Хитой электромобилларидан АҚШда ҳам қўрқишмоқда, Ўзбекистонда-чи?

Хитойдаги автомобиль заводида янги машина ва завод ишчилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бугун Хитой дунёнинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи мамлакатига айланган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Президент Жо Байденни Хитой электромобилларининг АҚШ ҳудудига импортини тақиқлашга чақиришди.

АҚШ Сенатининг Банк қўмитаси раиси, сенатор Шеррод Браун шундай деб ёзди:

"Хитой электр автомобиллари Америка автосаноати учун ҳаёт ё мамот таҳдидидир".

Сенатор Брауннинг ушбу баёноти АҚШ қонун чиқарувчи сиёсатчилари орасида янграган энг кучли баёнотдир.

Айримлар эса АҚШ ҳудудига олиб кириладиган Хитой электромобиллари учун бож тарифини кўтаришни таклиф этмоқдалар.

2024 йил февралида Оқ Уй маъмурияти текшириш бошлашга қарор қилган, бу текширувда Хитой автомобиллари Америка учун миллий таҳдид пайдо қиладими ёки йўқлигини аниқлаш мақсади қўйилган.

"Биз Хитойга унинг ҳукумати дастаклаётган қаллобликни Америка авто саноатига олиб киришига изн беролмаймиз", деб ёзди Х, собиқ Твиттер ижтимоий тармоғидаги видеосида сенатор Браун.

Ўтказиб юборинг X пост
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири X пост

Бу борадаги Би-би-сининг мурожаатига Оқ Уй ҳозирча жавоб қайтаргани йўқ.

Февраль ойида Президент Байден, "Хитойнинг бизнинг бозорларига ўзининг автомобилларини оқизиб киргизиш сиёсати бизнинг миллий хавфсизлигимизга таҳдид пайдо қилади, "...бундай бўлишига бефарқ қараб туролмайман", деганди.

Оқ Уйга кўра, "Хитойда ишлаб чиқарилган автомобилларда қўлланилган технологиялар ҳайдовчилар ва йўловчилар ҳақида жуда кўп маълумотни тўплаши борасидаги хавотирлар туфайли Вашингтон чекловлар жорий этиши мумкин.

Оқ Уй хавотирича, Интернетга уланган автомобиллар "мунтазам равишда ўзидаги камералар ва сенсорлар ёрдамида АҚШ инфратузилмалари ҳақидаги батафсил маълумотни ёзиб боради, муҳим инфраструктуралар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришади, масофадан туриб бошқарилиши ёки яроқсизга айлантирилиши мумкин".

Бугунга келиб Хитой дунёнинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи мамлакатига айланган, дунёнинг энг йирик автомобиль экспортчиси деган ном учун Япония билан мусобақага киришган.

Шу ҳафта Хитойга сафар қилган АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен Пекинни шундай огоҳлантирди:

"Вашингтон 2000 йиллардаги "Хитой шоки" такрорланишига йўл қўймайди".

Ўшанда арзон Хитой товарлари АҚШ бозорини тўлдириб ташлаган эди.

Бунга жавобан Хитойнинг Молия вазири ўринбосари Лиао Мин АҚШниниг савдо ва сармояларга жорий этаётган чекловларидан суқур таассуф изҳор этди.

Лиао Мин сўзларига кўра, Хитойнинг устунлиги "кенг миқёсдаги бозори, мукаммал индустриал тизими ва инсон ресурсларига бойлиги"дадир.

Шу кунларда АҚШдаги йирик авиа компаниялар Байден маъмуриятига мурожаат билан чиқдилар, АҚШ билан Хитой ўртасида янги авиа рейсларни маъқулламасликни сўрадилар.

Бу рейслар Хитой авиа компаниялари таклиф этаётган рейслар, арзон Хитой парвозлари АҚШ ходимлари ва бизнесларини даромадсиз қолдиришидан хавотир билдирилди.

Дунёнинг икки йирик иқтисоди ҳисобланган АҚШ билан Хитой 2018 йилдан буён "савдо уруши"да.

Бунга ўшандаги президент Трамп маъмуриятининг Хитой товарларига 360 миллиард долларлик тарифларни киритган эди.

Бунга жавобан Пекин 110 миллиард долларлик АҚШ товарларига тарифлар жорий этди.

Жо Байден президентликка келганидан кейин ҳам Хитой товарларига чекловларнинг аксари кучда қолди.

Ўтган йили Америка Хитойдан сотиб олган товарлар 20 фоиз тушди, $427 миллиардни ташкил этди.

АҚШнинг Хитой экспорти эса 4 фоиз пасайиб $148 миллиард долларни ташкил этди.

Электромобиллар бозори учун "жанг"

Ўзбекистон Президенти Мирзиёев ва BYD президенти Ван Чуаньфу

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ва BYD биргаликда электромобиль ишлаб чиқаришга келишганлар

Хитойда 241 автомобиль заводи фаолият юритади, улар орасида дунёга машҳур Тойота, Фольксвагенлар ҳам бор, автомобиллар Хитой брандлари номи остида ҳам чиқарилади.

Бутун дунёда электромобилларга талаб ортган охирги йилларда арзон ишчи кучи ва арзон аккумулятор заводларига эга Хитой электромобиллари нархлари боис янада кўп бозорларни эгаллади.

Хитой электромобиллари энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи ширкатларнинг "аҳволини оғир қилиб қўйди".

Ўтган 2023 йилнинг учинчи чорагида BYD дунёнинг энг машҳур электромобиль компанияси Теслани машиналар савдоси бўйича ортда қолдиргани маълум бўлди.

Хитойнинг BYD ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан Жиззахда электромобиль заводини қуришга келишган.

Йилига 50 минг авто ишлаб чиқарадиган заводнинг июнь ойида очилиши хабар қилинди.

Шу кунларда BYD бренди ўз маҳсулотларининг Ўзбекистонга олиб кирилишини "тартибга солиш"ни сўраб ҳукуматга мурожаат билан чиққани маълум бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев хитойлик инвесторнинг талабини амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш ҳақида қарор орқали топшириқ бергани хабар қилинди.

Бу янгилик мамлакатда янги монополияга замин яратиш сифатида талқин этилди ва ўзбекистонликларнинг норозиликларига сабаб бўлди.

Бироқ компания соғлом рақобат тарафдори экани ҳақида баёнот эълон қилди.

Ўзбекистон 1996 йили Асака шаҳрида "ЎзДЭУ" заводини барпо этган, завод ишга тушиши билан четдан автомобиль олиб киришга чекловлар киритган.

Бу "маҳаллий ишлаб чиқарувчи манфаатларини ҳимоя қилиш" деб тушунтирилган.

Бироқ узоқ йиллар мобайнида завод автомобиллари сифати қониқарли бўлмаса ҳам машиналар нархи баланд бўлиб қолди, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Нексияни Россияда арзонга сотиб олиш мумкин бўлди.

Охирги йилларда кўплаб танқидларга қарамасдан, ЎзАвтоМотор монополиясига чек қўйилмади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда автомобиллар қўшни мамлакатларга солиштирганда анча қимматлигича қолаверди, йўллар ва суюқ ёқилғи сифатлиги туфайли ўзбекистонликлар ҳамон Совет замонидаги техникага суянишга мажбурлар, автога эга бўлиш қимматга тушмоқда.

Монополист ишлаб чиқарувчига қарам бўлмаслик мақсадида электромобилларни танлаган ўзбекистонликлар яна янги монополист билан рўпара келиш эҳтимолига дуч келиши мумкинлиги айтилади.

Ҳозирча, Хитой электромобиллари бўйича АҚШдаги чақириқлар ва қўрқувлар Ўзбекистонда қандай акс-садо беради ва бу ердаги автобозорга қандай таъсир қилади - номаълум.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002