитетини тиклаганини эълон қилган.

Президент Илҳом Алиевнинг 20 сентябрь кунги расмий баёноти узоқ йиллик Тоғли Қорабоғ урушининг Озарбайжон фойдасига ҳал бўлганига далолат қилган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Россиянинг Украинадаги уруши манзарасида кузатилгани билан ҳам хос аҳамият касб этган, аксарият таҳлилчиларни ҳам беэътибор қолдирмагани кўрилган.

Жумладан, ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Facebook даги постида Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни ўз қўлига олиши "катта тарихий аҳамиятга эга" экани ҳақида ёзган.

Таҳлилчига кўра, "кейинги икки асрда Россия империяси, Советлар ва Россия Федерацияси Арманистонни ва этник арманиларни Туркистонга, Туркияга, Озарбайжонга қарши кучли босим ва таъқиб инструменти сифатида қўллаб келган".

"Глобаллашув... Сон, салмоқ ва ҳудудлар катта роль ўйнайди. Куч ишлатиш олдингидек бўлмайди. Қорабоғ расман Озарбайжонни ерлари", - деган у.

Арманистон яқин-яқингача Россиянинг Шимолий Кавказдаги анъанавий иттифоқчиси саналиб келинган, Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам аъзо постсовет давлати бўлади.

Қарийб икки ойга чўзилган 2020 йилги Тоғли Қорабоғ уруши ҳам Путин ва Россиянинг бевосита воситачилигида ўзининг ечимини топган.

Аммо худди шу уруш натижасида Арманистон Тоғли Қорабоғ минтақасининг бир қисми ва унинг атрофидаги етти ҳудуд устидан ўзининг назоратини йўқотган.

Ҳудуднинг тўлиғича Озарбайжонга реинтеграциясига оид музокаралар эса, шу пайтгача иш бермаганди.

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, .

Орада кечган вақт давомида Арманистоннинг Россиядан норозилиги кучайган, расмий Москвага қарши оҳангдаги баёнотларининг сони ортгани кўрилган.

Расмий Ереван Россияни "Озарбайжоннинг Арманистон суверен ҳудудига бўлган тажовузига бефарқлик", "Кавказортидан узоқлашаётганлик"да айблаган.

Икки томон ўртасида келишмовчилик, айниқса, сўнгги ойларда янада кучайган, Арманистоннинг Россия зиддига Ғарбга яқинлашиш ҳаракатида экани кўрилган, шу ой бошида Коллектив Хавфсизлик Шартномасидаги доимий вакилини чақириб олишгача борган, бунга расмий Москванинг кетма-кет айбловларига қарши Ереванга раддиявий мазмунда бериб келаётган расмий баёнотлари ҳам таъсир қила олмаган.

"Яшин тезлиги"да Озарбайжоннинг фойдасига ҳал бўлган сўнгги ҳарбий амалиёт эса, минтақадаги 2000 минг нафар тинчликни сақлаш кучлари мисолида яна Россиянинг "бефарқлиги"га оид янги айбловларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг ёзишича, Россия Арманистонни истаганида ҳам танлай олмасди.

"Бугунги Россия олдида оғир танлов турганди: Арманистонни танласа - бир неча юз миллионлик 6 туркий давлатлар билан зиддиятга киришиш ёки туркийлар билан келишиш учун Арманистоннинг ноқонуний лойиҳаларини қўллашдан тийилиш... Глобал дунёда ўзлик муҳим роль ўйнайди. Ҳали Россия империяси ҳам, қудратли Хитой ҳам туркий давлатлар ва халқлар билан борган сари кучлироқ ҳисоблашишига тўғри келади. Бу ҳали бошланиши...", - дейди таҳлилчи.

Бунга жавобан бошқа бир Facebook фойдаланувчисининг ёзишича, "Арманистон Россия ва Путинни қўрқитиб қўйган".

"Арманистоннинг сўнгги вақтларда ташлаётган қадамлари Кремлнинг қизил чизиқларини бемалол босиб ўтишгача борди. Сўнгги вақтларда АҚШ, НАТО билан қўшма ҳарбий машғулотлар, ОДКБ дан чиқиш қарорларидан тортиб, Рим статутига аъзо бўлишгача ҳаракатлари яққол кўринди ва Кремль Пашинянни жазолади, бу Озарбайжонга қўл келди. Кавказортида ҳам Кремлнинг таъсир кучи борган сари йўқолиб бораяпти. Озарбайжон бу урушга катта тайёргарлик кўрган, ортида Туркия ва Исроил давлатлари қўллаб турибди", деб комент қолдирган Behzodjon Shodiev.

Zafar Mavlan эса, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашаркан, "Менимча, бу сафар Россия учун Арманистон масаласи Украина уруши сабаб катта йўқотиш бўлди. Охирги пайтларда Арманистон АҚШ ва французларга суяниб, Руслардан воз кечди. Чунки Россия айни дамда Украина сабаб Арманларни ҳимоя қила оладиган позицияда эмас. Вақтдан фойдаланиб, Озарбайжон Туркия дастаги билан Қорабоғнинг охирги қолдиғини қўлга киритди", деб ёзган.

Ўзбекистонлик бошқа бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг фикрича, "Путин ҳозирча таваккал қила олмайди".

Унга кўра, "Туркия Озарбайжонни қўллаяпти. Путинга эса, Туркия керак".

Яна бири эса, "Россия ҳам Қримни Украина ҳудуди сифатида тан олган 91 йилда, ажойиб парадокс, демак, Украина ҳам қонуний равишда Қримга операция ўтказишга ҳақли", деб комент қолдирган.

Айнан аксарият туркий давлатлар Россия Украина уруши боис Ғарб устма-уст жорий этаётган оғир иқтисодий ва молиявий санкциялар оқибатларини юмшатиш учун юз тутаётган, уларга ҳар томонлама янада яқинлашиш ҳаракатида бўлган давлатлар экани ҳам кўрилади.

Бўлгинчилик Марказий Осиёга ҳам таҳдид солиши мумкин бўлган муаммо сифатида тилга олинади, бу сўнгги йилларда таҳлилчилар орасида хос талқин ва таҳлилларга ҳам сабаб бўлиб келади.

Чегаралар тақсимоти, анклавлар тақдири ҳам минтақада энг ҳассос масалалардан бири бўлади, Қирғизистон ва Тожикистон мисолида ҳатто яқинда ҳам устма-уст қонли қуролли тўқнашувларга сабаб бўлган, икковлон ўртасидаги сўнгги танглик эса, куни-кеча Россиянинг можарони оловлантирмасликка чақириб, расмий баёнот билан чиқишига ҳам олиб келган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожида Арманистон Бош вазири таслим бўлиши ортидан, бўлгинчи минтақани ташлаб чиқаётган арманларни қабул қилиб тайёр эканликларини баён қилган.

Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги этник арманларга "тўғридан-тўғри таҳдид бор", деб кўрмаса-да, ўн минглаб одамга бошпана тайёр эканликларини айтган.

Расман тан олинмаган Қорабоғ маъмурияти эса, аҳоли этник тозалашга юз тутиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Аммо Озарбайжон минтақани "тинч йўл" билан ўзларига қайта қўшиб олиш ниятида эканини айтмоқда.

Халқаро миқёсда Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олиб келинаётган Жанубий Кавказдаги бу анклавда 120 мингга яқин этник арманлар яшаши айтилади.

Ўзбекистон ва Озарбайжон

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, .

Ўзбекистоннинг "Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доим қўллаб-қувватлаб келгани ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаши"га оид сўнгги баёноти президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил август ойидаги давлат ташрифи чоғида янграган.

Икки давлат президентлари Олий даражадаги музокараларидан кейин оммавий ахборот воситаларига баёнотлар беришган.

Шундай деркан, Ўзбекистон президенти Тоғли Қорабоғда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган.

Айни мазмундаги баёнот ўшанда бошқа бир собиқ Совет давлати - Украинада кечаётган уруш манзарасида янграгани билан ҳам четдаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Сўнгги йилларда Россия устма-уст урушлар билан Украинанинг беш ҳудудини зиддиятли референдумлар орқали ўз таркибига қўшиб олган, уруш ҳануз тинмаган.

Шавкат Мирзиёев Туркий Кенгашнинг 2021 йилги норасмий саммитида Тоғли Қорабоғ масаласида тарихий баёнот билан чиққан.

Ўзбекистон президенти ўшанда Тоғли Қорабоғ ҳудудининг Озарбайжонга қайтарилишини "тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба", деб атаган.

Шавкат Мирзиёев бу минтақани қайта тиклашда мамлакати Озарбайжонга ёрдам беришга тайёр эканлигини ҳам баён қилган.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда расман Озарбайжоннинг ҳудуди сифатида тан олинади.

Тоғли Қорабоғ устидан Озарбайжон билан талашиб келган Арманистон эса, мустақил Ўзбекистон ўзининг элчихонасини очмаган ягона МДҲ давлати бўлади.

Мустақил Ўзбекистоннинг икки президентидан ҳеч бири давлат раҳбари сифатида Арманистонга ташриф билан ҳам бормаган.

Бу ҳам Тоғли Қорабоғ можароси фонида кўплаб таҳлилчиларнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланган.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти этиб сайланиши ортидан бир хорижий мамлакатга амалга оширган илк давлат ташрифи бўлган.

Оммавий ахборот воситаларига баёнот бераркан, 22 август куни Ўзбекистон президентининг ўзи ҳам бунинг аҳамиятини алоҳида урғулаган.

"Сайловдан кейинги биринчи ташрифимни айнан Озарбайжонга ошираётганим рамзий маънога эга. Бу икки томонлама ҳамкорлигимиз энг юксак даражага чиққани, яқинлашишга ўзаро интилиш борлиги, шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Ўшанда расмий хабарларда Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи чоғида томонлар ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ҳам имзолангани ҳам айтилган.

Мазкур шартнома икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб бериши таъкидланган.

Шавкат Мирзиёевнинг пойтахт Бокуда экан, "Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқ" эканини расман баён қилган.

Ўзбекистон шу ой Қорабоғда ўтказилган президент сайловини ҳам тан олмаган, Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда расман баёнот билан чиққан.

Аксар аҳолиси мусулмон Озарбайжон Ўзбекистон каби дунёнинг туркий тилли давлатларидан бири бўлади.

Туркий тилли давлатларнинг ҳамкорлик салоҳияти эса, жуда юқори, деб баҳоланади ва айниқса, Украина уруши боис, минтақада геосиёсий танглик кучайиб бораётган бир манзарада ўта муҳим, деб кўрилади.

Таҳлилчиларга кўра, улар агар Украинада Россия тўлақонли енгадиган бўлса, кейинги қадамлар туркий давлатлар, жумладан, Қозоғистон бўлиши эҳтимолини жуда яхши тушуниб туришибди.

Шу боис, Туркий давлатлар ташкилоти ҳам сўнгги йилларда янада жонланиш, яъни, ҳақиқатда фаоллашиш, ўзаро бир-бирини ҳам савдо-иқтисодий ва ҳам сиёсий, геосиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаяпти.

Сўнгги йилларда эса, минтақа давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини расман ва ошкора қўллаётганлар сафига айнан Туркия ҳам қўшилган.

21 сентябрь

Россия тинчликни таъминлаш кучлари аскарларига ўз норозилигини изҳор этаётган Қорабоғлик аёллар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2020 йили Қорабоққа жойлаштирилган 2000 нафар Россия тинчликни таъминлаш кучлари аъзолари сони Украина уруши боис камайган бўлиши мумкин

Россия Кавказда таъсирини йўқотаяптими?

Жаҳон оммавий ахборот воситалари Озарбайжоннинг Қорабоғдаги сўнгги ҳарбий амалиёти ва унинг атрофидаги вазиятни муҳокама қилмоқда.

Арманистон Россиянинг иттифоқчиси ва Арманистонда Россия ҳарбий базаси бор.

Икки мамлакат ўртасида ҳимоя келишуви бор, Арманистон ўзига бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳарбий ҳужумда Россияга таяниб келган, бироқ бу битим Қорабоғ ҳудудига жорий этилмайди.

Аксар таҳлилчилар фикрича, Украина уруши билан андармон Россиянинг Кавказдаги қуролли можарога аралашишга мажоли қолмаган.

Бунинг устига Арманистоннинг АҚШ билан қўшма ҳарбий машқлар ўтказиш режаси ва Арманистоннинг Украинага инсонпарварлик кўмаги юбориши, охирги кунларда Арманистоннинг Халқаро Жиноят Судининг Рим Статутини ратификация қилиш амалларини бошлагани Кремлни ғазаблантирди, Арманистон элчиси Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, норозилик изҳор этилди.

Британияда нашр этиладиган Guardian рўзномаси Россиянинг Озарбайжоннинг сўнгги ҳарбий амалиётига бефарқ ёндашуви Арманистонни Ғарб билан алоқаларини яхшилаётгани учун Россия томонидан жазо сифатида кўрилаётгани ҳақида ёзди.

19 сентябрь кунги Озарбайжон зарбаларига Қорабоққа жойлаштирилган Россия тинчликни таъминловчи кучлари аралашмадилар, вазиятни мониторинг қилаётганлари ва тинч фуқароларни эвакуация қилганлари ҳақидаги баёнотлари билан чекландилар.

Guardian Россия расмийларининг Озарбайжон янги ҳарбий амалиётларига эътибор қаратади, Кремль воизи Дмитрий Песковнинг Озарбайжон "ўз ҳудудида ҳаракат қилаётганини" айтганини иқтибос келтиради.

Daily Telegraph газетаси 2020 йилги мўрт сулҳ Россия воситачилигида эришилганини эслатади.

2020 йил кузидаги Озарбайжоннинг 44 кунлик уруши Озарбайжон ғалабаси билан тугаган эди.

Daily Telegraph ёзишича, 2020 йилдан буён Кавказ минтақасида вазият ўзгарди.

Ўшанда Россия Арманистон хавфсизлиги кафолати деб кўрилар, Президент Путин орага аралашиши мумкин эди.

Россия тинчликни таъминлаш кучлари аскарларига ўз норозилигини изҳор этаётган Қорабоғлик аёллар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2020 йили Қорабоққа жойлаштирилган 2000 нафар Россия тинчликни таъминлаш кучлари аъзолари сони Украина уруши боис камайган бўлиши мумкин

Бугунга келиб Арманистон Россия дастагига умид қилолмайди.

Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган ягона йўл Лочин йўлаги йил бошидан буён қамалга олинган, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия тинчликни таъминлаш кучларини вазиятга аралашмаётганликда айблаган эди.

Россия Ташқи ишлар вазири матбуот котибаси Мария Захаровадан Арманистоннинг Россиядан можарога аралашиш сўровига Россия муносабати ҳақида сўрашди.

Мария Захарова эса саволга "Ереван Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг ҳудуди деб тан олса нима бўлади?" деб савол билан жавоб берди.

Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлайди

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари

Сурат манбаси, .

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Озарбайжоннинг Report ахборот агентлигига интервью берди.

"Биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилишда барча қийинчиликларга қарамай олиб бораётган адолатли курашида қўллаб-қувватлаймиз, ҳукумат ва халқнинг қатъиятини олқишлаймиз", деди Содиқ Сафоев.

Шу йил август ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорабоққа борди, Фузулий шаҳрида Ўзбекистон барпо этган Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг очилиш маросимида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан бирга иштирок этди.

"Ушбу ташриф доирасида мен ҳам давлат раҳбарига ҳамроҳлик қилдим. Биз бир томонда Арманистон 30 йил ичида вайрон қилган шаҳарлар, қишлоқлар ва аҳоли пунктларини, иккинчи томонда эса Озарбайжон қисқа фурсатда қайта жонлантирган Қорабоғни кўрдик. Ҳудуд қайта тикланганидан жуда хурсанд бўлдик", деди Содиқ Сафоев.

Сентябрь ойида Қорабоғ арманилари президентлик сайлови деб аталган сайлов ўтказилгани ҳақида эълон қилдилар, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 9 сентябрда президентлик сайловларини тан олмаслиги ҳақида баёнот берди.

Одамлар

Сурат манбаси, Russian MOD

20 сентябрь

Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг айтишича, Қорабоғдаги арманларга қарши 24 соатлик ҳарбий амалиёт натижасида ўз мамлакатининг суверенитети тикланди.

Қорабоғ - халқаро қонунлар бўйича Озарбайжон ҳудуди. Аммо у ерда 120 минг нафар атрофида арманлар яшайди.

Чорак асрдан ошган бўлгинчилик урушлари оқибатида бу бўлгадаги бир неча юз минглаб озарбайжонлар уй-жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлишган ва ўз ватанларида қочқинларга айланишганди.

Натижада, Қорабоғ ва унинг атрофидаги айрим ҳудудлар 30 йилдан ортиқроқ вақт давомида арман кучлари назоратида қолди.

Озарбайжон Қорабоғ энди тўлиқ ўз бошқарувига қайтишини урғуламоқда.

Илҳом Алиев

Сурат манбаси, President.az

Сурат тагсўзи, Президент Алиев ўз мамлакати суверенитети тикланганини эълон қилди.

Сешанба куни "аксилтеррор" ҳарбий амалиётларини бошлаганини айтган Озарбайжон кучлари у ердаги бўлгинчи арманлар оқ байроқ кўтариб, таслим бўлмагунча ва уларнинг "ноқонуний тузуми" тугатилмагунча ҳужумлари давом этишини билдиришганди.

Қорабоғ вакиллари амалиётлар давомида 32 одам ҳалок бўлганини ва улар орасида 7 нафар тинч фуқаро ҳам борлигини айтишган.

Озарбайжон тарафига кўра, токи Россия тинчликпарвар кучлари воситачилигида тўлиқ оташкесимга келингунга қадар (Чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат 1300) озарилар арманларнинг 90тадан кўпроқ мавқеаларини қўлга киритишган.

Шу асно Қорабоғдаги арман бўлгинчилари ўт очишни тўхтатишга рози бўлишган ва Қорабоғ ҳукумати 20 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 13 дан ўт очишни тўхтатишга қарор қилгани ҳақида баёнот тарқатган.

Бунга қадар кечган воқеалар:

Хабар қилинишича, Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар кучлари ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган, тан олинмаган Қорабоғ маъмурияти эса бу таклифни қабул қилган.

Россия томони билан келишувга биноан жанговар ҳаракатлар 20 сентябрь куни соат 13:00 дан тўхтатилиши керак, дейилади Қорабоғ маъмурияти тарқатган баёнотда.

Ушбу баёнотда айтилишича, Қорабоғ армияси тўла қуролсизлантирилади ва тан олинмаган республика ҳудудидан оғир ҳарбий техника олиб чиқиб кетилади.

"Реинтеграция" ва Тоғли Қорабоғдаги арманиларнинг ҳуқуқ ва хавфсизликларини таъминлаш масалалари Озарбайжон томони билан 21 сентябрь куни Евлах шаҳрида бўладиган учрашувда муҳокама этилади, дейилди баёнотда.

Озарбайжон: Қорабоғдаги "ноқонуний армани режим тарқатиб юборилиши керак"

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғ арманиларининг кўплаб ҳарбий техникасини йўқ қилганини хабар қилди.

Сурат манбаси, Ozarbayjon Mudofaa vazirligi

Сурат тагсўзи, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғ арманиларининг кўплаб ҳарбий техникасини йўқ қилганини хабар қилди.

Озарбайжон "конституциявий тартибни тиклаш" мақсадида "аксилтеррор тадбирлари"ни иккинчи кун давом эттираётганини хабар қилди.

Озарбайжон айтишича, маҳаллий арманилар таслим бўлмагунча ҳарбий амалиётлар тўхтамайди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукумати Озарбайжонни музокара столига ўтиришга чақирди.

Расмий Боку музокараларга тайёрмиз, лекин "ноқонуний армани ҳарбий тузилмалари оқ байроқ кўтаришлари" ва ўзларининг "ноқонуний режими"ни тарқатиб юборишлари керак, деб шарт қўйди.

Тан олинмаган Қорабоғ ҳукумати тинч фуқароларга мурожаат қилиб, ҳудудни тарк этмасликка чақирди.

Озарбайжон бошлаган "аксилтеррор тадбирлари" оддий одамлар орасида ваҳима келтириб чиқарганини тан олган расмийлар Қорабоғ ҳудудини "тарк этишга эҳтиёж йўқлигини" айтганлар, одамларни бомбапаноҳларга яширинишга чақирдилар.

Айни пайтда Россия Мудофаа вазирлиги Россиянинг тинчликни таъминлаш кучлари ҳудуддан 2000 тинч фуқарони, шулардан мингдан ортиғи болаларни хавфсиз жойга эвакуация қилганлари ҳақида хабар тарқатди.

БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган Президент Ражаб Тойиб Эрдоған Туркия Озарбайжоннинг янги ҳарбий амалиётини тўла қўллаб-қувватлайди деди.

"Ҳар бир одам қабул қилганидек Қорабоғ Озарбайжоннинг ҳудуди. Бошқа мақомни тиқиштиришга уриниш қабул қилинмайди. Биз Озарбайжоннинг ўз ҳудудидий яхлитлигини сақлаш қадамларини қўллаб-қувватлаймиз, деди Президент Эрдоған.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Россия жанговар ҳаракатларни тўхтатиш чақириғи билан чиқдилар.

Аёл

Сурат манбаси, ARTSAKH PUBLIC TV

АҚШ Давлат котиб Энтони Блинкен Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги дипломатик мулоқотда воситачи бўлиши мумкинлигини айтди.

Арманистон пойтахти Еревандаги ҳукумат уйи қаршсида норози намойишчилар тўпландилар, Бош вазир Никол Пашиняндан Қорабоғдаги можарога қўшилишга чақирдилар.

Аксилҳукумат шиорлари янграган, сўнг намойишчилар ҳукумат биносига бостириб киришга уринганлар.

Ўртада жамоат тартибини сақлаётган полиция кучлари билан протестчилар ўртасида тўқнашувлар келиб чиқди.

Оқибатда бир неча одам жароҳатланган.

Арманистон расмийларига кўра, Озарбайжон ҳарбий амалиётлари оқибатида Қорабоғда 32 одам ҳалок бўлган, юзлаб одам яраланган.

Қорабоғнинг собиқ армани маъмурияти раҳбари Рубен Варданян, 100 одам ҳалок бўлди, юзлаб киши жароҳатланди, деб баёнот берди.

Бироқ Варданян баёноти ростлигини жанговар амалиётлар боис мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони йўқ.

19 сентябрь

Озарбайжон Қорабоғдан Арманистон қуролли кучларини сиқиб чиқариш учун "аксилтеррор тадбир" бошлади

Озарбайжон расмийлари ерга ўрнатилган минанинг ҳалокатли оқибати сифатида шу расмни чоп қилган

Сурат манбаси, Манба: Озарбайжон Мудофаа вазирлиги

Сурат тагсўзи, Озарбайжон расмийлари ерга ўрнатилган минанинг ҳалокатли оқибати сифатида шу расмни чоп қилган

Озарбайжон Қорабоғда " маҳаллий характерда аксилтеррор тадбири" бошлаганини эълон қилди. Mақсадлардан бири - "конституцион тартибни тиклаш"

"Кенг миқёсли провакацияларнинг тўхтатиш", "ерларимиздан Арманистон қуролли кучлари бўлинмаларини сиқиб чиқариш ва қуролсизлантириш", ҳарбий тузилмаларни "нейтрализация" қилиш ва Озарбайжоннинг тинч аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида "минтақада маҳаллий миқёсда аксилтеррор тадбири бошланди", дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабарида.

Яна бир маълум қилинган мақсадлардан бири - "конституцион тартибни тиклаш"

Озарбайжон ҳарбийларининг таъкидлашича, олд чизиқ ва ичкарига аниқ зарбали қуролларни қўллаш натижасида Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари сафдан чиқарилмоқда.

Xarita

Озарбайжон ушбу амалиётни 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама келишув шартларини бажариш учун ўтказаётганини айтган.

Мудофаа вазирлиги тинч фуқаролар ва фуқаровий инфраструктура объектлари нишонга олинмаётганини ва фақат ҳарбий нишонлар ишдан чиқарилаётганини таъкидлаган.

Озарбайжон "тадбир" ҳақида минтақадаги Россия тинчликпарвар кучлари ва Турк-Россия қўшма кузатув маркази раҳбарияти огоҳлантирилганини билдирган.

Иллюстратив сурат

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Иллюстратив сурат

Олдинроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон қуролли кучлари 19 сентябрга ўтар кечаси Озарбайжон позициясини ўтга тутганини айтганди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги ушбу хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб раддия берган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002