Озарбайжон қорабоғлик арманлар келажагига оид музокаралардан чиқди, озарбайжонлар арманлар тортиб олган уйларига қайтмоқда

Сурат манбаси, Rasmiy
Озарбайжон президенти Европа Иттифоқи бошчилигида Арманистон билан Қорабоғ тақдирига оид музокаралардан бош тортди.
Президент Илҳом Алиев ушбу музокараларда Туркиянинг ҳам иштирок этишини истаган, ушбу таклиф Франция ва Германия томонидан рад қилингач Озарбайжон музокаралардан чиққан.
Озарбайжоннинг яшин тезлигидаги ҳарбий аралашувидан сўнг минтақани 120 мингга яқин арман тарк этганди.
Озарбайжон ҳукумати арманиларнинг кетганидан афсус билдирди, аммо уларнинг танловини ҳурмат қилишини таъкидламоқда.
Қорабоғдан Би-би-си мухбири Пол Адамс репортажи:
Бўрондан кейинги сукунат. Ўнлаб йиллик можаролар оқибатида тилка пора бўлган минтақада ниҳоят тинчлик ўрнатилдими ва ниманинг эвазига?
Озарбайжоннинг яшин каби амалиётидан 2 ҳафта ўтиб бизни арман бўлгинчилар ташлаб кетган бункер ва ҳандакларга олиб боришди.
Сафаримиз қаттиқ назорат остида бўлди. Фақат Озарбайжон расмийлари кўрсатишни истаган жойларга бордик.
Арманлар шошиб чиқиб кетишган, бу ерда жангларнинг эмас, шошгандан қолган асоратларни кўриш мумкин.
Журналда Озарбайжон ҳужумидан 10 кун олдинги фаолият қайд қилинган.

Бу ерлар 3 йил жабҳа чизиғи бўлган. Арман исёнчилари ушбу водийдаги ўзларининг Степанакерт шаҳрига қараган тепаликни ушлаб турган бўлса,
Озарбайжон ҳарбийлари нариги тепаликда Шуша шаҳрини назорат қилиб турган. Аммо 24 соатнинг ичида ҳаммаси ўзгариб кетди. Фронт чизиғи шунчаки ғойиб бўлди. Энди эса осудалик ҳукмрон.
Биз тинч арман фуқаролари ваҳимага тушиб қочган йўлдан пастга қараб тушамиз.
Даҳшатли асоратларни кўриш мумкин. Ойлаб қамал ичида қолган ва давлати қулашидан фавқулодда қўрқувга тушиб қолган арманлар душманларининг келишини кутиб ўтирмади. Озарбайжон бу уларнинг танлови эканини айтади.
"Арман аҳолисининг катта қисми кетишга қарор қилганидан, дарҳақиқат, афсусдамиз. Албатта, бундай пайтда уларнинг танлов ва ҳаракатланиш эркинлигини ҳурмат қиламиз. Шунингдек, аҳолининг катта қисмида озарбайжонларга нисбатан миллий нафрат бор ва улар яна Озарбайжон байроғи остида яшолмаслигини айтишди", дейди Озарбайжон президенти маслаҳатчиси Ҳикмет Ҳажиев.
Ундан 30 йиллик тарих мана шундай якун топди, деб ўйлайсизми, деб сўрайман.
"Ниҳоят, арманлар ва озарбайжонлар ўртасидаги 200 йиллик можаро юзасидан сўнгги хулосага келяпмиз, деб умид қиламиз. Озарбайжон тинчлик истайди"
Россия тинчликпарвар кучлари ҳамон шу ерда, бироқ қачонгача? Озарбайжон барча ҳуҳудларида назорат ўрнатганидан сўнг уларнинг бу ерда қиладиган иши қолмади.
Аммо янги ҳокимият қиладиган ишлар кўп. Олдинроқ қайтариб олинган ҳудудларга давлат энергия, йўллар ва бутун жамоалар учун катта сармоя киритмоқда.
Нажафовлар оиласи Лочинда арманлар 31 йил олдин тортиб олган уйига қайтиб келди ва уни қайта қурмоқда.
Бугунги кучли жала уйни сув босиши билан таҳдид қилмоқда, аммо оила бу ерда эканлигидан бахтли кўринади.
"27 йилдан бери, ҳар куни эрталаб туриб, биз барибир қайтамиз дердим. Қайтиб келганимиз тушга ўхшайди. Аскарларимиз ва президентимиз туфайли биз уйимиздамиз", дейди Искандер Нажафов.
Озарбайжон тарих у томонда эканлигини ҳис қилмоқда. Бу ерда чинакам ғурур туйғуси уфириб турибди, бироқ ўткир сезгирлик ҳам бор. Шу сабаб биз ушбу ҳикоянинг марказида турган арманлар ташлаб кетган шаҳарнинг шу еригача қўйилдик.
Степанакерт, Озарбайжон уни Хонкенди, дейди.
Гуманитар фалокатга сабаб бўлганликда айбланган мезбонларимиз бизларга шаҳарнинг бўшаб қолган кўчаларини кўрсатишга ҳали тайёр эмасга ўхшайди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














