Саломатлик: Уйингиз исимаса, совуқ сизга қандай зарар етказишини биласизми? Dunyo, Yangiliklar

Сурат манбаси, James Gallagher
- Author, Жеймс Галлаҳер
- Role, Би-би-си
Қаттол совуқ ҳақида ўйлаганимда соқолларида муз қотиб қолган қутб тадқиқотчилари, Эверест чўққиларини забт этаётган альпинистлар, совуқдан қақшаб қорайган бармоқлар кўз олдимга келади.
Шунинг учун мендан цельсий бўйича атиги 10 даража ҳароратда ўтказиладиган тажрибада иштирок этишимни сўрашганига унчалик жиддий олмадим.
Мен учун бу умуман олганда совуқ ҳам эмас эди, арктика эмас ҳар ҳолда. Албатта, танани стрессга дучор қилишдан олдин бунданда совуқроқ ҳароратда бўлишимиз керак эмасми? Бу масалада адашгандим.
"Бу юмшоқ туюлади, лекин бу ҳақиқий физиологик муаммо", дейди менга Жанубий Уэлс университети профессори Дэмиан Бейли.
У мени ўз лабораториясига совуқнинг танамизга таъсирини ўрганиш ва нега бундай мўътадил кўринадиган ҳарорат ҳалокатли бўлиши мумкинлигини тушунтириш учун таклиф қилди.
"Ўн даража - бу одамлар уйларини иситмасдан ҳам яшаса бўладиган ўртача ҳарорат", деди профессор Бейли.
Шундай қилиб мен 10 даража ҳарорат юрак, ўпка ва мияга қандай таъсир қилишини билиб оладиган бўлдим.
Мени лаборатория бурчагидаги бир камерага олиб боришди, у ялтироқ металл деворлар ва қалин, оғир эшикдан иборат эди. Ушбу ҳаво ўтказмайдиган хонада олимлар ҳарорат, намлик ва кислород миқдорини аниқ ўлчашлари мумкин.
Мен 21 даражалик илиқ ҳавони ҳис қилдим. Режа 21° С дан бошлаб, ҳароратни 10 ° С га тушириш ва танамнинг совуққа қандай таъсир қилишини текшириш эди.
Биринчидан, мени танамда бўладиган барча ўзгаришларни дақиқ сезадиган сон-саноқсиз замонавий қурилмаларга улаб қўйишди.
Менинг кўкрагим, қўлларим ва оёқларим тана ҳарорати, юрак уриши ва қон босимини кузатадиган мониторлар билан тўлди.
"Сиз «Юлдузлар уруши» қаҳрамонига ўхшаб қолдингиз", деб ҳазиллашади профессор Бейли танамга бошқа сенсор ва кабель уланганда.
Пешонамда илк тер томчилари пайдо бўлганда, миядаги қон оқимини кузатиш учун қулоқчинга ўхшаш нарса кийдирилади; ультратовуш менинг бўйнимдаги артерияларни текширади (мияга ўтаётган қоннинг ритмик ҳуштакини эшитиш ғалати тарзда таскин беради) ва мен нафасимни ўлчайдиган улкан найчага нафас чиқараман.

Сурат манбаси, James Gallagher
Ўлчовлар олинди. Олимлар менинг танам 21° С ёқимли ҳароратда ўзини қандай тутишини белгилаб қўйишди. Сўнг фенлар ёқилди ва салқин шабада камерадаги ҳароратни аста-секин пасайтира бошлади.
Профессор Бейли менга: "Биз гаплашаётганимизда сизнинг миянгиз қонингизни ҳис қилади, ҳарорат ўзгараётганини билиб, тананинг қолган қисмига сигнал юборади", деди.
Бу сигналдан мақсад менинг асосий аъзоларим, дейлик, юрак ва жигар ҳароратини 37° С атрофида ушлаб туришдир.
Мен танамнинг ичида содир бўлаётган чуқур ўзгаришлардан хабардор бўлишга улгурмай қурилмалар бу ўзгаришларни сеза бошлади.
Хонадаги ҳарорат 18°С га тушганда, баданимни ташқи муҳитдан изоляция қилиш учун терлаш тўхтади, қўлларимдаги туклар ростлана бошлади.
"Илм бизга 18 даража бурилиш нуқтаси эканлигини кўрсатади... тана энди ўша асосий ҳароратни сақлаш учун ишламоқда", деб бақиради профессор Бейли фенларнинг шовқини оша.
Кейин бармоқларим оқариб, совқота бошлайди. Қўлларимдаги қон томирлари ёпилади - бу вазоконстрикция деб аталади - шу билан қон муҳим аъзолар учун керакли ҳароратда ушлаб турилади.
Агар мен бошқа жинс вакили бўлганимда, бу тезроқ содир бўларди.
Портсмут университетидан доктор Клэр Эглиннинг айтишича, "Аёллар кўпроқ совқотади, чунки гормонлар (эстроген) уларнинг қўллари ва оёқларидаги қон томирларини тезроқ торайтириши мумкин, бу эса совуқни тезроқ ҳис қилдиради".
Менинг 11,5 даражага тушганда қалтирай бошладим, мушакларим иссиқлик ҳосил қилиш учун титрай бошлайди.
10 даражада фенлар ўчди. Мен ўзимни ноқулай ҳис қиляпман, лекин музлаб қоладиган эмас, биз барча тана ўлчовларини янада пастроқ ҳароратда такрорладик ва тез орада 10° С менга таъсир қилишига шубҳа қилишим хатолиги маълум бўлди.
"10 даража ҳароратда тана жуда қаттиқ ишлайди", дейди профессор Бейли.
Мени шокка солган нарса - мияга борадиган қон оқимининг ўзгариши ва буни сеза олишимга кетган вақтдир.
Мен совуқ хонада мактаб уй вазифасини бажаришни ёки ақлнинг сустлашишига ўхшаш нарсани ҳис қилишни хоҳламайман.
"Мияга камроқ қон етиб боради, натижада унга камроқ кислород ва камроқ глюкоза тушади ва бунинг салбий томони шуки, бу сизнинг ақлингизга салбий таъсир қилади", дейди профессор Бейли.
Ана шу ҳолатда танам ўзининг асосий ишини қилади - барқарор тана ҳароратини сақлаб қолади, фақат бунинг учун кўпроқ ишлаши керак.
Юрак уришим тезлашиб, танам бўйлаб илиқ қон тезроқ айланар экан, қон босими ҳам ортади.
Профессор Бейли менга: "Юқори қон босими инсульт ва юрак хуружи хавфини орттиради", дейди.
Қоннинг ўзи ҳам ўзгаради, "шунинг учун у бир оз қуюқлашади", дейди профессор Бейли ва бу қуюқроқ, лойқароқ қон хавфни оширади.
Шунинг учун юрак хуружи ва инсульт қишда кўпроқ учрайди.

Сурат манбаси, James Gallagher
Хайриятки, бу вақтда қон томирларингиз жойида эди, дейди профессор Бейли менга, аммо бу ички ўзгаришлар юрак соғлиғи жойида бўлмаганлар ва кексалар учун хавф туғдиради.
"Мавжуд маълумотлар иссиқдан кўра совуқ қаттолроқ эканлигини аниқ кўрсатмоқда. Совуқ ҳаво иссиқдан кўра кўпроқ ўлимга сабаб бўлади", дейди профессор Бейли.
"Шундай экан, менимча, совуқнинг хавфига кўпроқ эътибор қаратиш керак."
Совуқ ҳам вирусларга ёрдам беради
Совуқ, шунингдек, қиш ойларида кўпаядиган кўплаб инфекцияларга, масалан, гриппга ёрдам беради. Ўпка инфекцияси туфайли пайдо бўладиган пневмония совуқ ҳаводан кейин кўпайиши эҳтимоли кўпроқ.
Совуқ ҳавода деразалар бўлган жойларда кўришамиз бу эса вируснинг тарқалишини янада осонлаштиради.
Совуқ, шунингдек, вирусларнинг танадан ташқарида сақланишини ҳам осонлаштиради ва совуқ ҳавода вирусга зарар берадиган намлик камроқ.
Қуруқ ҳаво вирусларнинг узоқ масофаларга боришига имкон беради, дейди Йел университети иммунобиологи профессор Акико Ивасаки. У совуқ ҳаводан нафас олиш бурундаги иммунитет тизимига таъсир қилишини кўрсатадиган тажрибалар ўтказган.
Профессор Ивасаки менга шундай дейди: "Пастроқ ҳароратларда иммунитетингиз фаоллиги пасаяди ва бу вируснинг бурнингизда яхшироқ кўпайишига ёрдам бериши мумкин".
Совуқда нима қилиш керак?
Одатда хона ҳароратини 18 даражагача иситамиз. Агар бунинг имкони бўлмаса, профессор Бейлининг айтишича, "тоққа экспедицияга шайланаётган альпинистдек тайёрланишимиз керак".
У шундай маслаҳат беради:
- Яхши изоляция қиладиган, жун каби материалдан тикилган либос кийинг.
- Қўлқоплар ва пайпоқ бош кийимдан кўра муҳимроқ (аммо жунли бош кийим ҳам ёрдам беради).
- Юқори углеводли таомлар истеъмол қилинг.
- ТВ қаршисида ўтиравермасдан, ҳарракат қилиб баданни қиздиринг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















