Қорабоғ ё ўлим: Озарбайжон ва арманлар нега ярашолмаяпти? Tog‘li Qorabog‘ O’zbekiston Rossiya Turkiya yangiliklar

- Author, Маҳаррам Зейналов
- Role, Би-би-си, Бoку
Ҳозир ҳам одамлар ўляпти...
Алоқадор мавзулар:
Март ойида Қорабоғ арманлари ва Озарбайжон ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бошланди - бу улар ўртасидаги биринчи очиқ мулоқотдир. Бу музокараларда Боку ўз ҳудудининг бир қисми деб биладиган тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг Озарбайжонга ишонмайдиган арман аҳолиси келажаги ҳал бўлиши керак. Ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида нафақат ҳукумат, балки шоирлар, ёзувчилар ва қўшиқчилар саъй-ҳаракати билан халқлар ўртасида шундай тубсиз жарлик пайдо бўлдики, ҳар икки томонда кўпчилик ҳаётни бу жарликсиз тасаввур қила олмайди.
26 февраль куни Озарбайжон биринчи Қорабоғ урушидан аввал асосан озарбайжонлар яшаган Хўжали шаҳрида фожианинг навбатдаги йиллигини нишонлади. 1992 йил февралида олдинга силжиган арман қўшинлари томонидан бу ерда юзлаб тинч аҳоли ўлдирилган - бу воқеалар Озарбайжонда геноцид деб аталади. Бу воқеа сиёсий нутқларда мустаҳкам ўрин олган, улар ҳақида янгиликларда эсланади, болалар улардан илҳомланиб расмлар чизади.

Сурат манбаси, .
2018 йил февраль ойида ўғлимни рассомлик тўгарагига олиб бордим, йўлакда болаларнинг энг яхши асарлари намойиш этилганди, улар орасида қалам билан чизилган фигуралар - қорда ётган ўлик болалар бор эди. Биз бу тўгаракка бошқа бормадик.
Орадан 5 йил ўтди, Озарбайжон иккинчи Қорабоғ урушида ғолиб чиқди, томонлар ўртасида мулоқот бошланди. Мен ўғлимни жамоавий викторина ўйнашга олиб бордим - старт олдидан бошловчи марҳумлар учун бир дақиқа сукут сақлашни таклиф қилиб, Хўжалидаги қирғин "арман терроризми"нинг намунаси эканлигини таъкидлади.
Душман қиёфасини ҳамма жойда эслатишади - таксида, масалан, ватанпарварлик қўшиқлари янграйди. Энг машҳурларидан бири - "Қорабоғ ёки ўлим" ҳитида қуйидаги сатрлар мавжуд: "Ёшлар, кексалар, аёллар ва қизлар / Қўллар кесилган, кўзлар ўйилган / Уларнинг фарёд тўлқини ўрлар осмонга. / Шаҳидлар гўрлари бир дона эмас". Клипда ижрочилардан бири "Жиҳод!" деб қичқиради ва Хўжалида ҳалок бўлганлар акс этган кадрлар кўрсатилади.

Хўжалидаги фожиа ҳақиқатда содир бўлган, бироқ бу воқеа муайян қотиллик ва шафқатсизлик учун жавобгарликни барча арманларга юклаш учун сиёсий манипуляция воситасига айланди.
Демократикроқ Арманистонда одамлар ҳали ҳам "Озарбайжон терроризми"дан қўрқади. 1988 йилда Озарбайжоннинг Сумгаит шаҳрида ўнлаб арманлар ўлган ва минглаби қочишга мажбур бўлган арман қирғини мавзуси ҳам вақти-вақти билан барча озарбайжонларни қоралаш учун эсланади.
Ҳар икки давлатда ҳам ҳалок бўлган тинч аҳоли хотирасидан сиёсий мақсадларда фойдаланилади, дейди Қорабоғ можаросини ўрганувчи социолог Сергей Румянцев: "Қорабоғдаги биринчи урушда Озарбайжон ахборот урушида мағлуб бўлган эди, ўшанда арман томони ўзини ягона мазлум, туркларнинг навбатдаги қурбони сифатида кўрсатишга муваффақ бўлган эди. Ўша урушда тинч аҳолининг энг катта қирғини юз берган Хўжали фожиаси Озарбайжон учун мана биз ҳам мазлуммиз деб айтишга имконият бўлди".
Миллий орзулар объекти
Социолог тилга олган туркларни Арманистонда баъзан озарбайжонлар деб аташади ва шу билан Қорабоғ уруши билан 1915 йилда Туркиядаги арманлар қирғини ўртасида тўғридан-тўғри ўхшашликни кўрсатишади.
"15 дейишса, / йил эсимга тушади./Нагорний дейишса,/Қорабоғни эслайман", деб ёзган эди машҳур арман шоираси Силва Капутикян кейинги сатрларида мажозий тарзда адолат талаб қилиб.
Тадқиқотчилар Мане Григорян ва Баҳруз Самедов таъкидлаганидек, бундай асарлар юз йил муқаддам Усмонли империясидаги турклар ва замонавий озарбайжонларни (уларнинг ўтмиши аслида Туркия билан эмас, балки Эрон ва Россия билан боғлиқ эди) битта халқ қилиб кўрсатувчи дискурснинг бир қисмидир.
Айни пайтда озарбайжон шоири Халил Ризо Қорабоғни "Озарбайжон зиёратгоҳи, артерияси ва қалби" деб атайди.
"Миллатчи жамоатчилик тасаввури Қорабоғни муқаддаслаштириб, уни миллий орзулар объектига айлантирди", деб ёзади тадқиқотчилар.
Қорабоғни муқаддаслаштириш ҳокимият учун ёвуз ҳазил бўлди: 2020 йилги урушдан кейин Арманистон раҳбарияти Қорабоғнинг мустақиллиги ғоясидан воз кечди, аммо жамиятнинг бир қисми буни қабул қилмади. "Ҳозир "Қорабоғдан воз кечиш - Арманистон давлатчилигини йўқотишдир" деган шиор бор, лекин нима учун ва бу нимани англатишини ҳеч ким билмайди. Бу муқаддаслаштириш", дейди арман журналисти Мане Григорян.
Тадқиқотчи Мане Григорян Қорабоғни совет давридан олдин "муқаддаслаштириш"ганига далил топа олмаганини айтади, социолог Сергей Румянцев эса озарбайжонликлар учун минтақа 20 аср охирларида ҳақиқатда муқаддаслаштирила бошлаганини таъкидлайди.
Қорабоғнинг собиқ пойтахти Шуша шаҳри (арманлар уни Шуши деб атайдилар, шунинг учун Озарбайжоннинг рус тилидаги матбуоти бу сўзни қаратқич келишигида ишлатмасликка ҳаракат қилади), гарчи 18-асрда қурилган ва атрофидаги кўплаб шаҳарлар, жумладан, Боку ва Еревандан ёшроқ бўлса да, деярли ҳар икки халқ учун муқаддас ватанга айланди.

Бугун яна Озарбайжон назоратига кирган Шуша шаҳрига бориш, диққатга сазовор жойлар фонида суратга тушиш ва уни ижтимоий тармоқларга жойлаш урф бўлган. Биринчи урушгача Шуша аҳолисининг 90% дан ортиғи озарбайжонлар эди ва уларнинг ўз шаҳарларидан қувғин қилингани кўпчиликка зарба бўлган.
Рассом танишим, гарчи ўзи бу шаҳарда бўлмаган эса да, Шуша манзарасини чизади. У ердан кўплаб машҳур мусиқачилар чиққанини таъкидлаб, бу ерни муқаддас деб атайди. "Бу ер бизнинг куч манбаимиз", дейди у.
Муштарак муқаддас ўтмиш, тадқиқотчилар Самедов ва Григорян ёзганидек, халқларнинг сиёсий бирлигига хизмат қилади, аммо, афсуски, ташқи, энг муҳими, абадий душман тимсоли орқали.
Ўтмиш ҳукмида
Арманлар - душман, эронликлар - душман, турклар дўст. Бокуда кўпчилик бу ҳақда гапиради, урушдан икки йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам маҳаллий матбуот буни такрорлашдан чарчамаяпти.
"Эронликлар худди арманлар каби айёр", дейди радиода янгиликни эшитган бокулик такси ҳайдовчи қисқа қилиб. Тирбандликда турганимизда деразадан 16 аср бошларида Озарбайжонни босиб олган Шоҳ Исмоил ҳайкали кўринади. У Эрон шоҳи эди, лекин озарбайжонлар гапирадиган тилда шеър ёзган, шунинг учун уни бу ерда ўзлариники ҳисоблашади.
"У турклар билан жанг қилган", - дейман ёдгорлик томон бош ирғаб. "Бу тўғри эмас, - деб жавоб беради такси ҳайдовчи. - Сиз буни интернетда ўқиган бўлсангиз керак, у ерда ёлғон яшиқ гаплар кўп."
Бугун Озарбайжон ва Туркия иттифоқдош давлатлар, икки халқ ўхшаш тилларда гаплашади. Урушдан бери Озарбайжон пойтахти турк байроқларига тўлган (Анқара Озарбайжоннинг ғалабасида муҳим роль ўйнаган эди), аскарлар озарбайжон байроқлари ёнига турк байроқларини тикадилар.
Шу билан бирга, кўпчилик замонавий воқеликни ўтмишга боғлайди ва улар "бизнинг" (ва яна кимнинг?) Шоҳ Исмоил Усмонлилар империясига қарши урушган бўлиши мумкинлигини қабул қила олишмайди.
Миллатлар ва этник гуруҳларга нисбатан ҳозирги замоннинг ўтмишга кўчиши фанда "примордиализм" деб аталади. Бугунги кўплаб озарбайжонлар ва арманларга 18-асрда Қорабоғдан Панаҳ-Али Хон ва маҳаллий арман феодал Шахназар ўзаро қуда бўлиб, бирга курашгани, ўша Шушани қургани ғалати туюлади.

Арманлар ва озарбайжонлар ўртасидаги можаро миллатчилик ғоялари тарқалиши билан боғлиқ бўлиб, унчалик қадимий эмас - 100 йилдан сал кўпроқ вақтни ташкил этади.
Тадқиқотчи Бенедикт Андерсон ўзининг "Тўқима жамоалар" китобида ёзадики, миллатчилик миллатни қадим замонларда шаклланган жамоа сифатида, қандайдир абадий ўзгармас қилиб таърифлайди, ваҳоланки, аслида миллатлар ғояси фақат 18-19-асрларга келиб пайдо бўлган. Жумладан, саноатлаштириш ва саводхонликнинг аввал Европада, кейин эса дунёнинг бошқа қисмларида тарқалиши туфайли, дин эмас, балки тил ўзлик асосига айланди: масалан, инсон ўзини венгер деб билади, шундан кейингина католик.
Миллатчилик ғоялари ўша пайтда Россия империясининг бир қисми сифатида вилоятларга бўлинган (миллий асосда эмас) Жанубий Кавказга кириб кела бошлади. Кўп жойларда аҳоли аралаш яшарди: Ереван аҳолиси орасида озарбайжонлар, бокуликлар орасида арманлар кўп эди.
20-аср бошларида ҳар икки томоннинг миллатчилари зўравонлик қила бошлади: 1905 йилда Нахичеванда арманлар ва Шушада озарбайжонлар погромлари бўлди (1920 йилда у ерда маҳаллий арманларнинг бундан ҳам йирик погромлари бўлган). Қуролли отрядлар тўқнашуви замонавий Озарбайжон ва Арманистон ҳудудида бошланди ва ниҳоят, 1918 йилда Бокуда энг қонли тўқнашувлар бошланди, бу ерда март ойида минглаб озарбайжонлар, сентябрда эса арманлар ҳалок бўлди.
Совет даврида миллий масалалар аста кўздан пана бўлди, аммо 1980 йиллар охирларида яна бош кўтарди. Тадқиқотчилар фикрича, ҳаммаси экологик норозиликлардан бошланган - Арманистонда Мецамор АЭС туфайли, Озарбайжонда эса Қорабоғдаги ўрмонларнинг кесилиши ҳақидаги миш-мишлар туфайли. Тез орада экологик ҳаракат миллатчиликка айланиб кетди ва Арманистондаги намойишчилар Қорабоғни Озарбайжондан ажратиб, Арманистонга қўшиб олишни талаб қила бошладилар.
Погромлар яна бошланди, 1992 йилда икки собиқ Совет республикаси ўртасида уруш бошланди.

Абадий уруш
20-асргача бу халқлар умумий ошхона (бу ҳозир баҳсли), мусиқа ва урф-одатлар бўлганини, шунингдек, озарбайжонларда "кирва" (мусулмон чўқинтирган отага ўхшаш) бўлгани, унда яқин арманни қабул қилиш шараф бўлганини кам одам эслайди. Тадқиқотчилар Самедов ва Григорянга кўра, ҳар икки томон ўз маданиятида бир-бирининг "ёвуз, айёр ва мулоқотга ноқобил" қиёфасини шакллантирмоқда.
Озарбайжонда бир пайтлар машҳур бўлган ANS телеканали йиллар давомида "Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи ишғол қилинган" (гарчи бор-йўғи 13,6 фоизи ишғол қилинган бўлса да) ибораси билан янгиликларни бошлаб, "жаҳон ҳамжамияти бунга ҳамон тоқат қилмоқда" дерди. Мен болалигимдан бу иборага ўрганиб қолганман, у билан ўсганман ва бошқа болалар қатори жаҳон ҳамжамиятининг бундай масъулиятсизлигидан ғазабланганман.
Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Лиссабонда бўлиб ўтган учрашувда Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари Қорабоғ Озарбайжон таркибида қолади, лекин кенг мухторият олиб, халқлар биргаликда яшаши ҳақида қарор қабул қилганди. Ўшанда натижалардан ҳамма ҳам хурсанд бўлмаган - ўша ANS телеканалидаги машҳур шоуда улар "Лиссабон саммити бизни алдаяпти/Биз душман билан ярашишга муносиб эмас эдик/ Авлодлар бизга тупуради" деб қўшиқ куйлашди.
Озарбайжонда уруш бошланганидан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, у ҳақидаги янги қўшиқлар пайдо бўлишда давом этмоқда, уларда Туркия ва Озарбайжон президентлари Арманистон бош вазирини қандай масхара қилганию, сўнгги урушда дрон ҳужумлари акс этган клиплар қўйилади.
2020 йили 44 кун давом этган бу урушда Озарбайжон Қорабоғнинг бир қисмини ва унинг атрофидаги 1990 йиллардан бери арманлар ишғоли остида бўлган етти вилоятни қайтариб олди. Ўнлаб йиллар давомида вайронага айланган бу ҳудудларда энди янги аэропортлар, йўллар, шаҳарлар қурилиши кенг кўламда давом этмоқда. Миналардан тозалаш ишлари олиб борилмоқда, озарбайжонлик қочқинлар ва уларнинг авлодлари аста-секин бу ерларга қайтмоқда.
Бунга параллель равишда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида чегарани белгилаш бўйича оғир музокаралар олиб борилмоқда, томонлар тинчлик шартномаси бўйича вариантларини алишмоқда. Аммо чегарада ва Қорабоғнинг ўзидаги тўқнашувларда одамлар ҳозир ҳам ўляпти.
Арманистон Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволаридан воз кечди, бироқ Боку Қорабоғ арманлари билан тўғридан-тўғри музокараларни энди бошламоқда. Айни пайтда Қорабоғнинг ўзи (тинчлик шартномаси шартларига кўра, Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида бўлган қисми) уч ойдан бери қуршовда яшамоқда. Ўшандан бери ўзини экологик фаоллар деб атаган бир гуруҳ озарбайжонликлар ҳудудни Арманистон билан боғловчи ягона йўлни тўсиб қўйган.
Урушда ғалаба қозонган Озарбайжон Қорабоғ арманларига мухторият таклиф қилмади ва Президент Илҳом Алиев Озарбайжон фуқаролигини олишни истамаганлар ҳудудни тарк этиши мумкинлигини айтди.
Мамлакат ичида эса Озарбайжон ғалаба мавзусидан фойдаланишда давом этмоқда - ўтган йил расман Шуша йили деб эълон қилинган эди. "Шуша муқаддас шаҳар, деярли ўзимизнинг Маккамиз эканлиги, буларнинг барчаси [одамлар онгига] сингмоқда", дейди Қорабоғ уруши бўйича эксперт Шоҳин Ризаев.

2007 йилда Тбилисида айланиб юрган арман танишим менга бармоқларини қўллари устига ёйиб, мажозий маънода масаланинг моҳиятини тушунтирганди: "Биз арманлар дарахтга ўхшаймиз, - деди у қўлларини кўрсатиб, - Шуша новда, новдани ситиб олиб бўлмайди, чунки мен ўламан."
У яхши, меҳрибон қиз, лекин у озарбайжонларни ёқтирмайди ва биз илгари қандай яшаганимизни тасаввур қила олмайди. Унинг учун мен бошқалар каби эмас, яхши озарбайжон эдим.
Айланиб юрганимизда холам қўнғироқ қилди; бир арман аёл билан юрганимни билгач, огоҳлантирди: "Эҳтиёт бўл, сени заҳарлайди".
Катта авлод бошқа замонлар ҳам бўлганини унутганга ўхшайди, кичиклар умуман кўрмаган. Холам ҳозир йўқ, дўстим эса мен билан гаплашмай қўйди.
Тасвирлар Маҳаррам Зейналовники.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















