Хитой яна Ўзбекистонга энг кўп сармоя киритган давлат бўлди, фаоллар нимадан хавотирда?

Сурат манбаси, kun.uz
Хитой Ўзбекистонга сармоя киритиш бўйича йилдан йилга пешқадамлигини мустаҳкамлаб бормоқда. Ўзбекистон кўчаларидаги Хитойча ёзувлардан фаоллар хавотир билдирган.
Хитой Ўзбекистонга сармоя киритиш ва қарз бериш борасида 2024 йил ҳам пешқадамликни сақлаб қолган ва улушини янада орттирган.
Мамлакатга кирган сармоянинг 27,9 фоизи Хитой зиммасига тўғри келган, иккинчи ўриндаги Россиянинг улуши 13,2 бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, Хитойнинг Ўзбекистонга киритган умумий инвестициялари ҳажми 14 миллиард доллардан ошди. Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайди.
Натижада Ўзбекистон шаҳарларида Хитойча ёзувли пештахталар пайдо бўла бошлаган. 15 феврал куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Миллий боғ ҳудудида бир гуруҳ Хитой фуқароларининг турли байроқ ва шиорлар кўтариб, оммавий тадбир ўтказиши хабари ортидан фаоллар ўртасида Хитой таъсиридан хавотирлар билдирила бошланди.
ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов расмий муносабат билдириб, ҳолатни «ёлғон хабар» деган бўлса-да, ижтимоий тармоқ фаоллари шаҳарларда Хитойча ёзувлар пайдо бўлаётганидан ташвиш билдиришган.
Хитойлашишдан хавотир?
Toshkent parkida xitoyliklar tomonidan hech qanday siyosiy yoki madaniy targ‘ib bo‘lmagan. Bu – sport mashg‘uloti edi. Sal kengroq bo‘laylik.
22 феврал куни Тошкентга кираверишдаги Ark Buloq халқаро савдо марказидан видео жойлаган ижтимоий тармоқ фаоли ушбу бозордаги хитойча ёзувларнинг кўплигига эътибор қаратиб, ўзини "Гуанчжоуга тушиб қолгандек" ҳис қилганини айтган.
"Катта бинолар қолиб, энди маҳалла ичидаги Гўзаллик салони пештахталарига ҳам хитойча ёзувлар осиб қўйила бошлади. Бу ер Ўзбекистон давлати эмасми? Нега ўз тилимиз қолиб, хитой ва ўрис тили аҳоли кўзига сингдирилиши керак? Мен мамлакатимнинг қонуний ватандоши бўлибам, бировнинг тушунарсиз сўзини ўқишга мажбурманми?", дейди Муҳаббат Назар.
Олий Мажлис собиқ депутати Гулбаҳор Саид Ғани Реклама тўғрисидаги қонун ишламаётганидан нолиган.
"Реклама тўғрисидаги қонунда чет тилдаги матн ўзбек тилидаги матндан йирик ёзилиши мумкин эмаслиги қатъий ёзиб қўйилганига қарамай, қонунга тупуриб қўйиб, катта қилиб хитойча ёзиб қўйишмоқда", дейди у.
Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда Хитойдан қўрқиш, хитой-фобия – нопропорционал равишда катта эканлигини айтган.
"Европада юз минглаб турк ва араб кебаблари бор, Францияда ҳар бир шаҳарда камида 2-3 хитой ресторанлари бор. Парижнинг катта райони "азиатик" (осиёликлар/хитой) квартали дейилади. АҚШда "чайнатаунлар" тиқилиб ётибди. АҚШга ўқишга келаётган хорижий студентларнинг ярмига яқини – хитойликлар. Анча консерватив бўлган араб давлатларида хитой, ҳинд ва бошқа давлат ва миллат бизнеслари, вакиллари жон бошига анча кўп", дейди Раббимов.
Таҳлилчи бундан кейин глобал боғлиқлик бўлишини айтган. Бир томондан ўзликни сақлаш, ютилмаслик, бошқа томондан иқтисодий ривожланиш, сармоялар ва маданий ҳамкорлик ўртасида мувозанат бўлиши кераклигини урғулаган.
"Тошкент паркида хитойликлар томонидан ҳеч қандай сиёсий еки маданий тарғиб бўлмаган. Бу – спорт машғулоти эди. Сал кенгроқ бўлайлик. АҚШни Оқ уйи олдида ҳар куни хоҳлаган давлат вакиллари ўз байроқлари ва транспарантлари билан намойиш қилиш мумкин. Парижни Бастилия майдонида ҳам. Ёки, Япония, Корея, Германия ва Британияда ҳам", дейди у.
Раббимов ёзганларига раддия билдирганлар кучсиз Ўзбекистонни бошқа давлатлар билан солиштирмаслик кераклигини айтишган.
"Ўз Ватанида ишхонасида 4та одам жамланиб намоз ўқиса жазога тортиладиган ҳолга келтирилган инсонлар, яъни фундаментал ҳуқуқлари тортиб олинганлар Ватани тақдири МУТЛАҚО уларнинг қўлида эмаслигини, қанақадир бегоналарнинг қўлида эканини, хиёнат қўлида эканини ҳис қилиб, мана бундай "янгиликлар"ни кўрганда Ватани сотилиб кетиши мумкинлигидан катта қўрқувда бўлади. Сиз айтаётган жамиятларда бундай катта қўрқув йўқ чунки бу даражада ҳуқуқ поймол бўлмаган", дейди журналист Муҳаммад Шакур.
Мусанниф Адҳам хитойликларга ёки русларга берилган имконият Ўзбекистон фуқароларига берилмаётгани, ўзбекистонликларнинг диний, маданий ва ҳатто сиёсий ҳуқуқлари ҳукумат томонидан бемалол топталаётган бир вақтда Хитой ва Россия фуқаролари бемалол ўзи хоҳлаган ишини қилиб юриши маҳаллий аҳолида албатта хавотир уйғотишини айтади.
"Масалан, ўша Миллий боғда 50 нафар ўзбекистонлик бирон шиорни байроқ қилиб кўтариб югурса, тинч юрармиди? Ёки аллақачон камида 15 суткага кириб кетармиди? Ҳиндистон бутхона учун жой сўрагани ҳақида айтибсиз. Тошкентнинг марказида масжидга рухсатнома олиш имкони йўқлиги, ўз вақтида масжид бўлган, кимнингдир номида кадастри бўлган хусусий бинолар бузиб ташланаётгани ҳақида эса, менимча, бехабарсиз" дейди у.
2023 йилда президент Шавкат Мирзиёев 3 яшар невараси Хитой тилини яхши кўришини айтганди.
"Бизга ҳам яхши гапирадими ё нима гапиради, хитойчада бизга қаттиқ-қаттиқ гапиради, таржимондан яхши гапиряптими, деб сўрайман. Йўқ, яхши гапиряпти, дейди улар", деб кулганди Президент Шавкат Мирзиёев.












