Ғарбда савдоси чекланган "Huawei" ишчилари Тошкентда байроқ кўтариб тадбир ўтказиши мумкинми? Видео

Хитойлик бир гуруҳ одамлар Миллий Боғда ўтказган акция.

Сурат манбаси, Kun.uz

Сурат тагсўзи, Хитойлик бир гуруҳ одамлар Миллий Боғда ўтказган акция.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Хитойликлар Тошкент марказида ўзига хос парад уюштиргани айтилган Кун.узнинг хабарини Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги "ёлғон" деб атади.

Аммо, расмийларнинг бу борада берган баёноти жамоатчиликда бошқа бир саволни юзага келтирмоқда.

Таниқли Кун.уз нашри пойтахтда бир гуруҳ хитойликлар 15-феврал куни байроқлар кўтарганча, Миллий боғда оммавий тадбир уюштиргани видеоси акс этган хабарни чоп қилганди.

Нашр бу масалада Тошкент шаҳар ҳокимлигидан изоҳ олгани, ҳокимлик хитойликлар тадбиридан хабари бўлмаганини айтганини тилга олган.

Хабарда боғ ҳудудини доимий қўриқлаб турадиган Миллий гвардия ходимлари ҳам нашр мухбирига хитойликлар тадбиридан бехабар бўлганини айтгани қўшимча қилинган.

Кун.уз видеоси тармоқда айлана бошлаши ортидан кўп ўтмай, Ички ишлар вазирлиги воизи Шоҳрух Ғиёсов баёнот билан чиқиб, хабарни "ёлғон" дея атади. Воизнинг таъкидлашича, "Huawei" компаниясининг ишчилари ўзбек идора ва ташкилотлари ўрнак олса арзийдиган югуриш акциясини ўтказган.

Расмий баёнот ортидан Кун.уз мавзуга доир материалларни ўз платформаларидан ўчириб ташлаган.

Shohrux Giyosov
Shohrux G'iyosov/Telegram
Баннерларда хитой тилида “Спорт соғлиқ гарови, сиз ҳам югуриб соғлом бўлинг“ деган ёзувлари бўлган. Бизнинг ҳам идора ва ташкилотлар ўрнак олса арзийдиган тадбир..
Шоҳрух Ғиёсов
ИИВ матбуот котиби (bbc.com/uzbek)

Вазирликнинг бу баёноти юзага чиққан мавҳумликни босиш ўрнига янада кўплаб саволларнинг ўртага ташланишига сабаб бўлди.

Кўплаб тармоқ фойдаланувчилари ўзбекистонлик фаоллар чойхонада йиғилса ҳам, оммавий тадбир уюштиришда айбланаётган бир пайтда ҳокимият вакиллари

хорижликлар ташкиллаган ҳақиқий оммавий тадбирдан бехабар қолганидан таажжубга тушгани ҳақида ёзган.

Шунингдек, айрим фойдаланувчилар мамлакат қонунчилигига кўра, оммавий тадбирлар ўтказиш учун аввалдан рухсатнома олиш шартлигини ҳам эслатган.

Хўш, хитойликлик бир гуруҳ одамлар мамлакат пойтахтида спорт акциясини ўтказиш учун рухсат олишганми? Кимдан? Нега бундан Миллий гвардия, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ИИББ бехабар бўлган?

Ғиёсовга кўра, хитойликлар байроқларида «Спорт соғлиқ гарови, сиз ҳам югуриб соғлом бўлинг" деган шиорлар ёзилган. Аммо, буни оддий жамоатчилик, айниқса ўша вақтда Миллий боғда бўлган фуқаролар ва қўриқчилар қаердан билиши мумкин?

Ўзбекистон фуқаролари турли байроқлар билан бир жойга йиғилиб спорт акциясини ўтказишса, Миллий боғ маъмурияти ва Ички ишлар бошқармаси уларга рухсат олишни тавсия қилган бўлармиди? Хитойликларга қонун-қоидалар ИИВ томонидан тушунтирилдими?

Ҳозирча расмийлар матбуотда ва жамоатчиликда юзага бу саволларга бирор изоҳ бергани кўзга ташланмаяпти.

HUAWEI

Huawei телекоммуникация ва смартфонлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири, аммо унинг маҳсулотлари савдоси қатор давлатлар, жумладан АҚШ, Британия, Ҳиндистон, Япония ва бешта Европа Иттифоқи аъзо давлатида чекланган ё ман қилинган.

АҚШ "Huawei"ни америкаликлар устидан махфий назоратни ўрнатиш хавотири билан 2019 йилда уни АҚШ савдо чекловлари рўйхатига киритган.

2020 йилда эса Британия 2027 йилгача мамлакатдаги барча 5G технологияларидан "Huawei" маҳсулотлари олиб ташланишини буюрди. Эндиликда Британиядаги уяли алоқа операторлари бу ширкат маҳсулотларини сотиб ололмайди.

Британия ҳукумати бунга Хитойнинг жосуслик амалиётлари борасидаги хавотирлар сабаб бўлганини айтган.

2021 йилда "Huawei" йўловчилар орасида кўринишидан уйғур бўлиб кўринган одамларни ажратиб олувчи тизимни ишга туширгани иддао қилинди.

BBC News билан суҳбатлашган IPVM видеокузатув компаниясига кўра, аввалроқ "Huawei" ўз сайтидаги "махфий" ҳужжатда "уйғур алерт", яъни уйғурларни аниқлаши биланоқ хабар берувчи тизими ҳақида ёзган.

"Huawei" унда бу саҳифа синов шаклида бўлганини айтган ва одамларнинг этник келиб чиқишига қараб аниқлайдиган тизимни сотганини рад қилган.