Россияга қарши курашда Украинага ёрдам бериш бошқалар учун муҳимми?

Сурат манбаси, Getty Images
Словениялик таниқли файласуф Славой Жижек Би-би-си Украина хизматига Россия билан тинчлик музокаралари, Украина учун ядро қуроли ва рус маданиятини "рад қилиш" ҳақидаги фикрларини гапирди.
Славой Жижек фалсафада машҳур шахсият ва психоанализнинг тирик классикаси ҳисобланади. Словен файласуфи ва маданиятшуноси бу йил 75 га киради. У Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги тинч ўн йилликларда қарор топган меъёр ва қоидаларни савол остига оладиган илмий асарлар ёзган, маърузалар ўқиган.
Жижек порно мавзусини тадқиқ қилишдан қўрқмайди, ўзини "радикал сўл" деб атайди ва шу билан бирга Украинага ядро қуроли беришга чақиради, аммо яқиндан танишсангиз, унинг ядровий коммунист эмас, оташин гуманист эканлигини кўрасиз.
Би-би-си Украина хизмати мухбири Мирослав Пеца файласуф билан 10 май куни, Харьков вилоятига Россиянинг янги ҳужумининг биринчи кунида видео қўнғироқ орқали суҳбатлашди.
Қуйида Славой Жижекнинг ўша суҳбатдан олинган энг қизиқ фикрларини келтирамиз. Уларнинг баъзилари аниқ ва лўнда чиқиши учун бироз таҳрирланган.
Рус маданиятини "рад қилиш" ҳақида
"Баъзи украиналикларнинг: рус маданияти керак эмас, биз Ғарбнинг бир қисмимиз, деб такрорлашлари менга ёқмайди.
Кечирасиз-у, шу йўл билан сиз Путинга ўзини Гогол, Толстой, Достоевский кабиларнинг издоши сифатида кўрсатишига имкон яратасиз. Мен Путинга бундай имконият берилишига қаршиман. Чунки Путин рус маданиятини Ғарб маданиятига қарама-қарши қўймайди. Йўқ, Путин неофашист ваҳший!
Ҳа, бу рус анъаналарида қанчалик илдиз отганлиги ҳақидаги ўринли баҳс, буни муҳокама қилиш мумкин. Бироқ, бу қанчалик соддалик бўлмасин, тан олишимиз керак: агар русларнинг аксарияти Путинни қўллаб-қувватлаётган бўлса, бу кўпчилик террор ҳукмронлиги остидалигидандир. Улар террорга учрамоқда. Унга қарши чиқиш жуда хавфли.
Биласизми, одамлар шундай гаплашганда нимани эслатишни яхши кўраман? Ҳозир сиз Пушкин ярим қора танли бўлганини биласиз. У Буюк Екатерина қуллари авлоди эди. Шунинг учун мен сизга қўшиламан, лекин Путин билан кўп ҳам муроса қилиш керак эмас.

Сурат манбаси, Getty Images
Биласизми, мен, масалан, Достоевскийдан доим нафратланганман. Буни айтишим керак. Мен Толстойни афзал кўраман. Достоевский, менимча, биринчи бўлиб Россия Европанинг қули бўлганини рад этди, лекин қачонки Европа хавф остида бўлса, Россия уни қутқариш учун ўзини қурбон қилиши керак бўларди. Наполеонга қарши, Гитлерга қарши ва ҳоказо. Наполеонга келсак, менимча, жаҳон урушлари бўлмаганида, агар Наполеон ғалаба қозонганида, Европа анча яхшироқ бўларди, биласизми?
Рус маданияти қуролга айлантирилди, Сталин даврида яна шундай бўлди. У қуролга айланди. Катта театр, рус балети Сталин даврида қуролга айланди.
Биласизми, Совет Иттифоқида 1920-йиллар охири ва 30-йиллар бошларида, ҳамма нарса бир хиллаштирилгач, расман ким энг буюк рус бастакори эканлиги ҳақида муаммо бор эди. Улар Мусоргскийни халқчилроқ деб ўйлашди.
Аммо Сталин Чайковский деди. Цар тарафдори, очиқ антисемит Чайковский. Бироқ Сталин барибир Чайковский деб қарор қилди. Шундай қилиб, у ундан қурол ясади. Аммо фожиа шундаки, улар Чайковский матнлари ва мактубларини нашр қилганларида, цензурадан ўтказишга тўғри келди. Улар антифеминистик ва қултабиатлиликка тўла эди. 1880 йилда император ҳаётига суиқасд бўлганида ва Лениннинг акаси қатл этилганида.
Ўшанда баъзи инқилобчилар қамоққа тиқилди. Чайковский подшоҳга хат ёзди: "Йўқ, ҳаммасини ўлдиринг, юмшоқлик қиляпсиз".

Аммо Сталин уни энг буюк бастакор деб қарор қилди. Яна ўша, миллатчилик эксплуатацияси йўқ, шундай эмасми?"
Россия жамияти ҳақида
"Россия жамияти [Путин ва унинг сиёсатини] фаол қўллаб-қувватламайди, лекин барибир бунга тоқат қилади. Россия урушда қандайдир муваффақиятга эришса, улар қувонади.
Афсуски, шуни айтишим керакки, бу Гитлерники билан бир хил. Ўзимизни алдамайлик.
Гитлер урушни ютқаза бошлагандагина омма қўлловини йўқотди.
Аксарият ҳолларда, улар фаол нацист бўлмасалар ҳам, кўпчилик немислар Гитлерга шунчаки тоқат қилиш билан чекланмаган: эҳтимол уни қўллаб-қувватлашган деган бўлардим, улар тараққиётдан ҳайратда бўлишган.
Йўқ, йўқ, мен сохта сўлчилар таъкидлагандек, кўпчилик бегуноҳ, улар шунчаки адашган, деб айтадиган даражада содда эмасман. Йўқ, қайсидир маънода улар, барчамиз эркинмиз, лекин биз эркинлигимизни йўқотганимиз ва хатога йўл қўйганимиз учун масъулмиз.
Бу ерда биз жуда аниқ гапиришимиз керак. "Оҳ, улар бегуноҳ эдилар", дейиш мумкин эмас.
Ҳа, уларни манипуляция қилишган, лекин ҳамма манипуляция қилинади. Гап шундаки, одамлар ўзларини манипуляция қилишаётганини билишса ҳам, бунга қўйиб беришади.
Биласизми, инсон табиати ғалати нарса".
Украина учун ядровий қурол ва Россиянинг ядровий қуролдан фойдаланиш таҳдиди ҳақида
"Бир неча ҳафта олдин Пирс Морганга берган интервьюмда мен Украинага ядро қуроли берилиши кераклигини айтдим. Менга ўнгдан кўра, кўпроқ сўлдан танқид қила бошлашди. Улар менга: ақлдан озганмисан, қиёмат қоимни истайсанми, дейишди.
Аммо бу провокация эди. Буни жиддий айтмагандим. Шунчаки эътиборингизга ҳавола қилмоқчи эдим. Ҳамма менга ядровий урушни истаяпти деб, ядро қуролини тарқатмаслигимиз кераклигини айтди.
Лекин бир дақиқа сабр қилинг.
Путин аллақачон ядровий қуролларни Беларусга топширган, улар аллақачон мавжуд. Мен Путин шундай қабул қилишига ёки ундан қандайдир аҳмоқона ҳаракатлар кутилаётганига эътибор қаратмоқчиман. У доимо ядро қуроли билан таҳдид қилади, шартлар қўяди ва ҳоказо.
Лекин нега ҳатто Украинани расман қўллаб-қувватлаётган давлатлар ҳам унга тўлиқ жавобгар бўлмаган давлат сифатида муносабатда бўлишмоқда? Масалан, уларга ишониб бўлмайди, улар жуда миллатчи, улар аҳмоқона иш қилиб қўйиши мумкин ва ҳоказо.
Одамлар Ғарб диний фундаментализми ҳақида гапиришади, лекин биласизми, мен ўрта мактабда рус тилини бироз ўрганганман, шунинг учун нашрларни кузатишим мумкин. Аммо одамлар Россия ўзи билан ўзи қандай гаплашаётганини билишадими, рус оммавий ахборот воситаларида нимани эшитиш мумкин? Улар ҳар доим эҳтимолий ядровий ҳужумлар ҳақида гапиришади ва ҳатто шартларни жуда очиқ айтишади.
Масалан, Путин ва бошқалар Россия суверенитетига таҳдид туғилса, ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини айтишади. Кейин уларнинг суверенитетини қандай белгилаётганига қаранг, бу суверинетет Донбасс минтақасини ва бошқаларни ҳам қамраб олган.
Демак, мантиқ шу: агар биз у ерда ютқазишни бошласак, ядровий бомбалардан фойдаланишга ҳақлимиз".
"Нацизмга қарши кураш" ҳақидаги чўпчак ва Россия билан тинчлик музокаралари эҳтимоли ҳақида
"Ҳар қандай сўл ҳаракатни автоматик равишда россияпараст деб ҳисобламаслик керак.
Путин неофашист. Қаранг, Путин Ғарбда Европани йўқ қилмоқчи бўлганларни қўллаб-қувватлаяпти. Путин "Германия учун муқобил" партияни қўллаб-қувватлайди, Францияда Ле Пенни қўллаб-қувватлайди... Барча Европа давлатларида у ўта ўнгларни қўллаб-қувватлайди, нега? Чунки ўта ўнглар ҳам Европа бирлигини бузишни истайди.
Биласизми, Путин яқинда Байденни афзал кўришини айтди. Менимча, бу одатий Путин. У Қўшма Штатларда Байденни шунчалик ёмон кўришини биладики, агар у "мен уни афзал кўраман" деса, бу Байденга зарар етказишини билади. Менимча, бу Путин учун Трампни қўллаб-қувватлашнинг бир усули эди.
Бу ерда мен сўл позицияни оламан. Шуни таъкидлашим керакки, мен сўл радикал сифатида бутунлай Украина томонидаман. Чунки, биринчи навбатда, ҳозир кўриб турганимиз нарсага эътибор бердингизми - ўта ўнг ва ўта сўлнинг мутлақо ақлдан озган коалициясига?
Уларнинг барчаси тинчлик музокаралари ва бошқалар ҳақида гапирмоқда. Аммо Путин ўз шартларини яна ва яна такрорлайди. У нафақат унинг армияси эгаллаб турган ҳудудларни, балки бошқа нарсаларни ҳам қўшиб олмоқчи. Ҳеч бўлмаганда бутун Донбассни.
Лекин бу ҳаммаси эмас. У қайта-қайта айтди: бу ҳаммаси эмас, Киевдаги "нацистлар режими" қулаши керак. Шунинг учун у тўлиқ сиёсий назоратни истамоқда.
Шунинг учун мен ҳар доим "тинчлик музокаралари" ҳақида гапирадиганларга айтаман: яхши, лекин бу музокаралар Украинанинг тўлиқ таслим бўлишини англатади. Улар менга жавоб беришади: лекин шунга қарамай, биласизми, балки руслар бўрттириб гапираётгандир, балки музокараларда муросага келиш имконияти бордир.
Аммо ҳозир айтмоқчиманки, бу яна ўша ядровий қурол масаласига тегишли.
Айтайлик, Украина жанг майдонида нисбатан муваффақиятли ҳаракат қилганида, музокаралар учун имконият бор эди. Лекин нима учун музокаралар ўтказиш имконияти пайдо бўлди? Чунки Украина Ғарб ёрдами туфайли қаршилик кўрсата олди.
Агар Украина шунчаки ўзини ҳимоя қилмаганида эди, ҳеч қандай музокараларсиз ҳамма нарса аллақачон тугаб битарди.
Демак, парадокс шуки, бу ягона йўл ва буни назарий эмас, балки жуда амалий, эмпирик парадокс деган бўлардим. Музокаралар учун йўл очишнинг ягона йўли - Украинага етарлича қурол-яроғ ва ҳатто бошқа, янада агрессив ёрдам беришдир.
Рим папаси Френсиснинг гапларидан шокка тушдим. Эсингиздами, у Украина оқ байроқни кўтариб, музокаралар учун йўл очиши керак деган эди? Кечирасиз, оқ байроқ музокара эмас. Оқ байроқ таслим бўлишдир. Бу биринчидан.
Иккинчидан, нацизм ҳақидаги барча бу ўзаро айбловлар, сиз Путиннинг "Киевдаги нацистлар режими" ҳақида нима дейишини биласиз, Украина эса: биз нацизмга қарши курашяпмиз, дейди.
Барча риторик муболағаларга қарамай, мен вазиятни жуда яхши биламан, Украинадаги Майдан қўзғолони пайтида нима содир бўлганига шубҳа қилувчи ҳар бир кишига маслаҳат бераман: Сергей Лозницанинг икки соатлик «Майдан» ҳужжатли фильмини томоша қилинг.
Албатта, бу ўз-ўзидан пайдо бўлган халқ қўзғолони эди. Сўл, ўнг, ҳаммаси, маданият бор эди. Аммо бу, албатта, НАТО ёки қандайдир фашистлар аралашуви эмас эди. Бу ҳақиқатан ҳам жуда катта воқеалардан бири эди.
Учинчидан, одамлар, келинг, реалист бўлайлик, Россия у ерда фақат бир оз ер хоҳлаяпти дейишади - йўқ, афсуски, Украина биринчи бўлган эмас.
Эсингизда бўлса, Осетия, Шимолий Грузия, Қрим ва бошқалардан бошланган. Россия шунчаки кенгаймоқчи.
Шунинг учун Украина ҳукуматидаги баъзи кучларга нисбатан менинг кичик танқидим шундай: Путинга қандайдир постбольшевик, большевикларнинг вориси сифатида муносабатда бўлишни бас қилинг.
Икки йилдан кўпроқ вақт олдин нима бўлганини эслайсизми? Россия Украинага ҳужум қилганда Путин нима деганди?
Албатта, бугунги кунда барча тажовузкорлар ўз тажовузини ўзимни ҳимоя қилмоқчиман деб оқлайди. Расмий рус риторикасига қаранг: биз ўзимизни ҳимоя қилмоқдамиз, бизга ҳужум қилган Украина эди. Аммо ишончим комилки, сиз кўргансиз: Путин 21 ва 23 февраль кунлари иккита қисқа нутқ сўзлади. Иккала нутқида ҳам у фақат битта исмни тилга олди.
Бунинг сабаби аниқ. Чунки Путин ҳеч қачон ўзини жуда ёмон кўрадиган одамлар исмини тилга олмайди. У ҳеч қачон Навальнийнинг исмини айтмаган. Билишимча, у ҳеч қачон Зеленскийнинг исмини ҳам айтмаган. Шунчаки "Украина нацистлари раҳбари" деб гапиради.
Менимча, биз Путинга мутлақо ишона олмаймиз. У ўз ҳудудини кенгайтиришда давом этади. Кенгроқ уруш хавфи туғилса ҳам, уни тўхтатиш керак. Аммо менимча, узоқ муддатда бу тинчликни сақлашнинг ягона йўли.
Агар биз ҳозир тинчлик талаб қилиб, Украинага босим ўтказсак, бу Россия экспанцияси учун жой бўшатиш холос.
Мен ҳар доим яна бир нарсани такрорлардим: биласизми, мен тинчлик энг олий қадрият ва ҳоказо ва ҳоказо дейдиганлардан чарчадим.
Унутманг, Путин гўёки Украинада тинчлик ўрнатилишини хоҳлайди. Унинг учун «тинчлик» бутун Украинани назорат қилишни англатади. Босқинчилар, қайсидир маънода, доимо тинчликни хоҳлашади. Улар тинчликни хоҳлашади, чунки босиб олингач тинчлик бўлади-да.
Гитлер 1940 йилда Францияни босиб олганида, бу ерда тинчлик бўлишини хоҳлайдими? Албатта, у тинчликни хоҳларди, чунки тинчлик унинг учун: "Мен Францияни тинч йўл билан эксплуатация қила оламан" деган маънони англатарди.
Шундай экан, яна бир бор асосий парадокс шуки, ўзини ҳимоя қилишга қодир кучли Украина мавжуд бўлгандагина музокаралар бўлади".
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














