Ўзбекистон BYD электромобиллари борасида муҳим қарор олмоқчи, нархлар ошадими?

marosimdan parcha

Сурат манбаси, President.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ҳукумат Ўзбекистонда оммалашаётган Хитойнинг BYD электромобилларини олиб кириш борасида муҳим қарор олмоқчи. Бўлажак ўзгаришлар автомобил ишқибозларининг танқидига учради.

Хитойнинг BYD ширкатининг Ўзбекистон ҳукуматига мурожаати сўнгги вақтда четдан электромобил ва гибрид автомобилларини нисбатан арзон нархда олаётган мижозларни хавотирга солди.

"Ўзавтосаноат" билан бирга Жиззахда завод қураётган Хитойнинг BYD бренди ўз маҳсулотларининг Ўзбекистонга олиб кирилишини "тартибга солиш"ни сўраб ҳукуматга мурожаат билан чиққани маълум бўлди.

iqtibos

Президент Шавкат Мирзиёев хитойлик инвесторнинг талабини амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш ҳақида 18 март куни қарор орқали топшириқ берди.

Президент қарорида BYD бренди остидаги электромобилларнинг импортини тартибга солиш учун рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг тамойилларидан келиб чиқиб 1 июлгача таклифлар бериш кўрсатилган.

Қарорда шунингдек, BYD Ўзбекистонда 10 минг ишчи ўрни яратиши, автомобиллар қисмларини ишлаб чиқаришни 60 фоизгача маҳаллийлаштирилиши кўрсатилган.

Хитой ширкати ўзи чиқарган электромобиллар импортини тартибга солиш талабини улар маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга эмаслиги билан изоҳлаган.

Кузатувчиларга кўра, BYD Электромобиллар импортини тартибга солиш уларнинг айримларини олиб келишни тақиқлаш ва нархларнинг кескин ошишига олиб келишини англатишини айтишмоқда.

"Ўзавтосаноат назаридаги "тартибли импорт" бу Хитойда 10 минг доллар бўлган электромобиллар импортини тўхтатиш,15 минг долларлик электромобилни эса 30 минг доллардан бир қўлли қилиб сотиш дегани. Яъни Ўзбекистонликларни аёвсиз талаш, тинимсиз талаш, танловсиз талаш дегани", деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хитойдан электромобиллар олиб келиш билан шуғулланадиган тадбиркор Жалолиддин Саъдиновнинг айтишича, BYD Han AWD 610KM Flagship Ўзбекистондаги расмий дилерда чегирмадан сўнг 603 миллион сўм ёки 48 минг АҚШ доллари туради.

"Худди шу автомобилни Хитойдан буюртма асосида бизга ўхшаган мустақил тадбиркорлар келтириб берса тахминан 37минг $ атрофида бўлади. Ўзбекистондаги BYD расмий дилеридаги автомобиль нархларидаги бундай катта тафовут биргина шу модельга эмас, деярли барча BYD моделларига тегишли", дейди у.

Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистондаги расмий дилерда мазкур бренднинг ҳамма моделлари ҳам мавжуд эмас.

Жалолиддин Саъдиновнинг қайд қилишича, давлат томонидан кўпгина енгилликлар яратилган ушбу расмий дилернинг божхона харажатлари ва сертификат тўловлари ҳам мустақил шахс автомобиль олиб кириб, амалга оширадиган импорт харажатларидан анча кам.

"Бундай қўпол тарзда янги монополиянинг давлат тасдиғи билан вужудга келиши Ўзбекистоннинг ўзи шундоғам қолоқ иқтисодий аҳволини, бизнеснинг ўрта-локомотив қатламини синдиради, одамларнинг танлов ҳуқуқини чеклайди", дея хулоса қилади у.

Ўзи ҳам электромобил ҳайдайдиган блогер Умид Гафуров сўнгги ўзгаришларни киноя билан изоҳлайди.

"Мен 3 йилдан бери айнан Хитойдан олиб келинган BYD автомобилларининг турли моделларини миниб юрибман. Мендан ташқари, балки 5 йилдан бери 10 минглаб, балки 100 минглаб ҳайдовчилар турли хил машиналарни, айниқса, электромобилларни миниб юрибди. Шу пайтгача бирортамиз шу машиналар маҳаллий иқлимга, бизнинг йўл шароитларимизга мос эмаслигини билмаган эканмиз. Ўйламаган эканмиз. Мана ҳукумат бу ҳақда қайғуришни бошлабди. Хитойдаги битта заводда ишлаб чиқарилаётган электромобил, агар норасмий олиб келинса бизнинг иқлимга мос келмайди. Агар расмий олиб келинса мос бўлади-да. Қаранг, мўъжизани қаранг", дейди у.

2024 йилнинг январ ойида Хитойнинг BYD ширкати Жиззахда электромобил ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқаришга старт берганди.

Ўзавтосаноат билан ҳамкорликда ишга туширилаётган ва умумий қиймати 122,6 млн долларга баҳоланган лойиҳа истиқболи иқтисодчиларда яна бир монополиянинг пайдо бўлишидан хавотирлар уйғотган.

"Икки йил аввалги хавотирлар реаллашди: ёрлиғи BYD'ми ё GM, фарқи йўқ, Ўзавтосаноат рақобатни мутлақо истамайди", деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ўзбекистонда ички ёнув двигетелли автомобилларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси Ўзавтосаноат холдинги таркибидаги UzAuto Motors ҳисобланади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида бу турдаги автомобилларни импорт бож тарифлари кўтариб қўйилган.

Иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва яшил энергия жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон электромобил ва гибрид автомобилларига бож тарифларини кескин пасайтиргани сабаб мамлакат ичида уларга нисбатан талаб ортиб бораётгани айтилади.

Ўзбекистонда сўнгги бир йилда электромобиллар савдоси 3 баробарга ошган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002