Тоғли Қорабоғ: “Одамлар нон учун навбатда ҳушидан кетмоқда” - Янгиликлар, дунё

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Райхон Демитри
- Role, Би-би-сининг жанубий Кавказдаги мухбири
Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғида яшовчи 120 000 арманни Арманистон билан боғлаб тургани учун бу йўлни Ҳаёт йўли деб атайдилар.
Аммо қарийб тўққиз ойдирки, Лочин йўлаги Озарбайжон раcмийлари томонидан ёпиб қўйилган. Натижада бу айро ҳудудда озиқ-овқат, дори-дармон, гигиена маҳсулотлари ва ёқилғи танқислиги юзага келди.
Чегаранинг Арманистон томонида жойлашган Грисдаги мўъжаз меҳмонхона айвонида 18 ёшли Ҳайк видео қўнғироқ орқали онаси билан гаплашмоқда.
"Тухум йўқ, шакар йўқ, ширинликлар умуман қолмаган, нонни рацион бўйича беришяпти, эрта тонг 4:00 да уйғониб, бориб навбатга туриш керак", дейди унинг онаси Қорабоғдаги Мартакерт шаҳарчасидан. Лочин йўлагининг бошқа томонидаги арманлар ўз яқинлари билан кўриша олмаяпти, чунки бу йўлак декабрдан бери Озарбайжон томонидан ёпиб қўйилган.
Тоғли Қорабоғ анклавига бирорта мустақил ОАВни қўйишмайди. Бўшаб қолган дўконлар тасвирланган фото ва видеолар ижтимоий тармоқларда айланмоқда.
"Одамлар ўзларига белгиланган минимал овқатни олиш учун навбат туришади. Нонга навбатда туриб, ҳушидан кетганлар бор", дейди маҳаллий журналист Ирина Ҳайрапетян арман анклавидан туриб юборган овозли ёзувда.
Транспортга ёқилғи йўқ, одамлар кўп чақирим йўл босиб, оилаларига егулик олиш учун навбатга туришади.
"Транспортга ёқилғи йўқ, одамлар кўп чақирим йўл босиб, оилаларига егулик олиш учун навбатга туришади."
Тоғли Қорабоғдаги маҳаллий ҳокимият вакилларининг айтишича, ҳар учинчи ўлим тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ.
"Мен ҳомиладор аёлни касалхонага олиб бориш учун бензин йўқлиги сабабли боласидан айрилганини биламан", дейди Ҳайкнинг онаси.
У март ойидан бери бензин етишмаслиги, ёқилғи, дори-дармонлар (ҳатто шампунь) етишмаслиги ва мунтазам равишда электр узилишлари ҳақида гапиради. Бу кетишда қиш келиши билан вазият янада ёмонлашади.
Ўғли нафрат, қўрқув ва умидсизлик ҳис қилади: "Чунки эртами-кеч менинг уйим, шаҳрим, юртим Озарбайжон томонидан босиб олинишини тушуниб турибман".

Қорабоғ арманлари учун ватан Арцахдир. Бу ўзини мустақил деб эълон қилган республика, жаҳон харитасида йўқ, чунки у тоғли анклав Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди таркибига киради.
Кўпгина маданий ўхшашликларга қарамай, Жанубий Кавказнинг икки давлати Арманистон ва Озарбайжон бу ерни назорат қилиш учун ўн минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган урушларда ўнлаб йиллар давомида курашган.
2020 йилдаги охирги олти ҳафталик урушда Озарбайжон 1994 йилдан бери Арманистон назоратида бўлиб келган Тоғли Қорабоғ атрофидаги барча ҳудудларни қайтариб олди.
Россия воситачилигида тузилган оташкесимга кўра, этник арманлар хавфсизлигини кафолатлаш, Қорабоғ ва Арманистон Республикаси ўртасида одам ва юклар эркин ҳаракатланишини таъминловчи Лочин йўлагини назорат қилиш учун Россия тинчликпарвар кучлари киритилиши керак эди.
Аммо Россия Украинадаги уруш билан андармон бўлган бир пайтда, ўтган йилнинг декабрида Тоғли Қорабоғ минтақавий пойтахти Степанакертга (Озарбайжонда Ханденди номи билан машҳур) олиб борувчи йўлни Озарбайжон ҳукумати қўллаб-қувватлаётган атроф-муҳит фаоллари тўсиб қўйди.
Апрель ойида Озарбайжон ўзининг "суверен ҳуқуқи" ва "ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тиклаш"ни айтиб, Лочин йўлагига кираверишда ўзининг ҳарбий назорат пунктини ташкил қилди. У Арманистонни ушбу йўлдан ҳарбий юкларни етказиб берганликда айблади, Арманистон эса буни рад этади.
Тоғли Қорабоққа кириш ҳуқуқига эга бўлган ягона халқаро гуманитар ташкилот Халқаро Қизил Хоч Қўмитасидир (ХҚХҚ).
Хачатрянлар оиласи 29 июль куни хабар берганидек, ташкилот тиббий эвакуация ўтказган бўлса ҳам, хавфсиз ўтишни кафолатлай олмади.
Ўша куни 68 ёшли Вагиф Хачатрян юрак хасталиги сабабли шошилинч операция қилиш учун Арманистон пойтахти Еревана олиб кетилаётган эди.
"Улар Озарбайжон назорат-ўтказиш пунктига борганларида, бир неча савол бериш учун уни 10 дақиқага олиб кетишлари кераклигини айтишди, - дейди унинг қизи Вера Хачатрян. - Отамни Қизил Хоч ходими билан олиб кетишди; бир неча дақиқадан сўнг Қизил Хоч ходими қайтиб келди, лекин отамни номаълум томонга олиб кетишибди.
У асли қорабоғлик бўлиб, ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида қишлоғи Озарбайжонга қайтарилгач, Арманистоннинг Жермук шаҳрига кўчиб ўтган.
"Энди мен ҳар дақиқа, ҳар сония ўйлайман: унинг юраги тўхтаб қолса нима бўлади?"

Озарбайжон ҳукумати унинг отасини 1992 йилда Биринчи Қорабоғ уруши пайтида содир этилган ҳарбий жиноятларда айбламоқда.
"ОАВ хабарларидан уни таниган гувоҳлар кўп. Биз ҳеч қачон ҳарбий жиноятчилар жавобгарликка тортилмаслиги керак, деб айтмаганмиз", дейди Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг махсус маслаҳатчиси Ҳикмет Ҳажиев.
Вера бу айбловлар тўғри эмаслигини даъво қилмоқда. "Ватанингизни ҳимоя қилиш жиноят эмас. Озарбайжонда адолатли суд бўлиши мумкин эмас. Балки бир кун келиб адолат ғалаба қозонар, лекин буни кутишга вақтимиз йўқ".
Вагиф Хачатрян иши Тоғли Қорабоғ эркаклари учун кутилмаган бўлди. Қорабоғнинг уч нафар арманистонлик ёш футболчиси 2021 йилда Озарбайжон байроғини таҳқирлаганликда айбланиб шу ҳафта худди шу назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинди.
Ҳозирда ҳар қандай этник арман эркак чегарани кесиб ўтишга уринса, худди шундай тақдирга дучор бўлиши мумкин, деган хавотирлар бор.
Веранинг қолган икки синглиси Қорабоғда қуршовда қолмоқда.
"Опамнинг невараси икки ойлик, болалар овқати йўқ, онаси яхши овқат емагани учун сути етмайди. Уруш пайтида мияси шикастланган 22 ёшли жиянимга дори-дармон керак, гапира олмайдиган бўлиб қолган, ўнг қўли ишламайди".
Шу ойда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг инқироз бўйича фавқулодда йиғилишида АҚШ Озарбайжонни Лочин йўлаги бўйлаб эркин ҳаракатланишни тиклашга чақирди.
Халқаро суд аллақачон Озарбайжонга "одамлар, транспорт воситалари ва юкларнинг ҳар икки йўналишда тўсиқсиз ҳаракатланиши"га рухсат берувчи қонуний кучга эга қарори борлигини айтган.
Бироқ, арманлар халқаро ҳамжамиятнинг инқирозни ҳал қила олишига шубҳа билан қарайди. Ереванда намойишчилар йўл очилишини талаб қилиб, БМТ идорасига киришни озиқ-овқат ва ун тўлдирилган қоплар билан тўсиб қўйишди.

Озарбайжон гуманитар инқироз юз бераётганини рад этади. Улар ҳудудни тўлиқ назорат қилишни исташларини ва 2020 йилги уруш пайтида қайтариб олинган Агдам шаҳри орқали муқобил таъминот йўлини таклиф қилишганини айтишди.
"Шундан кейин 24 соатдан кейин Лочин йўли ҳам очилади. Қанчалик кўп йўл бўлса, ҳамма учун шунча яхши бўлади", дейди Озарбайжон президентининг махсус маслаҳатчиси.
Ҳикмет Ҳажиевнинг айтишича, Қорабоғ арманларига Озарбайжон фуқаролари каби "тил, маданий, диний, жумладан, муниципал ҳуқуқлар" берилади.
Аммо Арманистоннинг махсус топшириқлар бўйича элчиси Эдмон Марукян Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўл борлигига қарамасдан, Озарбайжонни ёлғон ваъдалар беришда айблайди. "Улар халқаро ҳамжамият эътиборини чалғитишга, Лочин йўлаги бўйича ўзаро тушуниш ва мажбуриятни йўқотишга уриняпти".
БМТнинг собиқ махсус маърузачиси Гулнора Шаҳиняннинг огоҳлантиришича, Арманистон Республикаси билан сўнгги алоқани узиш Қорабоғ арманларининг йўқ қилинишини англатади. "Озарбайжонда инсон ҳуқуқлари қай даражада поймол қилинаётганини биласиз. Уларнинг нафрат сиёсатлари билан Қорабоғдаги арманларга яхши муносабатда бўлишини қандай кутиш мумкин?
Горисдан қисқа масофада жойлашган тоғ манзараси ҳозирги инқирознинг аниқ тасвирини беради.
2020 йилги сулҳ битими асосида Озарбайжонга қайтарилган ҳудудни айланиб ўтиш учун Арманистон томонидан қурилган янги йўл бўйлаб ҳеч нарса ҳаракатланмаяпти.
Озарбайжон назорат-ўтказиш пунктига кираверишда Қорабоғ учун озиқ-овқат, дори-дармон, болалар овқатлари ва бошқа зарурий нарсалардан иборат 400 тонна гуманитар ёрдам юк машиналари тўхтаб турибди.
Ҳайкнинг онаси энг кўп соғинадиган ўсимлик ёғини эслаб, Горисда кутаётган юк машинаси ҳайдовчисидан нима олиб кетаётганини сўрайман.
"Йигирма икки тонна ўсимлик ёғи", дейди у.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













