Россия: Мигрантлар болаларининг мактабга олинмаслиги Путин режасими, мигрантларга яшаш ҳуқуқини вақтинча чеклаш таклиф қилинди, ноқонуний муҳожирлар Россиядан чиқарилади

Россия мактаби

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мактабга ўйиш учун ҳажжат топширган хорижлик болаларнинг 90 фоизи қабул қилинмади
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россиялик депутат мигрантларга яшаш ҳуқуқи ва паспорт беришни вақтинча тўхтатишни таклиф қилди. Мигрантларнинг қарийб 90 фоиз болалари бу йил мактабга қабул қилинмади. Путин аввалроқ, хорижлик ўқувчиларнинг сонини камайтиришни таклиф қилганди.

Россия Давлат думаси депутати, "Справедливая Россия — За правду" партияси раҳбари Сергей Миронов мигрантларга Россия фуқаролиги ва яшаш ҳуқуқини беришни вақтинча тўхтатиш таклифи билан чиқди.

Мироновнинг gazeta.ru га айтишича, 2030 йилга қадар Марказий Осиёдан келган мигрантларга фуқаролик ва яшаш ҳуқуқини бермаслик ҳақида мораторий жорий этиш зарур, чунки ортиб бораётган миграция оқими Россия миллий хавфсизлиги учун таҳдид солмоқда.

"Россияга суст назорат қилинаётган мигрантлар оқими тобора кўпаймоқда. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида хорижликларга 114 мингга яқин меҳнат рухсатномаси берилган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан бир ярим баробар кўп. Расмий маълумотларга кўра, Россияда 6,5 миллиондан ортиқ мигрант бор, уларнинг бир қисми ишлайди, қолганлари эса оилалари билан ижтимоий инфратузилмадан – шифохоналар ва мактаблардан фойдаланмоқда", — деди депутат.

Алоқадор мавзулар:

Унинг фикрича, бу ҳолат Россия миллий хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигига "бевосита таҳдид"дир.

Миронов, партияси миграция соҳасида тартиб ўрнатиш учун бир қатор қонун лойиҳаларини Думага киритганини, аммо улар ҳали қабул қилинмаганини эслаган.

"Шу сабаб, 2030 йилга қадар Марказий Осиёдан келган мигрантларга фуқаролик ва яшаш ҳуқуқини беришни тўхтатишга чақиряпман. Фақат шундагина вазиятни барқарорлаштириб, чет элликлар оммавий келиши ортидан юзага келган муаммоларни ҳал қила оламиз", — деди у.

Бу Мироновнинг илк ташаббуси эмас. У 2022 йилда тожикистонликларга фуқаролик беришни тўхтатиш ҳақида сўз очган, аммо бу таклиф ҳукумат ҳам, Дума ҳам томонидан қўллаб-қувватланмаган эди. 2024 йилда у яна Марказий Осиё аҳолисига фуқаролик беришни 2026 йилгача тўхтатишни таклиф қилган, аммо бу ташаббус ҳам рўёбга чиқмаган.

Аввалроқ Миронов меҳнат мигрантларига оилаларини Россияга олиб келишни тақиқлашни ҳам таклиф қилган эди.

Россия иқтисодиётининг бутун тармоқлари – қурилиш, уй-жой коммунал хизматлар, логистика, маиший хизмат кўрсатиш ва етказиб бериш соҳалари, шунингдек, ўз келган ватанлари иқтисодиёти уларнинг меҳнатига боғлиқ.

Россия урушда ўз фуқароларини йўқотишда давом этаётган бир вақтда демографлар қилган ҳисоб-китобга кўра, мамлакатда аҳолини сақлаб қолиш учун йилига 1 миллион мигрант керак.

Россия: Мигрант болаларнинг 87 фоиздан ортиғи мактабга қабул қилинмади

2025 йилда Россия мактабларига ўқишга ариза берган камида 23 минг хорижлик боладан 87 фоизидан кўпроғи қабул қилинмади. Қабул қилинмаганларнинг катта қисмининг ҳужжатлари сабаб имтиҳонга қўйилмаган. Имтиҳонга кирганларнинг ярми синовдан ўтолмаган.

Бу ҳақда Россия Таълим назорат идораси маълум қилди.

Хабарда айтилишича, асосий сабаб — рус тилидан тест синовига кириш учун зарур ҳужжатларнинг тўлиқ топширилмагани.

Апрелдан августгача 23 616 нафар бола учун ҳужжат топширилган, лекин уларнинг фақат 8 223 нафари тўлиқ ҳужжатларни тақдим этган. Шундан 5 940 киши тест синовига қўйилган, дея хабар беради Интерфакс.

Синовда қатнашганларнинг ярми ундан ўта олмаган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтганлар сони — 2 964 нафар. Бу синовда қатнашганларнинг 50 фоизини ташкил этса-да, умумий ариза берганлар сонидан атиги 12,6 фоиздир.

Расмийларга кўра, тестлар синф даражасига мос ҳолда тузилган: биринчи синфга кирувчиларда оғзаки нутқ ва грамматика, иккинчи синфдан эса ўқиш ва ёзиш кўникмалари ҳам текширилади. Синов ёзма ва оғзаки шаклда ўтказилади.

Имтиҳондан ташқари, ота-оналар боланинг туғилганлик ва қариндошлик ҳужжатлари, Россияда қонуний яшашини тасдиқловчи маълумот, тиббий хулоса ва барча ҳужжатларни рус тилига нотариал таржима билан топшириши шарт.

Агар ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, ариза кўриб чиқилмайди.

Рус тилидан мажбурий тест 2025 йил 1 апрелдан жорий қилинган. Синовдан ўтолмаган ёки тўлиқ ҳужжат топширмаган болалар Россия мактабларига қабул қилинмайди.

2021 йилда Президент Путин Россия мактабларида мигрант-болаларнинг улушини назорат қилишни таклиф қилган эди.

Унинг фикрича, мактабда хорижлик ўқувчилар қанчалик кўп бўлса, уларнинг рус маданияти ва тили муҳитига мослашиши шунчалик оғир кечади.

Уларнинг сони қисқартирилса, мамлакатнинг қадриятлар тизимига енгилроқ сингади, деб ҳисоблайди Россия Президенти.

Россия ноқонуний мигрантларни чиқаришни бошлайди

Мигрантлар

Сурат манбаси, Getty Images

Россия 2025 йил 11 сентябрдан ноқонуний мигрантларни мамлакатдан чиқариш жараёнини йўлга қўяди. Бу чора Россия президентининг миграция амнистияси ҳақидаги фармони муддати тугаганидан кейин кучга киради. Бу ҳақда Asia Plus нашри ёзмоқда.

10 сентябрда тугаган амнистия даврида хорижий фуқароларга Россияда қонуний мақом олиш имконияти берилган эди. Бунинг учун улар яшаш жойи бўйича паспорт-виза марказига ёки миграция бўлимига мурожаат қилиши, Москвада эса "Сахарово" кўп функцияли миграция марказига бориши керак эди.

Муддат ўтиши билан ҳуқуқий мақомини расмийлаштирмаганлар "назорат қилинадиган шахслар" реестрига киритилади ва уларга қатор чекловлар қўлланилади.

Россия Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, бундай шахсларга Россияга кейинчалик кириш тақиқланади. Шунингдек, улар никоҳни расмийлаштириш ёки бекор қилиш, болаларини мактаб ёки боғчага жойлаштириш, машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Қоидаларга кўра, улар яшаш ёки туриш манзилини ИИВ рухсатисиз ўзгартира олмайди, яшаш ҳудудини тарк этмайди, мулк сотиб олмайди ёки кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказа олмайди.

Бундан ташқари, уларга банк ҳисоб рақамлари очиш ва молиявий операциялар ўтказиш тақиқланади. Назоратдаги шахслар ИИВ чақирувига биноан ҳозир бўлиши ва барча чекловларга риоя қилиши шарт.

Ноқонуний мигрантларга ёрдам берган шахслар ва компаниялар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин. Қоидаларни бир неча бор бузган мигрантлар депортация қилиниши ёки чиқарилгунгача ИИВнинг махсус муассасаларида сақланиши мумкин.