"Ақлли қишлоқлар": Озарбайжон Қорабоғдаги қайтариб олинган ерларда нима қилмоқчи? Янгиликлар, дунё

Строительство Агалы

Сурат манбаси, Gavriil Grigorov/TASS

    • Author, Магеррам Зейналов
    • Role, Би-би-си, Боку

Озарбайжон Арманистондан тортиб олган ҳудудларини қайта тиклашни "катта қайтариш" деб атайди: у ерда йўллар барпо этаяпти, коммуникация тортаяпти, кеча мина майдони бўлган жойда аэропорт қураяпти. Биринчи Қорабоғ уруши қочқинларига "ақлли қишлоқ"ларга қайтиш таклиф қилинаяпти. Барпо этилган илк ақлли қишлоқларнинг фото суратлари мутахассисларда катта таассурот уйғотгани йўқ, ким қайси пулга қурилиш қилаётганини аниқлаш осон эмас, одамлар эса ён-атрофдаги 30 километр фақат вайронадан иборат бўлган жойларга кўчиб ўтишдан чўчимоқдалар.

"У ерда Озарбайжонда камдан-кам учрайдиган булоқлар бор эди, ҳозир кимдан уларни сўрасангиз, ҳамма ўша булоқларни аниқ эслаб қолган. Совет даврида "Москва" колхози бўларди, қишлоқда деярли ҳамманинг икки қаватли уйи, унга ёндош гектар-гектар мевали боғлар бўларди".

Вугар Каримли туғилиб ўсган қишлоғини шундай таърифлайди. У 50 ёшда, Арманистон билан чегарадош тоғлар оралиғидаги водийдаги бир хил номдаги учта озарбайжон қишлоқларидан бири - Ағалида туғилиб ўсган. Бир оз шимолда Тоғли Қорабоғ, бир неча километр жанубда Эрон билан табиий чегарани белгиловчи Аракс дарёси ўтган. 1993 йилнинг кузида Вугарлар оиласи урушдан қочиб шу дарёдан ўтишганди.

Вугарнинг онаси мактаб ўқитувчиси, отаси эса Арманистонга олиб борувчи темир йўлда механик бўлиб ишлаган. Урушдан кейин йўл ёпилган, ташландиқ ерлар орқали ўтган рельслар занглаб кетган.

Бу жойларда қиш Кавказ стандартлари бўйича совуқ, қор баъзан апрелгача қолади. Вугар билан чанғи ясаб, ён бағирларда сайр қилган икки болалик дўсти фронтда ҳалок бўлган.

Фотография из архива Вугара

Сурат манбаси, Vuqar Karimli

Вугар Керимли

Сурат манбаси, Vuqar Karimli

"Ўша пайтдаги бир нималарни эслаб қоласиз, кейин буларнинг ҳаммаси - на болалик, на қишлоғимиз энди йўқлигини тушинасиз".

2020 йилнинг кузида, Озарбайжоннинг янги Қорабоғ урушидаги ғалабасидан сўнг, кўп йиллар ўтиб, биринчи марта Вугар ўз ватанига қайтиш имконига эга бўлди.

Қайтиш умидида

Вугар 1990 йилда Ағалини тарк этиб, Бокуга ўқишга кетди. Бир неча ой ўтгач, Арманистон билан уруш кетаётганини билди, ҳали партизан уруши эди, институтни ташлаб, кўнгилли сифатида рўйхатдан ўтди. 1992 йилда кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кўп ўтмай, Вугар Шушага келди ва у қўлдан кетгач, Фузулийдаги ўз-ўзини мудофаа отрядида хизмат қилди.

У ерда, 1993 йил кузида Вугар ўзининг туғилиб ўсган қишлоғи босиб олинганини ва Эрон орқали қочган оиласи Озарбайжоннинг хавфсиз ҳудудига кўчиб ўтганини билди.

Урушдан кейин оиласи Бокудаги амакисининг бир хонали квартирасига жойлашди: "Бу оломоннинг ҳаммаси бир хонали квартирада яшар эди. Биз, кексалар ва болалар унинг квартирасида 15-20 га яқин одам бўлиб кетдик".

Кейин Вугарнинг ота-онаси ётоқхонадан хона олиб, беш кишилик оила у ерга кўчиб ўтди: "Йиллар давомида иш қидириб, торгина ерда яшадик. Катта уйларга, қишлоқ жойларига ўрганиб қолган одамлар гугурт қутисига ўхшаш хоналарда ўтиришарди. "

Бокуда Вугар уйланди ва фарзандларига Ағали ҳақида гапириб берди - болалари ҳеч қачон у ерларни кўрмаган, лекин бир кун, албатта боришади.

1990 йиллардаги қуролли тўқнашув 500 мингга яқин Озарини ўз уйини ташлаб кетишга мажбур қилди. 2020 йилдаги иккинчи уруш натижаларини Озарбайжон ҳукумати "буюк қайтиш" деб атамоқда.

"10 ноябрга ўтар кечаси оилам мени уйғотиб, уруш тугагани, президент чиқиш қилишини айтди, - дейди Вугар. - Албатта, қишлоғимизга қайтиб, уни қайта қуришимизни билардим. Мен бунга 100 фоиз аминман. Лекин, албатта, бу тез битадиган иш эмаслигини ҳам биламан".

Вугар Керимли
Сурат тагсўзи, "Баъзан тушимда булоғимизга бориб сув ича бошлайман. Ичавераман-ичавераман, ҳеч қонмайман", - дейди Вугар

Биринчи урушда Арманистон томонидан босиб олинган Тоғли Қорабоғнинг бир қисми ва унга туташ етти вилоят Озарбайжон назоратига қайтди. Бу 100 минг квадрат километрга яқин ҳудудда 700 га яқин аҳоли пунктларидир.

Кўп ерлар ҳали миналардан тозаланмаган, бироқ Озарбайжон ҳукумати деярли дарҳол йўллар қуриш, алоқа, уяли алоқа ва интернетни ўрнатишни бошлади. Сулҳ имзоланганидан бир йил ўтмай, собиқ миналанган майдонлар ўртасида мамлакатнинг сертификатланган етти халқаро аэропортидан бири бўлган Фузулий аэропорти очилди.

Президент Илҳом Алиевнинг фармонига кўра, вайроналардан "ақлли қишлоқ"га "катта қайтишини" Вугарнинг жонажон қишлоғи Ағалидан бошлашга қарор қилинди.

"Ақлли қишлоқлар"ми ёки субсидияланган ҳудуд?

Президентнинг 2021 йил апрель ойида имзоланган «ақлли» шаҳар ва қишлоқлар тўғрисидаги йўриқномасида Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудлар тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса да, сўнгги бир йилда бу лойиҳалар яқинда эгалланган ерлар билан боғлиқ ҳолда муҳокама қилинди.

Лойиҳалар бир вақтнинг ўзида бир нечта бошқармалар томонидан назорат қилинади: Бандлик давлат агентлиги, Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги режасига кўра, 110 гектар майдонда 200 та "экологик уй", 360 ўринли мактаб, болалар боғчаси, велосипед йўлаклари қурилди.

"Барча турар-жой бинолари, ижтимоий соҳа объектлари, маъмурий бинолар, умумий овқатланиш жойлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш муқобил энергия манбалари билан таъминланади, - деди Қишлоқ хўжалиги вазири Ином Каримов.

AzerTag давлат ахборот агентлиги сайтидаги тақдимотда "экологик иситиш тизими", ақлли ёритиш тизими ва чиқиндиларни бошқариш ҳақида ҳам сўз борди.

27 май куни Президент рафиқаси билан Ағалига ташриф буюрган бўлса, 18 июнь куни қишлоққа хорижлик сайёҳлар олиб келинди.

Президент Алиев рафиқаси билан Ағали қишлоғига ташриф буюрди

Сурат манбаси, Azertag

Сурат тагсўзи, Президент Алиев рафиқаси билан Ағали қишлоғига ташриф буюрди

"XXI асрда янги архитектура, замонавий коттежлар яратилиши керак. Бу биноларнинг ташқи кўринишининг ўзи уларнинг "ақлли қишлоқ" эканига шубҳа уйғотади", дейди таниқли озарбайжон архитектори Элчин Алиев лойиҳани танқид қилиб.

У халқаро маънода «ақлли» аҳоли пункти XXI асрда одамлар ҳаётини яхшилаш учун тўлиқ автоматлаштирилган экотизим, жумладан, сув ва электр таъминотини автоматлаштириш, ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, "ҳаётни осонлаштирадиган кўплаб электрон инновациялар" эканлигига эътибор қаратади.

Шу йил "ақлли шаҳарлар" халқаро рейтингини тузадиган Juniper Research ташкилоти рўйхатида Шанхай етакчилик қилди.

Шанхай

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шанхай

"AS Group (Ағали қурилишида иштирок этган компания - Би-би-си) шуни кўрсатмоқда, бу қуёш панеллари, бу пластик рамкалар 20 йил аввалги. Бунда ақлли нарсанинг ўзи йўқ", деб ҳисоблайди Элчин Алиев.

"Ҳозир у ерда қурилаётган нарса меҳмонхонага ўхшайди," дейди Вугар қурилиш жойидан олинган суратларни варақлаб.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг режасига кўра, қишлоқда 250 бош қорамол ва 600 бош майда қорамол боқиш мумкин, бироқ кўчишга масъул мутасаддилар Вугарга сигир ва бошқа чорва учун қўралар қишлоқдан ташқарида жойлаштирилишини айтишди. Аввалги вақтларда бўлгани каби уй яқинида қорамол боқиш мумкин эмас.

Вугар сигир соғиш учун бир километр пиёда юриш ноқулай бўлишидан нолийди. "Агар мен у ерда шаҳарча турмуш кечирсам, Бокудан кўчиб нима қиламан?"

Вугарни энг кўп хавотирга солаётгани у ерга кўчганларнинг иш топа олмаслигидир: "Бошқа жойларда [Озарбайжонда] тайёр майдонлар бор, бошқа қишлоқ ва шаҳарлар атрофида ишлаш учун бориладиган жойлар бор. Бу еда ҳеч нарса йўқ."

Дарҳақиқат, атрофда километрлаб масофада бирорта ҳам шаҳар йўқ ва одамлар ўттиз йилдирки бу ерларда яшамаган. "Совет даврида у ерда одамларнинг баъзилари колхозда, баъзилари эса туманнинг бошқа жойларида ишлаган, - дейди Вугар, - у ерда ишлаб чиқариш ташкил этиш керак.

Агдам шаҳри

Сурат манбаси, Azertag

Сурат тагсўзи, Қорабоғ атрофидаги шаҳарлар вайроналарга айланган

Расмийлар қишлоқнинг ўзида Барқарор ва оператив ижтимоий таъминот агентлигининг филиали фаолият юритишини ваъда қилмоқда, бу бошқа нарсалар қаторида одамларга иш топишда ва кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда ёрдам бериши керак. У ерда "бир дарча" тамойили асосида ишлайдиган Озарбайжон давлат хизматлари агентлиги - ASAN филиали ҳам очилиши керак.

Иқтисодчи Нотиқ Жафарлининг фикрича, Ағали ва бошқа қайта эгалланган аҳоли пунктлари фақат давлат хизматчилари яшайдиган субсидияли жой бўлиб қолиш учун барча имкониятлар мавжуд. "Аммо бюджет узоқ вақт бунга бардош бера олмайди, бизга инвесторлар учун жозибадор бўлган қизиқарли лойиҳалар керак", дейди у.

Унинг фикрича, университетларни Бокудан кўчириш яхши вариант - бу пойтахтни бўшатади ва талабалар ортидан бизнесни ҳам ҳудудга жалб қилади. "Яна бир масала - саноат таркибидир. У ерда қандай корхоналар ташкил этилиши керак, ҳар бир жой нимага ихтисослашишини ҳудуд салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш керак".

Қайтарилган ҳудудлардаги иш ўринлари ҳақида гапирганда, ҳукумат кўпинча қишлоқ хўжалигини эслатади. Ағалида агропарк барпо этилган бўлиб, Президент Алиев қишлоқнинг бўлажак аҳолиси билан учрашувда бу йил ушбу агропаркда биринчи ҳосил йиғиб олинишини айтди.

"Аммо уйини ташлаб кетганларнинг 30 ёшга тўлган болалари бор, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишга кўникмаси йўқ, - дейди Жафарли.- Кимдир қалбажарлик бўлса, бу сигир соғишни билади, дегани эмас, эҳтимол у буни ҳаётида ҳеч қачон кўрмагандир."

"Тез пул топиш ва қочиш"

Ўтган декабрь ойида ижтимоий тармоқларда Ағалидаги қурилиш майдончасида ишлаётганини даъво қилган икки эркак уч ойдан бери маош олмаганидан шикоят қилган видео тарқалди. Улардан бири "200-300 ишчи" ана шу аҳаолда эканлигини айтди. "Биз бу ерга томоша учун эмас, оиламизни боқиш учун келдик", деди иккинчиси.

Ишчилар совуқ мавсумда яшаш шароити ёмонлигидан шикоят қилиб, расмий шартнома ҳам йўқлигини даъво қилишди.

Видеодаги ишчилардан бири Сеймур (исми ўз илтимосига кўра ўзгартирилган) Би би сига иш ҳақида ижтимоий тармоқлардан билганини айтди: "Facebook, ё Tik Tok. Қурилишда ишлашни истайсизми деган эълон бор эди. Менинг ўн кишидан иборат жамоам бор эди, уларни йиғиб ўша ерга бордик".

Унинг сўзларига кўра, шартлар аҳамиятсиз эди: "Антисанитар шароит, коронавирус инфекцияси кўпайган вақтда ишладик. Қишда биз бетон полли ғордек бир жойда яшадик."

Ағалидаги қурилиш, 2021 йил июли.

Сурат манбаси, Gavriil Grigorov/TASS

Сурат тагсўзи, Ағалидаги қурилиш, 2021 йил июли.

Умуман олганда, у Ағалидаги "ақлли қишлоқ" қурилишига етти ой ишлаган. "Бизга фақат биринчи ойда муаммосиз маош беришди, - дейди Сеймур. - Кейин қийинчиликлар бошланди - қолганлари тўланишини кутдик".

Шу билан бирга, у қурилишни ташлаб кета олмасди. "Объектга бориш учун бешта назорат пунктидан ўтардик. Агар объектни ташлаб кетсангиз, қайтиб келмайсиз ва пул ҳам олмайсиз".

Ағалидаги "ақлли қишлоқ" лойиҳаси ижрочиси AS Group Investment ҳисобланади.

Компания вакили AbzasMedia нашрига берган интервьюсида лойиҳа буюртмачиси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эканлигини ва лойиҳа давлат томонидан молиялаштирилишини айтди.

Шу билан бирга, давлат тендерлари веб-сайтида ушбу компания ютган тендерлар ҳақида маълумот йўқ, лекин ўтган йили унга қарашли As İnşaat MMC томонидан ютиб олинган - Россия билан чегара яқинида божхона пости қуриш учун тендер бор. Лойиҳа 5,4 миллион доллар миқдорида. AS Group Investment'нинг СТИРи солиқ департаментининг маълумотлар базасида ҳам, компаниянинг веб-сайтида ҳам мавжуд эмас. Худди шу тендер сайтида Ағали қишлоғи бор-йўғи икки марта тилга олинган, аммо булар ҳам шифохонага тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш ва қишлоққа электр тармоқларини ётқизиш бўйича тендерларда ғолиб чиққан бошқа компаниялар билан боғлиқ.

Бу компания Шаҳин Мовсумовга тегишлидир. Матбуотга кўра, у президент ёрдамчиси Шаҳмар Мовсумовнинг укаси ва Озарбайжон камондан отиш федерацияси раҳбаридир. Бунақа лавозимлар одатда амалдорларга юкланади.

"Смарт қишлоқ"даги уйнинг ички кўриниши

Сурат манбаси, Axertag

Сурат тагсўзи, "Смарт қишлоқ"даги уйнинг ички кўриниши

Ақлли қишлоқ лойиҳаси AS Group Investment веб-сайтида тилга олинмаган, ваҳоланки у ерда компаниянинг бошқа ишлари, масалан, қочқинлар уйлари ва пойтахт чеккасидаги Олимпия маркази қурилиши санаб ўтилган (Озарбайжонда бир нечта спорт майдончалари Олимпия деб номланган, гарчи мамлакат ҳеч қачон бу ўйинларга мезбонлик қилмаган бўлса ҳам).

AS Group Investment изоҳ сўровига жавоб бермади. Би-би-си сўровни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва солиқ идорасига масъул бўлган Иқтисодиёт вазирлигига ҳам юборган, аммо жавоб олгани йўқ.

Сеймурнинг сўзларига кўра, уларнинг маошлари охир-оқибат видеоси оммага эълон қилинганидан кейин тўланган. Унинг ўзи энди у ерда ишламаяпти, лекин бошқа таниш ишчиларга сўзларига таяниб, шароит яхшиланганини айтади.

Ағали

Сурат манбаси, Azertag

Сурат тагсўзи, Архитекторнинг айтишича, фақат қуёш батаерясининг панели қишлоқни "ақлли"га айлантирмайди

Иқтисодчи Нотиқ Жафарли жараённинг шаффоф эмаслиги ва тендерлар ҳақида маълумот йўқлигидан ажабланмайди. "Озарбайжон шу маънода идеал мамлакат, у ерда хорижликлар хоҳлаганича ишлайди. Кимдир қуради, бошқалари ақлли шаҳар учун ускуналар етказиб беради, улар учун тез пул топиш ва кетиш осон бизнес".

Шу билан бирга, иш ҳақининг кечикиши, унинг сўзларига кўра, кўпроқ бюрократия билан боғлиқ бўлиши мумкин. "Молия вазирлиги харажатларни аниқласа да, Вазирлар Маҳкамаси буларнинг барчасини тасдиқласа, мана шу қоғозбозлик, февраль охири ёки март ойининг бошидан икки-уч ой кечикиш билан лойиҳа пулларини тўлай бошлашади.

Жафарли таъкидлаган яна бир муаммо - бюджет тафсилотлари йўқлиги. 2021-22 йилларда қайтарилган ҳудудларни тиклаш учун давлат бюджетидан 1,3 миллиард доллардан маблағ ажратилган, бироқ Озарбайжондаги инфратузилма лойиҳаларида бўлгани каби, бу маблағ айнан нимага йўналтирилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. "Бу ҳарбий харажатлар эмаски, яширсангиз, шаффофлик бўлиши керак", дейди иқтисодчи.

"Агар бу бюджет пули эмас, сармоя бўлганида, ташвишланишга ҳожат йўқ, - дейди у. - Ва бу ерда гап икки йил ичида 4,4 миллиард манат ҳақида кетмоқда, шунинг учун ҳар қандай фуқаро шаффофликни талаб қилишга ҳақли.»

Қочқинлар яшайдиган Бокудаги ётоқхона
Сурат тагсўзи, Ағалига биринчи бўлиб Бокудаги мана бу ётоқхона яшовчиларини кўчиришмоқчи

Биринчи уруш туфайли кетишга мажбур бўлганларга қайтарилган ҳудудларга кўчиб ўтиш таклиф этилмоқда - давлат кўчириш харажатларини тўлайди. Гап, биринчи навбатда, ҳозир энг оғир шароитда яшаётганлар ҳақида кетмоқда, дейди Би-би-сига Қочоқлар ва ички кўчирилганлар билан ишлаш давлат қўмитасида. Бундан 30 йил аввал уйини ташлаб кетишга мажбур бўлганларнинг баъзилари ҳали ҳам вайронага айланган совет даврида қурилган ётоқхоналарда яшамоқда

Давлат қўмитаси ички кўчирилганлар ўртасида сўров ўтказди ва унинг маълумотларига кўра, кўпчилик қайтарилган ҳудудларга кўчиб ўтишга тарафдор бўлган. Вугар ҳам кўчиб ўтишга тайёрлигини билдирди, лекин имтиёзли гуруҳларга кирмади.

2021 йил сентябрь ойида Президент Алиев Ағалидаги қурилиш йил охиригача якунланиши кераклигини айтди, аммо иш 2022 йилда давом этди. Жорий йилнинг май ойида Қочқинлар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси иш ниҳоясига етгани, биринчи аҳоли июнь ойида келиши кераклигини айтди. Ҳозирча бу амалга ошгани йўқ.

Бошқа қочқинлар

Қайсидир маънода Вугарнинг омади келди: эртами-кечми унга ўхшаган одамлар - арманлар босиб олган ва кейин Озарбайжон қайтариб олган Қорабоғ атрофидаги ҳудудларга қочқинлар қайтишлари мумкин бўлади.

Аммо Тоғли Қорабоғ учун уруш можаронинг ҳар икки томонидаги одамларни кўчирди. Биринчи уруш қочқинлари Боку ва Озарбайжоннинг бошқа шаҳарларини тарк этган 350 мингдан ортиқ Арманлар, шунингдек, Арманистон ССРни тарк этишга мажбур бўлган 200 мингга яқин Озарилардир.

Уларнинг қайтишига умид жуда кам.

2020 йил кузидаги янги уруш Қорабоғ Арманларини қочқинга айлантирди. Урушдаги мағлубият Арманистонда ҳукуматга қарши кўплаб намойишлар билан кутиб олинди - намойишчилар ўз ҳукуматини хиёнатда айбладилар.

Протесты в Ереване, июнь 2022 г.

Сурат манбаси, Reuters

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ҳали ҳам расмий дипломатик алоқалар йўқ, Россия тинчликпарвар кучлари Қорабоғда жойлашган, тўқнашув чизиғи бўйлаб отишмалар ҳамон давом этмоқда.

Россиянинг Украинага бостириб кириши билан музокаралар жараёни тезлашди: апрель ойида Президент Илҳом Алиев Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель воситачилигида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Натижада, раҳбарлар ташқи ишлар вазирларига тинчлик шартномаси устида ишлашни бошлашни топширди.

Музокаралар якунида Алиев "Арманистон Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволаридан воз кечади", деди. Пашинян парламентда ўзини шундай тушунтиришга тўғри келди: "Агар ўтмишда биз хавфсизлик ва ҳуқуқ кафолатларидан келиб чиқиб, Қорабоғ мақомини белгилаган бўлсак, ҳозир биз бу мақом масаласидан келиб чиқиб, хавфсизлик ва ҳуқуқ кафолатларини белгилаймиз."

Шушани қайта тиклаш

Сурат манбаси, Anadolu Agency

Сурат тагсўзи, Иккинчи Қорабоғ уруши пайти Озарбайжон Шуша - "Қорабоғ таянч"ини қўлга киритди. Энди у ерни қайта тиклаш талаб қилинади

Арманистон расмийларининг қўшни билан муносабатларга янгича ёндашувининг манифестига айланган ушбу нутқда у ўзининг аввалги позициясини хато деб атади ва аввалроқ ён беришларга рози бўлмаганидан афсусда эканлигини билдирди. Энди "тинчлик дастурининг биз учун бошқа муқобили йўқ", деди Пашинян.

Ўша пайтдан бери Арманистонда кўча намойишлари тинмаган - мухолифат Озарбайжонга ён беришдан норози ва бош вазирнинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Қорабоғнинг ўзида - унинг 2020 йил ноябридан бери Россия тинчликпарвар кучлари назоратида бўлган ўша қисмида - 120 мингга яқин Армани ҳамон истиқомат қилади.

Озарбайжон, ўтган йили мамлакат ҳудудий бўлинишини ўзгартирди, Қорабоғ ва унинг атрофидаги вилоятлар ҳудудини ўзгартириб, "Тоғли Қорабоғ" тушунчасини бекор қилди.

Эндиликда бу ҳудудлар икки маъмурий бирликка - Қорабоғ ва Шарқий Зангезурга бўлинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek