Толибон ва Ўзбекистон Афғонистонда газ қазиш лойиҳасини бошлади, Ўзбекистонда корхона очиш бўйича хитойликлар етакчи, 3 минг бола жиноятдан жабрланди

Imzo

Сурат манбаси, @FDPM_AFG

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Толибон ҳукумати ва Ўзбекистон Афғонистоннинг шимолий Жаузжон вилоятида жойлашган "Тути-майдан" газ конида геологик ўрганиш ва қазиб чиқариш ишларини бошлади.

Маросимда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ҳамда Толибон ҳукуматининг иқтисодий масалалар бўйича бош вазир ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар иштирок этди.

Толибон расмийларига кўра, ушбу лойиҳа Афғонистоннинг импорт қилинадиган энергияга бўлган қарамлигини камайтиришга хизмат қилади.

Фергана агентлиги ва Khaama News нашрининг ёзишича, Ўзбекистон томони конни ўрганиш ва қазиб чиқариш бўйича шартномани қўлга киритган. Айрим манбалар келишув қиймати ўн йил давомида тахминан 1 миллиард долларга етиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Афғонистондаги мустақил Afghan Voice Agency (AVA) хабарига кўра, Афғонистон ҳукуматининг иқтисодий масалалар бўйича Бош вазир ўринбосари Бародар ушбу лойиҳанинг бошланишини мамлакатда инвестицияларни кенгайтиришнинг муҳим белгиси сифатида баҳолаган.

Унга кўра, бундай йирик ва стратегик лойиҳаларга сармоя йўналтирилиши Афғонистонда хавфсизлик таъминлангани ва сармоя учун қулай шароит яратилгани ҳақида маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларга очиқ хабар юбормоқда.

Толибон ҳукуматининг иқтисодий сиёсатга йўналтирилган дастури доирасида хорижий ва маҳаллий сармоядорларга зарур қулайликлар яратиб бериш орқали уларнинг фаолияти тўлиқ қўллаб-қувватланиши айтиб ўтилди.

Мулла Абдул Ғани Бародарнинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш орқали кўплаб иш ўринлари яратилади, ички газ эҳтиёжининг катта қисми қондирилади ва мамлакатнинг газ ҳамда электр импортига қарамлиги қисман камаяди. Шу билан бирга, вақт ўтиши билан газ экспорти учун ҳам замин яратилиши мумкин. Унинг фикрича, лойиҳа Афғонистоннинг ташқи савдо мувозанатини барқарорлаштиришга ва умумий иқтисодий ўсишга ҳисса қўшади.

Бародар маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ҳамда сармоядорларни Афғонистоннинг имкониятларидан фойдаланиб, яна бир бор мамлакатга инвестиция киритишга чорлади. Шунингдек, у "Тути-майдон" конида тадқиқот ва қазиб чиқариш ишларини олиб бораётган компаниядан халқаро сифат стандартларига тўлиқ амал қилишни талаб қилди

Ўзбекистон: Хитойлик инвесторлар бир ойда 170 та янги корхона очди

хитой

Сурат манбаси, gazeta.uz

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитасининг сўнгги ҳисоботига кўра, 2025 йил август ойида Хитой инвесторлари иштирокидаги янги корхоналар сони 170 тага етди. Бу ҳақда daryo.uz нашри ёзди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига Хитой Халқ Республикаси инвесторлари иштирокидаги корхоналар сони 4420 тани ташкил этган. Бу рақам 1 август ҳолатига нисбатан 170 тага кўпайганини кўрсатади. Шундан 18 таси қўшма корхоналар, 152 таси эса тўғридан-тўғри хорижий корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Бу ўсиш асосан савдо, саноат ва қурилиш соҳаларида қайд этилган.

Умуман олганда, Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 2025 йил 1 сентябр ҳолатига 16946 тани ташкил этган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2384 тага ортган. Хитой инвесторлари бу рўйхатда етакчилик қилмоқда – уларнинг улуши умумий сонинг 26,1 фоизини ташкил этади. Кейинги ўринларда Россия (18,5%), Туркия (11,9%) ва Қозоғистон (6,8%) турмоқда.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, хорижий корхоналарнинг аксарияти Тошкент шаҳрида (63,9%) жойлашган. Вилоятлар орасида Тошкент вилояти (12,6%), Самарқанд (3,7%) ва Фарғона (3,4%) етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, рухсатнома тартибларини соддалаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш орқали хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу чоралар натижасида хорижий корхоналар сони йил сайин ортиб бормоқда – охирги беш йилда уларнинг умумий сони 1,3 баробарга ўсган.

8 ойда салкам 3 минг бола жиноятлардан жабр кўрди

bola

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистонда шу йилнинг январь–август ойларида 2872 нафар бола турли жиноятлардан жабр кўрган. Улардан қарийб ярми — 12 ёшгача бўлган вояга етмаганлар.

Бу ҳақда 13 сентябр куни "Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминла" мавзусидаги конференцияда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА) директори Мансурбек Оллоёров маълум қилди, дея хабар бермоқда gazeta.uz.

Жиноятлар туркуми

Таъкидланишича, жабрланган болалар қуйидагича тақсимланган:

  • 1475 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлардан,
  • 956 нафари унча оғир бўлмаган жиноятлардан,
  • 284 нафари оғир жиноятлардан,
  • 157 нафари эса ўта оғир жиноятлардан жабрланган.

"Афсуски, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ортиб бормоқда. Жабрланувчилар кўпинча айбланади ёки жим туришга мажбур қилинади. Айнан мана шу сукут сақлаш маданиятига нисбатан ҳам зўравонликка қарши курашгандек қатъият билан курашишимиз зарур", — деди Оллоёров.

Унинг сўзларига кўра, агентлик ишонч телефонига мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан уч баробарга ошган. 340 та мурожаатдан 159 таси қонун талабларига мувофиқ ўрганилган, қолганлар бўйича эса психологик ва юридик хизматлар кўрсатилган.

2024 йил ноябрида қабул қилинган "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун бола хавфсизлигининг асосий кафолатларини белгилайди.

Агентлик раҳбарининг қайд этишича, болаларга қарши зўравонлик ҳолатларининг ортиши ижтимоий муаммолар билан боғлиқ.