Янгиликлар, Украина уруши: Россия нима учун Арманистондан хафа? Dunyo Yangiliklar

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин

Сурат манбаси, Getty Images

Арманистон бош вазирининг Халқаро Жиноят суди (ХЖС)нинг Рим статутини ратификация қилишларини айтган куни россиялик сиёсатчи Россия собиқ СССР республикаларига уруш очиши мумкинлигини айтди. ХЖС Россия Президенти Владимир Путинни қамоққа олишга ордер берган.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян айтишича, ҳукумат мамлакат парламентига Халқаро Жиноят судининг Рим статутини ратификация қилишини сўраб нома юборган, бу нарса Арманистоннинг хавфсизлиги учун керак.

Пашинян ушбу қарор Арманистон ва Россия муносабатларига боғлиқ эмас деди.

Алоқадор мавзулар:

Хабар қилинишича, Арманистон ҳукумати парламентдан Рим статутини ратификация қилиш сўровини 1 сентябрь куни юборган.

8 сентябрь куни эса Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг Москвадаги элчиси Вагаршак Арутюнянни чақирган, Россиянинг Арманистоннинг "нодўстона қадамларидан" норозилиги изҳор этилган.

Нодўстона қадамлар сифатида Арманистон Рим статутини ратификация қилиш жараёнини бошлагани ва Арманистон бош вазирининг рафиқаси Киевга инсонпарварлик кўмагини олиб боргани ва Арманистон ҳудудида АҚШ билан қўшма ҳарбий машқлар ўтказишга қарор қилгани тилга олинган.

Protester in Trafalgar Square, London, 20 March 2022

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Лондондаги намойишчи Путинни Гаага судига тортишга чақирмоқда

13 сентябрь куни Россия Госдумаси депутати Евгений Фёдоров собиқ совет республикалари СССР таркибидан ноқонуний чиққанлар ва шунинг учун Россия улар билан "эртами-кеч низолашиши ёки урушиши" ҳақидаги баёнот билан чиқди.

"Фан назарияси нуқтаи-назаридан, Совет Иттифоқи таркибидан ноқонуний чиққан барча республикалар эртами-кечми Россия билан низолашади ёки урушади. Бу - назария масаласи. Айримлари ҳозир эмас: масалан, Беларус. Айримлари - Грузия, Украина аллақачон урушиб бўлди. Бу Арманистонга ҳам тўла-тўкис равишда тегишли", - деди Россия парламенти аъзоси.

Ўзбекистонлик сиёсатчилар эса Евгений Фёдоров баёнотига кескин муносабат билдириб чиқдилар.

"Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли… Бундан биз фойда кўрамизми, йўқми, вақт кўрсатади. Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз…" - деди "Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров.

"Афтидан, Фёдоров Конституция барча қонунлардан устун эканлигини тушунмайди. Модомики, СССР Конституциясининг 72-моддасида шундай дейилган эди: "Ҳар бир иттифоқ республикаси СССРдан эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади", деб ёзди Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси раиси ўринбосари Одилжон Тожиев.

Одилжон Тожиевнинг ўз саҳифасида ёзишича, агар Фёдоровнинг мантиғидан келиб чиқилса, ўтган 32 йил давомида Россия Федерацияси номидан иш тутган президентлар Ельцин ва Путин, Россия парламенти ва ҳукумати, Россия давлат ҳокимиятининг барча институтлари собиқ совет республикалари билан ноқонуний муносабатларда бўлган.

Шу йил март ойида Халқаро Жиноят Суди Россия Президенти Владимир Путинни уруш жиноятини содир этишда айблади, Путинни ҳибсга олишга ордер берди.

Август ойида Жанубий Африка республикасида Бразилия, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва ЖАР аъзоси ҳисобланган БРИКС ташкилоти саммити бўлди, саммит олдидан ЖАР раҳбарлари Россия президенти БРИКС саммитига борадиган бўлса, уни ҳисбга олмаслик учун мамлакат қонунларини ўзгартирмоқчи эканликлари ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Бироқ Путин БРИКС саммитида видео онлайн иштирок этди.

Халқаро Жиноят Судининг Путинни ҳибсга олиш ордери ўтган ҳафта Ҳиндистонда ўтган G20 саммитида ҳам кўтарилди.

Охирги бир йилда йирик йигирматаликка Ҳиндистон раислик қилди ва раисликни Бразилияга топширди.

Раисликни қабул қилиб олар чоғи Бразилия Президенти Луис Инасио Лула да Сильва 2024 йилги йирик йигирамалик саммитига Путин ҳибсдан қўрқмай келиши мумкинлигини айтди.

"Мен сизга шуни айтишим мумкинки, агар мен Бразилиянинг президенти бўлсам ва агар у Бразилияга келса, арест учун асос бўлмайди", деди Президент Лула.

Лекин орадан бир кун ўтиб у мавқеъини ўзгартирди.

"Бразилия адлия тизими уни ушлайдими ёки йўқми, мен билмайман. Қарорни адлия тизими бериши керак, ҳукумат эмас", деб айтди G20 саммити тугаганидан кейин журналистлар билан мулоқотда Президент Луис Инасио Лула да Сильва.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002