Путин қаерда уруш жиноятлари учун ҳибсга олиниши мумкин? Украина уруши Dunyo Yangiliklar Янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Роберт Пламмер
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Жанубий Африка Республикаси ҳукумати август ойида ўтадиган конференцияга Владимир Путинни таклиф қилиш ёки қилмаслик масаласини ҳал қилиши керак.
Халқаро Жиноят суди (ХЖС) Россия президентини қамоққа олиш ҳақида ордер берган.
ХЖС буйруқлари реал кучга эгами?
Чиндан ҳам бирор ҳукумат Путинни ҳибсга олиши мумкинми?
Алоқадор мавзулар:
Президент Путин нимада айбланмоқда?
Халқаро Жиноят суди 17 март куни Президент Владимир Путин ва Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова Беловани ҳибсга олиш ҳақида ордер берди.
Унда даъво қилинишича, бу икки шахс 2022 йил февралида Россиянинг Украинага босқини бошланганидан сўнг болаларни Украинадан Россияга ноқонуний депортация қилинишига шахсан жавобгардир.
Унда, шунингдек, Путин болалар депортацияси олдини олиш учун президентлик ваколатидан фойдаланмаганликда ҳам айбланади.

Сурат манбаси, Reuters
Украина Миллий Маълумотлар бюросига кўра, 16221 нафар бола мажбуран Россига олиб кетилган.
ХЖС ушбу ишни Украина томони ўз ҳудудида содир этилаётган уруш жиноятларини ўрганишни сўрагандан кейин очган.
Бу ушбу суд томонидан БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган беш давлатдан бирининг раҳбарига қарши биринчи марта шундай ордер берилишидир.
Украина президенти Володимир Зеленский ХЖСнинг ушбу қарори ҳақида "тарихий қарор, тарихий масъулият ана шундан бошланади" деди.
Халқаро Жиноят суди қандай ташкилот?
Нидерландиядаги Гаага шаҳрида жойлашган ХЖС геноцидда, уруш жиноятларида ва инсониятга қарши жиноятларда айбланган шахсларни тергов ва таъқиб қилиш билан шуғулланади.
У 1998 йили Рим статути орқали ташкил этилган ва 2022 йили иш бошлаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Унинг терговлар ўтказиш учун йиллик бюджети 160 миллион доллар бўлиб, ҳозиргача 40 та ишни кўриб чиқиб, 10 та шахсга қарши ҳукм чиқарган.
Ҳозирда ушбу судга 123 давлат аъзо бўлган ва унинг буйруқларини қабул қилади.
Аммо унга на АҚШ ва на Россия, на Хитой аъзо.
ХЖС Путинни ҳибсга олиши мумкинми?
ХЖС айбланувчиларни ҳибсга олиш қудратига эга эмас.
Суд президенти Пиотр Ҳофманский Путинни ҳибсга олиш халқаро ҳамжамиятга боғлиқлигини айтди.
Путиннинг Россиядаги қудрати ҳозирча мустаҳкам экан, Россия ХЖСга аъзо эмас экан, унинг ўз юртида ҳибсга олиниши эҳтимоли йўқ.

Сурат манбаси, EPA
Россия Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова Путин ва Львова Беловага қарши чиқарилган ордерни "маъносиз" "беҳуда ва пуч" деб атади.
Шунга қарамай, суд прокурори Холид Хон Би-би-сига Россия ХЖСни тан олмагани учунгина бу икки шахс уруш жиноятлари учун таъқиб қилинишдан холидир деб бўлмайди деди.
"Барча давлатлар халқаро қонунларга бўйсунишга мажбур", деди у.
Давлатлар Путинни ҳибсга олиши мумкинми?

Сурат манбаси, Reuters/BBC
Путин август ойида BRICS (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) давлатлари конференциясида қатнашиш учун бориши керак.
Жанубий Африка Республикаси ХЖС аъзоси ҳисобланади. Мамлакат ҳукумати эса ордер талабини бажариб, Путинни ҳибсга олиши керакми ёки ҳурматли меҳмон сифатида илиқ кутиб олиши керакми - аниқ қарор қилмаган.
"Жанубий Африка ўз қонунчилигимизнинг мавжуд талабларига қараши керак", деди унинг ташқи ишлар вазири Наледи Пандор.
У, шунингдек, ХЖСни қўшстандартлиликда айблади. "Можароли ҳудудларда ўта жиддий жиноятларни қилаётган давлатлар ва етакчилар бор, уларга биров индамайди".
Жанубий Африка ва Россия дўстона муносабатларга эга ва уларнинг денгиз кучлари февраль ойида қўшма ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказди.
Жанубий Африка илгари ҳам ХЖС талабини писанд қилмаган.
Суд 2009 ва 2010 йилларда Судан президенти Умар ал-Баширни инсониятга қарши жиноят содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ҳақида ордер берган.
Бу ишлар 2003 йилда Дарфурдаги тўқнашувлар ва унда 300 000 одамнинг ўлиши билан боғлиқ эди.
Шунга қарамай, Жанубий Африка ҳукумати у 2015 йилда мамлакатга келганда ҳибсга олишдан бош тортган.
Путин 2023 йил июнда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти раҳбарлари йиғилишига, сентябрда эса G20 саммитига Ҳиндистонга бориши керак.
Бироқ, Ҳиндистон ХЖС билан шартнома имзоламаган ва ҳибсга олиш ордерларига бўйсуниши эҳтимоли йўқ ҳисоби.
Россия билан дўстона муносабатларга эга бўлган Венгрия ҳукумати, ХЖСига аъзо бўлишига қарамай, Путинни ўз ҳудудида ҳибсга олмаслигини айтди.
Унда айтилишича, бу унинг конституциясига зиддир.
Украинада уруш бошланганидан бери Путин саккизта давлатга - етти собиқ Совет республикаси ва Эронга ташриф буюрди. Уларнинг барчаси Россияга дўстона муносабатда.
Путин ўзини ҳибсга олиши мумкин бўлган бирор мамлакатга бориши даргумон.
Бироқ хорижда ҳибсга олиш таҳдиди келажакда унинг ҳаракат эркинлигини чеклаши мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Путин ҳақиқатан ҳам судда ҳозир бўлиши мумкинми?
Агар Путин ҳибсга олинса ҳам, унинг ХЖС олдида чиқиши учун бир қанча қонуний тўсиқлар бўлади.
Суд ХЖСга аъзо бўлган ва унинг юрисдикциясини қабул қилган мамлакатлар номидан ишларни кўриб чиқиш учун тузилган ва Россия улар орасида йўқ.
Украина ХЖСдан Россиянинг ушбу даъво қилинган ҳарбий жиноятларини текширишни сўраган бўлса да, унинг ўзи ҳам аъзо эмас.
Бироқ ХЖС ҳибсга олиш учун ордер бериш қарорини ҳимоя қилиб, Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятлари давом этаётганини ва яна жиноятлар содир этилиши олдини олишга ҳаракат қилаётганини айтди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















