Тоғли Қорабоғда жанглар яна бошланди Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY
Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ учун кечган урушдан икки йил ўтиб яна қуролли тўқнашувлар бошланган.
3 август куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги "Қасос" деб номланган махсус ҳарбий операцияси якунида Қорабоғдаги бир неча муҳим тепалик қўлга киритилганини эълон қилди.
Жанглар яна қайта бошланиб кетишида Озарбайжон Арманистонни айблайди.
Озарбайжон расмийларига кўра, 3 август тонгида Лочин туманида Озари ҳарбийлари мавқеъси ҳужумга тутилган, оқибатда бир Озарбайжон ҳарбийси ҳалок бўлган.
Озарбайжон томонига кўра, ўз ҳарбийларини Қорабоғ ҳудудидаги "ноқонуний Армани қуролли гуруҳлари аъзолари" ҳужумга тутганлар.
Ҳужумга жавобан Озарбайжон "Қасос" амалиётини бошлаган, ҳарбий операция доирасида Қорабоғдаги Кичик Кавказ тоғ тизмасидаги Қирққиз, Сари Бобо ва қатор муҳим тепаликлар назоратга олинди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги.
Икки томон ҳам бир-бирини 2020 йил охирида эришилган тинчлик битимини бузишда айблайдилар.
Расмий Боку, Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш борасидаги уч томонлама келишувни Ереван бузди, дейди.
"Озарбайжон ҳудудида рўй берган ҳодиса учун барча масъулият шу вақтгача қўшни давлат ҳудудидан ноқонуний Армани қуролли гуруҳларини олиб чиқиб кетишни таъминламаган Арманистоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбариятида ", - деган баёнотни тарқатди Озарбайжон Мудофаа вазирлиги.
Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди тўла демилитаризация қилинишини талаб қилиб келади.
Россия, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги келишув бўйича Тоғли Қорабоғдан барча қуролли кучлар олиб чиқиб кетилиши, Тоғли Қорабоғ назорати Россиянинг тинчликни таъминлаш кучлари назоратига ўтиши кўзда тутилган эди.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Озарбайжонни уч томнлама битимни бузишдай айблайди.
Арманистон ТИВ баёнотида айтилишича, "Арманистон томонининг минтақада барқарорлик ва тинчликка эришиш қадамларига қарамасдан, Озарбайжон олдиндан режалаштирилган Тоғли Қ8орабоғ аҳолисини қўрқитиш, у ерни этник тозалаш ва Тоғли Қорабоғни "ўрмалаб борувчи босқини" сиёсатини давом эттираяпти".
3 август куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти Араик Арутюнян 3 август куни қисман ҳарбий мобилизация фармонини имзолади.
Тан олинмаган республика мудофаа вазирлиги Озарбайжон дрони ҳужуми оқибатида икки ҳарбийси ҳалок бўлгани, 14 нафари жароҳатлангани ҳақида хабар тарқатди.
Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, Озарбайжон қуролли кучлари ўт очишни тўхтатиш келишувини бузган ва "Россия тинчликни таъминлаш кучлари қўмондонлиги Озарбайжон ва Арманистон томонлари билан ҳамкорликда вазиятни тинчлантириш чораларини кўраяпти".
Европа Иттифоқи Тоғли Қорабоғда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва музокараларни қайта тиклаш чақириғи билан чиқди.
Тоғли Қорабоғ учун уруш 2020 йил ёзида бошланди.
27 сентябрдан 9 ноябргача Озарбайжон ва Арманистон ҳудуд учун жанг қилдилар.
Уруш оқибатида 6,5 минг киши ҳалок бўлди.
Озарбайжон 1990 йиллардаги уруш даврида йўқотган ўз ҳудудлари ва Тоғли Қорабоғнинг айрим ҳудудларини ўз назоратига киритди.
Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишилди, ўртага Россия тинчликни таъминлаш учлари киритилди.
Бироқ минтақада таранглик ҳамон сақланиб қолаяпти.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















