Хитойда уйғурлар, Шинжон ҳақида гапириш мумкинми? Xitoy, uyg'urlar, musulmonlar, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Хитойда уйғурлар ҳақида гапириш мумкинми, Гонгконг, Тайвань тўғрисида-чи? Булар Хитойни энг "қўрқитган" суҳбатлар бўлади. Яқинда Пекиннинг интернетга қўйган "буюк девори", таъбир жоиз, "ёрилибди". Уйғурлар ва хан хитойликлар чатда "Шинжонда концлагерлар борми?", деган масалани муҳокама этишибди. Уёғи-чи?
Clubhouse
Ўтган йил апрелида аъзолар фақат таклиф асосида қабул қилинадиган "Clubhouse" иловаси ишга туширилганда унга "Soho House"нинг онлайн муқобили сифатида қарала бошлади, яъни бир бири билан яқиндан таниш одамлар учун эксклюзив - хос жой.
Аммо орадан бир неча кун ўтиб, у бошқа бир нарсага айланиб қолди: миллионлаб хитойликларга элакдан ўтказилмаган, тозаланмаган интернетга боқиш имконини берган, Пекиннинг интернетга қўйган "буюк девори"даги бир ёриқ бўлиб чиқди. Бу жойда одамлар уйғур озчиликлар, Ҳонконгдаги таъқиблар, Пекин ажралган вилоят деб биладиган Тайван билан муносабатлар каби масалаларни очиқча муҳокама қила оларди.
"Мен биринчи марта хитой тилидаги ҳақиқий интернетга улана олдим", деди хитойлик бир ёш аёл ўша ердаги суҳбатлардан бирида.
Аммо бу илованинг Хитойдаги умри қисқа бўлди. Айримлар "Маърифат салони"нинг хитойча версияси деб таърифлаган ушбу илова душанба куни узиб қўйилди. Аммо Би-би-си атиги бир ҳафта илгари эшитган у ердаги бир неча суҳбатларда хитойликлар айтган гаплар тасаввурга сиғмас эди.
"Биз бир хил одамлармиз"
Ўтган ҳафта сўнггида Хитой ва Тайвандан мандаринча сўзлашувчилар "Clubhouse"нинг "Ҳар ким ҳар кимдан сўрайди" номли чатрумга қўшилганида, зийрак кузатувчилар нимадир ноодатийлигини дарров сезди.
Суҳбатлар мавзусига чеклов йўқ эди: хитойзабон дунёда демократиянинг афзаллик ва камчилигидан тортиб, Хитой ва Тайваннинг бирлашиш эҳтимолигача, баъзида кўнгилни илитадиган шахсий ҳикояларгача сўзланар эди.
"Мен Хитойда туғилиб ўсдим, хорижда ҳеч қачон бўлмаганман", деди бир хитойлик эркак жума куни.
"Биз хитойликлар ўзимизни Хитой Халқ Республикасиданмиз деймиз. Аммо Тайванда сизлар ўз юртингизни Хитой республикаси дейсиз. Аммо бу Хитой кимга тегишлилиги ҳақида нега тортишишимиз керак? Биз аҳил яшашимиз керак."

Сурат манбаси, Getty Images
Пропаганда ва кейинги йиллардаги Хитой Тайвань зиддияти сабабли биргина рақамли платформада эркин мунозара қилиш одатда имконсиз ва жуда ноёб ҳол.
Сиёсий мазмундаги контент Хитойнинг "Олтин қалқон" цензура тизими элагидан ўтади, "Weibo" каби микроблогинг платформаси, "WeChat" каби мессенжерларда ортиқча гапиришга журъат қилганлар расмийларнинг жазосига гирифтор бўлиши мумкин.
Аммо "Clubhouse"да цензорлар йўқ эди, иловадан фойдаланувчиларнинг аудиоёзувлари ёзиб олинмаслиги уларнинг ўзига ишончини орттирарди.
"Бундай фикрларни эшитаётганимдан хурсандман", деди бир тайванлик аёл 5000 одамни ўзига жалб қилган суҳбатда.
"Очиғини айтсам, ҳар икки томонда ҳам пропаганда кетяпти. Нега бир биримизни кўпроқ тушунишга ҳаракат қилмаймиз? Ҳамжиҳат бўлиш ва керак бўлганда ёрдам бермаймиз?
Суҳбат доим ҳам сиёсий мавзуда бўлмади. Баъзида Тайван бўғозининг икки тарафида яшовчи одамлар бир-бирларининг шаҳарларига боргандаги хотираларини бўлишарди, бир хитойлик Хитой инди рок гуруҳи куйлаган севимли қўшиғи "Тайпей ҳақида" деб аталишини гапирди.
Бу гуруҳ асосчиси Йайа Цао жума куни айнан шунақа суҳбатни излаётган эди.
"Икки томондаги фарқли риторикаларга қарамай, у ерда ҳамон турфа хил қарашлар бор эди", дейди 28 ёшли Цао хоним Тайпей яқинидаги уйидан туриб Би-Би-Сига гапирар экан.
Жума куни бир неча соат суҳбатга модераторлик қилгач, у бу ишни ўзини GG деб атаган хитойлик аёлга топширди.
"Бу суҳбатлардан қаттиқ таъсирландим", дейди бир молиячи эксперт Шинжондаги уйидан гапириб.
"Мен иш билан Гонгконг ва Тайванга тез-тез бориб тураман, бунга ўхшаш биргина рақамли платформада мулоқот қилиш қанчалик қийинлигини биламан, бир-биримизни тушуниш ва ақлли бўлишни-ку қўяверинг."
"Бундай мулоқотлар икки томон бир-бирини яна кўпроқ тушуниши учун илк қадам бўлади, деб умид қиламан. Ахир биз бир хил орзу ва ниятлар билан яшаётган бир халқмиз."

Сурат манбаси, Reuters
"Шинжонда концлагер борми?"
Катта эътибор қозонган мунозаралардан бири Шинжон ҳақида эди. Бу ҳудудда Хитой миллионлаб уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларни қамоқ лагерларга тиққани айтилади.
Хитой бу лагерларни "террорчилик ва экстремизмга қарши" курашиш учун очилган "касб мактаблари", деб таъкидлаб, Ғарбни эса ёлғон ва пропаганда қилишда айблаб келади.
Шанба куни "Шинжонда концлагерлар борми?", деб номланган чатрумда 12 соат давомида уйғурлар ва xан хитойлар ўртасида мунозара бўлди.
Шинжон чатрумининг асосчи модератори Фрэнсис (асл исми эмас) Би-Би-Сига айтишича, чатрумнинг номи лагерлар чиндан борлигига шубҳа уйғотиш учун эмас, Хитойнинг Шинжон сиёсати бўйича турли қарашдаги тингловчиларни жалб қилиш учун танланган.

Сурат манбаси, Getty Images
"Аксар xан тингловчилар - улар лагерларнинг борлигига шубҳа билан қараб келган - уйғурларнинг шахсий ҳикояларидан қаттиқ таъсирланишди ва зўравонлик миқёси қанчалик эканини ниҳоят тушунишди. Бу чатрумнинг катта ютуғи", деди Лос-Анжелесдан асли хитойлик 33 ёшли кинорежиссер.
Бир xан хитойлик ҳикояларни тинглаб, йиғлаб юборганидан ҳайдаб кетаётган машинасини тўхтатишга мажбур бўлган.
Аммо бузғунчилар ҳам бўлди, троллар бир неча марта суҳбатларни бузишга уринишди.
Бир xан хитой аёл Хитойнинг Шинжон сиёсатини ёқлар экан, АҚШ ва Европа аксилтеррор чоралар кўрмаяптими, "таълим энг яхши чора эмасми?", деди.
У айрим Европа давлатлари муҳожирлардан ассимиляция қилиш учун ўз тилларини ўрганишни талаб қилишини таъкидлади. Аммо унга дарҳол уйғурлар мухожир эмаслиги, Шинжоннинг маҳаллий халқи эканини эслатиб қўйишди.
Айримлар унинг хулқини "Hansplaining", яъни xан одамнинг уйғурларга ва бошқа этник озчиликларга Хитойнинг Шинжон сиёсатини беписандлик билан тушунтириши, деб таърифладилар.
"Бунақа одамларнинг бу сиёсат уйғурларга қандай таъсир қилаётгани билан иши йўқ", дейди Британиядан Алекс (асл исми эмас).
27 ёшли бу йигит ҳамюртларини жабрдийдаларни айблашдан кўра, Шинжонда аслида нима бўлаётганини кўпроқ ўрганишга чақирди.
"Аксил Хитой жанг майдони"
Албатта, "Clubhouse"нинг фақат таклиф асосида аъзо қабул қилиши, тўлов қилиш ҳам кўзда тутилгани, фақат iPhone ва iPad лар учун ишлаши унга асосан яхши таълим кўрган, бой ва шаҳарлик хитойлик элита кириши эҳтимолини орттирган.
Кўпчиликнинг айтишича, бу ҳолат ушбу ижтимоий медиада акс-садо камерасини пайдо қилади, яъни одамлар ўзига ҳамфикрларнинг гапинигина эшитади. Хитойлик оммабоп блогер Рен Йи Хитойда аксарият одамлар ҳеч қачон "Clubhouse"дан фойдаланмаслигини таъкидлайди.

Сурат манбаси, WEIBO
"Контент ва тренд борган сари бир томонлама бўлиб боради", деб ёзади у Weibo да, "Clubhouse" яна бир аксилXитой кайфиятдаги ижтимоий фикр платформаси"га айланишини қўшимча қилар экан.
Материкдаги одамлар бу мунозараларга аралаша олиш имконияти ҳозир йўқ. Илова узиб қўйилди. Доимийгами ёки йўқ - номаълум.
Аммо Алекс "ёриқдан тушадиган нур"ни кўришга умид қилади, қисқа муддатга бўлса ҳам.
"Clubhouse" Хитойда ҳозир блокланди, аммо одамлар бир-бирлари билан мулоқот қилиш истагидан воз кечмас экан, бундай мунозаралар бошқа бир платформаларда пайдо бўлаверади."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













