Дайжест: Тожикистонда адрас формали милиция, Россияда Рамазон тадориги, Ўзбекистон мигрантларни жўнатиш ташвишида. - O'zbekiston Rossiya migrantlar

Сурат манбаси, BBC uzbek
- Россия масжидларида таровеҳ намози ўқилади
- Тожикистон ИИВ атлас кийимга президент жавобини кутаяпти
- Инсон илк фазога чиққанининг 60 йиллиги нишонланди
- Агентлик ўзлари Россияга юборган муҳожирлар билан кўришди
Карантиндаги жамоат намозлари
Россия аҳолисининг 15 фоизга яқинини мусулмонлар ташкил этади. Россия мусулмонлари Уламолар Кенгаши раиси ўринбосари, Москва Дин ишлари бошқармаси раиси Илдар Аляутдиновнининг сўзларига кўра, Москва масжидлари жамоат намози учун очиқ бўлади, аммо уларда ижтимоий масофанинг қатъий чоралари талаб қилинади.
"Рамазон ойида масжидлар одатдагидек ишлайди, шу жумладан, мусулмонлар - Таровеҳ намозига ҳам келишлари мумкин. Таровеҳ - жамоат намози. Шу боис агар бирор киши масжидга боришни хоҳласа, у ҳолда ниқоб тақиш, масофани бузмаслик каби санитария хавфсизлиги талабларига риоя қилиши керак " - дейди олим.
Бу сўнгги бир йил мобайнида мусулмонларнинг жамоат намозлари ўқишларига имкониятлари бўлмоқда. 2020 йилдан пандемия туфайли Россияда касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида жамоат намозларига чеклов қўйилди, аммо уларнинг онлайн трансляциялари диний қўмитанинг расмий каналларида жонли эфирга узатилиб борилди.
Россия мусулмонлари Рамазон ойида бошқа пайтга нисбатан хайр-эҳсон масалаларига кўпроқ эътибор қилишади. Россия мусулмонлари ассамблеяси раиси Aлбир Кргановнинг матбуотга айтишича, 2021 йилда ассамблея барча тузилмаларини муҳтож фуқаролар билан бирга муҳожирларга ҳам ёрдам беришга чақиради.
"Албатта, Роспотребнадзор томонидан белгиланган чора-тадбирларга риоя қилган ҳолда масжидларда ёрдам кўрсатамиз. Муҳтожлар учун озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишни режалаштирмоқдамиз», - деди муфтий.
Президент тасдиқласа бўлди

Сурат манбаси, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмий веб сайти
Яқинда Тожикистонда атлас кийимли милиция ходимларини кўришимиз мумкин, либослар тайёр, фақат Президент "хўп" деса бўлди.
Тожикистонда милиция кийимининг янги дизайни намойиш қилинди. Бу ички ишлар тизимларида ишловчи аёллар учун мўлжалланган. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари тизимдаги хотин-қизлар учун қаттиқ кўринишли иш формасидан кўра атлас матодан тикилган кийимни таклиф этишмоқда.
Тожикча милиция кийимида атласга иш қуроли учун қўшимча аксессуар сифатида қалин камар ҳам қўшилган.
Атлас кийим милициядаги аёл ходимлар учун қанчалик қулай ёки йўқлиги ҳақида ҳозирча фикрлар билдирилмаган, аммо ҳозирда бу либоснинг милиция формаси сифатида тасдиқланиши учун Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги Президент Имомали Раҳмоннинг жавобини кутмоқда.
Илк парвозга 60 йил

Сурат манбаси, Tass
Фазогир Юрий Гагариннинг илк парвозига 60 йил тўлди. Россия бу кунни кенг нишонлади.
1961 йилнинг 12 апрелида амалга оширилган парвозга собиқ Совет Иттифоқининг жуда катта ғалабаси бўлганди. Ўша пайтдаги техник имкониятлар билан фазога учиш ҳисобга олинса, Гагарин чинакам мардлик ва жасорат кўрсатган.
Гагарин тўрт космонавт ичидан саралаб олинган ва космосга чиқишга бир йил давомида тайёрланган учувчи эди. Унинг асаблари ўта мустаҳкамлиги ва ўзини назорат қилиши кучли даражада бўлгани энг аҳамиятли кўрилган жиҳатларидан бўлган.
Фазогир "Восток" кемасида Ер атрофида 108 дақиқа айланди. Унинг Ерга қайтишини бутун дунё олқишлади.
Агентлик вакиллари мигрантлар билан учрашди

Сурат манбаси, BBC uzbek
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Россияга ишга юборилган муҳожирлардан ҳуқуқ ҳимоячиларига шикоятлар келиши давом этаяпти.
Россиядаги меҳнат мигрантлари муаммолари ўрганилмоқда, дея хабар берди Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий Telegram-канали.
Хабарга кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари яшаш ва иш шароитларини ўрганиш учун Москва шаҳрига келган..
"Ишчи гуруҳи ташриф доирасида "Техстрой" компанияси раҳбарияти ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъул ходимлари Ўзбекистондан ушбу компаниянинг қурилиш объектларига ташкиллаштирилган ҳолда жўнаб кетган фуқаролар ётоқхонасига бориб, уларнинг яшаш шароитлари билан танишди. Иш берувчилар билан мулоқот ўтказди", дейилади маълумотда.
Шунингдек, мигрантлар томонидан билдирилаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича иш берувчилар билан бирга ўрганишлар олиб борилаётгани маълум қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















