Янгиликлар: Украина уруши Путинни ё бор қилади, ё йўқ қиладими? Putin Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Россия ҳукумати
- Author, Стив Розенберг
- Role, Би-би-сининг Россия муҳаррири, Москва
Уч йил аввал Россия давлат телевидениесида эшитганларимни ҳамон эслайман.
Ўшанда Владимир Путинга яна 16 йил ҳокимиятда қолишига имкон берувчи конституциявий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб тарғибот қилишаётган эди.
Ўшанда янгиликлар бошловчиси Президент Путинни "Россия" кемасини глобал нотинч уммонда бошқариб кетаётган капитан деган эди.
Алоқадор мавзулар:
"Россия барқарорлик гўшаси, хавфсиз бошпанадир, - деди у. - Путин бўлмаганида, аҳволимиз не кечар эди?"
Мана сизга ўша барқарорлик гўшаси ва хавфсиз бандаргоҳ. Бу гўша 2022 йил 24 февралда Кремль капитанининг ўзи сабабчи бўлган бўронга учради ва айсберг томон йўл олди.
Владимир Путиннинг Украинага бостириб кириши қўшни давлатга ўлим ва вайроналик олиб келди. Ўз мамлакати эса катта ҳарбий йўқотишларга учради: баъзи маълумотларга кўра, ўлган рус аскарлари сони ўн минглаб.
Юз минглаб Россия фуқаролари армия сафига чақирилди, россиялик ҳарбий асирлар (шу жумладан, маҳбус қотиллар) Украинадаги урушга чақирилди. Айни пайтда, уруш бутун дунё бўйлаб энергия ва озиқ-овқат нархларига таъсир қилди, Европадаги ва глобал хавфсизликка таҳдид солмоқда.
Барча муаммолар улкан миқёсдадир.
Хўш, нима учун Россия президенти уруш ва ҳудудий босқинларга йўл қўйди?

Сурат манбаси, EPA
Сиёсий таҳлилчи Екатерина Шулманн: "2024 йилги Россия президентлик сайловлари яқин эди", дейди.
"Ушбу сайловдан икки йил олдин [Кремль] қандайдир ғалаба қозонишни хоҳларди. 2022 йилда улар ўз мақсадларига эришади. 2023 йилда улар капитан нафақат нотинч уммонда кемани бошқараётгани билан, балки уни янги ва бойроқ соҳилларга олиб боргани билан мақтанади. Кейин 2024 йилда одамлар овоз беради. Бинго. Нимани йўқотиш мумкин?»
Агар режаларингиз алданиш ва нотўғри ҳисоб-китобларга асосланган бўлса, жуда кўп нарсани йўқотасиз.
Кремль ўзининг "махсус ҳарбий операцияси" тез ўтади деб ўйлаганди. У бир неча ҳафтада Украина Россия орбитасига қайтади, деб ишонди. Президент Путин Украинанинг қаршилик кўрсатиш қобилиятини ҳам, Ғарб давлатларининг Киевни қўллаб-қувватлашдаги қатъиятини ҳам жиддий баҳоламади.
Аммо Россия раҳбари Украинага бостириб кириб, хато қилганини ҳали тан олмади. Путиннинг йўли - ортга қайтмаслик, вазиятни кескинлаштириш, улушни ошириш.
Бу иккита асосий саволни туғдиради: Владимир Путин бир йилдан кейин вазиятга қандай қарайди ва унинг Украинадаги кейинги ҳаракати қандай бўлади?
Бу ҳафта у бизга баъзи ишоралар берди.
Унинг халққа мурожаати Ғарбга қарши нафратга йўғрилган эди. У Украинадаги урушда Америка ва НАТОни айблашда ва Россияни бегуноҳ деб кўрсатишда давом этмоқда. Унинг Россия ва Америка ўртасидаги ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича охирги шартнома - "New Start"дан чиқиш қарори президент Путиннинг Украинадан чекиниш ёки Ғарб билан зиддиятни тўхтатиш ниятида эмаслигини кўрсатади.
Эртаси куни Москва футбол стадионида Путин фронтдан қайтган рус аскарлари билан бирга саҳнага чиқди. Кремль тарафдорлари ташкил этган митингда президент Путин оломонга "[Россиянинг] тарихий сарҳадларида жанг кетаётганини" айтди ва Россиянинг "жасур жангчилар"ини олқишлади.
Хулоса: Кремлдан ўзгариш кутманг. Россия президенти ортга қайтадиганлардан эмас.
"Агар у қаршиликка учрамаса, билганини қилади, - дейди иқтисодий масалалар бўйича президент Путиннинг собиқ маслаҳатчиси Андрей Илларионов. - Уни тўхтатишнинг ҳарбий қаршиликдан бошқа йўли йўқ".
Аммо танклар ҳақида нима дейиш мумкин? Путин билан тинчлик музокаралари бўлиши мумкинми?
"Ҳамма билан музокара столига ўтиришингиз мумкин, - дея давом этади Андрей Илларионов, - лекин Путин билан ўтириб, у билан музокаралар олиб борганимизда нима бўлишини биламиз.
Путин барча келишувларни бузди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини таъсис этиш тўғрисидаги битим, Россия ва Украина ўртасидаги икки томонлама шартнома, Россия ва Украина ўртасидаги халқаро тан олинган чегара тўғрисидаги шартнома, БМТ Низоми, 1975 йилдаги Хельсинки акти, Будапешт меморандуми. Ва ҳоказо. У бузмайдиган ҳужжат йўқ.
Келишувларни бузиш ҳақида гап кетганда, Россия ҳукуматининг ҳам Ғарбга нисбатан ўз даъволари рўйхати бор. Рўйхатда биринчи ўринда Москванинг Ғарб 1990 йилларда НАТОни шарққа томон кенгайтирмаслик ҳақидаги ваъдасини бузгани ҳақидаги даъвоси туради.
Шунга қарамай, Владимир Путин президентлигининг дастлабки йилларида НАТОга таҳдид сифатида қарамагандек эди. 2000 йилда у Россия қачондир НАТО аъзоси бўлишини ҳам инкор этмасди. Икки йил ўтгач, Украинанинг НАТОга қўшилиш ниятини изоҳлаш сўралганда, президент Путин шундай жавоб берганди: "Украина суверен давлат ва ўз хавфсизлигини қандай таъминлаши ўзининг иши". Ўшанда бу масала Москва Киев муносабатларига соя солмаслигини таъкидлаган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
2023 йилга келиб, Путин бутунлай бошқача одамга айланди. "Коллектив Ғарб"га қарши у ўзини қамалдаги қалъанинг раҳбари сифатида кўрсатади. Унинг нутқларига, Буюк Пётр ва Буюк Екатерина каби Россия императорлари ҳақидаги гапларига қарасак, Путин у ёки бу шаклда Россия империясини қайта тиклаш миссияси ўз елкасига тушганига ишонади.
Лекин бу Россия учун қандай оқибатлар келтиради? Президент Путин бир вақтлар ўз мамлакатига барқарорлик келтиргани учун обрў қозонган эди. Аммо бу ҳарбий талофатлар ортиб бораётгани, сафарбарлик ва иқтисодий санкциялар манзарасида йўқолди. Уруш бошланганидан бери бир неча юз минг рус мамлакатни тарк этди, уларнинг аксарияти малакали ва ўқимишли ёшлар эди: ақллиларнинг кетиши Россия иқтисодиётига янада кўпроқ таъсир қилади.
Уруш натижасида қуролли кўплаб гуруҳлар пайдо бўлди, жумладан, Евгений Пригожиннинг «Вагнер» гуруҳи ва минтақавий батальонлар каби хусусий ҳарбий компаниялар. Уларнинг мунтазам армия билан муносабатлари уйғун эмас. Россия Мудофаа вазирлиги ва «Вагнер» ўртасидаги можаро элита ичидаги оммавий кураш намунасидир.
Беқарорлик ва хусусий жангари гуруҳлар хавфли коктейлдир.
"Кейинги ўн йилликда Россия фуқаролар уруши остида қолиши мумкин, - дейди Москвада чиқадиган "Независимая газета"нинг эгаси ва муҳаррири Константин Ремчуков. - Бу шароитда бойликни қайта тақсимлаш имконияти мавжудлигини тушунадиган жуда кўп манфаатдор гуруҳлар бор."

"Агар Путиндан кейин ҳокимиятга дарҳол муносиб одам келса, фуқаролар уруши олдини олиш учун реал имконият бўлади. Элита устидан ҳокимиятга эга бўлган ва вазиятдан фойдаланмоқчи бўлганларни тийиб қўя оладиган одам.»
"Россия элитаси ким муносиб эканлигини муҳокама қиляптими?" деб сўрайман Константиндан.
"Билинтирмасдан. Чироқларни ўчириб, муҳокама қилишяпти. Уларнинг ўз сўзи бўлади."
"Путин бу муҳокамаларни биладими?"
"У билади. Менимча, у ҳамма нарсани билади."
Ўтган ҳафта Россия парламенти қуйи палатаси спикери: "Путин бор экан, Россия ҳам бор", деди.
Бу содиқлик декларацияси эди холос, лекин факт эмас. Россия омон қолади - у асрлар давомида буни эплаган. Бироқ ҳозирда Владимир Путиннинг тақдири Украинадаги уруш натижаси билан узвий боғлиқ.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















