Украина уруши: Россияга ким қурол бермоқда?

Dron

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия ҳар йили Украина жабҳасига миллионлаб снарядлар йўллайди.

Ўз иттифоқчилари томонидан етказиб бериладиган ўқ-дорилардан фойдаланиб, мунтазам равишда тинч аҳоли объектларига ҳаво ҳужумлари уюштиради.

Ғарб давлатлари Россиянинг қурол-яроғ ишлаб чиқариш имкониятларини санкциялар қўллаш орқали чеклашга уринаётган бир пайтда, Хитой, Эрон ва Шимолий Корея Россия ҳарбий-саноат комплекси иш фаолияти давом этишини таъминлаб келмоқда.

Эрон дрон ва ракеталари

Infografika

Яқинда Эрон Россия билан 200 дан ортиқ қисқа масофали “Фатҳ-360” баллистик ракеталарини етказиб бериш бўйича шартнома тузганликда айбланган эди.

Бу баллистик ракета 150 кг портловчи моддани 120 км масофага отиш имкониятига эга.

АҚШ разведкасининг даъво қилишича, ўнлаб россиялик ҳарбийлар Эронда ушбу ракеталардан фойдаланиш бўйича тайёрловдан ўтишган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия бу ракеталарни куз ойларида Украина фронтида қўллаши мумкинлигини айтди.

“Фатҳ-360” ракеталари Россияга Украинанинг чегарага яқин шаҳарлари ва электр станцияларига зарба бериш имконини беради.

Бу Россияга - заҳирасидаги узоқ масофали ракеталарни мамлакат ичкарисидаги нишонлари учун ишлатишига шароит яратади.

"Фатҳ-360 нисбатан яқин масофадаги нишонларни уриш учун яхши", дейди Лондон Кингс коллежи ҳарбий тадқиқотлар бўлимидан доктор Марина Мирон. "Россиянинг бундай ракетаси йўқ."

Эвазига, Россия Эронга ҳарбий технология, жумладан, ядровий технология ҳам бериши мумкин, деди у.

Россияга ракета етказиб бергани учун АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия Эронга янги санкциялар киритди.

Бу санкцияларга – Iran Air авиакомпаниясининг Буюк Британия ва Европага парвозларини чеклаш, шунингдек, келишувга алоқадор деб ҳисобланган эронликларнинг саёҳатларини тақиқлаш ва активларини музлатиш киради.

Эрон ҳар сафар Россияга ўзини-ўзи бошқарувчи ҳарбий қуроллар, жумладан “Фатҳ-360” етказиб бераётганини рад этиб келган.

Infografika

Украина ҳукумати ва Ғарб разведка идоралари ҳам Эрон 2022 йил кузидан бери Россияга “Шаҳид-136” дронларини етказиб бераётганини даъво қилмоқда.

“Шаҳид” бурнида жанговар каллак билан жиҳозланган бўлиб, ўзи нишонни топиб, зарба бериш учун мўлжалланган.

Россия ҳарбийлари Украина ҳаво мудофаа тизимини ёриб ўтиш учун бирваракайига ўнлаб учувчисиз учоқларни ҳужумга жалб қилади.

Кўпинча бу дронлар Украина ҳаво мудофаасининг кучлироқ зарар етказиши мумкин бўлган қанотли ва баллистик ракеталарини тўхтатиб қолишидан тўсиқ сифатида ишлатилади.

Эрон ҳукуматининг таъкидлашича, улар урушдан олдин Россияга "оз сонли" учувчисиз самолётлар етказиб берган.

Бироқ Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Эронни Россияга мунтазам равишда қурол етказиб беришда айблаб, иттифоқ ушбу олди-бердилар билан боғлиқ шахслар ва фирмаларга қарши санкциялар киритди.

Kollaj
gettyimages
Fath-360 nisbatan yaqin masofadagi nishonlarni urish uchun yaxshi. Rossiyaning bunday raketasi yo‘q.
Doktor Marina Miron
London Kings kolleji harbiy tadqiqotlar bo‘limidan (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Шимолий Корея ракета ва снарядлари

Уриб туширилган дрон

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ разведка агентлиги (DIA) 2024 йил май ойидаги ҳисоботида Шимолий Корея Россияга уч миллион артиллерия снарядлари етказиб бергани ҳақида хабар берди.

Артиллерия Украинадаги фронтда ҳар икки тараф ишлатадиган асосий қуролдир.

Бу қурол душман зирҳли техникаси ва пиёда аскарларини маневр қилиш ва олдинга силжишини олдини олади.

Британия Қироллик Мудофаа тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, сўнгги ойларда Россияда снарядлар захираси Украинаникидан беш баравар кўп бўлган.

Институт таҳлилчиларига кўра, 2023 йил қишидан буён Россия Украина шарқида катта ҳудудларни қўлга кирита олишига айнан шу сабаб бўлган.

Шимолий Корея ракетаси

2024 йил январида Украина разведка хизмати вакиллари Шимолий Корея томонидан ишлаб чиқарилган ва Харьковга қилинган йирик ҳаво ҳужумида ишлатилган икки турдаги қисқа масофали баллистик ракет қолдиқларини аниқлаганликларини айтишган эди.

Украина расмийларига кўра, улардан бири КН-23 номи билан ҳам танилган Ҳвасонг-11 ракетаси.

Бу қисқа масофали баллистик ракета 400 км дан 690 км масофага уча олади. Оғирлиги 500 кг гача бўлган жанговар каллакларни ташиш имконига эга.

2006 йилдан бери Шимолий Кореяга БМТ томонидан баллистик ракеталар савдосига санкциялар киритилган.

Украина разведкаси Шимолий Корея Россияга 50 та ракета юборганини даъво қилмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг шу йил февралидаги йиғилишида АҚШ Россияни Украинага қилган ҳаво ҳужумларида камида тўққиз марта Шимолий Корея ракеталаридан фойдаланганликда айблаган.

Ракета қолдиғи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Харьковдаги бу қолдиқлар, Украина разведкасига кўра, Шимолий Кореянинг Ҳвасонг-11 ракетасига тегишли.

DIA маълумотларига кўра, Россия ва Шимолий Корея қурол сотиш бўйича музокараларни 2022 йил кузида бошлаган ва илк ракеталар Шимолий Кореядан Россияга 2023 йил кузида синов учун юборилган.

Америка разведкасининг фикрича, Россия бу қуроллар билан 2024 йилнинг январида чегаранинг нариги томонидан Украинани ўққа тута бошлаган.

"Ҳвасонг-11 ракеталари Россияга ўзининг "Искандар" каби қисқа масофали ракеталарига қараганда арзонроққа тушади", - дейди Мирон.

“Бундан ташқари, Эрон ва Шимолий Корея каби давлатлар билан қурол-яроғ сотиш бўйича битимлар тузиш Ғарбга Россиянинг иттифоқдошлари борлигини ва яккаланиб қолмаганлигини кўрсатади”.

Баллистик ракеталар, шу жумладан, Ҳвасонг-11 товуш тезлигидан юқори учиши сабаб уни нишонга олиш қийин.

Шундай бўлса-да,Украина разведкаси расмийларининг айтишича, Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган кўпчилик ракеталар, электрон носозликлар туфайли, режалаштирилган траекториядан чиқиб кетиб, нишонга уролмай қолади.

Шимолий Корея Россияга қурол берганини, Россия эса уларни олганини рад этади.

Айрим маълумотларга кўра, Украина разведкачилари мамлакатда Шимолий Корея аскарларини кўришган.

Украина газеталари 2024 йилнинг 3 октябр куни мамлакат шарқидаги Россия ҳарбий-ўқув базасига қилинган ракета ҳужумидан Шимолий кореялик олти зобит ҳалок бўлгани ва уч нафари яралангани ҳақида хабар берди.

Шимолий Корея қўшинларининг Украинада жанг қилгани ҳақидаги даъволар сўнгги бор 2023 йилда пайдо бўлган ва Россия президенти Владимир Путин уларни “бутунлай сафсата”, деб атаган эди.

Хитой ва икки мақсадга хизмат қилувчи таркибий қисмлар

НАТО етакчилари бир овоздан Хитойни Россиянинг “мудофаа-саноат мажмуасини кенг кўламда қўллаб-қувватлаётган” “ҳал қилувчи ёрдамчиси”, дея айбладилар.

Уларнинг таъкидлашича, Хитой Россияни компьютер чиплари каби фуқаролик иловаларидан ташқари, қурол ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланиш мумкин бўлган икки мақсадга хизмат қилиши эҳтимоли бор компонентлар билан таъминлайди.

Хитой компонентлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, НАТОнинг айтишича, Хитойнинг юқори технологияли компонентлари Россия томонидан қурол ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади.

Американинг Карнеги Халқаро Тинчлик Жамғармаси (CEIP) таъкидлашича, Хитой ҳар ой Россияга учувчисиз самолётлар, ракеталар ва танклар каби қуролларни яратиш учун ишлатилиши мумкин бўлган 300 миллион долларлик "юқори аҳамиятга эга " икки мақсадга хизмат қиладиган маҳсулотлар юборади.

Марказ маълумотларига кўра, Хитой қурол корпусларини ясашда ишлатилиши мумкин бўлган дастгоҳларининг 70 фоизини ва микроэлектроник маҳсулотлар захирасининг 90 фоизини Россияга сотади.

CEIP маълумотларига кўра, 2023 йилда Россия ўзининг барча юқори аҳамиятли, икки мақсадда ишлатиладиган маҳсулотларининг 89 фоизини Хитойдан импорт қилган.

Хабарда айтилишича, урушдан олдин бу товарларнинг катта қисми Германия ва Нидерландия томонидан етказиб берилган.

Санкциялар сабаб, бу давлатлар Россияга экспортни тўхтатганида, Хитой бу “бўшлиқ”ни тўлдирди.

Хитой Украинадаги урушда бетараф эканини айтиб, Россияга қурол яратишда ёрдам бераётганини рад этади.

Пекин Россияни қирувчи қуроллар билан таъминламаганини ва Москвага сотаётган таркибий қисмларга эҳтиёткорлик билан қарашини айтади.

"Рейтер" агентлигининг хабар беришича, Россия Хитойда “Гарпи-3” номли янги турдаги узоқ масофага учувчи дрон ишлаб чиқарадиган завод очган.

Хитой ҳукумати бундай лойиҳадан бехабарлигини ва мамлакатда дронлар экспорти устидан қаттиқ назорат борлигини айтди, деб хабар берди мазкур агентлик.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002