Украина уруши: ЖАР қонунини ўзгартирмоқчи. Путинни ҳибсга олмаслик учун Dunyo Yangiliklar Янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
Халқаро Жиноят Суди қамоққа олишга ордер берган раҳбарни ҳибсга олиш ёки олмаслик ҳуқуқини берадиган Жанубий Африкаси республикаси қонунига ўзгартириш киритмоқчимиз, деб айтди Би-би-сига бу мамлакатнинг Ҳамкор бошқарув ва анъанавий масалалар вазирлиги деб номланган вазирлик раҳбари ўринбосари Обед Бапела.
ЖАР сиёсатчисининг бу баёноти ЖАР шу йил август ойига мўлжалланган БРИКС саммитига Россия Президенти Путинни таклиф қилиш қарорида қоладими ёки бу қарорини ўзгартирадими деган гап-сўзлар кўпайган вақтда янгради.
Алоқадор мавзулар:
Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкани бирлаштирган BRICS ташкилотининг саммитига Жанубий Африка мезбонлик қилади, ЖАР ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарларига таклифнома юборган.
Орада ЖАР, имкони бўлса Президент Путин БРИКС саммитига келмасин, агар келадиган бўлса, Халқаро Жиноят Суди мажбуриятини ўз зиммасига олган ЖАРнинг Путинни ҳибсга олишдан ўзга чораси қолмаслиги ҳақидаги баёнот билан чиққан эди.
Россия ҳали расман жаноб Путиннинг саммитда қатнашиш режаси бор ёки йўқлигини эълон қилгани йўқ.

Сурат манбаси, Getty Images
Айни пайтда ЖАР Россиянинг саммитда қатнашадиган расмийларига дипломатик дахлсизлик тақдим этган, бу нарсани ЖАР Ташқи ишлар вазирлиги "одатий процедура" деб атади.
"Июнь ойида биз парламентга қонунни тақдим этамиз. У бизга кимни ҳибс этиш, кимни ҳибс этмаслик борасида истисно ҳуқуқини беради", деди Обед Бапела.
Халқаро Жиноят Суди(ХЖС)га аъзо мамлакат сифатида ЖАР ҳозир жорий қонунчилиги бўйича ўз ҳудудига кирган жаноб Путинни ҳибсга олишга мажбур.
Бироқ ЖАР Россиянинг Украинага босқинини қоралашдан бош тортган, "биз нейтрал қоламиз" деб таъкидлаб келмоқда.
Шу йил март ойида Халқаро Жиноят Суди Россия Президенти Владимир Путинни уруш жинояти учун масъулликда айблади, жаноб Путинни ҳибсга олишга ордер берди.
ЖАРнинг асосий сиёсий мухолиф партияси Демократик Иттифоқ - Democratic Alliance мабодо жаноб Путин мамлакат ҳудудига қадам қўядиган бўлса, мамлакат расмийларини ҳибсга олишга мажбурлаш мақсадидаги суд ишини бошлаган.
Обед Бапеланинг айтишича, Жанубий Африка Халқаро Жиноят Судига ҳам ҳибс ордеридан бош тортиш ҳақида мактуб йўлламоқда.
Бунда Халқаро Жиноят Суди бўйсунадиган Рим Статусининг 98-бандига таянилади.
Рим Статусининг 27-моддасида "ҳеч ким Халқаро Жиноят Суди томонидан таъқиб этилиш дахлсизлигига эга эмас", дейилса, 98-банд бўйича Халқаро Жиноят маҳкамаси ЖАРдан Россия раҳбарини ҳибс этишни талаб қилмаслиги керак, токи Россия жаноб Путиннинг таъқибдан дахслизлигидан воз кечмагунча.
ЖАР сиёсатчиси Обед Бапела ХЖСни икки хил стандартликда айблади.
"Улар ҳеч қачон Тони Блейрни, Жорж Бушни Ироқ одамларини ўлдиришда айбламадилар", деди Обед Бапела.
У, шунингдек, ўтмишда халқаро адолатга эришиш масаласида истиснолар ҳам бўлган, мисол учун, Буюк Британия Чили собиқ раҳбари генерал Аугусто Пиночетни 1998 йили экстрадиция қилишдан бош тортганини эслатди.
Испания судьяси Чили диктатори Пиночетни ўзининг 17 йиллик бошқаруви йилларида инсон ҳуқуқларини поймол этишда айблади ва судга тортишга қарор қилди.
Пиночет Лондонда ҳибс қилинди, бироқ Британия ҳукумати уни бир йилу тўрт ойдан кейин озод этди, бунда тиббий экспертларнинг кекса Пиночетнинг саломатлиги судда қатнашишга изн бермайди деган маслаҳатига таянилди.
У ўз ватанида 2006 йили оламдан ўтди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















