Янгиликлар: Халқаро суд Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди

Putin

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Владимир Путин ва Россияда болалар ҳуқуқи бўйича вакил Мария Лвова-Белова

Жиноят ишлари бўйича Гаагадаги халқаро суд Президент Владимир Путинни ҳамда Россияда болалар ҳуқуқи бўйича вакил Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер берди.

"Бугун, 2023 йилнинг 17 март куни Жиноят ишлари бўйича халқаро суднинг маҳкамагача ишни кўрувчи иккинчи палатаси Украинадаги вазиятга алоқадор икки шахс: жаноб Владимир Владимирович Путин ва хоним Мария Алексеевна Лвова-Беловани ҳибсга олиш бўйича ордер берди", дейилади Халқаро суд хабарида.

Жиноят ишлари бўйича халқаро суднинг билдиришича, Путин ва Лвова-Белова Украина болаларини ноқонуний депортация қилишда гумонланмоқда.

Пайшанба куни БМТнинг суриштирув комиссияси Украина болаларини Россия ҳудудига олиб ўтиш ҳарбий жиноят, деб ҳисобланиши мумкинлигини айтган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳибсга олиш ордери бемаъни эканлигини айтди.

"Жиноят ишлари бўйича халқаро суднинг қарори бизнинг давлатимиз учун, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам бирор маъно касб этмайди", деб ёзди Мария Захарова Телеграмда.

Чунки ҳибс борасида ордер чиқарилган бўлса-да, Жиноят ишлари бўйича халқаро судда гумонланувчиларни Россияда ҳибсга олиш ваколати йўқ. Суд юрисдикцияси фақат халқаро суд тузилишида имзо чеккан давлатлар ҳудудида амал қилиши мумкин.

Россия ушбу шартномага имзо чекмаган ва катта эҳтимол билан ордер чиққан икки шахсдан бирортаси ҳам экстрадиция қилинмайди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002