Камситишлар ва масхара - Россияда мигрантнинг боласи бўлиш қанчалик қийин? Ўзбекистон ва Россия - Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, MAXIM KIMERLING/TASS
- Author, Наталия Зотова
- Role, Би-би-си Рус хизмати
Россия Ғарбдаги каби мактабларни "ҳеч қачон" муҳожир оилалар фарзандлари билан тўлиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Ўтган ҳафта президент Владимир Путин ана шу гапни айтди. Россияда асосан муҳожирлар болалари бўлган мактаблар амалда мавжуд эмас, аммо ҳақиқатан ҳам бундай ўқувчиларнинг мослашиши билан боғлиқ муаммолар борми? Буни Би-би-си Рус хизмати аниқлашга уриниб кўрди.
"Мактабларимиздаги муҳожирларнинг фарзандлари сони шундай бўлиши керакки, бу уларга расмий эмас, балки амалда рус тили муҳитига чуқур мослашишга имкон берсин. Нафақат тилга, балки умуман маданиятга ҳам". Бу ҳақда Путин 30 март куни бўлиб ўтган Миллатлараро муносабатлар кенгаши йиғилишида гапирди.
Путин буларни Таълим вазири Сергей Кравцовнинг муҳожир болаларнинг индивидуал таълим эҳтиёжларини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ваъда қилинган ҳисоботига жавобан айтди.
"[Президентнинг] баёноти муаммони тескари томонга буриб юборади", дейди Би-би-сига Олий Иқтисод мактаби Ижтимоий сиёсат институти раҳбари, социолог Екатерина Деминцева. "Муҳожирлар" мактаблари Россиянинг йирик шаҳарларида аллақачон мавжуд, дейди у.
"Агар сиз уларнинг олдига борсангиз, муҳожирларнинг болалари уларда кўпчилик эмаслигини кўрасиз", дея тушунтиради эксперт. Унинг ҳисоб-китобига кўра, гап умумий ўқувчилар сонининг 10-15% ҳақида кетмоқда. Аммо мактабда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларидан бир нечта бола пайдо бўлса ҳам, маҳаллий аҳоли "муҳожир болалар оқими" ҳақида гапиради.
Деминцева ўнлаб ана шундай мактабларда бўлиб, уларни ўрганиб чиқди.
"Яхши мактаблар" ва " муҳожир мактаблари"
2020 йил декабрь ойида Ички ишлар вазирлиги Россияда 6 миллионга яқин меҳнат муҳожири борлигини маълум қилди. Пандемия ва чегараларнинг ёпилиши туфайли кўпчилик уйларига қайтган: одатда уларнинг сони 9 дан 11 миллионгача бўлади.
Агар биз келгинди болалар ҳақида гапирсак, унда Росстат маълумотларига кўра, 2019 йилда Россияга 15 ёшгача бўлган 67 минг хорижлик келган. 2017 йилда уларнинг сони 63 мингтани ташкил етган.
Ўрта Осиёдан мактабларга келувчилар сонини ҳисоблаш қийин, чунки уларнинг аксарияти Россия фуқаролигини олади. Хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси институти маълумотларига кўра, биргина Москва мактабларида 60 мингга яқин муҳожир бола ўқийди
Муҳожир болалар мактаблар бўйича нотекис тақсимланган.
"Санкт-Петербургда муҳожирларнинг мактабларга тақсимланишида катта номутаносиблик мавжуд. Конкурс асосида қабул қилинадиган кўплаб гимназия ва лицейлар бор, шунинг учун муҳожир болалар уларгача етиб бормайди", деб тушунтиради "Альянс учителей" касаба уюшмаси раҳбари Даниил Кен. Ўтган ўқув йилигача у Санкт-Петербург мактабларидан бирида дарс берган.
Бошқа таълим тизими ва чет тилига эга бўлган бошқа мамлакатга эндигина кўчиб келган болалар одатда яхши мактаб ёки лицейга танловдан ўтмайди. "Шу боис, ҳамма бирдек борадиган оддий туман мактабларида муҳожир болалар концентрацияси шаҳарга қараганда юқори", деб тушунтиради у.
Кен ўқувчиларнинг ота-оналари норозилигига дуч келди, уларнинг синфига бошқаларга қараганда кўпроқ муҳожир болалар кириб қолган эди. Унинг ишида ота-оналар муҳожир болани бошқа синфга ўтказишни талаб қилган ҳолатлар бўлган. Бундай ҳолда, дейди Кен, маъмурият болани синфда қолдиришга ва жамоа билан ишлашга ҳаракат қилади: ахир янги синфда ҳаммаси янгидан такрорланади.
Қонунга кўра, барча болалар ўзлари рўйхатдан ўтган жойда мактабга қабул қилиниши керак. Аммо "яхши" мактаблар ўзларини "пастга тортадиган" ўқувчиларни олмаслик учун имкон борича ҳаракат қилади.
"Муҳожир оиладан болани қабул қилиш учун барча асослар мавжуд бўлса ҳам, лицейлар ёки яхши мактаблар маъмурияти маҳаллий ота-оналарнинг салбий муносабатини олдиндан билади ва мактаб аҳоли орасида норасмий "муҳожирлар мактаби" мақомига эга бўлади", дейди Деминцева.
"Умуман олганда, болани мактабга қабул қилиш керак, агар у бу дунёда бўлса", - дейди Анна Орлова, у "Муҳожир болалар" ўқув дастури координатори: лойиҳа мигрант болалар учун қўшимча таълим билан шуғулланади. "Рўйхатдан ўтиш муддати тугагач, биз қўнғироқ қиламиз. Участка нозирига мурожаат қиламиз. Ва, албатта, одамлар қўрқади ва қочиб кетади."
"Яхши" ва "муҳожирлар" мактабларига бўлиниш табиий равишда рўй беради, дейди социолог, инсон омилидан қочиб бўлмайди: "Бизга бундай мактабларни яратмаслик кераклиги айтилди. Аммо бу утопия. Бу ҳолат Британия, Дания ва Нидерландияда кузатилган, қоидаларни белгилаш бир масала, ота-оналар ва маъмурият буни қандай эплаши бошқа масала."
Таълимдаги асосий тўсиқ
Мактаблар учун ҳам, бошқа давлатлардан келган болалар учун ҳам асосий муаммо рус тилини билмасликдир. Бола рус тилини ўрганаётган бир вақтда у бошқа фанларни ҳам бошлаши мумкин, айниқса, Россияда у биринчи синфга эмас, юқорироқ синфга борган бўлса.
Екатерина Деминцеванинг таъкидлашича, Марказий Осиёдан келган муҳожирларнинг ўзлари болани Россияга биринчи синфга беришга ҳаракат қилмоқда, шунда улар тилни ҳали кичкиналигида ўрганади. Каттароқ болаларни ватанларида қолдиришга шароит бўлмагандагина олиб келишади.
Аммо рус тилини билмайдиганлар учун махсус дарс ҳам, ўқитувчи ҳам йўқ.
"Мактабда чет тили сифатида рус тили курслари мавжуд эмас. Омад келса, улар болани ёшидан бир ёки икки синф пастга беради. Русчани билмайдиган 15 ёшли болани 8-9 синфга олиш унинг ўзи учун ҳам ёмон. Икки синф пастроқ синфга олишади ва у ўша ерда ҳам ёмон ўқувчи бўлади", - дейди Анна Орлова, у "Муҳожир болалар" дастури куратори.
Деминцеванинг айтишича, баъзи "кичкинтой" ўспиринлар ҳатто ўқишдан воз кечади:
"Тасаввур қилинг: еттинчи синф ўқувчиси бешинчи синфга қўйилади. У оддий ўспирин сингари ваҳима қила бошлайди, йиғлайди, у бошқа болалар ва ҳатто ота-оналарнинг босимини сезиши мумкин. Мен бундай болалар билан суҳбатлар ўтказдим: бола мактабга боришни шунчаки рад этади."
Россияда бундай болаларга ёрдам беришга ҳаракат қиладиган кўнгилли ва хайрия лойиҳалари пайдо бўлмоқда. Масалан, "Муҳожир болалар" - Москванинг "Ковчег XXI века" хусусий мактабининг хайрия лойиҳаси. Дастур доирасида рус тили муҳожир болаларга кутубхоналарда бепул ўқитилмоқда. Худди шу дастур асосида улар уйда ўқиганлик тўғрисидаги гувоҳномани олишлари мумкин - мактабга ҳафтасига атиги бир марта бориб, қолган вақтларда уйда ўқийдилар. Ушбу имконият бирор давлат мактабига қабул қилинмаган болаларга керак.
"Муҳожир болалар" Москва яқинидаги Красногорскдаги тўртта мактаб билан ҳамкорлик қилади - бу ерда Марказий Осиёдан келган кўплаб болалар ўқийди. "Биз баъзи ўқитувчиларни рус тилини чет тили сифатида ўргатадиган муаллим сифатида тайёрладик, улар мактабдан кейин қўшимча курсларни ўқитадилар. Улар болаларни ўқитувчини бемалол тушунадиган даражагача ўқитадилар. Мактаб уларга қўшимча соатлар учун ҳақ тўлайди ва улар ярим кунлик ишчилар сифатида расмийлаштирилиб, биздан ҳам бироз ҳақ оладилар", дейди Анна Орлова.
Бу дастурга жами 700 киши ёзилган.

Сурат манбаси, SERGEY FADEICHEV/TASS
"Такие же дети" интеграцион лойиҳаси асосида Москвада яна 100 га яқин бола ўқийди.
2012 йилдан бери муҳожир болаларига ёрдам бериш лойиҳаси - "Дети Петербурга" орқали 1600 бола ўқиди.
Давлат қандай ёрдам бериши мумкин?
"Лойиҳа давлат бажариши керак бўлган дастурни амалга оширмоқда, - дейди социолог Деминцева "Муҳожир болалар" лойиҳаси ҳақида. - Аммо бу денгиздан томчи".
Россияда муҳожирлар ва уларнинг фарзандларини интеграциялаш бўйича давлат дастури мавжуд эмас. Аммо бу унчалик ёмон бўлмаслиги мумкин, деб кутилмаган хулоса чиқаради Деминцева.
Европа мамлакатларида - масалан, Францияда - муаммо янада кескинроқ. Бу геттоларнинг мавжудлиги билан янада чуқурлашади, улар муҳожирлар ва келиб чиқиши муҳожир бўлган одамлар жойлашган уйлардир. Бундай жойларда атрофдаги уйларда яшовчи болалар ўқийдиган мактаблар мавжуд. Шунинг учун уларнинг фарзандлари фақат ўзаро мулоқот қилади, француз жамиятидаги "зоҳидлар", ўз мамлакатларидаги "бегоналар" бўлишади, деб тушунтиради Екатерина Деминцева.
Россияда гетто йўқ, деб таъкидлайди социолог. Мактабга бориб, рус болалари билан ҳовлида ўйнаган бола тезда мезбонларга қўшилиб кетади.
"Позитив дискриминацияни яратиш ва лицейга меҳнат муҳожирлари оилаларининг фарзандларини ўқишга киритишга ҳожат бўлмаслиги мумкин. Бу қанчалик этник бўлса, шунчалик ижтимоий вазиятдир. Ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари ўзига ўхшамаганларга зуғум қилиши мумкин", дейди Деминцева.
Давлат муҳожирлар болалари борадиган мактабларга ёрдам бериши керак: "Менимча, бу мактабларни аниқлаш, уларга қўшимча маблағ ажратиш, рус тилини чет тили сифатида ўқитиш, болаларнинг мослашишига ёрдам берадиган дастурлар йўлга қўйиш керак", деб ҳисоблайди у.
Амалда эса аксинча бўлмоқда: масалан, Москвада мактаблар ўқувчилар сонига мутаносиб равишда молиялаштирилади. Маълум бир мактабда ўқишни истовчилар сони қисман унинг рейтинги, ўқувчиларининг муваффақияти, давлат имтиҳонларида юқори балл олган битирувчилар улуши билан белгиланади. Шундай қилиб, "заиф" мактабларда ўз ишларини яхшилаш учун тобора камроқ маблағ қолишади.
Муҳожирлар болалари мактабга ёрдам беради
"Муҳожирлар мактаблари"ни ўрганган Екатерина Деминцева баъзида рус тилини хорижий тил сифатида ўргатадиган тўгаракларга дуч келган. Баъзан улар мактаб маъмурияти томонидан ёки болаларга ёрдам беришни истаган алоҳида ўқитувчилар ташаббуси билан ташкил этилади.
"Мен бундай ҳолатларни баъзи шаҳарларда кўрдим: Томскда, Москва вилояти шаҳарларида. Баъзи мактабларда ота-оналар буни одатий ҳолдек қабул қилади, бошқаларда эса йўқ. "Нега муҳожирлар болалари учун тўгаракларга вақт ажратасиз? Қачон ҳамма болалар учун тўгараклар, масалан, шахмат тўгараги очасиз?" дейишади улар."
Баъзида муҳожир болалар ҳатто ёрдамга муҳтож мактабларга ҳам ёрдам бериши мумкин.
"Муҳожирларнинг болалари кўпинча мактабларни маргиналликдан чиқариб олади, - дейди Деминцева. - Меҳнат муҳожирлари болаларига на давлат, ва на бошқа биров ёрдам беради. Бу улар учун қийин, аммо улар боланинг келажаги учун уни мактабга олиб келишади". Бундай оилаларда болалар ўзларининг келажагини таъминлаш учун яхши ўқишга қаттиқроқ ҳаракат қилади.
Фаол ва "Москва иши"да айбланувчи Самариддин Ражабов оиласида ҳам шундай бўлган. У Тожикистонда туғилган, ота-онаси кўп йиллар давомида Россияга кўчиб ўтишга ҳаракат қилган.
Ота-оналар ўғлини кўчиб келишга тайёрладилар, аммо ўн уч ёшли Самариддин бешинчи синфда, ўзидан икки ёш кичик болалар билан ўқийди. Тожикистонда у аввал тожик мактабида икки йил ўқиди, кейин эса уни Россиядаги ҳаётга тайёрлаш учун рус тилли мактабга кўчиришган. Бошқа тилда ўқишни қайта бошлашига тўғри келди.
Болалигида рус тенгдошларига қулай бўлиши учун Ражабов ўзини Вася деб таништирди - ҳеч ким Самариддин исмини айтолмасди.
"Менда акцент бор эди, мен келганимда, болалар жинни бўлиб қолай деди. "Буни айт, айт-чи!" - бу сўзларни қандай талаффуз қилишимни кўриш учун маймун томоша қилгандек атрофимни ўраб олишганди", деб эслайди Ражабов. У ксенофобия намоён бўлганини ҳам эслайди ва асосий муаммо синфдошларнинг жирканч қилиқлари эмас, балки катталар унинг тарафини олмаслиги эди. "Ўқитувчилар жанжал чиқса, доим мени айблашарди. Ҳа, ҳаммасини "қора" қилган", дейди у.
"[Мактаблар учун] болалар билан боғлиқ муаммолар жуда кўп, масалан, спиртли ичимликларга қарам бўлган ота-оналар. Мактаблар учун муҳожирларнинг фарзандлари энг муаммоли тоифа эмас", дейди социолог Деминцева.
Қолоқ мактаблардаги фахрий ёрлиқлар тахталарида у славян бўлмаган ва рус бўлмаган фамилияли кўплаб болалар исмини кўрди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















