Озарбайжон, Тоғли Қорабоғ: "Зафар паради" ва Россиянинг помидор "уруши"- видео, Ўзбекистон ва дунё, Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонники ортидан, Россия Озарбайжоннинг помидорига ҳам тақиқ қўйди. Россиянинг тақиқи Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги ғалабасини расман байрам қилган бир кунда - бугун кучга киради.
Парад Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ урушидаги ғалабасига бағишланди.
Пойтахт Бокунинг "Озодлик" майдонидаги "Зафар паради"да Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Туркия ва Озарбайжон расмийлари, Озарбайжон Қуролли Кучлари ҳарбийлари қатнашдилар.
Парад бошланишида Озарбайжон ва Туркия давлат гимнлари ижро этилди, ўз нутқини бошлашдан олдин Президент Илҳом Алиев Қорабоғ урушида ҳалок бўлганлар хотирасига бир дақиқа сукут эълон қилди.
Озарбайжонда "Иккинчи Қорабоғ муҳорабаси" деб ном берилган уруш 2020 йил 27 сентябрида бошланиб 44 кун давом этди:
Тоғли Қорабоғ: Озарбайжон ғалаба паради ўтказди - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Айрим таҳлилчиларга кўра, Россия ўзининг яқин иттифоқчиси Арманистон билан урушган Озарбайжонга шу тариқа жавоб бермоқчи.
Расмий Москванинг Озарбайжон помидорига оид янги баёноти олти ҳафталик Тоғли Қорабоғ уруши тугашидан саноқли ҳафталар ўтиб бўй кўрсатди.
Россия сўнгги ҳафталарда Ўзбекистоннинг қатор қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳам ўз ҳудудига киришини тақиқлаган.
Аввал Фарғона, сўнгра Навоий ва Қашқадарёда етиштирилган қалампир ва помидор маҳсулотлари Россия тақиқи остига тушган.
Орада Россия бир тонна Фарғона туршагини ўз ҳудудига киритмаслигини ҳам айтган.
Россия томони бунинг сабабини қуритилган мева-сабазавотларда ўзларида тақиқланган айрим ўсимлик вируси ва зараркунандаси топилгани билан изоҳлаган.
Орада ҳар икки томон ўртасида музокаралар ҳам кечган, расмий Тошкент бекор қилинганини айтишидан саноқли кунлар ўтиб, Россия Фарғонадан бутун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортини тақиқлаб қўйганига оид расмий хабар олинган.

Сурат манбаси, official
Бу янгилик, бошқа томондан, Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг Вашингтонга муваффақиятли якунлангани кўрилган амалий ташрифи ва АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан телефон мулоқотидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатган.
Ҳар икки воқеълик ҳам расмий Вашингтоннинг Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини дастаклашига оид такрорий таъкидлари билан кечган, худди шу жиҳати билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.
Аммо худди шу кунларда Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи бўлишга оид расмий аризасининг ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон мисолида бу - босим эмас, сигналдир.
"Бу психологик босим. Россия қачон ўзининг таъсир ричагларини тўлақонли ишга соладиган ва бу орқали вазиятни жиддий чайқашга ҳаракат қиладиган бўлса, жиддий босим бўлади. Оҳиста сигналларнинг юборилиши Россия ўзининг у ёки бу лойиҳаси, мақсадларини амалга ошириш учун сигналлар дейиш мумкин, холос", - деди Камолиддин Раббимов Россиянинг тақиқлари манзарасида Би-би-си Ўзбек хизматига берган суҳбатида.
Озарбайжон помидори

Сурат манбаси, Getty Images
Хабарларга кўра, Россия "пестицидлар" боис, Озарбайжон помидори импортини тақиқлаган.
Помидор Озарбайжоннинг Россияга иккинчи йирик экспорт маҳсулоти бўлади.
Эмбарго "Россиянинг Озарбайжоннинг Ғалаба парадига жавобидир", дейди Озарбайжоннинг Боку Иқтисодий тадқиқотлар марказининг сиёсатшуноси Губад Ибадоғлу "Франс-Пресс" ахборот агентлигига.
Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Россельхознадзор) таъкидлашича, Озарбайжондан яқинда келган маҳсулотларда хавфли модда аниқланган.
"Пестицидларнинг Россия ҳудудига кириб келиши ва ёйилишига йўл қўймаслик учун тақиққа қўл уришга мажбур бўлишган".
Помидорлар Озарбайжон Россияга етказиб бераётган мева-сабзавотларнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади.
Яқин иттифоқчи сифатида кўрилган томонлар ўртасида янги тақиқ юзасидан бирор бир музокара кечган-кечмагани ҳозирча маълум эмас.
Россия томони ўзининг тақиқи қанчага чўзилиши ва унинг бекор қилиниш шартларига ҳам ҳалича ойдинлик киритмаган.
Озарбайжон ҳам худди Ўзбекистон каби ўз вақтида Совет Иттифоқи таркибига кирган.
Ўзбекистон билан бир пайтда - 1991 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган.
Аммо Россия Озарбайжон каби Ўзбекистоннинг ҳам энг муҳим ва йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб келади.
Озарбайжон Россияга энг кўп бензин сотади.
Россия Кавказда ҳам ўз қудратини бой бермоқчи эмас.
Аммо, айрим таҳлилчиларга кўра, айнан сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши собиқ империянинг ҳаддини кўрсатиб қўйган.

Сурат манбаси, official
Таҳлилчи Губад Ибадоғлунинг айтишича, Россия Арманистоннинг асосий қурол-яроғ таъминотчиси бўлиб келган.
"Худди шу боис ҳам, Озарбайжоннинг сўнгги Тоғли Қорабоғ урушида қўлга киритган қурол-яроғларини Ғалаба парадида намойиш этишини ўзи учун ҳақорат, деб кўриши мумкин".
Россия, расмий Москва сўнгги урушда ҳеч бир томоннинг ёнини олмаган, бетараф мавқеъда экандек кўринган.
Дастлабки муваққат ва охирги оташкесин битимига ҳам ўзи воситачилик қилган.
Аммо уруш билан кечган олти ҳафтада Арманистон Бош вазири билан тинимсиз мулоқотда эканини Россия президенти Владимир Путиннинг ўзи ҳам ошкора ва расман эътироф этган.
Туркия эса, сўнгги Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни очиқча дастаклаб келган.
Арманистон Бош вазири 10 ноябрь кунги тинчлик келишуви "ўзи ва халқи учун жуда оғриқли" эканини айтган.
Келишув доирасида Озарбайжон жанглар чоғида қайта қўлга киритган ҳудудларини ўз назорати остида сақлаб қолиши кўзда тутилган.
Арманистоннинг бир неча ҳафта ичида уларга ёндош ерлардан ҳам чиқиб кетиши лозимлиги таъкидланган.
Келишув шартларига кўра, Қорабоққа Россия тинчликни сақлаш кучлари киритилган, уруш ҳудудида беш йил қолишлари айтилган.
Агар, томонлардан бири битим тугашига олти ой қолганда ундан воз кечишни истамаса, бу муддат автоматик равишда беш йилга узаявериши келишилган.
Тоғли Қорабоғда Туркия-Россия қўшма маркази ташкил этилиши ҳам айтилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















