Ўзбекистон ва дунё: исломий банкка ким қарши? - BBC Uzbek

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Игорь Цой фикрича, агар Ўзбекистонда исломий банкинг ривожланса, тадбиркорлик ҳам ривожланади, инфляция ҳам камаяди, иқтисодий ислоҳотлар ҳам жадаллашади.
Мустақил иқтисодий экспертнинг исломий банкинг афзаллиги ҳақидаги мақоласи Repost.uz веб-сайтида эълон қилинган.
Игорь Цой мақоласида инсоният тарихидаги судхўрлик, бугунги замондаги банк хизматлари моҳияти ва исломий молия, Ислом динининг фоиз эвазига пул қарзга бериш(рибо)га муносабати ҳақида муфассал маълумот берган, бугунги кунда жаҳондаги исломий молияга қизиқиш ва фойдаланиш нега кўпайиб бораётганини чуқур таҳлил қилган.
Аммо Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун зарур ишлар бошланганига икки йил ўтган бўлса-да, исломий банкинг ривожи сезилмаяпти.
Мустақил иқтисодий таҳлилчи фикрича, ҳозирги пайтдаги банк тизими амалдорлари Ўзбекистонда исломий банкинг тизими жорий этилишидан манфаатдор эмаслар.
Би-би-си мустақил иқтисодий таҳлилчи Игорь Цойдан ўзбекистонликлар исломий банкинг ҳақида қанчалар маълумотга эгалар, деб сўради.
Игорь Цой: Мамлакатимизда исломий банкинг ҳақида маълумот жуда оз, етарли эмас. Исломий банк пул воситаларини қандай механизм асосида, қанақа шартларда беришини юртдошларимиз умуман билмайдилар, дейиш мумкин. Биз ҳали Советлар замонидан "кредит фақат фоиз эвазига берилади" деган фикрга ўрганиб қолганмиз. Бу амалиёт Ўзбекистонда ҳали ҳам давом этаяпти. Шунинг учун ҳам аҳоли исломий банк ҳақида ахборотга эга эмас. Инсонлар ўзининг ҳаётида исломий банк тажрибасига дуч келмаганлар. У қандай банк эканини тушунтириб берадиган мақолалар йўқ. Исломий банк ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имкониятини берадиган синов тариқасидаги муассаса ҳам йўқ. Исломий банкингнинг афзаллигини кўрсатиб берадиган лойиҳага қўл урилмаган. Исломий банкнинг асосий фарқи фоизнинг йўқлиги. Судхўрликнинг йўқлиги.
Би-би-си: Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Исломий Тараққиёт банки Ўзбекистонда 1 миллиард доллардан ортиқ маблағни исломий банкинг шартлари асосида мижозларга беришни бошлаган. Бу маблағ кимларга берилган?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Игорь Цой: Ҳа, 2017 йилдан Исломий Тараққиёт банкининг маблағлари асосан хусусий бизнесга, оилавий бизнеслар ривожи учун йўналтирилган. Лекин яқинда Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистонда ажратилган жами кредитларнинг 60 фоизини қайтаришда муаммолар юзага келган. Республика раҳбариятининг сиёсий қарори таъсирида банклар одамларга кредитлар беришди. Лекин кредиторлар бу кредитлардан самарали фойдаланилаяптими ёки йўқлигини кузатиб бормаганлар. Ва айнан мана шу масалада исломий банкингнинг афзаллиги намоён бўлади. Чунки бу фақат банк билан мижознинг ўртасидаги муносабат эмас. Исломий банк билан мижоз тенг ҳуқуқли шерикка айланадилар. Кредит маблағларидан максимал самарали фойдаланишдан банк ҳам манфаатдор, унинг мижози ҳам. Чунки уларнинг иккиси ҳам келадиган даромаддаги шериклар бўладилар. Олинган даромаднинг нақадар катта бўлиши жалб қилинган пуллардан қанчалар самарали фойдаланилганига боғлиқ бўлади. Чунки улар тенг ҳуқуқли шериклардир. Ва аксинча, даромад ўрнига зарар кўрилган ҳолатида ҳам ёндашув шундай бўлади: агар исломий банкда лойиҳа касодга учраса, зиён ҳам банк ва унинг мижози ўртасида кенг тақсимланади. Бу энг муҳими. Яъни, икки томон ҳам инвестициявий лойиҳадан имкони борича кўп фойда топишдан манфаатдор бўлади. Агар бизнинг мамлакатимизда ҳам кредитлар исломий банкинг шартлари асосида берилганида эди, банкларимиз ҳам тадбиркорларга, оила бизнесини йўлга қўйганларга ажратилган кредит ресурсларидан самаралироқ фойдаланишда ёрдамлашган бўлардилар. Банклар ишбилармонларга маслаҳатлар берган бўлардилар. Ҳозир бўлса, банкларга юқоридан кўрсатма бўлгани учун орқа-олдиларига қарамасдан, банкларимиз кредитлар бериб юборишди.
Би-би-си: Аммо Ўзбекистондаги банк тизимига назар ташлайдиган бўлсак, банк тизими ҳам ёпиқ эди, 2017 йилгача оддий инсонларнинг банкдан кредит олишлари жуда-жуда мушкул эди. Ўзбекистон банкларида ҳам тадбиркорга кредит бериш ва бунинг ортидан молиявий ёки маслаҳат қўллаб-қувватловини кўрсатиб бориш тажрибаси ҳам бўлмаган. Шунинг учун ҳам охирги икки йилда ажратилган кредитларни қайтариш муаммоси юзага келгандир балки?
Игорь Цой: Бу муаммонинг борлиги ҳам рост. Бизнинг банкларимиз яқин-яқингача ҳам хусусий тадбиркорликни кредитлашдан манфаатдор эмас эдилар. Фақат мақсадли дастурлар бор эди, ана ўшаларгагина банк молияси тақдим этилар эди. Шу билан чекланиб келинган. Энг муҳими, тақдим қилинган кредит ресурсларидан фойдаланишнинг самарадорлиги талаб этилган даражада эмас эди. Шунинг учун ҳам банк соҳасида катта йўқотишлар бўлган, бесамар кредитлар ажратилган, берилган кредитларни қайтариш муаммоси юзага келган. 2017 йилдан кейин вазият ўзгарди: кредит ресурслари катта-катта ҳажмда берила бошланди. Бу эса мамлакат тўлов баланси салбийлашишига олиб келди. Бунақаси бизда ҳеч қачон бўлмаган. Ўзбекистонимизда кредит беришнинг кўпайгани бошқа бир томондан инфляциявий жараёнлар ўсишига ҳам сабабчи бўлди. Йиллик инфляция фоизи 15, 16 фоизни ташкил қилди. Инфляция даражасининг юқорилиги эса аҳоли турмуш даражасининг пасайишига олиб келади. Аҳолининг чўнтагига "уради". Айниқса, кам маош оладиган кам таъминланган аҳоли қатлами вакилларига. Шунинг учун ҳам, менинг фикримча, мамлакатимизда исломий банкинг асосидаги банк фаолиятини имкони борича кўп ривожлантирмоқ зарур. Ўшанда кредит шунчаки бериб қўйилмайди. Банк билан мижоз ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилади. Банк - фақат кредит ажаритишгина билан шуғулланадиган орган бўлиб қолмаслиги керак. Банк - иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг энг фаол намоядаси бўлиб ўртага чиқмоғи лозим.
Би-би-си: Лекин раҳбарият "мамлакатда исломий банкинг ривожлантирилсин" деб фармойиш берган тақдирда ҳам уни дарҳол йўлга қўйишнинг имкони йўқ, чунки сиз ўзингизнинг repost.uz веб-сайтида эълон қилинган мақолангизда ёзганингиздек, исломий банк учун талаб қилинадиган профессионал банкирлар муаммоси мавжуд...
Игорь Цой: Тўғри, мутахассислар билан боғлиқ муаммо чиндан ҳам мавжуд. Бироқ мен мамлакатимизда жуда кўп ёш, саводли мутахассислар борлигидан яхши хабардорман, агар уларга йўналиш берилса, улар жуда қисқа фурсат ичида исломий банкинг фаолиятининг асосий тамойилларини ўзлаштириб олишга қобил ёшлардир. Уларни қисқа муддатга хорижга стажировкага юбориш мумкин. Улар янгича ғоялар, янгича фаолият тамойилларини ўзлаштириб ватанимизга қайтишади. Буни уддалай оладиган инсонлар Ўзбекистонда бор, исломий банкингни жорий этиш ишини қисқа вақт ичида йўлга қўя олиш мумкинлигига мен ишонаман. Фақат бу инсонларни ҳозир яшаётган муҳитларидан олиб чиқиш лозим, уларнинг олдига янги мақсадлар қўйиш керак, ўша ёшларга ўз потенциалини намоён қилишга имконият яратиб бериш лозим. Ҳозир бизнинг жуда кўп ёшларимиз Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар ортга қайтмайдиган характер касб этиши учун нима лозим бўлса, ўшани қилишни хоҳлайдилар. Мутахассислар муаммоси бор, аммо бу муаммони ҳал қилса бўлади. Бизнинг ёш билимли мутахассисларимизнинг салоҳияти мамлакатимизда қисқа фурсатда - олти ой ичида исломий банкингни йўлга қўя олишига менинг ишончим комил.
Би-би-си: Ўзбекистон Президенти мамлакатда исломий банк фаолияти учун зарур инфратузилмани ривожлантириш мақсадидаги қарорни имзолаганда биз таниқли ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаиновни интервью қилгандик, у, Ўзбекистондаги тадбиркорлар "қачон бизда исломий банк очилади" деб узоқ вақтдан буён кутишади, деб айтганди. Мана ўша қарорга ҳам 1,5 йил бўлди. Балки мамлакат раҳбарияти, "ҳали бу йўналишда қилиш лозим бўлган ишлар кўп экан, қонунчилик базасини барпо этиш, мутахассисларни тайёрлаш узоқ вақтни олади", деган ўйда исломий банкингни йўлга қўйиш ишини тезлаштирмай тургандир?
Игорь Цой: Менинг фикримча, бунинг сабаби - ҳозирги банк тизимидаги амалдорларимизнинг исломий банкингдан манфаатдор эмасликларида. Чунки исломий банкинг шароитида фаолият юритиш учун, энг аввало, ўз соҳасининг яхши билимдони бўлиш талаб қилинади. Малакали банк ходими бўлиш керак. Банкнинг пули йўналтирилган соҳадаги ишлаб чиқариш жараёнини, савдо жараёнини мунтазам монитор қилиб бориш лозим. Яъни, доим ишлаш талаб қилинади. Унинг ўрнига худди Совет замонидагидек пул транзакцияларини ўтказгани учунгина фоиз олиш билан, ёки берган кредити эвазига фоиз ушлаб қолиш билан шуғулланиш осонроқ: "кимгадир пул бердинг, бўлди, лойиҳадаги бошқа бирор нарсага бош қотириб ўтирмайсан. Мабодо кимдир олган кредитини қайтаролмай қолсагина, уни қайтариш йўллари устида қайғуриш мумкин". Бу тўғри амалиёт эмас. Шунинг учун ҳам мен, бизнинг мансабдорларимиз исломий банк тараққиётидан манфаатдор эмаслар, деган хулосага келганман. Ўзбекистонда Ислом банкини ривожлантириш учун жорий банк амалдорларига боғлиқ бўлмаган ёш - 30-40 ёшлардаги, хорижда таҳсил олиб қайтган мутахассисларни жалб қилиш керак, деб ўйлайман. Ана шундай ёш мутахассисларимиз аллақачон Молия вазирлиги, Марказий Банкда яхши ишларга қўл урмоқдалар, янги ғоялар бериб, ҳаётга татбиқ этаяптилар. Улар Ўзбекистоннинг янада илғор бўлишини, янада тезроқ суръатларда ривожланишини исташади, ўзгаришлардан манфаатдор бўлмаган амалдорларнинг қаршилигини тезроқ енгиб, ислоҳотларни ортга қайтмайдиган босқичга олиб чиқишни хоҳлашади. Бундай билимли ёшларимиз билан Ислом банкини Ўзбекистонда тезда йўлга қўйиш мумкин, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам "Ҳалол пуллар" деган мақолани ёздим. Юқоридаги масъул раҳбарлар мамлакатимиздаги банк соҳасига дин нуқтаи назаридан, ахлоқ, маънавий қадриятлар нуқтаи назаридан қарашларини хоҳладим. Бизда банк соҳасига мана шундай ёндашув билан қарамайдилар. Аксинча, "бизнинг банк соҳамиз одоб-ахлоқлими, адолатлими?", деган нуқтаи назардан қараш керак. Агар мамлакат раҳбариятида исломий банкинг тамойилларини жорий этиш истаги бўлса, уни йўлга қўйиш қийин бўлмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















