Озарбайжон: Тоғли Қорабоғ уруши бош айбдори ким ёки нима? Urush Dunyo Yangiliklar

Бомбардимонлардан шикастланган автомобиллар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Қорабоғдаги арманилар сўнгги жангларда "қаттиқ бомбардимонлар остида қолдик" дейишди

Озарбайжон бўлгинчи Қорабоғ ҳудудига ҳарбий амалиёт бошлаганини эълон қилди.

Ушбу ҳудуд халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжонники деб тан олинади, аммо уни 30 йилдирки, этник арманлар назорат қилади.

Тоғли Қорабоғ Жанубий Кавказнинг тоғли ҳудудларида жойлашган бўлиб, дунёнинг энг узоқ вақт можаро давом этаётган жойларидан биридир.

Алоқадор мавзулар:

Озарбайжон ва Арманистон 1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошида бу ҳудуд учун қонли уруш олиб борди ва бу яна зўравонликларни кучайтирди.

Можаронинг охирги йирик авж олиши 2020 йилда бўлди, ўшанда олти ҳафталик шиддатли жангларда минглаб одамлар ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув ва Россия тинчликпарвар кучларининг киритилиши ўша пайтда жангларни тўхтатган бўлса ҳам, сўнгги ҳарбий амалиёт олдидан кескинлик яна кучайди.

Охирги жангларга нима сабаб бўлди?

Озарбайжон 2022 йил декабрь ойида анклавга олиб борувчи муҳим йўлни тўсиб қўйганида яна зўравонликлар бошланишидан хавотир пайдо бўлди.

Лочин йўлаги Арманистон Республикасини Тоғли Қорабоғдаги 120 000 га яқин этник арманилар билан боғлайдиган ягона йўлдир.

Бу асосий таъминот артерияси бўлиб, тўсиб қўйилганидан сўнг Тоғли Қорабоғ аҳолиси сўнгги ойларда асосий озиқ-овқат ва дори-дармон ўткир танқислиги ҳақида хабар бердилар.

Озарбайжон Арманистонни ушбу йўлдан ҳарбий юк етказиб бериш учун фойдаланганликда айблади, бироқ Арманистон буни рад этди.

Кузатувчилар блокада пайтида Озарбайжон қўшинлари тўплангани ҳақида хабар беришди, бироқ Боку буни рад этди.

Сентябрь ойи ўрталарида Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг оз сонли гуманитар юк машиналарига Тоғли Қорабоққа Лочин йўлаги ва алоҳида Озарбайжондан Агдам йўли орқали киришга рухсат берилганида кескинлик юмшашига умид пайдо бўлганди.

Аммо бу транспорт алоқаларини, айниқса, Лочин йўлагини очиқ сақлаш кўп жиҳатдан 2020 йилдан буён ҳудудда жойлашган Россия тинчликпарвар кучлари ҳозирлигига боғлиқ эди.

Москванинг эътибори ва ҳарбий ресурслари Украина урушига йўналтирилди. Арманистон бош вазири яқинда Россия "минтақадан чиқиб кетаётганини" айтди.

Урушга нима сабаб бўлди?

Xarita

Замонавий Арманистон ва Озарбайжон 1920-йилларда Совет Иттифоқи таркибига кирди.

Тоғли Қорабоғ деб белгиланган ҳудудда этник арманилар кўпчиликни ташкил қилган, аммо Озарбайжон назоратида эди.

Тоғли Қорабоғ минтақавий парламенти 1980-йиллар охирида Совет Иттифоқи парчалана бошлаган пайтда Арманистонга қўшилиш учун овоз берди.

Озарбайжон сепаратистик ҳаракатни бостиришга ҳаракат қилди, Арманистон эса уни қўллаб-қувватлади.

Бу этник тўқнашувларга олиб келди. Арманистон ва Озарбайжон Москвадан мустақилликни эълон қилганидан кейин ўртада кенг кўламли уруш бошланди.

Хунрезлик ва азоб-уқубат йиллари бошланди.

Би-би-си Озарбайжон хизмати муҳаррири Конул Халилова юз минглаб этник озарбайжонлар Арманистондан ҳайдалиб, Озарбайжонда қочқинга айланганини эслайди.

Тоғли жойда автомат қуроли билан нишонга олаётган ҳарбий

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, 1990 йиллардаги урушда армани кучлари Озарбайжон қўшинларини Тоғли Қорабоғдан сиқиб чиқарган эдилар

1992 йил февраль ойида Тоғли Қорабоғ ҳудудида жойлашган Озарбайжоннинг Хўжали шаҳри аҳолиси Россия ҳарбийларининг қисман кўмагида арман қўшинлари томонидан ўлдирилган.

Озарбайжонга кўра, 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Арманистон эса ўлганлар сони бундан камлигини айтади.

Ўтган йиллар давомида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди ва бир миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этди. Ҳар икки томондан этник тозалаш ва қирғинлар содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Халилованинг айтишича, баъзида ҳар икки мамлакат ёшлари бу ваҳшийликлар ҳақида кам билишидан ҳайрон қолади.

Ҳеч ким арман ёшларига ўлдирилган озарбайжонлар ҳақида гапирмайди. Худди шундай, бугун Озари ёшлари 1980-йиллар охирида Озарбайжоннинг Сумгаит ва Боку каби шаҳарларида арман халқи погромлари ҳақида эшитмаган, дейди у.

Озарбайжон погромлар бўлганини рад қилади.

Биринчи Тоғли Қорабоғ уруши 1994 йилда Арманистон кучлари Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларда назорат ўрнатгач, Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш билан якунланган эди.

Келишувга кўра, Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибида қолди, бироқ ўшандан бери у асосан ўзини мустақил деб эълон қилган, бўлгинчи этник арманилар томонидан бошқариладиган бўлди.

2020 йилда нима юз берди?

Ўшандан бери вазият беқарор бўлиб, нисбатан тинч даврлар турли тўқнашувлар билан узилиб турар эди.

1990-йиллар бошидан бери энг катта ҳарбий қарама-қаршилик 2020 йил олти ҳафта давом этган шиддатли жангларда юз берди.

Озарбайжон ҳудудга эга бўлди ва 2020 йил ноябрида Россия воситачилигида эришилган тинчлик келишувига кўра, у 1994 йилдан бери Арманистонда бўлган Тоғли Қорабоғ атрофидаги барча ҳудудларни қайтариб олди.

Келишувга кўра, арман кучлари бу ҳудудларни тарк этишга мажбур бўлдилар ва шундан бери минтақанинг кичикроқ қисми билан чекланиб қолди.

Россия ва Туркиянинг роли

Йиллар давомида минтақавий кучлар можарода фаол иштирок этди.

НАТО аъзоси Туркия 1991 йилда Озарбайжон мустақиллигини тан олган биринчи давлат бўлган ва ўшандан бери мамлакатнинг содиқ тарафдори бўлиб келди.

Туркияда ишлаб чиқарилган Байрактар дронлари 2020 йилдаги жангларда ҳал қилувчи роль ўйнагани ва Озарбайжоннинг ғалабасига имкон бергани хабар қилинди.

Бошқа томондан, Арманистон Россия билан анъанавий яхши муносабатларга эга.

Арманистонда Россия ҳарбий базаси жойлашган бўлиб, ҳар икки давлат ҳам олти собиқ Совет давлатлари ҳарбий иттифоқи - Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (ОДКБ) аъзодир.

Аммо Никол Пашинян 2018 йилда ҳукуматга қарши кенг кўламли норозилик намойишларига бошчилик қилиб, Арманистон бош вазири бўлгач, Арманистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашди.

Яқинда у Арманистоннинг ягона хавфсизлик кафолати сифатида Россияга таяниши "стратегик хато" бўлганини айтди.

Шу ойда Арманистон АҚШ кучлари билан қўшма машғулотлар ўтказаётганини эълон қилди, Москва буни "нодўстона қадамлар" деб танқид қилди.

Президент Владимир Путин Арманистон Россия билан иттифоқини бузганини рад этди, бироқ Ереван Озарбайжоннинг Қорабоғ устидан суверенитетини "моҳиятан тан олганини" айтди.

"Агар Арманистоннинг ўзи Қорабоғ Озарбайжоннинг бир қисми эканлигини тан олиб турса, биз нима қила олардик?" деди у Владивостокдаги иқтисодий форумда.

Энди нима бўлади?

Мустақил кузатувчилар учун ҳудудга кириш ниҳоятда қийин ва ҳозирги ҳарбий амалиётлар миқёси ва улар қанча давом этиши номаълум.

Аниқ бўлган нарса, икки давлат ўртасидаги кескинлик сақланиб қолмоқда.

20 сентябрь куни тан олинмаган Қорабоғ армияси ўз қуролларини ташлаб, оғир ҳарбий техникаларини Қорабоғ ҳудудидан олиб чиқиб кетишга рози бўлгани ҳақида баёнот тарқатди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўтмишда бир неча бор керак бўлса, Қорабоғнинг барча ҳудудларини куч билан қайтариб олиш билан таҳдид қилган.

2019 йилда Пашинян Қорабоғнинг бош шаҳрида йиғилган этник арманларга "Арцах бу Арманистон, тамом", деб айтган эди. Арцах Тоғли Қорабоғнинг арманча номидир.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002